Қаҳва қаришни секинлатиб саратонга қарши таъсир кўрсатиши аниқланди

Қаҳва қариш жараёнини секинлаштириши ва саратонга қарши таъсир кўрсатиши мумкин — олимлар ҳужайраларни “ёшартириш” механизмини айнан қаҳва доначалари таркибида топишди. Бу борада Texas A&M University олимлари томонидан ўтказилган илмий тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Тадқиқотчилар қаҳва таркибида мавжуд моддалар инсон организмидаги NR4A1 деб номланувчи махсус рецептор-оқсилни фаоллаштиришини аниқлашди. Ушбу оқсил ҳужайраларни стресс таъсиридан ҳимоя қилиш, яллиғланиш жараёнларини камайтириш ҳамда шикастланган тўқималарни қайта тиклашда муҳим аҳамиятга эга.
Маълум қилинишича, қаҳва таркибидаги асосий таъсир қилувчи омил кофеин эмас, балки полифеноллар — жумладан, хлороген кислоталари ҳисобланади. Ушбу моддалар NR4A1 билан боғланиб, ҳужайралардаги қариш жараёнини секинлаштиришга хизмат қилади.
Лаборатория шароитида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, қаҳва экстрактлари айнан шу оқсил орқали саратон ҳужайраларининг ўсишини секинлаштириш имкониятига эга.
Бошқа илмий изланишларда эса кунига 3–4 пиёла қаҳва истеъмол қилиш биологик қариш жараёнини 5 йилгача секинлатиши мумкинлиги қайд этилган.
Сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, қаҳва нафақат инсонни тетиклаштирувчи ичимлик, балки ҳужайра даражасида қайта тикланиш жараёнларини фаоллаштирувчи самарали восита сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!