Тошкентдан оиламиз билан қишлоққа сафарга отланаётган эдик. Уловимизда бўш жой борлиги боис синглимизни ҳам бирга олиб кетадиган бўлдик. Мен ишдан чиқадиган, оиламиз эса ишхонамиз яқинидаги метро бекатига тушиш жойга келиб турадиган бўлди. Келишилган пайтда борсам, ҳамма келган, аммо синглимиз йўқ эди. Мен яна бир жойга учраб ўтишим кераклиги сабабли шошаётган эдим. Буни билган аёлим хижолат бўлиб, синглимга қўнғироқ қилиш учун уловдан тушиб кетди. Чунки синглимиз билан учрашиладиган жой ва вақтни у келишган эди...
Хуллас, бироздан кейин синглим ҳам етиб келди. Шошилганча йўлга отландик. Аммо... шаҳардан 10-15 чақирим узоқлашганимизда бирдан аёлим “войй” деганча ён-верини титкилай бошлади. “Тинчликми, яна ҳамишаги гапми” дедим одатдагидай яна бирон нарса уйда қолиб кетган деб ўйлаб. “Сумкачам метронинг олдидаги ўриндиқда қолиб кетибди... — Аёлимнинг овози йиғлагандан бери бўлиб зўрға чиқди. — Ҳамма тилла тақинчоқларимни оволгандим уйда қолдиргим келмай... Илтимос, қайтайлик...”
Юқори тезликда кетаётган рулдаги одамга орқага қайтиш малол келади-да. Қолаверса, одам тинимсиз ўтиб-қайтиб турган жойда, бунинг устига деярли ярим тунда қолдирилган сумкача шунча пайтдан бери “эгасини топиб” кетмаслигига ҳам ишониш қийин. Шу боис ҳатто тезликни ҳам пасайтиргим келмади: “Бўпти-да, энди қайтгандан фойда йўқ-ку...”
Маълум бўлишича, синглимни метродан чиқиш жойдаги ўриндиқда кутиб турган аёлим синглим кўриниши билан хурсанд бўлиб кетиб унинг қўлидаги юкни кўтаришга ёрдамга шошилган ва сумкачаси ўриндиқда қолиб кетаверган. Шу боис синглим ҳам хижолат бўла бошлади: “Ака, илтимос, чиқмаган жондан умид, бир бориб кўрайлик...”
Табиийки, кайфиятим бузилди. Янга-қайинсингил ялингани сари уларнинг мени бекорга оввора қилмоқчи эканлигидан бадтар жаҳлим чиқа бошлади... Аммо... шу пайтда аёлимнинг тилла тақинчоқлар учун ҳар йили закот чиқариши эсимга тушиб қолди. Закоти берилган мол йўқолмаслиги керак эди-ку... Беихтиёр оёғим тормозга борди. Шу пайтда эса, худди қайтишим кераклигига ишора бўлаётгани каби, олдинда орқага қайтиш белгиси кўринди. Секинлаб бориб, ортга қайтдим. Ҳамроҳлар мум тишлагандай жим. Менинг ичимда эса ҳам умид, ҳам хавотир. Эътиқодимизга кўра бу тақинчоқлар йўқолмаслиги керак. Аммо йўқолган бўлса-чи? Унда аёлимнинг эътиқодига таъсир қилмайдими? Ахир ҳар йили уни закот чиқаришга мен ундаганман, бу молингни ҳимоя қилади деганман... Шу хавотир туфайли шерикларимга закот берилгани туфайли қайтганимни айтолмаётган эдим...
Метро бекатидан нарироқдаги тўхташ мумкин бўлган жойга уловни тўхтатдим. Аёлим шошилганча тушиб кетди. Ҳаммамизнинг нафасимиз ичимизда... Ҳамма у кетган томонга тикилган. Мен ҳам сир бой бермаётган бўлсам-да, орқани кўрсатувчи ойнадан кузатиб турибман. Шу пайт... аёлим кўринди, уловга ҳавола бўлиши билан сумкачасини баланд кўтариб кўрсатди, хурсандлиги кўриниб турарди, демак, ичидагилари ҳам йўқолмаган... “Алҳамдулиллаҳ!”
Кўзимга беихтиёр ёш келди... Йўқ, тиллалар йўқолмагани учун эмас, асло! Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлиб турганимдан, Яратган эгам аёлимнинг олдида тилимни қисиқ қилиб қўймаганидан севинч ёшлари эди бу!
Аёлим уловга чиқасолиб сумкачасини топиб олган болаларни мақтай кетди. “Ўриндиқдаги мен сумкачамни қолдирган жойда икки йигит бемалол ўтирганини орқадан кўриб умидим деярли сўниб, оёғим дармонсиз бўлиб қолди, — дейди аёлим. — Шундай бўлса-да, яқин боришим билан йигитлар баравар ортларига ўгирилишиб, улардан бири: “Опа, мободо мана бу сумкани изламаяпсизми?” — деди. “Ҳа-ҳа, шуни излаяпман” десам, “Узр, опа, келсак бу шу ерда турган экан, анча ўтирдик, ҳеч ким сўрамади. Шунинг учун унутиб қолдирилганини тушуниб, сумкада эгасининг бирон ҳужжати ё манзили бормикан деган мақсадда энди очиб қараб тургандик”, — дея қўлимга тутқазди. Қарасам, ичида тиллалар ҳам, пуллар ҳам турибди. Хурсанд бўлганимдан раҳмат айтиб, пулдан қўлимга илашганини олиб, “Мана бу суюнчи пули” деб узатдим, аммо шуни ҳам олишмади. Барка топишсин-ей...”
У гапиряпти, мен эса уловни катта йўл томон бошқарар эканман, кўз ёшларимни яширишга уринаман... Томоғимга тиқилиб турган нарса сал ўтиб кетгачгина тилга кирдим. “Менинг бирдан нимага ортга қайтганимни билдиларингми, тақинчоқларнинг закоти берилгани эсимга тушгани учун қайтдим.”
Ҳа, Аллоҳнинг ваъдаси рост!.. Унинг Пайғамбари фақат тўғри йўлни кўрсатади: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Нурбек Тошниёз
Манба:Qadriyat.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди