date

Ичимликлар маркировкаси кечиктирилди, тадбиркорларга муҳим енгилликлар берилади

Ичимликлар маркировкаси кечиктирилди, тадбиркорларга муҳим енгилликлар берилади

Ўзбекистонда сув ва газли ичимликлар учун жорий этилаётган янги маркировкалаш тизими вақтинча мажбурий тарзда қўлланилмайди. Мазкур қарор 5 май куни ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватлангани маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, 1 апрелдан бошлаб маҳсулотларни рақамли тарзда кузатиш — агрегация тизими ишга туширилган эди. Бу тизим йирик партиялардаги маҳсулот ҳаракатини назорат қилишга хизмат қилади. Бироқ амалиётга жорий этилиш жараёни кўплаб тадбиркорлар учун қийинчилик туғдириб, бозор иштирокчилари орасида хавотирларга сабаб бўлган.

Абдуманноп Бўриевнинг таъкидлашича, бозорнинг асосий қисмини эгаллаган йирик компанияларнинг ярми ҳали янги талабларга тўлиқ мослаша олмаган. Шу боис тизимни кечиктириш орқали бизнес учун ўтиш жараёнини енгиллаштириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала — жарималар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Янги таклифларга кўра, ишлаб чиқарувчилар, импортчилар ва улгуржи савдо субъектлари учун жазо чоралари юмшатилиши мумкин. Эндиликда умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун жарималар тушумга боғланмай, қатъий белгиланган миқдорда ҳисобланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритиш, айрим ҳолатларда жарималарни қўлламаслик ва ҳатто вақтинчалик мораторий жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

Йиғилишда шунингдек, нақдсиз тўловлар, касса чеклари, импорт жараёнлари ҳамда меҳнат муносабатларига оид муаммолар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишдаги ортиқча бюрократик талабларни қисқартириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Мутахассислар фикрича, мазкур ўзгаришлар тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, бизнесга қўшимча қулайлик яратиш ва давлат билан хусусий сектор ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ичимликлар маркировкаси кечиктирилди, тадбиркорларга муҳим енгилликлар берилади