14:14 / 22.04.2018
62 658

Эрни эгиб олишнинг "энг осон усуллари"...

Эрни эгиб олишнинг "энг осон усуллари"...
Кўпчилик қизлар турмушга чиққанидан сўнг энг биринчи қадамни эрни “эгиб” олишдан бошлашади. Қизига жуда меҳрибон оналар эса ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, маслаҳат беришади: “Эрингни қўлга олай десанг, тез-тез фолбинга бориб, ўзингга иситиб тургин. Бир-икки сўмнинг юзига қарама, пулинг бўлмаса, мана, менда бор!”

Аммо ўша эрни фолбинга бормасдан ҳам ўзингиздан бир қадам узоқлашмайдиган қилиб олишнинг йўллари бор. Қандай қилиб, дейсизми? Унда эшитинг.

Ёр-ёр садолари остида келин бўлиб кетаётган куним, 85 ёшга кирган Доно бувим оқ фотиҳа берди. “Болам, эринг сени ҳурмат қилишини, чизган чизиғингдан юришини истасанг, унинг кучугини ҳам ҳурмат қил…” Ўзини ҳурмат қилиш қанчалар қийину, кучугига нима бор, дея куляпсиз-а? Бир оз шошмай туринг, бу гапга ҳам исботим бор.

Тўйнинг эртаси куни ҳовли супуриш учун ташқарига чиқдим. Остонадан эндигина тушмоқчи бўлиб турганимда қарасам, рўпарамда каттагина қоплон менга тикилиб турган экан. “Кетинг”, дедим сенсирашга ҳаддим сиғмай. Қоплон тушмагур, жойидан бир қадам ҳам жилмай, қулоғини динг қилиб, думини ликкиллатиб тураверди. Шу пайт “Тош отсам кетармикан?” деган фикр келди хаёлимга. Йўғ-э, эрнинг кучугига тош отиб ўлибманми, ундан кўра… Остонада турган янги шиппагимни енгилгина улоқтиргандим, қоплон уни тишлади-ю, кўчага югуриб кетди. “Ҳа, майли, эримнинг кучугидан битта шиппак айлансин!” дедим ичимда.

Шундай қилиб, тушликка яқин қайнанамнинг овсини, қўшнимиз Дилбар опа кириб келди. Уни кўрдим-у, хонамга югуриб кириб, онам ўз қўллари билан қавиган духоба кўрпачани олиб чиқдим. Айвонга чиройли қилиб тўшаб, меҳмонни ўтиришга ундадим. Шу пайт қайнанамнинг юзидаги енгилгина табассумга кўзим тушди-ю, буни мендан миннатдорлик туйғусига йўйдим.

Дилбар опа кетгач, кўрпачани тахлаб, уйга олиб кириб қўйдим. Тушдан кейин дарвоза секингина очилиб, остонада яна ўша Дилбар опа кўринди. Яна югуриб кириб, тахмондан кўрпача олиб чиқдим. Ўша куни духоба кўрпачани нақ 6 марта бағримга босиб, ҳовлида кўтариб юрдим. Эртасига бутун маҳаллада, “Янги келинчак жуда фаросатли экан!” деган дув-дув гап тарқалибди. Мақтов яхши-да, кимга ёқмайди, дейсиз. Ўша воқеадан сўнг битта духоба кўрпачани қўшниларга атаб қўйдим.

Кечга яқин ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтиргандик. Дарвоза томондан аввал қийқириқ, сўнг тарақлаган довуш келди. Шамолдай учиб, хонага катта қайнопамнинг ичувчи эри кириб келди. Куёвни кўрган қайнанам юзини тескари бурди. Эрим эса нимадир деб ғудранди. Дик этиб, ўрнимдан турдим-у, хонамдан чиройли “мадонна” пиёла олиб чиқиб, чой қуйиб, поччага тавозе билан узатдим. Эримнинг ака-укалари менга иддаоли қараб қўйишди. Аммо эртасига уйга келган қайнопам мени бағрига босиб, қучоқлаб кўришди. Ичувчи почча кайфи тароқ бўлса ҳам, иззатини ўрнига қўйган мендек келинни оғзидан спирт, йўғ-э, бол томиб мақтабди! Яна бир “очко” олдимми!..

Бир ҳафта ўтгач, эримнинг қўшни қишлоқда яшовчи уришқоқликда донғи чиққан аммаси кириб келди. Кўрпачага ўтирди-ю, бўйнидаги оғриқдан шикоят қила бошлади. Кечки овқатдан сўнг ошхонага кириб, пахта ёғини қиздирдим-у, амманинг бўйин томирларига суркаб, уқалай бошладим. Шу заҳоти амманинг чакаги ўчди-ю, ухлаб қолди. Билмадим, уқалаётиб, томирларнинг энг фаол ишлайдиган нуқтасига тегиб қўйдимми, амма шу бўйи ўзгариб қолди: бизникига меҳмонга келса, тили дуодан бўшамайди.
***
Икки йилдан сўнг яна ёр-ёр садолари остида уйимизга янги овсин кириб келди. Аммо олти ой ўтмай, лаш-лушини кўтариб, онасиникига кетиб қолди. Бир куни овсинимни кўчада тутиб олиб, роса тузладим. “Ҳа, овсин, нима бало, қайнимга “заўчний” текканмисиз? Бир ой онангизникида, ўн кун эрингизникида яшайсиз…” — дедим. “Сиз дардимни қаердан ҳам билардингиз? Қайнукангиз мен чизган чизиқларни ўчириб, бошқа йўлдан юряпти”, — жавоб қилди овсиним жаҳл билан. “Вой, ўзим сизга энг бақувват йўлни чизиб бераман. Эрингиз у йўлни ўчириб ҳам, кўчириб ҳам ташлолмайди. Фақат фолбинга берадиган пулни менга берсангиз бўлди”, — дедим сирли жилмайиб. Тўғри-да, ахир бу тажрибаларни ўзлаштиргунча озмунча меҳнат қилдимми!

Хуллас, эрни эгиб олиш борасидаги билимларимни овсинимга ҳам ўргатдим. Кўп ўтмай, у ҳам ҳали қўлида кўрпача, ҳали чойнак-пиёла билан ҳовлининг у четидан бу четига зир-зир югура бошлади.

Бир куни эрталаб туриб, ҳовлига чиқсам, остонада кулимсираб, қўлида чиройли шиппак билан турибди. “Ассалому алайкум, опажон, бу сизга совға”, — деди у. Бировга ёмонлик қилсанг, қирқ кунда қайтиши ҳақида эшитгандим. Аммо эрнинг кучугига отилган шиппак янги бўлиб қайтишини ҳеч кўрмагандим…

Шундай қилиб, биз ҳеч қанақа фолбину азайимхонларга бормай, сехрли дуоларсиз, эрларимизни эгиб, ўзимизга қаратиб олдик. Агар орангизда бу сирни ўрганишга талабгорлар бўлса, бемалол мурожаат қилаверинглар. Тажрибаларимиз ўзи бепул-ку, кўнгилдан чиқариб, рози қиларсизлар…

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эрни эгиб олишнинг "энг осон усуллари"...