Умринисо шаррос қуяётган ёмғирни писанд қилмай, катта йўлга чиқди ва машиналардан бирига қўл кўтарди. Ҳайдовчининг «Қаерга борасиз?» деган саволига «Талабалар шаҳарчасига!» деди-ю, беҳолгина ўриндиққа чўкиб, машина ойналарига аёвсиз урилаётган ёмғир томчиларини бармоқлари билан силади. Ҳайдовчининг ойнадан тикилиши хотираларини жонлантириб юборди. Ўшанда ҳам ёмғир ёғарди, ўшанда ана шундай ўткир нигоҳлар қаршисида ожиз қолганди у…
* * *
Бекатда зил-замбилдек юки билан автобус кутаётган Умринисо ёмғирда шалаббо бўлганидан жунжикиб қалтирарди. Автобус келавермагач, ноилож рўпарадан келаётган машинага қўл кўтарди.
— Қаерга борасиз, яхши қиз? — деди ҳайдовчи йигит ойнадан эгилиб қараркан.
— Талабалар шаҳарчасига! — деди қиз ийманибгина.
— Талабаман денг. Ўтиринг.
Йигит юкларни машинага жойлаётганида қиз:
— Пули қанча бўлади? — деб сўради қиммат айтмасин-да, деган хавотирда.
Йигит ҳам қизнинг кўнглидагини билгандек:
— Талаба экансиз, кўнгилдан чиқариб бераверинг, — деди ва ҳамон иккиланиб турган қизга «Ўтираверинг, келишамиз-да», — дея қўшиб қўйди.
Умринисо кўнглининг бир четида ғимирлаётган шубҳа ва иккиланиш исканжасида бир муддат нима қиларини билмай турди. Қизнинг ҳолатини сезган йигит эса унинг шубҳаларини тарқатиб юборди.
— Ҳайрон бўлманг, ёмғирда қийналиб ўтирганингизни кўриб, ёрдам бергим келди. Ахир менинг ҳам сиз тенги синглим бор. Шунинг учун ёмон хаёлга борманг.
Йигитнинг самимий сўзлари Умринисонинг хавотирини аритди.
— Исмим Жасур, — деди йигит ойнадан қизга тикилиб.
Йигит қизнинг телефон рақамини сўраганида шу пайтгача телефон рақамини ҳеч кимга бермаган Умринисо Жасурга йўқ дея олмади. Йигит қиз айтган рақамларни териб, қўнғироқ қилди-да, қизнинг телефонга қараганини кўриб, жилмайди.
— Шу менинг рақамим. Мабодо ёрдамим керак бўлса, тортинмасдан қўнғироқ қилаверинг.
Манзилга етиб келгач, қиз миннатдорчилик билдириб, ётоқхонага кириб кетди.
* * *
— Бугун нима қиламиз? — деди Зилола китобга муккасидан кетган Умринисога. — Якшанбани жуда ёмон кўраман-да! Бирам зерикаман-ки…
Умринисо китобни бир четга қўйиб, зўриққан кўзларини оҳиста ишқалади.
— Кун ҳам пешинга яқинлашиб қолгандир?!
Зилола дугонасининг гапини тасдиқлаб, соатига қаради-ю, бақириб юборди.
— Вой, эсим қурсин. Уйимдагилар пул жўнатишганди. Ҳайдовчи кутиб ўтирган бўлса керак. Тез турақол, кетдик.
Умринисо китобини четга қўйиб, шошилганча ташқарига йўналган дугонасининг ортидан эргашди.
Бекатда узоқ туриб қолишди. Шу маҳал Умринисонинг хаёлига Жасур келди, қўнғироқ қилмоқчи бўлди-ю, андишаси йўл қўймади. Лекин дугонасининг юзидаги ташвиш кўланкаси қизни бунга ундади.
— Алло, Умринисо, яхшимисиз? — деган қувноқ овоз эшитилди нариги тарафдан.
— Раҳмат, ўзингизчи?
— Юрибман.
— Кечирасиз, вақтингиз борми? Бир илтимос билан…
— Бажонидил, тинчликми?
Умринисо вазиятни тушунтиргач, Жасур «Ҳозир бораман», деб телефонни ўчирди.
— Уфф, шошиб турганда машиналар нега тўхтамайди? — деди Зилола асабийлашиб.
Қиз Умринисонинг кимнидир чақирганига эътибор қилмаганди.
— Ҳозир келади, — деди қиз йигитнинг исмини тилга олишга ийманиб.
— Ким?
— Такси чақирдим…
— Қариндошингми? — деб сўради ҳайрон бўлган Зилола ер чизиб турган дугонасидан.
