19:10 / 09.02.2018
4 801

Мияни ишлатишдан асло чўчиманг

Мияни ишлатишдан асло чўчиманг
Мия фаолиятига назар ташласак, у биз ўйлаганимиздан кўра бошқачароқ эканини биламиз. Бунга эса қуйидаги беш психологик омил ёрдам беради.

Хато қилишдан қўрқманг
Одамлар хато қилмайдиган инсондан кўра хатоликларга йўл қўйиб турадиганларни кўпроқ ёқтиради ва эсда сақлаб қолади. Чунки хатолар кишининг инсонпарвар ва ўта зийрак бўлишига ёрдам беради. Мукаммаллик эса атрофдагилар ва ўзи ўртасида жарлик пайдо қилади. Психолог Эллиот Аронсон шундай тажриба ўтказди: тингловчиларга одамларнинг қаҳва ичаётгани ва айримларнинг идишларни тушириб юборган аудио ёзувини қўйиб берди. Натижалар кўриб чиқилганда, тингловчиларда қаҳвасини тўкиб юборганлар яхшироқ таассурот қолдиргани аниқланди.

Умидингизни узманг
Агар бирон нарсанинг содир бўлишини умид билан чин дилдан кутсангиз ёки шунга қаттиқ ишонсангиз, ажойиб кунларнинг бирида, у, албатта, содир бўлади. Бу «Пигмалион» деб номланувчи омил ҳисобланиб, бирор нарсанинг ҳақиқатлигига ёки содир бўлишига қаттиқ ишонишдир. Америкалик психолог Роберт Розенталь ушбу «Пигмалион»ни амалда тадқиқ қилиб, у ўқув йилининг бошида ўқитувчиларга ўзлаштириши энг юқори бўлган ўқувчилар рўйхатини кўрсатди. Ўқитувчилар эса буни ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлашди. Шунда Роберт ўқувчиларнинг фамилиясини тахминан танлаб, янги рўйхат тузиб қўйди. Ўқув йилининг сўнгида эса, у танлаган ўқувчиларнинг ўзлаштириши қолганларга нисбатан сезиларли даражада ошди. Ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг шундай натижага эришишига қаттиқ ишонгани ва кутгани буни ҳақиқатга айлантирди.

Танлашдан чарчаманг
Бозордан ёки дўкондан бирон нима сотиб олиб, сўнг бундан афсуслангансиз. Ёки дугонангиз кўйлак сотиб олганида уни кўриб, «бекор шошибман, энди олсам бўларкан», дея пушаймон бўлгансиз, албатта. Олдингизда жуда катта танлов имкони бўлса-ю, бироқ якунда узил-кесил, аниқ бир қарорга келган бўлсангиз, ҳатто, шундай ҳолатда ҳам кейин ўз танловингиздан афсусланишингиз мумкин. Чунки бу «танлаш парадокс»идир: қачонки танлаш имкони кенг экан, киши ўз қароридан мамнун бўлиши қийин.

Ёрдам кутманг
Агар сизга ёрдам керак бўлса, уни оломон ичидан қидирманг. Бу «гувоҳлар таъсири»ни келтириб чиқаради. Бу назарияни психологлар Бибб Латан ва Жон Дарли ишлаб чиққан. Улар буни тажрибада ҳам синаб кўрган. Тажрибадаги инсон бир кишига ёрдам кераклигини ва бунга ягона ўзи гувоҳ бўлиб турганини ҳис қилганда 85 фоиз одам ёрдамга шошилади, ёнида яна бир бошқа шахс борлигини билганда 65 фоиз, ундан ташқари яна тўрт нафар одам борлигини билганда фақат 31 фоиз даражада ёрдамга келади.

Кўп ҳолларда кўчада йўл транспорти ҳодисаси ёки бошқа бир кўнгилсиз воқеа содир бўлганда, тўпланганлар ёрдам бериш учун ҳаракат қилмай, «кимдир ёрдам қилар» ёки «кимдир тез ёрдам чақираётгандир» каби хаёлларга берилади. Ҳамма масъулиятни бошқа бировга юклайди. Агар шу ҳолатга бир киши гувоҳ бўлса, унда у ўзининг ягона гувоҳ эканини тушунади ва аниқ, қатъий ҳаракат қилади.

Эътибордан хижолат чекманг
Кўча-кўйда юрганда ҳамма вақт атрофдагилар сизга қараётгандек туюлиши — тасаввурингиздаги ўйин, холос. Янглишгандаги ҳар доим бўладиган хижолатомуз ҳаяжон ва ўзига ишончсизлик аслида бу ҳақиқатни англатмайди. Атрофимиздаги одамлар хатоларимизга биз ўйлагандан анча кам эътибор беради. Мутахассис психологлар жамоаси бир гуруҳ ёшларга ғалати футболкаларни кийиб кўчада юришларини ва уларга қанча одам эътибор қаратганини айтиб беришларини сўрайди. Натижаларга кўра, атрофдагиларнинг эътибори улар ўзлари ҳис қилгандан икки баробар кам бўлиб чиқди. Шундай экан, бошқалар эътибор марказида ўйлаганингиздан камроқ бўласиз. Яъни, одамлар гавжум жойларда ўзингизни эркин ва хотиржам ҳис қилишингиз мумкин.
Дилфуза ҚОСИМОВА

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мияни ишлатишдан асло чўчиманг