16:54 / 20.07.2018
7 033

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (4-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (4-қисм)
“Нега турма бошлиғигача шу иш билан қизиқиб қолди? — ўйлардим камера томон назоратчи ҳамроҳлигида кетиб борарканман. — Нима учун суд қилиб айбимга яраша жазо белгилай қолишмайди? Ҳали биринчи иш юзасидан суд бўлмаган. Нимага чўзишяпти? Сабаби нима?..”

Назоратчи мен киришим керак бўлган камера эшигига яқин келганда тўхтаб қоидага кўра мени деворга ўгирилиб, қўлларимни баланд кўтаришга мажбур этди. Сўнгра камера эшигини очиб елкамдан чангаллаганча ичкарига нуқиб киритди.

— Мана энди адабингни ейсан! — деди у ҳам подполковникнинг сўзини деярли такрорлаб. — Бу камерада ёвуз бир каллакесар ўтирибди. Қани, бас келиб кўр-чи, уддасидан чиқармикансан!.. Лекин билиб қўй, шовқин кўтарсанг, муштлашсанг, шу тобдаёқ карцерга тушасан. Сени огоҳлантириб қўйдим.

— Ташвишга тушма! — дедим негадир қўрслик билан. — Ёш бола эмасман.

— Кўрамиз.

Назоратчи эшикни ортимдан шарақлатиб ёпди.

Мен секин қоронғилик қаърида каравотлар томон кўз ташладим. Дарча тарафдаги каравотда кимдир ўтирарди. Чамаси, эшик очилгач, уйғониб кетиб ўтириб олган.

— Дуч келган каравотга ётавер! — деди у йўғон овозда. — Бу ерда иккаламиздан бўлак ҳеч ким йўқ. Ким бўласан?

— Муродман. — дедим секин пастдаги каравотга чўкиб. — Ўзинг-чи!

— Гоги. Нега қамалгансан?

— Эшитмаганмидинг? — сўрадим ўзимни худди ҳайрон бўлгандек кўрсатиб.

— Ҳозир кўрамиз-да!

Гоги ўрнидан туриб бориб чироқни ёқди.

Қаршимда серсоқол, кўкрак қафасигача жун босган, тепакал, мушаклари спортчиларники каби туртиб-туртиб чиққан, ёши деярли мен қатори мағрур йигит турарди.

— Қани, эгнингдагини еч! — деди у.

— Нега?

— Ўшанда биласан.

Белдан юқоридаги кийимларни ечдим.

— Э, қани белги? — лаб буриб сўради у.

— Қанақа белги?

— Каллакесар бўлсанг, белгинг қани?

Пайқадимки, Гоги игнали ёзувни назарда тутяпти. Эшитганман, турмада ана шу нарса ҳам рол ўйнайди. Маҳбусларнинг даражаси шу ёзувларга, игнада чизилган суратларга қараб белгиланади.

— Ҳа-а, белги қўйишга вақтим бўлмаган. — хотиржам жавоб қилдим қўл силтаб. — Иш кўп эди.

— Шунақа дегин? Қанчасини тинчитгансан ўзи?

— Ўзинг-чи?

— Мен биринчи сўрадим.

— Илгари учтасини йўқ қилганман. Лекин топа олишмаган. Тўртинчисида қўлга тушдим.

— Кейин-чи?

— Охиргисини ўзинг эшитгандирсан?

Гоги кулиб юборди.

— Лекин-чи… — кулги аралаш елкамга шапатилади Гоги. — Боплабсан. Мана шунисини боплабсан. Ментларнинг адабини беравериш керак. Очиғи, сенга камида йигирма йил беришади-ёв!?

— Менга барибир. — дедим қовоғимни уйиб. — Асосийси, ўз ишимни қилдим.

— Тўғри қилгансан. Ана энди «Братва»лар сени қўлларида кўтариб юришади.

Эҳ, бунисига ҳам тушунмадим. Ким ўзи «Братва» дегани? Йўқ, сўрасам, қовун туширишим мумкин. Яхшиси, ўзимни гўё тушунган қилиб кўрсатавераман. Хато қилмасман, ахир!..

— Уйқунг келдими? — сўради Гоги.

— Йўқ, нимайди?

— Унда ҳозироқ белги чизамиз.?

— Қанақа белги?

— Сенинг билагингга фил суратини чизамиз. Чунки, сен болаликдан фақат азоб чеккан экансан.

— Қаердан билдинг? — сўрадим кулимсираб. —

— Буёғи билан ишинг бўлмасин! Айтганча, бошқа билагингга мия суратини чизамиз.

— Нега энди мия?

— Мия каллакесарнинг асосий белгиси ҳисобланади. Хўш, розимисан?..

Мен бош ирғаб, Гогининг таклифини маъқулладим.

Эрта тонггача Гоги ўнг билагимга фил, чапига мия суратини чизиб улгурди.

