18:04 / 17.12.2017
5 299

Муҳаббат ва давлат оралиғида...

Муҳаббат ва давлат оралиғида...
- Хола, холажон! – Забаржаднинг юраги тошиб борарди. Шунинг учун овози жаранглаб чиқди. Яширишнинг нима кераги бор? У бу хонадонга фақат эътибор аянинг уколларини вақтида қилиш учунгина эмас, «биров»ни кўргани ҳам келади.

-Кираверинг, эшик – очиқ. – Забаржад гарчи ҳозир унинг сафардалигини билса ҳам одатдагидек, остонада ўша «биров»ни кутган эди. Йўқ, Юнусбекка қай бир чизгилари ўхшаб, қай бирлари ўхшамайдиган бир йигит турарди. Забаржад «дувва» қизарди.

-Мен холамнинг укол қилгани… - деди сал дудуқланиброқ.

- Ҳа, аям тайинлаб кетдилар, ўтириб тураркансиз. – Йигит йўлакни четлаброқ, яъни Забаржадга йўл бўшатиб олдинга юрди. «Ҳа, бу киши Юнусбек акамнинг акалари бўлса керак. Хорижда шартнома билан ишлайди, эрта-индин келиб қолади, деётган эдилар…»

- Марҳамат, ўтиринг. Чой ичасизми, кофе?

Забаржаднинг бир тарафдан кулгиси қистаса, бошқа тарафдан ичида бир ҳавас уйІонди. «Барибир дунё кўрган одам бошқача бўлади-да. Бизнинг бирорта йигитимиз ўзидан ёш қиздан, агар иши тушиб турмаган бўлса, шунақа деб сўрамаса керак. «Битта чой дамлаб юборинг, синглим», дейиши мумкин…» деб ўйлади.

-Раҳмат, мен нонушта қилганман. Холам узоққа кетдиларми?

-Аямни билсангиз керак, олмаси иккита бўлса, биттасини албатта, кимгадир беришлари керак. Ўғлим дарё, тоғ ошиб келди, деб нималарнидир кўтариб эшикма-эшик кириб кетдилар, шекилли. Холангиз: «Менинг тилло қизим келса, зериктирмай тур», деганлар… Йигит ошхонага ўтиб, бир пасда қаҳва дамлаб келди. Унинг ҳаракатлари чаққон эди. «Шунчалар катта мартабага эришганман, демасдан муомала-муносабатини қаранг, қанчалар чиройли…» Забаржадга йигитнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз, унинг ҳар бир ҳаракати фазилат бўлиб кўрина бошлади. Шу орада неча йилдан буён соғинтирган ўғли қайтиб, хасталиги ҳам чекнган Эътибор ая кириб келди.

-Тилло қизимни зериктирмай ўтирибсанми, Юсуфбегим хабар қилмай, нетмай кириб келса бўладими?! Қувончдан юрагим ёрилай, деди. У кетганидан кейин кунлар ҳафта, ҳафталар ой, ойлар йил бўлиб кетган эди, болам. Офтоб ҳам, юлдуз ҳам бирпасда айланиб жойига қайтди. Эҳ-ҳе, сизлар тушунармидиларинг, ҳали ўзларинг боласизлар-ку!

Эътибор ая бир зумда оламжаҳон гапни гапириб ташлади.

Забаржад ўз-ўзидан ҳаяжонланиб, аяга дори ҳозирлар экан, доим кўзларини чирт юмиб, жим турадиган аянинг овози тинмасди:

- Ўнта бўлса, ўрни бошқа, деб шуни айтадилар-да. Юнусбегим доим ёнимда бўлсаям, Юсуфбегим йўқлиги учун бир тарафим йўққа ўхшарди. Кошки энди қолса, ўша мусофир жойлардан насибаси узилган бўлса…

- Қол, денг-да, хола. Қоладилар-да, Забаржад нимага бундай дейишга журъат қилди, билмасди.

- Воҳ, болам-а, мен бир узун сочли паризод бўлсам эканки, қол, десам қолаверса…

Забаржад яна «дувва» қизарди… Ишини тугатди-да, аянинг қисташига қарамай, тез йишғиштиринди.

