Ўша куни ҳам у уйда ёлғиз эди. Эрталабдан дили бошқа-бошқача бўлиб уйғонди. Ҳовлини супуриб, уйларни тартибга солди. Ошхонага уннаб, дастурхонни обдон безади; ноз-неъматга тўлдирди. Қилаётган ишларидан дили яшнаб-яшнаб кетди, қувончга тўлди. Қўли ишда, хаёли кўча эшиги, дарвозасида бўлди. Нимадир “тиқ” этса ҳам ўша томон андармон бўлди. Ошхонанинг кичкина деразаси шундоққина ҳовлига қараган эди. Ҳуриллаб эсаётган ёқимли шабода ҳовлидаги райҳон ва ялпизларнинг ёқимли бўйини олиб кирарди. Кун қизийвериб, соялар ёйилди. Осуда ҳовли қушларнинг чуғур-чуғурию, мусичаларнинг “ҳу-ҳу”лашига тўлди. Кетма-кет “туб-дуб” этиб тушган олмалар шовқинини эшитмаган бўлса-да, ҳар томон юмалаб-думалаб ҳовли юзини тутганига кўзи тушди. Аввалига ҳайрон бўлган кампир, ҳовлига чиқиб оғринди. Тотли мевалари кичкина-кичкина олма дарахтининг баъзи шохлари қўшни деворидан ошиб ўтганди. Бу олма биринчи маротоба ҳосил қилиши эди. Биринчи маротоба бўлса-да, ҳосили мўл, гилосдек бодраб-бодраб туйган, япроғидан меваси кўп эди. Ўша шохлардан тушган меваларни қўшни аёл қайта ҳовлига улоқтирганди.
“Мевада нима айб!?” деган ўй ўтди кампирнинг хаёлидан.
Бир юзи лал-лал ёниб, бири шикастланган олмаларни йиғиб, артиб, ишком остидаги сояга териб қўйди.
“Неваралари ер!”
Бир қозонда қайнатма, бирига ош осди. Қайнатма, энди тили чиқа бошлаган боладек бидирлаб, ош сабзиси ёғи янги кўз очаёган қум остидаги булоқдек биқиллаб қайнай бошлади. Кампир бошқа ишлари билан андармон бўлди. Олов тафтини янада пасайтган бўлса-да, қайнатма ҳилвираб, пишиб, оши эзилиб кетди. Қўрдаги чўғ кампирнинг кўнгли каби милтиллади. Ош совиб, қайнатма тўнглади.
Кампир кечга қадар кутди. Юм-юм йиғлаб, тун яримига қадар эшикка кўз тикди; кутганлари келишмади. Толиқиб, ториқиб бораётган бўлса-да, бир ерда ўтиргилик ҳам, тургулик ҳам бўлмади. Ҳансираб, ҳарсиллаб у ёқдан бу ёққа бориб келаверди. Меҳмонхона, ошхона ва ташқи эшик бўсағаси орасида қатнайверди. Умидланаверди, сўнаверди. Анвойи мева ва ширинлиг-у, пишириқларга тўла дастурхон очиқлигича, безотиғлигича қолаверди. Тушга яқин кўзини қувонтирган дастурхонига энди ҳар сафар қараганда мунғайтираверди. Уззукун очиқ турган дарвозани тун ярмига яқин ёпди, аммо илдирмади. Қўли бормади. Ўша куни онахон туз тотмади, кўзларига уйқу ҳам илмади. Бир кечада яна ўн йилга қариди. Кўнглидан нималар ўтди, бир ўзи билди. Кўз остидаги тарам-тарам ажинларни кўз ёшлари ювди.
Улуғ ёшда бўлишига қарамай бу кампир қишлоқнинг кайвониси ҳам, дуохони ҳам эмас... Оқ-оппоқ кийинган отинойи, ҳожионалар каби босган изи, сўзи, туфуги табаррук эмас. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган бирор алоҳида белги ёки сифатлари айтарли йўқ. Дейлик, ҳаж сафарига бормаган, ҳожи она-да эмас. Бирор раҳбарлик лавозимида ҳам ишламаган, худди шунингдек судхўр-пулдор ҳам эмас. Этак-этак фарзанд, қатор-қатор неваралари ҳам йўқ, ёки улардан бирлари фалон мансабда ўтирмапти-да, десак. Бир вақтлар, ҳа, айнан бир вақтлардаги, айни кунда ному-нишони ҳам қолмаган беназир ва бетакрор ҳусни-малоҳатини инобатга олмаганда.
