18:30 / 24.02.2018
6 135

«Аёллик номига доғ туширдим…»

«Аёллик номига доғ туширдим…»
— Мен бугун севимли газетамнинг мухлисларига ўз ҳаётимни сўзлаб бермоқман. Токи менга ўхшаганлар хато йўлда бўлса, кўзларини очсин. Она, аёл деган номга доғ туширмасин. Йигирмага тўлганда каминага оқ либос кийиш насиб этди. Бахти бутун келинчак бўлиб, ён қўшнимиз Азим муаллимнинг суюкли келинига айландим. Кунора уларникига кириб-чиқиб юрганим учун бу оиланинг муҳитини олдиндан билардим. Тинч-тотувлиги, оила аъзоларининг бир-бирига меҳрибонлигидан қувонардим. Онам доим мени шу оиланинг ўғлига узатишни хоҳларди. Бир неча бор Марзия фолбиннинг уйига қатнаб, Азим муаллимнинг хотини Нурхон холани йўқлаган эди, ўз оёғи билан совчиликка югуриб келди.

Кимларнингдир ичи куйди, кимлардир ҳайратини яширмади. Нурхон холани йўлдан урмоқчи бўлганлар ҳам бўлди, бироқ у худди кўзлари кўр, қулоғи кар одамдай ортга қайтмади, ҳатто эрининг ҳам раъйига қарамади. Чунки онам Нурхон холанинг ғирт тескариси, салга жаҳли чиқадиган, тили чаққон, унча-мунчани назарига илмайдиган, агар биров билан жиқиллашиб қолса, ҳар қандай ёмонлик қилишдан қайтмайдиган аёл эди. Онам менга Нурхон холага меҳрибон бўлишимни тайинлади. Хуллас, бир йилча уларнинг ишларига қарашиб турдим.

Тўйдан кейин ҳам бу оиланинг камсуқумгина одатларига мослашишга ҳаракат қилдим. Қайнсинглим Розия узатилиб кетганидан кейин рўзғор юмушлари ўзимга қолди. Мен қайнота-қайнонамнинг ҳурматини жойига қўйиб, бахтли яшаб юрган бўлардим, бироқ онам мени йўлдан урди. У аста-секин гап ўргатиб, алоҳида рўзғор тутишимни, мени алоҳида уйга чиқаришларини истади. Хуллас, орадан икки йил ўтмасдан юзимдаги ҳаё пардаси кўтарилди, ширингина оилам дарз кетди. Мен ҳамманинг юзига тик қарайдиган, ҳурматсизлик қиладиган одат чиқардим. Оддий гапга аразлаб кетиш ҳоллари мен учун одатий ҳолга айланди. Онамнинг гап ўргатишлари ҳам, қайнонамнинг инжиқликлари ҳам, эримнинг тергаб туришлари ҳам, ниҳоят, жонимга тегди. Онамнинг уйини ҳам, келинлик уйимни ҳам бутунлай тарк этиб, шаҳарга кетиб қолдим.

Менга эркин ҳаёт керак эди. Ўзимга хон, ўзимга бек бўлиб яшамоқни кўнгил тусарди. Шаҳардан топган дугонам Ҳилола билан келишиб, савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйдим. Бизнес шунчалар зўр эканки, жарақ-жарақ пул топиб, кечаси билан шақиллатиб пул санаб, ўзингни қўярга жой тополмай қоларкансан. «Аҳмоқдай икки букилиб, бировларга чой узатиб юрган эканман», деб ўйладим. Тошкентдан олинган арзон кийим-кечакларни ўзимизнинг бозорда яхшигина пулга сотардим. Қўлим мўмайгина пул кўрди. «Пул аёлни йўлдан оздиради, қинғир-қийшиқ йўлларга бошлайди», дейишса ишонмасдим. Мен иблисга шерик бўлдим. Аввалига ичадиган, ундан сўнг чекадиган одат чиқардим. Пулим кундан-кунга кўпайиб борар, мен эса босар-тусаримни билмай қолгандим.

Атрофимда лаганбардорлик қилаётган эркакларни кўрганимда ўзимни худди маликалардай ҳис қилардим. Олис қишлоқда ўсганимни, бир вақтлар келинлик либосини кийганимни, зиёли оиланинг келини бўлганимни, келишган, ўқимишли йигитнинг ҳалол рафиқаси сифатида иззат-икром кўрганимни унутдим. Аслида, унинг эъзозу эҳтироми ҳақиқийлигини сохта эркалашлар жонимга текканида англадим. Англаганимда кеч бўлган эди. Ўшанда мен гиёҳвандликка муккасидан кетган, бу эса кундалик эҳтиёжимга айланганиб улгурганди. Мен энди бу йўлдан қайтолмасдим. Онам мендан воз кечган, акаларим учратиб қолса, бурда-бурда қилиб ташлашга тайёр эди. Кейинчалик онам менинг мана шундай саёқ йўлни танлаганимга ўзини айбдор қилиб йиғлади. Чунки бизнинг оилада отанинг ўрни йўқ эди. Онам ювошгина отамни ҳар кўйга соларди.

Мен ҳам эримни ўз йўриғимга юритишни истадим, бироқ тақдир мени бошқа ёққа етаклаб кетди. Ўзим билмаган, тасаввур қилмаган, ҳатто хаёлимга сиғдиролмаган жирканч ҳаёт, зимистон дунёга бошлади. Бу оламда қариндошлик ришталари йўқ, айниқса, оналик туйғусидан ном-нишон йўқ экан. Тангри мени сийлаб, менга қўл-оёғи бутун болани насиб қилди. Агар уни ҳамма оналар каби тарбиялаб катта қилганимда, эрта қариганимда суянчиқ бўлармиди?! Бироқ мендай гиёҳванд она ўша пайтда эртани ўйлайдиган ҳолатда эмасди. Бошқа оналардек дилбандимни бағримга босмасдан тирноққа зор бир оилага фарзандликка бердим-у, қўшни шаҳарга айшимни сургани кўчиб кетдим. Энди одамларни алдаб, пулини оладиган даражада устамон фирибгарга айландим. Бундай ҳаётнинг охири панжара эканлигини билардим, бироқ қайтмасдим. Қайтишни истамасдим. Мана, ҳозир панжара ортидаман. Ёмон одатларимни ташладим, кўзларим очилди, бироқ жуда кеч…
САЛИМА, Бухоро вилояти


Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Аёллик номига доғ туширдим…»