- Ҳали Юсуфбегимнинг қайтганини бир-икки қўшним билди, холос. Қариндош-уруғ, айниқса, оғайнилари эшитишса борми, уйимда тўй бўлиб кетади. Ўтир, қизим, - астойдил манзират қилди ая.

- Ўзингизни уринтириб қўйманг. Барча муолажалар сувга оқиб кетмасин тағин…

Забаржад гапига расмий оҳанг беришга ҳаракат қилди. Бу билан ўзинниг фақат хизмат юзасидан бу уйга келганини таъкидламоқчи бўлди.

-Касал бўлмасинлару бўлсалар дўхтир ўзимиздан экан. - тагдор гап қилди Юсуфбек. «Тавба, шунча йиллар бошқа жойда яшаб, бошқа тилда гапирсалар ҳам, унутмабдилар-да, бунақа ифодаларни, Забаржад ўзига қадрдон дарвозадан узоқлашса ҳам, ўй-хаёлларидан узоқлашолмас эди. «Бу ўкинчи кайфият, шунчаки чиройли, кўркам йигитларни кўрганда уйғонадиган ҳиссиёт бу. Ахир мен Юнусбек акамни…» Забаржад буёғига тўхтаб қолди. Рост, Юнусбекни кўргиси келади, кўрганида суюнади, лекин бу севгимикин? Юнусбек ҳам унга бефарқ эмас. Бироқ ҳали бу йигит унга кўнгил очдими? Гапирса ҳам ҳавойи орзуларидан гапиради!

«Менга нима бўляпти ўзи? Укани қўйиб акани ўйлаяпманми? Уят, Забаржад, уят!» деди ўзига ўзи. Лекин дилининг туб-тубида ўзини ёмон кўролмаётганини билиб турарди.
* * *
- Қани, аямнинг тилло қизлари бу тарафга марҳамат қилинг!

Забаржад Юсуфбек илтифот билан кўрсатган стулга ўтирди. У худди туш кўраётганга ўхшарди. Биринчи учрашувда уйининг остонасигача кузатиб, орқасидан қараб қолган Юсуфбек эртасигаёқ дунё кўрган ишбилармонларга ўхшаб «ҳужум»ни бошлаб юборди. Тўртта кўзи пориллаб турган, зулукдай қоп-қора «Мерс»ига ўтқазиб ишхонасига олиб келиб қўйди.

-Неччида чиқасиз? – деб кўрганида Забаржаднинг юраги кабутардай потирлаб турган бўлса-да:

-Вой, сиз овора бўлманг, ўзим кетаман. Сиз эрта-индин кетадиган одамсиз. Машинага ўрганиб қолиб, кейин пиёда юролмай қолмай… - деди у ўзинниг бу бадавлат йигитга гап билан қармоқ ташлаётганини сезиб турарди. «Бундай демаслигим керак эди», дерди ичида бир овоз. Аммо айтарини айтиб бўлган эди.

- Кетмасам машинамга чиқасизми?

- Мен ундай демадим-ку…

Барибир Забаржад қайтишда яна машинага чиқди. Эртаси яна… Индини, яъни бугун бир ҳафта аввал бутунлай нотаниш бўлган йигитнинг бир оғиз таклифини қайтара олмай рўбарама-рўбару ресторанда ўтирибди.

Юсуфбек официант олиб келган менюни Забаржаднинг олдига қўйди.

-Тиланг тилагингизни…

Забаржаднинг кўз олди жимирлашиб кетди.

-Мен… бунақа жойларга келиб юрмаганман… Нима яхши, нима ёмонлигини билмайман. Ўзингиз…

Юсуфбек завқланиб кулди. Пешонасига тушиб турган сочларининг силкиниши, кўзларининг чарақлашини… Забаржаднинг юраги орзиқиб кетди.

-Келмаган бўлсангиз, энди келасиз. Ўрганмаган бўлсангиз, энди ўрганасиз… Қани, танланг, мен ҳаммасини бир бошдан таърифлаб тураман.

