08:28 / 26.08.2017
6 494

Ёш кўринишнинг 5 асосий қоидаси

Ёш кўринишнинг 5 асосий қоидаси
Кўзгуга боқинг. Кечаги кўринишингиздан фарқ у қадар катта эмас, шундайми? Энди эса 10-15 йил аввалги суратингизни олинг ва кўзгудаги инсонга таққосланг. Фарқ бор, тўғрими?

Кўзлар остидаги ҳорғинлик белгилари, бурун ва лаб атрофидаги майда ажинлар... Терининг тонуси аввалгидек эмас. "Ортодокс" тиббий портали ёш кўринишнинг беш асосий қоидаси билан бўлишди.

Биринчи қоида: Тўйиб ухланг!


Ҳа, бу оддий гапдек туюлиши мумкин, лекин аслида бунда гап кўп. Тўйиб ухланг! Атиги 3-4 соат ухлаб, дунёни эгаллаган буюк инсонлардан ибрат олманг. Наполеон дейсизми? Ҳа, у уч соат ухлаган, бироқ 60 ёшга ҳам етмай вафот этган... Сиз бундай ҳаёт тарафдори эмассиз-ку, ахир. Шундай экан, иш эмас, организмингиз қанча талаб қилса, шунча ухланг.

Уйқуни ўрганиш миллий жамиятининг яқинда ўтказган тадқиқотига кўра, 20-30 фоиз киши тизимли равишда уйқуга тўймас экан.

Уйқу вақтида эса организмнинг детоксикация ва регенерация жараёни рўй беради. Гормонлар ишлаб чиқарилади, мушаклар тонуси ва инсоннинг ташқи кўринишига таъсир кўрсатувчи ўсиш гормони ҳамда зиён етган ҳужайраларнинг таъмирланиши билан боғлиқ мелатонин гормони ҳам шулар жумласидандир.

Инсон тўйиб ухлаши учун неча соат керак бўлади?

- Янги туғилганлар (0-3 ойлик) - 14-17 соат;
- Чақалоқлар (4-11 ойлик) - 12-15 соат;
- Болалар (1-2 ёш) - 11-14 соат;
- Боғча ёшидаги болалар (3-5 ёш) - 10-13 соат;
- Мактаб ўқувчилари (6-13 ёш) - 9-11 соат;
- Ўсмирлар (14-17 ёш) - 8-10 соат;
- Катталар (18-64 ёш) - 7-9 соат;
- Кексалар (65 ёш ва ундан катта) - 7-8 соат.

Иккинчи қоида: Ширинликлардан тийилинг!

Тан олинг, ширинликларни яхши кўрасиз-а? Кечки пайт телевизор кўриб ўтириб бирор пишириқни паққос туширасиз. Иш устида печеньени "майдалаб ўтирасиз". Жазирамада эса - музқаймоқ. Энди ўйлаб кўринг, сизнинг ёшингиз 16 да ёки ҳатто 25 да ҳам эмас. Айнан шу ёшдан организмда метаболизм секинлашади ва илгари тезда ҳазм бўлган ширинликлар ортиқча ёғ сифатида тана вазнини ошириб боради. Бу эса, ўз ўрнида, организмдаги токсинларни "ушлаб туради".

Бундан кейин эса соғлом ва кўркам кўриниш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳар сафар конфет ёки шоколадга қўл чўзаётганда ёдда тутинг: беш дақиқалик роҳат - бутун умрга ортиқча вазн...

Бундан ташқари, ширинликларни катта миқдорда истеъмол қилиш сизнинг хатти-ҳаракатларингизга ҳам таъсир қилади - сиз ўзингизни чарчаган ва тунд кайфиятда ҳис қиласиз, бундай юз ифодаси эса ажинларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ширинликлар истеъмолини имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилинг.

Учинчи қоида: Ҳаракатда бўлинг!

Мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланган кишилар анча ёш кўринишади. Бу жисмоний машғулотларнинг қон айланиши ва лимфотокни кучайтириши билан боғлиқ. Терлаш эса организмдаги зарарли моддаларни ювиб чиқаради. Буларнинг бари бир бўлиб, ташқи кўринишингизнинг яхшиланишига сабаб бўлади.

Дарвоқе, аксарият спорт билан шуғулланишни бошлагач, кўпроқ овқатланиш мумкин деб ўйлаб адашади. Бундай эмас. Бироқ кам овқатланиш ҳам нотўғри. Жисмоний машқлар билан шуғулланганингизда жуда кўп куч сарф қиласиз, унинг ўрнини эса тўлдириш керак.

Тўртинчи қоида: Юришингизни назорат қилинг!

Юришингиз узоқданоқ сизнинг ёшингизни билдириб қўяди. Шу боис ҳатто сизга ҳеч ким қарамаётган бўлса ҳам юришингизни назорат қилинг. Оғир қадам ташлаш, букчайиб юриш, қўлларни силташ - ёшларга хос эмас, албатта. Одатда 30 ёшдан кичиклар бундай юришмайди.

Яқинда Япониянинг Осака университети мутахассислари махсус тизим ишлаб чиқишди. Тизим инсоннинг юришидан унинг ёш ёки қари эканини аниқлаш имконини беради. Бунинг учун улар 4 мингдан зиёд кишининг юришини ўрганишди ва уларнинг ҳаракатларидаги ўзига хосликни таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, у ёки бу ёшдаги кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, хусусан, қадамлар узунлиги, қаддини тутиши, қўллар ҳаракати, чайқалиши, елка мушакларининг ҳолати турлича бўлар экан.

Бешинчи қоида: Спиртли ичимликлар истеъмолига нуқта қўйинг!

Агар ёш кўринишга (имкон қадар, албатта) жиддий киришган бўлсангиз, у ҳолда спиртли ичимликлардан воз кечишингиз зарур. Мутлақо! Ўзингизни "америкалик олимларнинг сўнгги тадқиқотларида эса..." деб алдаманг. Буларнинг бари ичиш учун баҳона.

Спиртли ичимликнинг ҳатто бир қултуми ҳам организмда сувсизланиш жараёнининг бошланишига сабаб бўлади. Натижада тери қуруқ ва синиққан тус олади. Кейин эса кўз остингиздаги "халтачалар" ва кўкимтир ранг қаердан пайдо бўлганига ажабланиб ўтирасиз.

Спиртли ичимликлар организмда яллиғланиш жараёнларини келтириб чиқаради ва моддалар алмашинувини секинлаштиради. Кенгайтирилган капиллярлар пайдо бўлади, тери бўшашади, қариликнинг яққол белгилари кўзга ташланади. Гормонал фон ўзгаради, жигар ва бошқа органларнинг фаолияти бузилади. Шундай экан, тушкунликдан чиқишнинг спиртли ичимлик ичишдан бошқа йўлларини топинг.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ёш кўринишнинг 5 асосий қоидаси