Узоқ-узоқ йиллар, ҳатто яқин-яқин кунларгача ҳам уни билишмас, тушунишмас, англашмас эди, токи ўзи англатмагунча. Бунинг ҳаммасига эса ўша, узоқ йиллар юрагининг тубида сақлаган сир сабаб. Шу сири сабаб узоқ йиллар хўрланди, яккаланди. Таъна-дашномларга, чидаб бўлмас маломатларга қолди. Тўйларга чорланмади, маракага қўшилмади, чанг босган бўсағаси-да четлаб-четлаб ўтилди.
Дераза ёнида ўй-хаёллар, шу каби хотиралар исканжасида кўчага тикила-тикила тонгга яқин кўзи илинибди. Дарвозанинг шарақлаб очилишидан уйғониб кетди. Икки қизи, куёви ва набиралари бир олам, бир олам бўлиб кириб келишди. Кампир кўзларидан дув-дув ёш оқиб, бир яйради, бир яйради-ўн ёшга яшарди. Қўни-қўнжи совғаларга, гулларга тўлди.
-Кексалик қурисин, қарилик қурисин-а,-деди қувончдан ёшланган кўзларини артаётган кампир.
У бир кунга янглишибди; туғилган куни бугун экан!
Ўчоқларда олов қайта алангаланди. Шўрвалар иситилди, ош илитилди. Алвон-алвон дастурхон атрофи одамга тўлди.
-Собиржон қани?-катта куёвини сўроқлади кампир.
-Куёвингиз тушга яқин етиб келади,-деди қизи. –Ишхонасидан чақиртириб қолишди.
-Қаерда бўлса ҳам омон бўлсин!-деди кампир.
Ҳовлини тўлдирган қушларнинг чуғур-чуғурига талашиб-тортишиб ўйнашаётган болаларнинг шовқини уйғунлашиб кетди: уй тўлди, ҳовли тўлди. Дарахтлар шохлари обдон силкитилди. Чиннидай ярқираган ҳовлининг юзи тишланган мева, узилган гул, ялпиз, дарахт япроқлари, райҳонлар, ширинлик қоғози билан тўлди.
Овқатланиб бўлишгач, одатдагидек жавондан альбомлар олинди. Улар варақланиши асносида хотиралар варақланди. Гурунг-гурунгга, суҳбат-суҳбатга уланди.
-Ойи! Ёшлигингизда жуда гўзал бўлган экансиз!-деди кичкина куёви. –Қизларингиздан бирортаси ҳам ўхшамайди! Мана, ўттиз ёшингиздаги суратингиз, мана буниси эса қирқ ёшдаги суратингиз. Худди ўн тўққиз яшар қиздек бўлган экансиз!
-Қишлоқнинг ялпоқ-япалоқ қизлари орасида баъзида бир қизлар бўлади,- деди кампирнинг кичкина қизи, -шаҳарнинг не бир оқ билак таннозлари пойига патак бўладиган. Шаҳар таннози олтмишида ҳам қоп-қоп бўёқлар эвазига «қизгина» бўлиб юрса, қишлоқ гўзали қишлоқнинг шароити, оғир меҳнати сабаб ўттизга кирмай бир ҳовуч ўтинга айланади. Аммо ойижонимга ҳеч нарса ҳатто эллик ёшида ҳам таъсир қилмаган. Мана, эллик ёшида тушган суратлари, қаранг, қанақа бўлганлар? Ҳеч ким ўттиздан ортиғини бермайди.
-Тўғри! Бунисини қачон тушгансиз?- сўради куёви Рустам бир гуруҳ хотин-қизларнинг далада тушган суратни кўрсатиб.
-Уруш йиллари. 42-миди...деди кампир- Қишлоқнинг ҳамма эркаги урушга кетгани учун дала ишлари биз аёлларнинг зиммамизга қолган эди. Пахта чопиқ қилаётганимизда қайсидир бир газетадан фотограф йигит келиб суратга туширган эди.
-Кўзга яқин қиз бўлган экансиз! Шунча қиз-жувонлар орасида ҳам яққол кўзга ташланиб турибсиз.
-Шунинг учун ҳам фотограф йигит қишлоққа қайта тушиб, онамга суратини ташлаб кетган. Бу сурат бошқа ҳеч кимда йўқ!
-Шундай,-кампир синиқ жилмайди.
-Агар бизнинг замонимизда туғилган бўлганингизда энг машҳур фотомодельер бўлар экансиз! Ая, нимага турмуш қурмагансиз?