-Сиз… ўша тарафларда роса яйрагансиз-да бунақа жойларда…

Забаржад ҳавасланиб эмас, ғаши келиброқ айтди бу гапни.

-Рашк қиляпсизми? Йўқ, ишбилармон одам ҳуда-беҳудага пул сарфламайди, десам ишонасизми?

Юсуфбек яна қаҳ-қаҳ отиб кулди. «Юракдан, мазза қилиб кулар экан, бундай одамларнинг ичида ғубори бўлмайди», деб ўйлади Забаржад, лекин ўйлаганини айтмади.

-Вой, анови кишимни! Мен шунчаки…

-Бўлди, бўлди, қизарманг! Ўзим ҳаммасини тушуниб турибман, - Юсуфбек шундай дея қизнинг жавобини ҳам кутмай буюртма бера бошлади.

«Дадил, жуда дадил… Юнусбек акам бўлса…» Забаржад Юсуфбек билан танишганидан бун унниг укасини деярли ўйламай қолган эди. Ҳозир унинг исми билан бирга ҳамиша ўйчан чеҳраси, катта-катта қора кўзлари кўз олдига келди. «Мен… Юнусбек акамни севаман, деб ўйлардим-ку, унга талпинар эдим-ку, наҳот, буларнинг ҳаммаси ўткинчи ҳис-туйғулар бўлган бўлса?!»

Забаржад ўз ҳис-туйғуларини тушуниб олгиси, ўзини таҳлил қилгиси келарди. Лекин Юсуфбек кескин, аниқ фикрлари билан қизни ўйлашга қўймас эди.

-Сиз-ку рашкингизни яширяпсиз. Аммо мен ўта рашкчи эканимни яшириб ўтирмайман. Мен ўзимга ёққан одамнинг хаёлларини ҳам бировга бергим келмайди…

«Бу нима дегани? Севги изҳорими бу? Ахир, мен ҳали ўзимда нима ўзгаришлар бўлаётганини тушиниб ҳам етмадим-ку…»
* * *
Забаржад ростдан ҳам туйғуларини охиригача тушуниб етишга улгурмади. Билгани шуки, пулнинг юзига қарамай ишлатадиган бу йигит уни фақат хаёлида юрган ҳаётга олиб кирди. Забаржад ўзи яшайдиган шаҳарда бунча кўп, бири-биридан чиройли ресторанлару кинотеатрлар борлигини билмасди. Бир йигит бир қизга шунча қимматбаҳо тақинчоқлар совға қила олишини ҳам тасаввур қила олмасди. Забаржад кўзи билан кўраётганлари, қўли билан тутаётганларининг яхшиликми ё ёмонликми эканини англагунча, уйга Юсуфбекдан совчилар келди.

-Менинг тилло мизим, менинг нажот фариштам, дея эркалатиб юрадиган, неча йиллардан буён даволовчи врачи ёзиб берган рецепт асосида муолажаларини қилиб юрадиган мижози Эътибор ая унга қайнона бўладиган бўлди. Ҳеч ким ажабланмади. Ҳеч ким:

- Сенинг унда эмас, рассом укасида кўнглинг бор эди-ку, - демади.

Одатдагидек, гул фаслида кўклаш, кўкариш, фаслида этюднигини кўтариб, тоғларга чиқиб кетган Юнусбекдагина шу савол уйғониши мумкин эди. Чунки улар орасида бирор марта дилрози айтилмаган бўлса-да, Забаржаднинг қизиқиши унинг расмларининг қизиқиши унинг расмларини томоша қилишдан нарига ўтмаган бўлса-да, ҳар иккови ҳам ҳис-туйғулари оддий танишчиликдан бошқача эканини билишар эди.

Аввалига фотиҳа, тўй арафаси ташвишлари билан бўлиб Забаржад бу нарсалар ҳақида ўйлагиси келмасди, юрагининг: «нега?» деган саволидан қўрқарди.

-Нима у менга муҳаббат изҳор қилиб, мен ҳам жавоб қилибманмидики, қўрқсам… Ўзи рассомлари расмларни мазза қилиб гапириб беришдан ташқари, «лом-мим» демасдилар. Қаршимдан дадил бир йигит чиқди? Уни рад қилишим керакмиди?!

Забаржад ўзига ўзи ҳар қанча оқлов топиб берагни билан, «Менинг ҳеч кимнинг олдида қарзим йўқ», дегани билан ичидаги хижиллик тўй яқинлашган сайин улканлашиб борарди.

…Йўқ, Забаржад кўп нарсани кўра олмади.

-Аканг уйланяпти, тез етиб кел! Дейишганидаги Юнусбекнинг қувончдан порлаган кўзларини.

-Зўр бўпти-ю! Кимга уйланяпти экан? Ким экан кеннойимиз? – дея сўраганида:

-Холани даволаб юрадиган ҳамшира қиз бор-ку, Забаржад – ўша» - дейишганларида юзларига ёйилган ҳайронлик ифодасини. Сўнг:

-Ким-м? – деган саволини. Телефон симларидан яна ўша ўзига қадрдон исм эшитилгач, паҳлавон бир қўл тарафидан баланд кўтарилиб қаттиқ тошларга урилгандай бир ҳолга тушди.

Айтганимиздай, Забаржад буларнинг ҳеч бирини кўрмади. Фақат тўй куни «Ёр-ёр» оҳанглари остида энг қимматбаҳо либосларда шаҳарнинг энг муҳташам тўйхонасига кириб борганида юраги зирқиради. «Қайда экан у? Худоё худовандо, унинг маҳзун кўзларига дуч келтирма!» дея илтижо қилди. Бошини кўтармай: «Яхши кунимда, бахтли кунимда фақат қувониб ўтиришим керак… Бундай фурсатда ғам Худога хуш келмайди», деб ўйлар, ўзининг бекаму кўст келинчак бўлганини таъминлаган йигитни ҳам табассумга кўмиб ташлашни истарди.

-Юнус! – Юсуфбекнинг овозини эшитиб, титради. «Келармикан, келмасмикан?» шундай қарама-қарши ҳиссиётлар аро бир нафасгина, бир зумгина бошини кўтариб қаради.

-Лаббай, ака. – Юнусбек ҳам бир зумгина дунёдаги энг чиройли куёв – акаси ёнидаги паривашга кўз ташлади. Ҳар қачонгидан ҳам маҳзунроқ эди. Бу кўзлар… ҳар қачонгидан ҳам қорайиб кетганга ўхшарди.

-Анови ўртада ликиллаётган ғалча ким?

-Сал кайфи ошиб…

-Судраб олиб чиқиб ташланглар! – Юсуфбекнинг ҳукмфармо овози Забаржадни баргдек титратиб юборди. У куёв бу гапни кайфи ошиб, ўртани бўшатмаётган маст ҳақида эмас, ўзи ҳақида гапиргандек қўрқди. Худди Юсуфбек унинг бир зумлик ўйларинин уққандек қалтиради.

-Хўп, ака!
* * *
-Ҳа, энди… Аямга ёқиб қолган экан-да. Қўли енгил, меҳрибон, деб туриб олдилар-да. Мени биласан-ку, чучело нимаю у нима?! Менми? Мен аллақачон самолётдаман!

Диванда ётиб олиб қўл телефонида гапиришаётган Юсуфбек чой кўтариб кирган Забаржадни кўрди-ю гапининг у ёғини инглизчасига чуғурлай бошлади.

Забаржад бир зум эшик олдида туриб қолди. Юсуфбек «Чой қуй» ишорасини қилиб яна бироз чулдиради-да, тугмачасини босиб қўйди.

-Оҳ, оҳ, зўр чой бўлибди-да, энди бу чойларга ўрганиб бўлдим, у тарафларда нима қилар эканман?

Забаржадга Юсуфбекнинг овози узоқдан келаётгандек туюлди.

«Чучело… кимни айтди? Аямга ёқиб қолган экан… Мени айтдими?»

«Ким у чучело?» деб сўрагиси келди, лекин эринниг овози, кўриниши бу саволни беришга қўймасди.

-Сиз… кетмоқчимисиз? – деб сўради. Овозини ўзи зўрға эшитди.

-Ҳа.

Юсуфбек икки товушли «Ҳа»ни шундай оҳангда айтдики, «Мен-чи?» дейишга оғиз жуфтлаган Забаржад оғзини очолмади. Бу «ҳа»да «Менинг ишларим билан сенинг ишинг бўлмасин!» деган мазмун бор эди.

-Яна бирор нарса керакми?

-Керак бўлса, айтаман!

Забаржад не-не умидлар билан кирган хобхонасидан титраниб чиқди. Ўзи тўйдан сўнг бир-икки ҳафта ўтгач, Юсуфбекнинг сафари давомли эканини ҳис қилиб қолган эди. Қайнонаси сўз орасида:

- Ҳа, эркак одамнинг кўчада юргани маъқул. Хориж, хориж дегани билан ҳозирги замонда икки дунё бир қадам. Энг муҳими, мен узилмайдиган чайир ипни ташлаб қўйдим. Юсуфбегим энди ҳеч қаёққа боролмайди. Оламнинг қай бурчагига кетсаям, айланиб-айланиб келаверадига ўхшаш гапларни айтаётган эди. Ҳозир эрининг телефонда кимгадр айтаётган хабарида, кетиши аниқлигини сезди.

«Демак, демак у менга шунчаки онасининг истаги учун уйланган. Ўша куни онажони ўғлини бу ҳамшира қиз билан танишиб олсин, деб атайлаб чиқиб кетган…» Майли-да, у менга ёмонликни ўйлабдими? Осмондаги ойни узиб беришга қурби етадиган ўғлига раво кўрибди. Нега иддао қиласан, Забаржад?! Кетса, кетибди-да, келар…» Забаржад ўзини ўзи яхшиликка ишонтиргиси келарди, «чучело» деган сўзни ёдидан узоқлаштиришни, ўчиришни истарди… «Йўғ-ей, мен ҳақида айтмагандир… Тўғри, Юсуфбекнинг эҳтирослари бир-икки кунда тугаганга ўхшади. У телефонда аллақандай бизнеслар ҳақида узундан узоқ суҳбатлашар эди. Уни бошқа бир сирли дунёнинг бир парчаси деб билган, унга талпинган Забаржад эса кўзгу олдида фарангий атирлар сепиб, ним пушти тункўйлакларда анча ўтириб қоларди. «Балки, ҳаммаси ўзи шундай бўлар…» деб ўйлаган, эридан ўша кўриниш, ўша ўтириш учун хижолат бўлган пайтлари бўлди. Ҳозир ҳам эрининг олдига меҳр илинжида кирган эди. Ахир, аёлни уйига боғлаб турадиган, уни бир умр эркаланиб яшаган ота-она бағридан бемалол кетишга кўндирадиган фақат шу одамнинг меҳри эмасми?!

Эри эса уни итарди. Кимгадир нотаниш бир одамга «чучело» деди. – Забаржаднинг хўрлиги келди, лекин йиғлаб юбормаслик, айниқса, кўз ёшларини қайнонасига кўрсатмаслик учун ҳовлига – гуллаб ётган шафтолизорлар орқасига ўтди… Хотира бехосдан уйғонади, чақмоқдай… У Юнусбекни худди шу жойларда кўрган эди.. Ўтган йил, худди шу пайт, шафтолилар гуллаганда… У олдига планшет қўйиб, нималарнидир чизарди… Забаржад:

-Дорини томчилатиб қўйдим, - қараб туринг, ўн-ўн беш дақиқадан кейин келаман, - демоқчи эди, йигитнинг ижод бағрида эканини кўриб хижолат тортди, орқасига қайтмоқчи бўлди.

— Бирон гапингиз бормиди? - Юнусбек бошини кўтариб сўради.

