
Техник жиҳатдан тартибга солиш инспекцияси мутахассислари Тошкент ва Навоийда сотилаётган айрим антифриз турларини текширувдан ўтказишди.
Текширув чоғида Россияда ишлаб чиқарилган “Sibrina”, шунингдек Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Energy Red”, “Extended Live Energy Antifreeze (5 кг)” ва “SibTrol Antifreeze G-12 (1 кг)” маҳсулотлари намуналари лаборатория таҳлилига юборилди.
Натижа кутилгандек бўлмади: аккредитацияланган лаборатория хулосасига кўра, мазкур антифризлар техник регламент талабларига жавоб бермайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай сифатсиз суюқликлар иссиқликни етарлича ўтказолмайди. Бу эса двигателнинг қизиб кетишига, радиатор ва насос тизимида занг, шикаст ҳамда носозликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Оқибатда автомобилнинг хизмати анча қисқаради, ҳатто жиддий техник зарарлар юзага келиши мумкин.
Шу боис мутахассислар ҳайдовчиларга антифриз танлаётганда маҳсулот ёрлиғи, ишлаб чиқарувчи мамлакат, техник кўрсаткичлар ва сертификат бор-йўқлигини синчиклаб текширишни жиддий тавсия этмоқда.
Агар савдо дўконларида шубҳали ёки сохта маҳсулотга дуч келсангиз, 1880 қисқа рақами орқали Техник жиҳатдан тартибга солиш инспекциясига хабар беришингиз мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 