У яна менга турманинг кўп сир-асрорларини гапириб берди. Cўнгра қўлимга бир қоғоз тутқазди. Қоғозга игна билан чизиладиган суратларнинг изоҳи ёзилган эди.

Синчиклаб ўқий бошладим.

Мия, тож — етакчи бўлишга интилаётган жиноятчилар рамзи;

Фил — болаликдан азобда яшаганлар белгиси;

Машъала — турмадаги жиноятчиларнинг дўстлик белгиси…

Ҳа, мен шу оддий қоғоз сабаб бўлиб жиноят оламидаги сир-асрорларнинг бир қисмидан бохабар бўлдим.

Қолаверса, шундай очиқкўнгил ҳамроҳга учраганимдан мамнун эдим.

* * *
Эртасига эрталаб тағин назоратчи мени ташқарига чорлади. Йўқ, аввалига бир менга, бир Гогига зимдан назар ташлаб олди. Адашмасам, тун шовқин-суронсиз, муштлашувларсиз ўтганига у ҳам ҳайрон бўлди. Лекин сир бой бермади. Мени адвокат билан суҳбатлашган хонага бошлаб борди.

Бу сафар панжара ортида адвокат эмас, ёши элликларга бориб қолган, оппоқ сочли эркак ўтирарди. У ўзини прокуратура вакили Геннадий Свиридонович дея таништирди.

Вакил гапни жуда узоқдан бошлади. Менинг олдинги ҳаётимни суриштирди. Қариндош-уруғларимни сўради. Шундан кейингина мақсадга ўтди.

— Биламан, — деди Геннадий Свиридонович. — Сен жуда қатъиятли йигитга ўхшайсан. Шунинг учун ортиқча саволлар бериб бошингни қотирмайман. Гапнинг индаллосига ўтиб қўя қоламан. Хўш, сенга озодлик кўпроқ ёқадими, ё турмами?

— Нима, озодлик десам, чиқариб юборармидингиз?

— Мен айтган ишни қилсанг, чиқариб юборишим ҳам мумкин.

— Қилмасам-чи?

— Қочиб қаерга борардинг?!. Мажбур қилиш ҳам қўлимдан келади.

— Мен сиз ўйлаган қўрқоқлардан эмасман.

— Сен олдин қандай иш эканини жим ўтириб эшитсанг-чи, ношуд!..

— Хўп, эшитайлик-чи, «начайлик»!

Вакил шошилмади. Аввал бир-икки йўталиб олди. Сўнгра чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди.

— Ана энди асосий ишга ўтамиз. — деди у менга маъноли кўз қисиб. — Биласанми, сенинг бўйнингга жуда катта айб қўйишган. Эҳ, бунақанги айб билан қамалсанг, жазони ўташга бир йигитнинг умри етмайди. Буям майли. Сени итдан баттар қийнашади бу ерда. Негалигини биласанми?

— Албатта биламан.

— Хўш, нимага?

— Айтишим шартми?

— Шарт.

— Чунки, мен турма ходимини ўлдирганман.

— Ҳа, энди ўзингга келдинг. Шундай экан, бўтам, бир йўлини топиб турмадан чиқиб олмасанг бўлмайди.

— Кейин-чи? — дедим айёрлигим тутиб. — Кейин нима бўлади?

— Дард бўлади. — жеркиб берди вакил. — Қанақа ғалчасан ўзи-а? Мен сенинг фойдангни кўзлаяпман, ярамас!..

— Мен-чи? — беихтиёр бақириб юбордим. — Сиз менга уй-жой берасизми? Иш, пул билан таъминлайсизми? Нега индамайсиз? Менинг илгари қандай ҳаёт кечирганимни билмайсиз-ку!..

— Тўғри, — деди вакил оғир хўрсиниб. — Сени ишинг билан тўлиқ танишиб чиққанман. Мени ҳеч нарсадан бехабар деб ўйлама. ҳаммасини олдиндан чўтга солиб кўрганман. Агар менга бир ишда ёрдам берсанг, озодлик ҳам, пул ҳам, уй ҳам, иш ҳам бўлади. Манаман деганидан яхшироқ яшайсан.

— Хўп, айтинг, — дедим ўзимни босиб. — Айтаверинг!

— Навбатчилик қисми бошлиғи Василий Ивановични биласанми?

— Баланд бўйли майорми?

— Худди ўзи.

— Биламан.

— Ўшани кузатасан.

— Уни кузатишимдан нима фойда? Ким менга имкон бериб қўярди?

— Имконни сенга мен бераман. Уёғи билан ишинг бўлмасин.

— Хўш, нимани аниқлашим керак?

— Менга айтишларича, у янги келган маҳбусларни тунаётганмиш. Қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб юбораётганмиш.

— Ахир, у менга нималарни ўзлаштираётганини кўрсатмайди-ку!

