20:40 / 21.02.2018
19 421

Мандариннинг сиз билмаган фойдалари

Мандариннинг сиз билмаган фойдалари
Асл ватани Хитой бўлган мандаринни «Хитой олмаси», деб аташади. Унинг ўртача катталикдаги икки донаси кунлик С витаминига бўлган эҳтиёжингизни осон қондиради. С дармондориси иммунитетни кўтаришидан ташқари, қон томирлари деворчаларининг янгиланиш жараёнини ҳам рағбатлантиради. Унинг, айниқса, варикоздан қийналаётган аёлларга фойдаси беқиёс. Қолаверса, атеросклероз хасталигининг олдини олади. Бундан ташқари, кўп миқдорда ҳайз кўрадиган аёллар ой кўришдан бир неча кун аввал икки донадан мандарин еб туришса, мақсадга мувофиқ бўлади.

ИЧ ОҒРИҒИГА ДАВО
Тиббиётда аниқланишича, мандарин ичак перистальтикасини бўшаштириш хусусиятига эга. Таркибидаги фитонцидлар эса бактерияларга қарши курашади. Шунинг учун ҳам ич кетишидан азият чекаётган беморларга мандарин истеъмол қилиш ёки унинг шарбатидан ичиш тавсия этилади.

МАНДАРИН ТАНЛАШДА АДАШМАНГ
* Агар қўлингизга олиб кўрган мевангиз ҳажмига нисбатан оғирроқдек туюлса, демак, сархил, сувли ва янги мандаринга дуч келибсиз.

* Шунингдек, бу меванинг нордонига учраб қолмаслик учун кичикроқ, пўсти эса юпқасини танланг.

* Энг муҳими, харид чоғида бир бўлагини татиб кўришдан уялманг.

* Цитрус меваларининг пўстлоғи қалин бўлгани сабаб музлаткичда ҳам, хона ҳароратида ҳам сақлашингиз мумкин. Ягона шарти, музлаткичда бир ҳафтагача, хона ҳароратида эса 2-3 кундан ортиқ қолиб кетмасин.

МАНДАРИНДАН АНТИДЕПРЕССАНТ МУРАББО
Янги йил дастурхонида ноз-неъматларнинг мўл-кўллиги меваларнинг «кейин»га қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ана шундай вазиятларда мандариндан ажойиб мураббо тайёрлаб қўйсангиз, бир неча ойдан сўнг ҳам истеъмол қилаверасиз. Бунинг учун бир килограмм мандаринни парраклаб тўғраб, қозонга соласиз. Пўстидан тозалаш шарт эмас. Устидан 2 ош қошиқ лимон шарбати, 350 грамм шакар ва 200 миллилитр сув қуйиб, олов ёқасиз. Бир марта қайнаб чиққанидан сўнг 40-50 дақиқа ўрта оловда қайнатасиз. Бундай хуштаъм мураббони тушкунлика тушганингизда есангиз, тезда лабларингизда табассум пайдо бўлади. Айниқса, кичкинтойлар бундай хуштаъм ширинликни паққос туширишади.

ЮРАК-ҚОН ТОМИРЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАЙДИ
Агар тушкунлик сизни тарк этмаса, мандарин мевасидан истеъмол қилинг. Бундай вақтда уни ҳидлаш ҳам жуда фойдали. У кайфиятни кўтариб, кишига хотиржамлик бахш этади.

Мандариндан тайёрланган шарбатни тунги уйқудан аввал ичиш асаб тизимини яхшилайди ҳамда уйқуни меъёрлаштиради. Чунки юрак мушакларини мустаҳкамлаш учун ҳам мандариндан ўтадигани йўқ. Бунинг учун унинг мевасини оқ пўстлоғи билан истеъмол қилсангиз, кифоя.

ҚАНДАЙ ВАҚТДА ВА КИМЛАРГА ТАВСИЯ ЭТИЛМАЙДИ?
Қанчалар шифобахш ва тотли бўлмасин, уни ҳар доим ҳам тановул қилиш мумкин эмас.

* Айниқса, қандли диабетга чалинган беморларга тавсия этилмайди. Жуда иштаҳангиз очилиб кетса, 100 г дан ортмасин. Лекин асло шарбатини ича кўрманг. Янги сиқилгани ҳам, қадоқлангани ҳам қондаги инсулин миқдорига таъсир кўрсатади.

* Бундан ташқари, барча цитрус мевалар сингари «хитой олмаси» ҳам аллергияни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, у 3 ёшгача бўлган гўдакларга тавсия қилинмайди.

* Худди шу сабаб мандарин ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга ҳам тавсия этилмайди.

* Айниқса, ошқозон-ичак хасталиклари, холицистит, гепатит, гастрит, ичак шамоллаши ва ўн икки бармоқли ичакда муаммоси бор кишилар ҳам бу меванинг ўрнига бошқасини тановул қилганлари афзал.

Ошқозон фаолияти билан боғлиқ хасталикларда, 12 бармоқли ичак яраси, гастритда мандарин ейиш тавсия этилмайди. Шунингдек, мандарин меваси буйрак фаолияти учун ҳам зарарли. Гепатит, нефрит ва холецистит касалликларида умуман тақиқланади. Аллергик тошмаларга мойиллиги бўлган кичик ёшдаги болалар учун тавсия этилмайди.

ШИФОБАХШ МАНДАРИН —ҚИШНИНГ ОЛТИН НЕЪМАТИ
* Сурункали тонзиллит ва ангина қийнаганида ҳар соатда илиқ мандарин шарбатини оз-оздан то тузалиб кетгунча ичиш тавсия этилади.

* Юқори ҳарорат ва шамоллашда бир кунда 3-4 марта ярим стакан илиқ ҳолатдаги мандарин шарбатини ичинг. Истасангиз, шарбатга озгина сув қўшинг.

* Иштаҳа қочганда ва ошқозон фаолияти бузилганда парҳез билан биргаликда таомланишдан 30 дақиқа олдин бир кунда 2-3 марта яримта мандаринни тановул қилинг.

* Эрта тонгда оч қоринга бир стакан мандарин шарбатини ичиш бронхиал астма ва кучли бронхитда ёрдам беради.

* Гижжаларга қарши курашда дори воситалари билан биргаликда 3 кун давомида бир кунда 3 марта овқатланишдан 30 дақиқа олдин 1 стакан мандарин шарбати ичинг. Кечқурун эса ошқозондан гижжаларни тушириш учун ични юмшатувчи доридан қабул қилинг.

* Ҳолсизланганда ва тушкунликка тушиб қолганда бир нечта мандарин пўстини қопқоқли шиша идишга солиб, бир кунда бир неча марта тўйиб ҳидланг, идиш қопқоғини ёпишни унутманг, акс ҳолда мандарин ҳиди ҳавога учиб кетади. Ҳар куни пўстларни янгиланг.

* Мандаринлар ошқозон фаолиятини яхшиловчи пектинларга ҳам бойдир. Бу шифобахш мева ошқозон хасталикларининг олдини олади.

* Бу цитрус мева таркибида суяк ва тишларни мустаҳкамловчи кальций ҳамда фосфор, асабни тинч-лантирувчи магний, юрак ва буйракни мустаҳкамловчи калий мавжуд.

КОСМЕТОЛОГИЯДА
* Қуруқ юз учун мандаринли ниқоб жуда фойдали. Пўстидан тозаланган мандаринни майдалаб тўғраб, 2 ош қошиқ ёғли сметана солиб, блендерда аралаштиринг. Тоза юз ва бўйинга ниқобни 20 дақиқага суртиб, сўнг илиқ сув билан ювиб ташланг. Агар юзни озиқлантирувчи ушбу ниқобдан ҳафтасига 2-3 марта фойдалансангиз, у терини ёшартиради ва ўзгача кўрк беради.

* Яримта мандарин мевасини эзиб, 1 дона тухум сариғи билан аралаштиринг-да, 1 ош қошиқ лимон шарбати қўшинг. Кейин юзингизга суртиб, 15 дақиқа ўтгач, ювинг. Юзингиз ниҳоятда тиниқлашади ва таранглашиб қолади.

ОЗМОҚЧИМИСИЗ? МАНДАРИН ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГ!
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мандарин энг паст килокалорияли мевалардан бири ҳисобланади. Таркибидаги витаминлар моддалар алмашинувини яхшилаб, ёғларни парчалайди. Организмдаги холестеринни камайтириши ва ёғни парчалаши ҳисобига организм ортиқча вазндан халос бўлади.

Холестерин миқдорини камайтиришда: данаксиз, кичикроқ мандаринни танлаб, пўстини арчиб, бироз қуритинг. Сўнг 1 стакан қайнаган сувда дамлаб, усти ёпиқ идишда 10 дақиқа тиндиринг. Дамламани кун давомида 2-3 қисмга бўлиб қабул қилинг.

Муолажа давомийлиги умумий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади.

МАНДАРИН КАСАЛЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШГА КУЧ БЕРАДИ

Кунига 2-3 дона мандарин истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз мустаҳкамланади, вируслар ўлади, шамоллаш чекинади. Шарбати эса иситмани тушириш хусусиятига эга. Грипп безовта қилганда мандарин, мандарин шарбати ва ёғлари жуда фойдали.

Ушбу цитрус мева таркибида суяк ва тишларни мустаҳкамловчи кальций ҳамда фосфор, юрак ва буйракка фойдали калий мавжуд.

Шунингдек, унда темир моддаси атиги 0,3 мгни ташкил этса-да, у темир моддаси танқислигида тавсия этилади. Чунки таркибидаги биологик актив моддалар камқонликни бартараф этади.

СУРУНКАЛИ ЙЎТАЛНИ ДАВОЛАЙДИ

Агар сизни йўтал қийнаб қўйса, қуритилган ёки янги эзилган 2 ош қошиқ мандарин пўстига 1,5 стакан сув қуйиб, паст оловда 5-7 дақиқа қайнатинг ва 1 соатга дамлаб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 3-4 маҳал илиқ ҳолда овқатдан 20 дақиқа олдин 2 ош қошиқдан қабул қилинг.

* Шунингдек, тунги уйқу давомида ўпка ва бронхларда йиғилган шилимшиқ ажралмалар (балғам)ни наҳорга мандарин шарбатини қабул қилиш билан бартараф этиш мумкин.

Рецепт: қуруқ йўтални енгиллаштириш ва бал­ғам енгил кўчиши учун 1 дона мандарин пўстининг 4/1 қисмини қуритиб, 1 стакан қайнаган сувда дамланг. Суюқликни чой ўрнида кунига 2-3 маҳал ичиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мандариннинг сиз билмаган фойдалари