Умринисо Зилоладан ҳақиқатни яширди.
— Таксичини айтяпсанми? Узоқроқ қариндошим.
Улар суҳбатини тугатиб улгурмасданоқ Жасур етиб келди.
* * *
Шарофат опа дераза пардаларини четга суриб, машинаси, данғиллама ҳовлисига назар солди. Шу тобда ўрта ҳол умр кечирган бўлса-да, бахтиёр яшаган ота-онасини эслади. Ота-онаси икки қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Аммо катта қизлари Умиданинг умри қисқа экан: эри билан автофалокатга учради. Фожиада фақат чақалоқ тирик қолди. Қизчага Ноила деб исм қўйишганди, аммо ота-онаси ўтгач, уларнинг умрини қўшиб берсин, деган ниятда уни Умринисо деб чақирадиган бўлишди. Бобо ва момосининг тарбиясида Ноила исми унутилди. Аммо кўп ўтмай кексалар ҳам бу дунёни тарк этишди. Момо Умринисони тарбиялашни энди турмуш қурган қизи Шарофатга васият қилди. Онасининг сўзини ерда қолдирмаган Шарофат жиянидан меҳрини аямади. Қиз гўзал чеҳра, одоб ва латофат бобида онасининг ўзгинаси эди. Кейинчалик Умринисо олий таълим даргоҳида ўқий бошлади…
* * *
Умринисо энди кўчага отланаётганида Шарофат опа уни йўқлади.
— Ассалому алайкум, — деди Умринисо телефонга жавоб берганча ётоқхона остонасида тўхтаб. — Ойижон, яхшимисиз?
— Яхшиман, қизим, бугун уйга келсанг. Сени жуда соғиндим.
Умринисо онасининг овозида дарднинг юкини қис қилиб, «Тинчлимикин?!» дея хавотирланди ва кутубхонага эмас, уйи томон шошилди. Шарофат опа Умринисони кўриб, кўнгли равшан тортди.
— Келдингми болам, йўқлай ҳам демайсан, а!
— Ўқишдан ҳеч қаерга чиқолмаяпман, — деди қизгина нима учун кела олмаётганини изоҳлаб.
— Қани, ичкарига кир. Сенга айтадиган гапларим кўп.
Аслида, Умринисо бу аёл холаси эканлигини, ота-онаси эса фожиали ҳалок бўлганини эшитганидан бери бу уйга имкон қадар камроқ келишга ҳаракат қиларди. Шарофат опа дастлаб ҳақиқатни айтганидан ўкинди, аммо ўша тобда бошқа иложи ҳам йўқ эди. Ўшанда Умринисонинг сочини тараркан, беихтиёр «Онангга жуда ўхшайсан», деб юборди-ю, тилини тишлади. Қиз эса таажжубга тушди. Шу пайтда Шарофат опа қизининг ёнига ўтирди-да, юзини қизнинг чеҳрасига солиштириб, «Гапим ростми?» дегач, Умринисонинг юзидаги таажжуб ифодаси чекинди. Лекин кейинги воқеа… Аянчли хотиралар изтироби юзага қалқиб чиқди.
Умринисо дарсдан эртароқ қайтиб, остона ҳатларкан, холасининг паст овозда пичирлаётганини сезди. Халал бермаслик учун секин ичкарига мўралади. Шарофат опа худди ўзига ўхшайдиган аёлнинг суратига тикилиб, алланималарни сўзларди. Қиз холасининг сўзларини эшитгач, остонада ўтириб қолди — Шарофат опа опаси Умиданинг суратига қараб, қизидан хавотир олмаслигини, руҳи тинч бўлишини тинимсиз такрорларди. Қизнинг кўнглидаги «Балки, бошқадир?!» деган иккиланиш Шарофат опанинг «Умринисо она меҳрига зор бўлмайди, у ўз қизларимдан ҳам ортиқ», деган сўзларидан сўнг мадорини йўқотди, ҳолсиз қўллари мажолсизланди.
Шарофат опа чўчиб ортига ўгирилди. Нигоҳи Умринисонинг юзидаги аянчли ҳайрат ифодаси билан тўқнашди. Қўрқиб юрган ҳодисаси содир бўлганини фаҳмлади. Хайриятки, бу қисматга Умринисо бардош бера олди. Лекин энди бу уй бегонадек туюла бошлаган, шу боис сўнгги вақтларда оёғи тортмасди. Шарофат опа қизидаги бу ўзгаришнинг сабабини билгани учун индамади. Бироқ бугун Умринисони жуда соғинганди.
Улар айвонга ўтишгач, Шарофат опа йиғилганига кўп бўлмаган дастурхонни қайта очди.
— Совчи келди, — деди чой қуяётиб. — Шалолага.
Охирги сўзини айтганида Шарофат опанинг юзини қайғу эгаллади.
— Ҳар кимнинг пешонасига ўз жуфти битилган. Фақат кимдир олдинроқ учратади, кимдир эса кейин. Кўп қайғураверманг.
— Ўзинг қачон турмушга чиқасан? — деди Шарофат опа Умринисога.
Қиз жавоб ўрнига кулимсиради. Шарофат опа бу борада бошқа савол бермади.
Шарофат опа Умринисо келганидан сўнг анча ёзилди. Суҳбатга берилиб, кеч тушганини ҳам пайқамаган Умринисо кетишга чоғланди. Умринисо онаси билан хайрлашиб, кўчага чиқди. Автобусни кутмасдан, йигитга қўнғироқ қилди. Орадан саноқли фурсат ҳам ўтмай йигит унинг олдида пайдо бўлди.
— Безовта қилмадимми?
— Йўқ! — деди Жасур ҳозиргина қиз чиққан уйга назар солиб. — Холангнинг уйи ҳашаматли экан. Нега бунча ҳаяллаб қолдинг?
— Холам билан кўришмаганимизга анча бўлганди. Шунга…
— Бунақа кеч юришинг яхшимас.
Умринисо холаси ҳақида гапира кетди.
— Бечора холам, икки фарзандини ёлғиз катта қилди. Поччам раҳматлининг қонига инфекция тушган экан, даволаб бўлмади. Холам эса қайта тумуш қурмади. Болани отасиз тарбиялаш қийин, аммо одамзод ҳар нарсага чидаркан. Қизлари катта бўлиб қолганидан кейин кўрган қийинчиликлари унутилди. Бироқ кичик қизига совчи келганидан сал хафа…
— Нега?
— Катта қизи ҳали турмушга чиқмаган. Эшикни тақиллатган совчилар эса нуқул Шалолага оғиз солади. Холам катта қизи, яъни Шоҳиданинг тақдиридан хавотирда. Шоҳида тақдирга тан берибди, шекилли, «Синглимни узатаверинглар», деганмиш. Бундай вазиятларда одам бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўларкан. Мени чақирганининг сабаби ҳам шу.
Жасур хаёл суриб, йўлга тикилиб кетарди. Умринисо йигитнинг узоқ сукутидан ажабланди.
— Нималарни ўйлаяпсиз?
— Ўзим, шунчаки.
Жасур бошқа лом-мим демади. Сўнгра телефони ўчиб қолганини айтиб, қизнинг телефонини сўради, уни бироз титкилаб, алланималарни ўқиди-ю, қайтариб берди.
* * *
Эртаси куни Жасурнинг ғамгинлигини кўрган Умринисо бунинг сабабини сўради.
— Биласанми, сени жуда яхши кўрардим…
Умринисо йигитнинг «Яхши кўрардим» деганидан ажабланди.
— Биламан, нима, шунга хафамисиз?
Жасур каловланди, саросимада қолгандек атрофга аланглаганча қиздан кўзини олиб қочди.
— Йўғ-э, аниқроғи, сени учратганим… Мени учратганингдан пушаймон бўлмасанг, деб қўрқаман.
— Бирор гап бўлдими, гапирсангиз-чи?
— Онам мени уйлантирмоқчи. Аммамнинг қизини кўз остига олиб қўйган экан.
Йигитнинг гапи Умринисога «Ойим менга ўйинчоқ олиб бермоқчи» қабилидаги ёш боланинг гапидек туюлиб, ғаши келди.
— Бу нима деганингиз, Жасур ака? — деди Умринисо йигитнинг қўлидан тутиб. — Ахир қанақасига?
— Билмадим. Кеча дадам билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келишибди.
— Индамай рози бўлаверасизми, севгимиз-чи?
— Кечир! Ота-онамга қарши бора олмайман.
Умринисо, мени тушун. Севги ўткинчи ҳиссиёт, алдамчи туйғу экан. Сизни севмаганимни, бу шунчаки қизиқиш эканини Камолани кўргач фаҳмладим.
Йигитнинг «сиз»лаши ўрталаридаги муносабат ниҳоя топганини билдирарди. Умринисо йигитдан узоқлашаркан, Жасурнинг ортидан чақиришини, «Ҳазиллашдим-ку, жиннивой!» дея эркалашини кутди. Бироқ Жасур уни тўхтатишга уринмади.
* * *
Кечга яқин Умринисога онаси қўнғироқ қилди.
— Бугун уйга кел, — деди Шарофат опа қувонч билан.
Умринисо унинг овозида хуш оҳангни сезди.
— Байрам бўляптими дейман?
— Албатта, Шоҳидага совчи келди. Ўзиям тагли-тугли одамлар экан. Шуни нишонлаймиз.
Онасининг севинчи Умринисонинг кўнглига илиқлик олиб кириб, бу илиқлик уни онасининг шодлигига шерик бўлишга ундади.
Қоронғу туша бошлаганда уйга кириб борган қиз ҳақиқатан ҳам, байрамона муҳитга дуч келди. Ҳамма хурсанд, айниқса, Шоҳида беҳад қувонган, қиз буни яширишга уринса-да, кулги аримаётган юзи уни фош этиб қўярди.
— Э, опажон, келинг, — дея остонада туриб қолган Умринисога пешвоз чиқди Шалола, — ичкарига марҳамат.
Умринисо энди остонадан ҳатлаганди, Шарофат опанинг қораси кўринди.
— Кел, қизим, — деди у шодланиб.
Умринисо ичкарига кириб, Шоҳидани бағрига босди.
— Табриклайман, сингилжон. Бахтинг очилгани рост бўлсин.
Умринисо Шоҳиданинг қувончини кўриб, ҳаваси келди. Синглисининг билагидан оҳиста тутди.
— Куёв бола билан қандай танишганингни айтиб бер.
Шоҳида уялинқираб жавоб берди.
— Икки кун олдин телефон қилди. Мени олдин кўрганини, рақамимни зўрға топганини айтди. Дастлаб хушомади ёқмагач, телефонни ўчирмоқчи бўлдим. Аммо ичимда нимадир у билан учрашишга ундади. Учрашганимизда у менга совчи юборишини айтди.
— Куёв боланинг суратини кўрсат-чи, бахтли шаҳзода кимлигини бир кўриб қўяй? — деди Умринисо синглиси гапини тугатгач.
Шоҳида ёстиқнинг остига яширган расмни авайлаб чиқарди-да, опасига узатди. Умринисо суратга тикилди-ю, назарида ер тескари бўлиб қолгандек туюлди, атрофидаги ҳамма нарса айлана бошлади.
— Мазанг қочдими? — дея ваҳима аралаш унинг юзига сув сепди Шарофат опа.
— Хавотир олманг, бироз бошим айланди.
— Ётоқхонада яхши овқатланмаганингдан кейин шу-да, — дея Шарофат опа танбеҳ берган бўлди.
Умринисо онасининг гапларини тинглайдиган аҳволда эмасди. Айни дамда унинг хаёли суратдаги жилмайиб турган Жасурда эди. «Телефонда танишдим дедими?!» дея синглисининг сўзларини эслашга уринди. Шунда уни олиб кетгани келган Жасурнинг ундан телефон сўрагани ёдига тушди. «Нега Шоҳидани танлади?!» деган ўй тинчини бузди. Жавоб ҳам тезда англашилди. Умринисо Жасурнинг сўзларини хотирлади: «Холангнинг уйи ҳашаматли экан!». Умринисо ўшанда бу гапга парво қилмаганди. «Демак, Жасур ўша кундан кейин режа тузган экан. Шоҳидага совчи қўйсам, албатта, рози бўлади, онасининг бойлиги эса менга мерос қолади, деб ўйлаган экан-да!» дея йигитдан нафратланди Умринисо. Жасур ҳақидаги бор ҳақиқатни Шоҳидага айтмоқчи бўлди-ю, қизнинг қувончига раҳна солгиси келмади. Жасурни учратган, холаси ҳақида йигитга айтиб берган кунига лаънатлар ўқиди. Уйдан кетмаса, сир фош бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, кетишга отланди.
— Қаерга кетяпсан? — деди Шарофат опа кетишга тараддудланаётган Умринисога.
— Эртага имтиҳоним борлиги ёдимдан кўтарилибди, тайёрланишим керак.
— Шунақа ёмғирда қаерга борасан? Эртага кетарсан, имтиҳонинг ҳам бир гап бўлар.
— Тушунинг, — деди қиз кўксидаги алам исёнини зўрға босиб, — энг муҳим имтиҳон бу!
Умринисо Шарофат опанинг қаршилигига қарамай, ғам-ғуссалари макон тутган уйни тарк этди. Шивалаб ёғаётган ёмғир борган сари кучаярди. Қизнинг кўз ёшлари эса ёмғир билан унинг юзини ювишга баҳс бойлаганди гўё. Умринисо кўксидаги аламларга эрк берди…
АФСОНА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин