Сўнгги илмий изланишлар инсон миясининг соғлом қолиши тўғри овқатланиш билан чамбарчас боғлиқ эканини яна бир бор исботлади. Тадқиқотларга кўра, парҳез таркибидаги маҳсулотлар нафақат умумий саломатликка, балки миянинг қандай қаришига ҳам таъсир кўрсатади. Соғлом овқатланиш когнитив (ақлий) қобилиятларни узоқ муддат сақлаб қолишга ёрдам беради ва ёш ўтиши билан хотира пасайиши хавфини камайтиради, деб ёзади Eatingwell.
Тиббиёт фанлари доктори Келлианн Ниотис таъкидлашича, парҳез — бу фақат вазн назорати эмас, балки “узоқ муддатли мия фаоллигини сақлаб қолиш воситаси” ҳамдир.
Резаворлар — мия учун табиий қудрат манбаи
Неврологлар фикрича, туридан қатъи назар, барча резавор мевалар (қулупнай, малина, қорағат, маймунжон ва бошқалар) мия учун фойдали. Улар ўзининг ёрқин қизил, кўк ва бинафша ранглари билан нафақат кўзни қувонтиради, балки саломатлик учун қимматли флавоноидлар — табиий антиоксидантларга бой эканини кўрсатади.
Доктор Ниотиснинг сўзларига кўра, “флавоноидлар яллиғланишни камайтиради, мия ҳужайралари ўртасидаги алоқани яхшилайди ва ақлий фаолликни фаол қўллаб-қувватлайди”. Айниқса, антоцианлар деб аталувчи флавоноидлар тури мияни ҳимоя қиладиган нейропротектор таъсирга эга.
Шу билан бирга, резаворлар таркибида C витамини ҳам жуда кўп. Тиббиёт фанлари доктори Элла Аккерман таъкидлаганидек, бу витамин мияни оксидловчи стрессдан ҳимоя қилади ва Алцгеймер касаллигига олиб келиши мумкин бўлган зарарли оқсиллар тўпланишининг олдини олади.
Фойдали мисоллар ва илмий рақамлар
Масалан, фақат бир стакан қулупнайда 89 миллиграмм C витамини бор — бу бир кунлик меъёрнинг деярли 100 фоизи. Малина ва маймунжон таркибида бироз камроқ бўлса-да, улар ҳам кунлик эҳтиёжнинг ярмидан кўпроғини таъминлай олади.
Доктор Жан-Рафаэл Шнайдер эса ҳар куни черника (қорағат) ейишни тавсия этади. Унинг айтишича, бу меванинг яллиғланишга қарши флавоноидлари мия қариш жараёнини секинлаштиради ва хотирани мустаҳкамлайди. “Тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, черника истеъмол қилганлар хотира тестларида анча яхши натижа кўрсатишган”, — дейди у.
Тадқиқотлар нимани кўрсатди?
50–65 ёшли катталар иштирок этган илмий тадқиқотда, 12 ҳафта давомида ҳар куни ярим пиёла черника кукуни ейганлар хотира тестларида плацебо қабул қилганларга нисбатан юқори натижа қайд этган.
Бундан ташқари, резавор мевалар юрак-қон томир тизими учун ҳам фойдали: улар тана вазни, холестерин, қон босими ва инсулин даражасини яхшилайди. Шунинг учун неврологлар фикрича, соғлом юрак — соғлом мия демакдир.
Олимлар тавсияси
Ҳеч қандай “сеҳрли маҳсулот” вақтни орқага қайтара олмаса-да, мутахассислар мияни қаришдан ҳимоя қилиш учун рационга резавор меваларни қўшишни тавсия этмоқда. Улар яллиғланишга қарши, антиоксидантларга бой ва ақлий фаолликни узоқ муддат қўллаб-қувватлайди.
Шу боис, ҳар куни ёки ҳафтада бир неча марта черника, қулупнай ёки малина ейиш мия саломатлигини сақлаш йўлида оддий, аммо жуда самарали одат бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!