Бугунги кунда савдо расталарида ҳар биримиз ўз дидимиз ва имкониятларимизга қараб, турли-туман пойабзалларни учратишимиз мумкин. Аммо кўпчилик ўзига қулайликдан кўра, оёқларида чиройли кўринишга эга бўлиб турадиган пойабзал танлашга уринади. Аслида пойабзал танлашда нималарга эътибор бериш лозим? Ҳозирги дунё “пойабзал бозори”да қандай жараёнлар кечмоқда? Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
Ўзига яраша тарихи бор
Ибтидоий одамлар ҳам табиат ноқулайликларидан оёқларини ҳимоя қилишга мажбур бўлган. Улар қаерда (иссиқ ёки совуқ ўлка-ларда, серёғин ёки қурғоқчил жойларда, пасттекисликлар ва тоғли жойларда) яшашларига қараб, яланг оёқ юришган, чипта кавуш, чориқ, ёғоч, кигиз, чарм ёки мўйна пойабзал кийишган. Уларни тўқиш, йўниш ва тикиш усуллари эса аста-секин такомиллаштирилиб борилган. Ўрта Осиё халқлари асосан этик, махси, кавуш кийганлар. Пойабзал асосан қўлда тикилган. Кейинчалик XIX аср ўрталаридан ботинка, туфли, сандал, шиппак, пийма, калиш, спорт пойабзали, тиббий, ҳарбий ва махсус иш пойабзалларини кийиш одат бўлди. Эркаклар пойабзали — мардона, аёллар пойабзали — заифона, болалар пойабзали —бачкана деб аталган.
Тошкентда биринчи пойабзал фабрикаси 1927 йилда иш бошлаган. 1940 йилга келиб республикада кенг тармоқли пойабзал саноати шаклланган.
Қай бири етакчи ўринда?
Маълумотларга кўра, ҳозир жаҳон чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилишнинг асосий ҳудуди Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатлари саналади. Мамлакатлараро пойабзал ишлаб чиқаришда Жануби-Шарқий Осиё, биринчи навбатда, Хитой етакчилик қилмоқда. Пойабзал саноатининг ҳар иккинчи жуфти Хитойда ишлаб чиқарилади. Жаҳон пойабзал ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг (йилига 13,5 млрд жуфт) тахминан ярми Хитойга тўғри келади.
Вазифасига кўра, бозор таркибида пойабзалнинг ярмидан ортиғини (55 фоиз) кундалик пойабзал ташкил этади. Иккинчи ўринни спорт пойабзали эгаллайди (13 фоиз), у ёшлар ўртасида кундалик пойабзал сифатида ҳам оммалашган. Модабоп пойабзал улуши ҳам тахминан шунчага тенг (12 фоиз). Бу, асосан, аёллар ва қизлар пойабзали ҳисобланади. Махсус пойабзаллар улуши — 8 фоиз, хонаки — 7 фоизга тенг. Сафар пойабзали улуши энг кам бўлиб, 5 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистонда
Ҳукуматимиз томонидан чарм пойабзал соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида сўнгги йилларда республикамиз бўйича янги корхоналар ташкил этилиб, мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарида модернизация ишлари амалга оширилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми мамлакатимиз аҳолисининг талабини қондириш билан бирга, маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Чунки бизда ишлаб чиқарилаётган пойабзаллар ҳам дунёнинг шу турдаги ҳеч бир маҳсулотидан қолишмайди.
Аввало, юришга қулай бўлсин
Мутахассисларнинг фикрича, чиройли ва эркин, енгил юришга одатланишда пойабзалнинг оёққа, об-ҳавога ва мавсумга мослиги муҳим аҳамиятга эга. Пойабзал аввало юриш учун қулай бўлиши керак. Сифатли оёқ кийимларда махсус кўтариб турувчи юмшоқ матодан тайёрланган патак бўлади. Баланд пошнали оёқ кийимларни танламанг. Пошна қанча баланд бўлса, болдир мушакларига тушадиган зўриқиш шунча юқори бўлади. Америкалик олимлар баланд пошнали оёқ кийимида умуртқа поғонасига оғирлик бир текис тушмаслигини ва бу тана ҳаракатининг бузилиши(дегенератив)га олиб келишини исботлаган.
Чиройли қадам ташлай, десангиз…
Тадқиқотларда аниқланишича, кўпинча аёллар кичкина пойабзал кийишади. Бу ҳолда оёқ сиқилиб, юрганда азоб беради. Турли дардларга чалиниш ҳам мумкин. Танада қон айланиши мураккаблашади. Оёқ кафти ҳам хунуклашади. Бироқ мунтазам жуда ясси, пошнасиз пойабзалда ҳам одам чиройли юрмайди. Оёқ суяклари ҳам ясси бўлиб ўсади ёки мунтазам баланд пошна кийиш оқибатида силжиб, қийшиқ жойлашиб қолиши мумкин.
Пойабзал пошнасининг баландлиги ўртача бўлгани маъқул. Бундай туфлида одам енгил, майин қадам ташлайди. Уйда киядиган пойабзаллар ҳам иложи борича бир оз пошнали бўлиши лозим. Энг баланд пошна камида уч сантиметр бўлса, мақсадга мувофиқ. Шунда оёқларингиз унчалик чарчамайди ва яссиоёқликнинг ҳам олди олинади. Оёқ юзаси 28та суяк, 33та бўғин ва 3та катта бириктирувчи бўғиндан иборат. Уларнинг вазифаси: юмшоқ ҳаракатланишни таъминлаш ва зарбани юмшатиш. Акс ҳолда, оддийгина югуриш ёки сакраш ҳам мия чайқалишига олиб келган бўларди.
Ўлчами каттароғини олган тўғрими?
Мустақил юра бошлаган бола учун оёқ кийим харид қилишда аввало уни боланинг ўзига кийдириб кўринг. Оёқ кийимнинг ташқи кўринишига эмас, бола оёғига қулайлигига эътибор қаратинг. Унутманг, биринчи ўринда пойабзал енгил бўлиши зарур.
Мутахассисларнинг фикрича, пойабзалнинг таглиги эгилувчан бўлгани яхши. Эгилувчан таглик оёқ ҳаракатига халал бермайди. Оёқ кийимни букиб кўринг, таги юмшоқ бўлса, осон букилади. Аммо баъзи шифокорлар оёқ кийим таглиги қаттиқ бўлиши керак, деган фикрни билдирадилар. Бу ҳақда шифокорингиз фикрини ҳам эътиборга олинг. Шифокор боланинг жисмоний хусусиятларидан келиб чиқиб маслаҳат беради. Шунингдек, оёқ кийим катта ҳам, кичик ҳам бўлмасин. Кўпинча, ота-оналар кейинги йил ҳам кияди, деган фикрда оёқ кийимни ўз ўлчамидан каттароғини олишади. Каттаси эса оёқнинг шаклланишига таъсир кўрсатади.
Қандай тозалаймиз?
Оёқ кийимнинг тозалигига ҳам доим эътибор беринг. Кўчага кийиладиган оёқ кийимини чанг ва кирдан тозалаш учун кўчадан келган заҳоти аввал нам, сўнг қуруқ латта билан артиш керак. Бутунлай ивиган оёқ кийими ичига қоғоз (эски газетани солиш мумкин) солиб қуритган маъқул. Қoғoз намликни яхши шимиб олади ва қуритишнинг бу усули бир неча бор такрорланса, оёқ кийими тезда қурийди. Оёқ кийимини ҳеч қачон олов, печка ёки радиатор ёнида қуритманг. Юқори ҳарорат унга салбий таъсир этади: чарм шаклини ўзгартиради, эгилувчанлигини йўқотади.
Вақти-вақти билан туфлини иссиқ сувда ювиш тавсия этилади. Шунда крем ва чанг қолдиклари кетади. Тор оёқ кийимини кенгайтириш учун одеколон қуйилади, дарҳол кийилади ва ташқи томонига ҳам одеколон сепилади. Натижада чарм юмшайди, кенгаяди ва оёққа лойиқ бўлади.
* Баланд пошнали оёқ кийим кийиш қадимда мўғул эркаклари орасида одат бўлган. Улар от минганда узангидан оёқлари чиқиб кетмаслиги учун шундай пошнали кийим кийишган.
* Илгари коньки камар ва арқонлар билан оёқ кийимга боғланар эди. Пойабзалнинг тагига ўрнатилган сирғалувчи гўла конькисини Голландияга кемасозлик ишлари билан борган даврда ях устида учишга қизиққан Пётр I ихтиро килган.
* Энг қиммат пойабзал заргар Стюарт Вайцман томонидан ишланган. Унга 642та ёқут доначалари қадалган бўлиб, 1,6 миллионга баҳоланган.
* Лондон шаҳрининг шарқидаги Хокстон майдонида антиқа оёқ кийим намойиши бўлиб ўтди. Мазкур оёқ кийим нафақат чиройли ташқи кўринишга, балки эгасини қаерда бўлмасин, уйига йўналтириш хусусиятига ҳам эга. Унинг чап пойига чироқли индикатор ўрнатилган бўлиб, ҳар қандай жойда мўлжал олиш имконини беради. Ўнги эса уйдан қанчалик узоқликдалигини кўрсатиб туради. “Сеҳрли” пойабзал дизайнер Доминик Уилкокс томонидан яратилган. Унинг айтишича, унинг оёқ кийими ҳеч қандай сеҳрга эмас, шунчаки унга GPS-навигатор ўрнатилган, уни компьютер ёки ноутбукка USB орқали ўрнатиб, керакли манзилни киритиб қўйиш керак, холос.
Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди