— Йигирма икки ёшдаман. Опам билан орамиздаги фарқ икки йил. Дадам доим «Иккалангизни тенг узатаман», дея ҳазиллашарди. Мен ўқишдалигимда опамга совчилар келди. Бир куни дадам қўнғироқ қилиб, тўй бошлашганини айтди. Табрикладим. Кейин эса мени ҳам узатишаётгани ҳақида сўз очди. Доимгидек ҳазил аралаш жавоб бердим. Дадам буни розилик аломати деб тушуниб, мени унаштириб қўйибди. Ўшанда ўн саккиз ёш эдим.
Тиш-тирноғим билан тўйга қаршилик қила бошладим. Аксига олиб, бўлажак куёв томон барча сарпо-суруқларни жўнатиб, тўйни тезлаштириш ташвишига тушиб қолишди. Дадам яхши гап билан ҳам, қаттиққўллик билан ҳам мени кўндиришга ҳаракат қилди. Аммо қайсарлик билан тўйни тўхтатдим. Ахир ёш эдим, тағин кўнглим йўқ одамга турмушга чиқишни истамасдим. Ўшанда дадам «Энди сенга ажрашганлар оғиз солади», дея айтганди. Мана, орадан тўрт йил ўтди. Шу вақт мобайнида ҳеч ким мени сўраб эшик тақиллатиб келмади. Севги изҳор қиладиган йигитлар бор, бироқ ҳеч бири уйимизга совчиларини жўнатмайди. Нари борса, маҳалладан суриштириб кетишади.
Алам қиладигани, охирги пайтларда сочига оқ оралаганлар ҳам гап отадиган бўлган. Енгилтак қиз бўлмасам, нега менга бундай муносабат билдиришади? Уч ой олдин эса ўзимдан ўн бир ёш катта инсон билан танишиб қолдим. Ишининг тайини бор, босиққина, яхши одам. У менга уйланмоқчи. Бироқ ўз оиласи, икки боласи бор. Мен оилали эркакка турмушга чиқолмаслигимни қанча тушунтирмай, у аҳдида туриб олган. Онам бу гапни эшитса, адойи тамом бўлади. Шундоқ ҳам ота-онамнинг ва яна кўпчиликнинг дилига қайсарлигим сабаб озор етказдим.
Наҳот менинг тақдирим оилали ёки ажрашган инсон билан боғланса? Дадамнинг айтгани ҳақиқатга айланса? Бир томонда тезроқ турмушга чиқишим ҳам керак. Бизда қизларни жуда ёш узатишади. Дугоналаримнинг аллақачон болалари бор...
Дилноза
Отасининг мажбурловига қарши тура олган қизнинг бугун руҳи синган. Энди айбдорлик ҳисси ва қўрқув уни қийнаяпти. Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан мавзуни таҳлил қилиб, Дилнозанинг вазиятига ўхшаш ҳолатдаги қизларга йўл кўрсатишга ҳаракат этамиз.
Аввало...
Қиз болани турмушга бериш телефонда ҳал қилинадиган масала эмас. Бу ўринда ота фарзанди тақдири устидан осонгина ҳукм чиқарган. Бироқ Дилнозанинг феълига хос бироз шаддодлик ва қайсарлик бу ҳукмга қарши журъат пайдо қилган ва у тўйни тўхта олган. Хўш, бунинг нимаси фожеа? Дилноза, гап фотиҳангизни бузганингиздамас, ундан кейин руҳингизни синдиришганида. Ота-она қачон боласига қаттиқ гапиради? Унинг овозини ўчириш, хархашасига нуқта қўйиш, ўзининг айтганини қилдириш учун. Айтганга кўнмайдиган, ўз билганидан қолмайдиган болалар эса, албатта, жазоланади. Жисмоний жазо берилмаса, қўрқитилади. Сизда ҳам шундай бўлган. Дадангизнинг «энди бахтинг очилмайди» қабилидаги башоратидан қўрқиб қолгансиз ва тўрт йилдан буён хавотирдасиз. Чунки ўзингизни айбдор санайсиз. «Ота-онамни норози қилдим, бир йигитнинг кўнглини синдирдим, одамларга гап-сўз бўлдим» — мана шу фикрлар миянгизга чуқур ўрнашиб олган. Ўн саккиз ёшингизда бугунги кунга қараганда ўзингизга бўлган ишончингиз юқорироқ бўлган. Энди эса ўша пайтдаги журъатдан асар ҳам қолмаган.
Ўзингизни жазоламанг
«Энди ажрашганлардан совчи келади» — отангизнинг бу гапларини жазо деб қабул қилгансиз. Онг остингизда қарғиш, албатта, бир кун ҳақиқатга айланади, деган ваҳима бор. Шу сабаб ҳам сочига оқ оралаганлар пайдо бўлаяпти йўлингизда. Яъни сиз фақат уларни кўраяпсиз ва қўрқувингиз ўз исботини топаяпти. Дилноза, сиз ўзингизни ўзингиз жазолаяпсиз. Ўн саккиз ёшимда катта хато қилганман, деган ўй туфайли уйланмаган йигитларни ҳам ўзингиздан узоқлаштираяпсиз. Бир ҳақиқатни тушунинг, муаммо сизга қармоқ назар ташлаётганлар, севги изҳор қилиб, уйланишни хаёлига келтирмаётганлар ёки қўни-қўшнингиздамас, сизнинг миянгизда. Миянгизни дастурлаштириб қўйгансиз: «Фотиҳам бузилди, отам қарғади, йигитлар оғиз солмайди, ажрашганларгина менга уйланиши мумкин, ёшим ҳам ўтиб кетаяпти». Мана шу дастурни ўзгартириб, айбдорлик ҳисси ва қўрқувдан халос бўлмас экансиз, ҳаётингиз шу тарзда давом этаверади. Отангизни ҳам айблайверманг. Балки у ҳам ўзини айбдор санаб яшаётгандир. Шунинг аламидан ўтган воқеани эслатаверар.
Бошқаларнинг фикри
Ёдда тутинг, биз ўзимиз ҳақимизда қандай ўйласак, бошқалар ҳам шу фикрда бўлишади. Тўғри, токи сиз билан юзма-юз келишгунча ўзича нималардир деб ўйлашлари мумкин, аммо бир-икки суҳбатдан кейин уларда қандай таассурот қолдириш, хулосасини ўзгартириш ўз қўлингизда.
Дилноза, сизга кимдир енгилтаксан деяптими? Ёки ота-онангиз тўрт йил одинги қайсарлингизни юзингизга солаяптими? Бундай муносабатларга муносиб жавоб қайтариш учун ўз устингизда ишлаб, ўзингизни қўлга олиб, ўзингиз ҳақингизда хулосаларингизни ўзгартиришингиз шарт. Тушунинг, бошқаларнинг фикрини ўзгартиришнинг иложи йўқ, фақат ўзимизни ўзгартириш орқалигина бунинг уддасидан чиқа оламиз.
Ажрашгандан совчи келса....
Кўпчилик қизлар уйланиб ажрашган ёки хотини вафот этган инсондан совчи келди, дея тушкунликка тушиб қолишади. Нега деб ўзидан камчилик, нуқсон излай бошлашади. Бу нотўғри. Ёшдани тафовут, фотиҳанинг бузилгани, севган йигити бўлгани, одамларнинг гаплари, ота-онасининг мавқеи — буларнинг ҳеч бири муҳим эмас. Сиз ўзингизни кимга мос кўрасиз, ҳамма гап ана шунда!
Аслида, ажрашган киши билан оила қуриш бахтсизлик дегани эмас. Ажрашган эркак ёмон, унга турмушга чиқадиган қиз енгилтак бўлади, дея хулоса қилиш хато. Бу — ҳаёт, у кутилмаган воқеаларга, мўъжизаларга бой. Танлов ўз қўлингизда, ёши катта эркакка ёки оиласи бузилган кишига турмушга чиқиш-чиқмасликни ўзингиз белгилайсиз.
Оилали эркакнинг таклифи
Бу ўринда қўрқувингиз «Онам адойи тамом бўлади», «Гуноҳимнинг жазосини тортаяпман», «Дугоналарим оилали, мен эса ҳамон ёлғизман» тарзида бўй кўрсатаяпти. Сизнинг бу одамга майлингиз бор-йўқлиги бизга қоронғу. Рад қилишингиз замирида эса таъкидлаганимиздек қўрқувларингиз ётибди. Бироқ нега йигирма икки ёшингизда, ҳали бутун ҳаётингиз олдинда турганда кундошлик азобига кўнишингиз керак? Дугоналарингизга тезроқ етиб олиш учунми? Ёки менга тузук жойдан совчи келмайди, чунки отам шунақа деган фаразингиз сабабми? Келинг, оилали эркак билан турмуш қуриш савдосининг ўзига яраша томонларини кўриб чиқамиз.
*У сизга уйланиши мумкин, аммо қонунан хотини бўлолмайсиз. Демак, ҳеч қандай ҳуқуқингиз ҳимояланмаган.
*Унинг ота-онасининг хизматини қилмайсиз, аммо уларнинг олдида ҳеч қандай ўрнингиз ҳам бўлмайди. Сиз на келин саналасиз, на ўғилларининг хотини.
*У билан фарзанд кўришингиз мумкин, бироқ ёлғиз оналик масъулиятига тайёр туринг. Болага фамилиясини берган тақдирда ҳам оталик вазифаларини тўлиқ адо этолмайди. Унинг ўз асосий оиласи, фарзандлари бор. Беш йил, ўн йил, йигирма йилдан кейин ҳам болангизга оталик қилишга эса ҳеч ким кафолат беролмайди.
*Унга, яъни биринчи оиласини қадрламаган эркакка розилик бериш, бу жуда катта таваккал дегани. Эртага нима бўлади, ҳеч ким билмайди. Уни омад тарк этиб, ишлари орқага кетса, сиздан ҳам юз ўгириши мумкин. Доим «Ташлаб кетса-чи» деган ҳозиргидан-да кучли хавотир ичида яшашингизни ҳам инобатга олинг.
Биз ҳали аёллик бахти, атрофдагиларнинг муносабати, ота-онангизнинг юзи ҳақида гапирмаяпмиз. Шунчаки жазо тариқасида бу таклифни қабул қилмаслигингизга асос бўладиган айрим омилларнигина санаяпмиз.
«Ёшим ўтиб қолаяпти...»
Йўқ! Ҳеч қачон бахтли бўлишга кеч эмас! Ўттизида оила қуриб, бахт қасрининг маликасига айланганлар қанча? Қирқида ҳақиқий бахтини учратганлар ҳам бор. Бир бор турмушидан куйиб, иккинчи оиласи билан ширин ҳаёт кечираётганлар ҳам йўқ эмас! Сиз эса йигирма икки ёшдасиз. Шошишга эса ҳожат йўқ!
Чин дилдан қилинган ниятлар ижобат бўлади, дейишади. Ниятни яхши қилинг, ҳаммаси яхши бўлади.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»