-Ҳалиги холам… Йўқ, сиз ишлайверинг, бунақа пайтда халақит бермаслик керак, шекилли…

-Йўқ, айтаверинг. Аям тинчми, ўзи?

Ҳа, Юнусбек билан суҳбатлашиш осон эди. У чизаётган, чизган расмларини ёш боладай қувониб кўрсатар, Забаржадни нари борса, устахонасига – расмлари ҳақида завқланиб ҳикоя қилиб беришга чақирар эди.

«Менга нима бўлди? Мен шунчалар ёмон аёлманми? Нега кўнглимда бир одам бўлиб бошқасига тегдим? Нега энди бошқасига тегиб, буни ўйлаяпман? Кимман мен ўзи?!»

…Юнусбекнинг тўй эртасиёқ яна ўша тоғига жўнаб кетганини Забаржад билади. Кўнглидагидай келин қилганидан хурсанд она, онанинг кўнглини хотиржам қилиб қўйган ака уканинг бир кун ҳам қолмай тоққа жўнаб кетганининг сабабини иши учун, чала қолган расмлари учун деб билишади. Умуман, болаларча беғубор, болаларча соддадил, дарвеш бу йигитни на она, на ака жиддий қабул қилади. Лекин Забаржад унинг маҳзун кўзларини, қорачиқларига «Нега?» деган савол ёзилган кўзларини эртаси ҳам бир бор кўрди. Худди шу жойда. Янгаси уни ҳовлига ўтказиб қайтаётганда. Шафтоли шохини қайириб, янгаси унга йўл очар экан, сал нарироқда турган Юнусбекка кўзи тушди. У ҳам нима биландир банд эди, олдидаги нималарнидир йиғиштирарди, назарида, у ҳам бехос қаради. Бир лаҳза, балки, ундан ҳам оз фурсатда кўз кўзга тушди. Бутун вужудини айбдорлик ҳисси чулғади. Чунки Юнусбекнинг нигоҳларига чизилган чексиз азоб сувратини кўрди. Забаржад оёқлари чалкашиб-чалкашиб йўлини давом эттирди. Хонасига кириб, ўтиргунча юрак гупурини ўзи эшитиб турди. «Ўтиб кетади, ахир, ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку, ўтиб кетади», дея-дея кўнглида қўзғалган ғалаённи босган эди. Бугун яна…
* * *
-Акасини ҳам кузатгани келмади-я, бу бола. Хафа бўлади, қоғозидан тортиб бўёғичгача пулини шу акам беради, бориб бир хайр, яхши бориб келинг, деб қўймаса… Авваллари унақа эмас эди, уйдан безор бўлди қолди…

Юсуфбекнинг бир мамлакатни кузатгандай иззат-икром билан кузатган Эътибор ая сўринниг бир чеккасида омонатгина ўтирган Забаржадга ёзғирди.

Забаржаднинг эса ўз оғриғи ўзига етарди. Юсуфбекка:

-Соғинсангиз, олиб кетасиз-а? – деди.

Йўқ, соғинади, деб ўйлагани учун эмас, шунчаки ўзига азоб бераётган ўйлардан халос бўлиш учун айтди.

Юсуфбек эса одатдагидек қаҳ-қаҳ отиб келди. Ўзига ишончи зўр одамлардай қатъият билан:

-Гўзаллик қурбонлик талаб қилади, дейишади-ку. Давлат ҳам қурбонлик талаб қилади. Соғинсам ҳам чидаймиз-да, - деди… Сўнг гўё Забаржаднинг дилига озор берганини мутлақо сезмагандай яна ўз иши билан овора бўлди.

Эрининг бу галги қаҳқаҳаси Забаржадга масхарадек бўлиб туюлди, кўнгли тўлиқди. Эътибор аянинг тинмай Юнусбекни ёзғириши кўнглини баттар бузиб юборди.

«У энди келмайди, келишни истаса ҳам келмайди. Мен унинг ўз уйига келар йўлларини бекитдим», дегиси келди. Лекин дея олмади.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Муҳаббат ва давлат оралиғида...