Қизлар бир-бирларига «ялт» этиб қарашди, бошлар хам бўлди. Куёв нотўғри савол берганини тушуниб, каловланди. Кампир барчаларининг чеҳраларига бир-бир кўз югуртириб, синиқ жилмайди. Кимдир бу жилмайишни хижолатдан, деб баҳолади. Кимдир эса...
-Турмуш қурмаган, эрга тегмаган бўлсам-да, аслида мен ҳам эрлик эдим, -деди кампир хаёлий бир тарзда.
«Миш-мишлар ҳақ эканда», деган хижолатли ўй ўтди изза тортган қизларнинг хаёлидан.
-Энди айтсам бўлади,-деди онахон. –Энди бекитадиган ҳеч нарса қолмади.
Қизлар яна бир-бирларига қараб олишди. Рангларининг туси ўзгарди.
-Икки дунё бир қадам бўлиб турган одам ёлғон гапира олмайди. Унга ёлғоннинг кераги ҳам йўқ. Мен улғайган кезлари иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди,-дея гапида давом этди кампир. -Аввалига отам, кейин бироз ўтиб акам ҳам урушга кетиб «қора хат»лик бўлдик. Аввалига онам иккимиз роса йиғлаб сиқтаган бўлсак, кейинчалик кўникишга мажбур бўлдик. “Қора хат” келмаган бирорта хонадон йўқ эди. Ниҳоят, уруш ҳам тугаб, бири бутун, бирлари яримжон эрлар қайта бошлади. Совчилар эшигимиз турумини бузди...
Тўғри, жуда кўҳлик қиз эдим. Аммо келганларнинг бирортасига розилик билдира олмасдим. Бунинг сабаби бор эди. Шунинг учун сукут сақладим, тушунмасликларини билдим. Тушунгандек бўлишса-да, менинг томон бўлмасликларини тушундим; сукут сақладим. Бошқа иложим йўқ эди. Мени тушунишлари учун вақт керак эди, сабр қилишим керак эди; сукут сақладим. Сукутимни нималарга йўйишмади.
...бири айтди, ҳусни бошига бало бўлган;
...бирлари айтди, ҳусн ақл эмасдир;
...бирлари айтди, ўзини тенги йўқ ҳисоблар;
...яна бирлари айтди, айби бордир.
Аввалига йиғлаб-сиқтадим, тушкунликка тушиб, синиқдим. Кейинчалик ўзимни қўлга олишга, енгиб ўтишга ҳаракат қилган бўлсам-да, қийналганим рост. Одамлар қизиқ! Одамлар ғалати! Одамлар тушуниксиз, болаларим! Сени яхши билган одам ҳам сенинг ҳақингдаги иғвони қабул қилади, жон қулоғида эшитади. Ростини билса-да, ўша ғийбатга бўлишгиси келади. Яқининг бўлса-да, шу фитналардан қандайдир ёруғлик олади. Бирлари ачингандек кўринишса-да, хурсанд бўлганлари талай эди.
Йиллар ўтди, ўттизга кирдим. Йил оралаб, қирқини ҳам кўрдим. Оғриниб-оғриниб онам ҳам ўтди. Яқинларим ҳам. Ёлғиз қолдим. Вақт эса ўтар экан, ўтаверди. Далада ишлардим. Бир тун эшигимни қоқиб колхоз раиси келибди. Маст, оёқда тура олмайди. Уйда ёлғиз эдим. Гапини эшитмадим ҳам. Қарсиллатиб бетига эшикни ёпдим. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Кассири ҳам, бригадири ҳам менга ёпишиб олди. Тирноқдан кир қидира бошлашди. Даладан кетиб, туман марказидаги боғчада тарбиячи бўлиб ишлай бошладим. Бир куни мудира чақириб, биз янглишган эканмиз, бу ер сизнинг жойингиз эмас, деди. Ишдан кетдим. Қаерга борсам аввалига ишга олишар, бироз ўтиб сиғиштиришмас эди. Бунинг ҳаммаси раиснинг иши эканлигини билардим. Ҳеч қаердан иш топа олмай уйда ўтириб қолдим. Қишлоқда мен ҳақимда бўлмағур гаплар тарқади. Кўчага чиқсам ҳамма мени бармоғини бигиз қилиб кўрсатарди. Ҳақ бўлсанг-да, уларнинг ноҳақ эканлигини билсанг-да, бирор сўз айта олмасанг жуда оғир бўлар экан. Баъзи бир аёллар ҳатто уйимга келиб, эримизни йўлдан урасан, деб қишлоқдан чиқиб кетишимни ҳам талаб қилишди. Эсласам, ҳозир ҳам суякларимга юк тушади. Ҳарна инсофли, диёнатли одамлар бор экан. Ҳаммаси изига тушиб кетган бўлса-да, барибир ўз билганларидан қолмай мени ёлғизлатишди. Майли-да, омон бўлишсин.
Эллигимда уйда ёлғиз қолдим. Уйма-уй кеза олмадим бошқалар каби, ўзим билан ўзим бўлдим, ўзим билдим. Тунларим ўтмай, тонгларим отмай куйдирди. Кейин... кейин... -кампир қизларига ўзгача бир меҳр билан қаради. -«Меҳрибонлик уйи»дан мана шу икки қизимни асраб олдим. Шулар билан бўлдим, овиндим, кўнглим ҳам унди-ўсди. Уларни тарбиялаб улғайтирдим, ўқитдим, уйлик-жойлик, эгалик қилдим.
Кампир чуқур ўйга толиб оғир хўрсинди.
-Менинг ҳам... суйганим бор эди. Қишлоқнинг олд йигити эди. Бор-йўғи бир неча маротоба кўчада рўбару келиб саломлашганмиз, халос.- Кўз олдига келди чоғи, майин жилмайди. Мижжаси кўз ёшдан намланди. -Кундуз кунлар тутлар панасида, тунлар девор оша йўлимни пойларди. Бир-биримизга дил-изҳор қилганимиз йўқ, биримизга кўзимизни лўқ қилиб, иккинчимиз ноз-у ишва қилгани, сузилганимиз йўқ. Ҳар-ҳар замонда, тақдир ёрлақаган дамларда узоқ-яқиндан нигоҳларимиз сониянинг мингдан бир бўлагида тўқнашарди. Ўшанинг шодлиги, қувончи, азобли ҳузури бас эди бизга. Висол бегона эди бизга, ваъдалар бегона эди бизга! Қайдам, муҳаббат дегани балки шу чиқар!?-кампир қуйилиб келган кўз ёшларини артди. -Уруш бошлангач, отамни урушга жўнатдик. Бир йил ўтар-ўтмас акамга ҳам чақириқ қоғози келди. Акамни кузатгани вокзалга чиққандик. Одам тумонат эди. Ким йиғлаган, кимлардир бақириб-чақирган. Ниҳоят, «по вагонам!» деган ҳайқириқ эшитилиб, поезд ўрнидан қўзғала бошлади. Икки кўзим онам иккимизга қўл силкитаётган акамда эди. Шу вақт кимдир мени бағрига тортиб, юзларимдан ўпди-да, ўзини одамлар орасига урди. Онам буни кўрмади. Икки суянган тоғимиздан айрилиб, ҳушимиз ўзимизда бўлмай тургани учун нима бўлганини тузукроқ англамадим ҳам, аммо юзларим ўт бўлиб ёнарди,-кампир ажиндор, қоқсуяк, титроқ қўлини беихтиёр ўнг чаккасига юборди.-Ўша йигит вагонга чиқавериб, ортига ўгирилиб қаради. Бу ўша, қаршимда каловланиб гапини йўқотиб қўядиган, ўзи ҳам менга ёқадиган йигит охири шу телбаликка журъат топганди. Ўша бўса сабаб мен эгалик бўлгандим! У урушдан қайтмади, ҳеч кимга билдирмай аза тутдим, киймим ичидан азалик кийдим. Истадимми-йўқми, унга бўса ҳадя этиб, бир лаҳза бўлса-да оғушида бўлдим. Шундан кейин қандай қилиб бошқага кўнгли қўйишим, турмушга чиқишим мумкин? Ахир бу ишлардан сўнг ҳамма эркак менга номаҳрам бўлади-ку?
Барча қаттиқ ўйга толди. Ҳалигина қаршиларида буришиб, қуришиб, ҳилвираб турган кампир ўсиб, юксалди, юксалаверди.
Хаёлларда бир гап: «Наҳот?», «Наҳот?».
Бу ҳақида эшитган одам бор-ки, бир муддат рўпарасида ушоқдек бўлиб ўтирган улуғ ёшли бу кампирга тикилиб тош қотарди.
...кимдир, телба дегандек мийиғида кулди, бу матонатдан;
...кимдир ҳайратларга тўлиб-тошди, бу матонатдан;
...кимлардир ўйга толди;
...кимлардир эса, уялди.
Бу вақтда кампир барчанинг наздида қўл етмас, кўз илғамас юксакликларда эди...
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Россия туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди