date

Зеленскийнинг Вашингтон сафари: Украинага янги ёрдам муҳокама қилинмоқда

Зеленскийнинг Вашингтон сафари: Украинага янги ёрдам муҳокама қилинмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский 16 октябрь куни кечқурун АҚШ пойтахти Вашингтонга расмий ташриф билан етиб келди. Украина етакчисини олиб кетаётган самолёт Эндрюс ҳарбий-ҳаво кучлари базасига қўнди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ташриф доирасида у Америка мудофаа компаниялари вакиллари билан муҳим музокаралар ўтказади. Суҳбатлар жараёнида Украина учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўшимча етказиб бериш, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Президентнинг айтишича, у энергетика компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашиб, Россиянинг энергетик инфратузилмаларга қарши уюштирган зарбаларини инобатга олган ҳолда Украина барқарорлигини таъминлаш йўлларини муҳокама этади. «Россия ҳар куни бизнинг энергетика тизимимизга зарба бермоқда. Биз эса шунга қарамай, мамлакатнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун ҳаракатдамиз», — деди Зеленский.

Бугун, 17 октябрь куни Украина раҳбари Оқ уйда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашади. Учрашув чоғида асосий эътибор икки давлат ҳамкорлиги ва Украинага янги ҳарбий ёрдам масаласига қаратилган бўлади. Зеленскийнинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги уруш ва террор хавфини жиловлаш бўйича олиб борилаётган фаол ҳаракатлар Россия-Украина можаросини тугатишга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, Украина президенти Трампнинг Tomahawk қанотли ракеталарини Киевга топшириш бўйича таклифи муҳокама этилишини ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Украина ушбу қуролдан фақат ҳарбий объектларга қарши фойдаланиш ниятида.

Президент Трамп аввалроқ Киевга 2500 километргача учиш радиусига эга Tomahawk ракеталарини бериш эҳтимолини муҳокама қилаётганини айтганди. Ушбу масала 17 октябрь куни бўлиб ўтадиган Зеленский билан музокараларда алоҳида кун тартибига қўйилади.

Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи Украина ва АҚШ муносабатларида янги стратегик босқични бошлаши кутилмоқда — айниқса, мудофаа соҳасидаги қўшма лойиҳалар ва иқтисодий барқарорлик йўналишида.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленскийнинг Вашингтон сафари: Украинага янги ёрдам муҳокама қилинмоқда