07:28 / 11.03.2018
16 513

Иштаҳани қандай алдаш мумкин?

Иштаҳани қандай алдаш мумкин?
Ортиқча вазндан халос бўлиш усуллари бугун кўпчиликни қизиқтиради. Чунки семизлик — “замонавий” муаммоларимиздан бири. Демак, озиш учун қандай овқатланиш зарур? Қайси маҳсулотларни истеъмол қилиш, қайсиларини чеклаш лозим? Ортиқча вазндан қутулиш учун кунига неча маҳал овқатланиш тавсия қилинади ва тамаддига нима еган маъқул?

Иштаҳа карнай бўлса, уни тийиш қийин. Айниқса, аввал ўзингизни ҳеч нарсадан чекламаган бўлсангиз, бу чинакам муаммога айланади. Аммо иштаҳани чеклашнинг натижа берадиган усуллари бор. Бу усуллар иштаҳани йўқотиш ва самарали озишга ёрдам беради.

Фарқлашни ўрганиш зарур


Авваламбор, иштаҳани очликдан ажратишни ўрганиш керак. Очлик ҳисси барчага маълум физиологик жараёнлар, яъни қориннинг қулдираши, кучсизлик билан кузатилади. Ҳақиқатан, қорнингиз очганида нон билан оддий карам шўрвага ҳам хурсанд бўласиз. Иштаҳангиз очилганида эса кўнглингиз аниқ бир таомни, одатда, ширинлик ёки ёғли таомларни тусаб қолади. Айнан шу пайтда иштаҳага эрк бермаслик керак. Уни алдашнинг энг оддий усули — бир стакан илиқ сув ичиш (очлик ва чанқоқ марказлари мияда ёнма-ён жойлашган). Дарвоқе, ортиқча тановулнинг олдини олувчи яхши одат ҳам овқатланишдан олдин икки стакан сув ичишдир.

Бўлиб овқатланинг

Соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳар куни 5-6 маҳал овқатланишни бежиз тавсия қилмайди. Бу қоида бузилганида иштаҳани назорат қилиш тизимида ҳам бузилиш рўй беради, очлик гормони грелиннинг ишлаб чиқарилиши кучаяди. Кундузги овқатланишлар орасидаги танаффуслар 4,5 соатни, кечаси эса 12 соатни ташкил қилиши керак.

Оқсиллар, ёғлар ва углеводлар

Ҳар сафар таомномангизда, ҳеч бўлмаганда уч маҳал асосий овқатланишда мана шу моддалар бўлиши шарт. Шунда керакли миқдорда қувват (ёғлар), узоқ тўқлик ҳиссига (мураккаб углеводлар) эга бўласиз ва моддалар алмашинуви тезлигини ҳам сақлаб қоласиз. Хусусан, энг яхши нонушта — анъанавий бўтқа эмас, балки сабзавотли салат билан қуймоқ ҳисобланишини ёдда тутинг.

Турлиликка эътибор беринг

Таомномангиз ранг-баранг бўлсин. Дармондорилар ва микронутриентлар етишмаганида организм уларни олишга ҳаракат қилади. Демак, сизнинг доимо нимадир егингиз келади. Таомномангизга турли хил гўшт, балиқ, ёрмалар, сабзавотлар, меваларни қўшинг. Шунда ўзингизга керакли барча микронутриентларни олишингиз мумкин.

Кўпроқ клетчатка истеъмол қилинг

Бунинг учун ҳар куни 500 г мева, кўкатлар ва крахмалсиз сабзавотларни истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Аммо айнан клетчатка туфайли узоқ вақт тўқ бўласиз. Масалан, мевалар, резавор мевалар ёки енгил салатлар билан тамадди қилишга одатланинг.

Омега-3 манбалари

Таомномангизда ёғли балиқ, сув ўтлари ва ёнғоқлар бўлишига эътибор беринг. Чунки айнан улар омега-3 манбаларидир. Омега-3 ёғ кислоталари иштаҳани жиловлашга ёрдам беради.

Айрим маҳсулотларни чекланг

Гликемик индекси (истеъмолдан сўнг маҳсулотнинг қондаги глюкоза даражасига таъсирини кўрсатувчи белги) юқори бўлган таомлар истеъмолини чекланг. Бу маҳсулотларга картошка, нон, пишириқлар, гуруч, маккажўхори, бананлар киради. Улар қондаги глюкоза даражасини тез оширади, аммо тўқ тутмайди.

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иштаҳани қандай алдаш мумкин?