— Тўғри, лекин сенга бир ёрдамчи бераман. У анчадан бери навбатчилик қисмини супур-сидир қилиб юрадиган кар-соқов. Ўша орқали аниқлаб, барча кирдикорларини менга етказиб турасан. Бунинг учун сенга алоҳида камера ажраттираман. Камера дарчаси ортидан узун сим ўтган. Сен барча маълумотларни қоғозга ёзиб, латтага ўрайсан ва ўша симга бойлаб қўясан, вассалом! Маълумот тўғри менинг қўлимга бориб тегади.

— Қанча муддат берасиз?

— Сен ўн кун ичида барча кирдикорларини исбот-далиллар билан аниқлаб беришинг керак бўлади. Ана ундан кейин ваъдага биноан сени озод қиламан.

— Ўйлаб кўришим керак. — дедим негадир юрагимни ваҳм босиб. — Бу сиз ўйлаганчалик осон иш эмас. Қўлга тушиб қолсам, умримни карцерда чиритишади.

— Хавотир олма. Ўйлаб кўришга сира вақт йўқ. Ҳозирданоқ ишга киришишинг керак. Бу ердан чиқишинг билан сенга алоҳида камера ажратилади. Бироз ўтиб олдингга ўша кар-соқов киради.

— Мен… Уларнинг тилини билмайман-ку!

— У билан гаплашиб ўтиришингнинг ҳожати йўқ. Ёзма равишда гаплашасизлар.

— Яхши… Кетсам майлими?

— Боравер, омадингни берсин!

Чиқиб кетаётиб, ўйлаб қолдим. «Нега унда ўша кар-соқов орқали аниқлайвермайди?..»

* * *
Геннадий Свиридонович дастлабки ваъдасини бажарибди. Мен унинг ҳузуридан чиқибоқ алоҳида камерага жойлашдим. Сал ўтмай соқоллари ўсиб кетган, кенг елкали, олтмиш ёшлардаги кар-соқов маҳбусни киритишди. Биз ёзма равишда гаплашдик. Исми Савелий экан. Келаси йил турмага тушганига роппа-роса олти йил тўлармиш. Ногирон бўлгани сабабли зонага юбормай, турманинг ўзида қолдиришибди. Лекин нимага қамалганини айтмади. Бугун кечқурун маълумот олиб келишга ваъда берди-ю, чиқиб кетди.

Савелийнинг бир одати менга ёқиб тушганди. Ора-орада менга ер остидан тикилиб қаради-ю, маҳзун жилмайиш қилди. Мана шу хислатининг ўзи маҳбус очиқ кўнгил эканинига бир белги эди…

Савелийни кузатиб қўйгач, мен дарча ортини кўздан кечирдим. Ҳа, девор бўйлаб узун сим ўтган. Каравотлардан бирининг остидан узун таёқ ҳам топдим. Демак, маълумотни қоғозга, сўнг латтага ўраб кичик сим билан бойлайман ва симнинг бир учини ўша «алоқа ипи»га осиб қўяман…

— Йўқ, — дедим ўзимга ўзим каравотга чўзиларканман. — Озодлик беришига унчалик ишонмайман. Яхшиси, Елена билан учраштиришини талаб қиламан. Уни негадир соғина бошладим. Ажаб эмаски, учрашув баҳона кўнглини овласам…

Орадан ярим соатча вақт ўтиб, камера эшиги даричаси шарақлаб очилиб, турма назоратчисининг боши кўринди.

— Сенга «передачка» бор, — деди у катта қоғоз қутини даричага қўйиб. — Яхшироқ егуликлари бўлса, менгаям узатишни унутмассан?

— Унутмайман, — дедим ҳайрон бўлиб қутини ичкарига оларканман. — Мен хасис эмасман.

Тўғриси, ҳайрон эдим. Ким менга буларни жўнатиши мумкин? Қариндош-уруғим бўлмаса бу ерларда. Ё Нина хола жўнатганмикан?

Шоша-пиша қутини очдим. Ичида бир шиша коньяк, икки қути шоколад, апельсинлар, гўшт. Яна бир нечта қоғоз пул…

Пуллар остида бир қоғоз ётарди. Очдим. Қоғозга қисқа қилиб: «Сени севаман» деб ёзиб қўйишибди.

“Қизиқ, — ўйладим ҳаяжоним ортиб. — Наҳотки, Елена йўқлаган бўлса? Ҳа, худди ўша. Еленадан бўлак аёл бундай сўзларни ёзмасди. Уям мени севаркан-да демак!.. Оҳ, тезроқ муддат тугай қолсайди, севгилимнинг висолига етсам!.. Нима қилсам экан? Жавоб ёзайми? Аммо кимдан бериб юбораман? Назоратчиданми? Ҳа, пул бериб кўраман. Олади. Олмай қаерга борарди…”

Ҳовлиққанча қоғознинг орқасига жавоб ёздим:

— Елена, кўнглимни тоғдай кўтардинг. Мен ҳам сени жондан ортиқ севаман… Мурод Шарипов.

Шундан сўнг камера эшигини тақиллатдим.

— Нима дейсан? — даричани очиб сўради назоратчи. — Бормикан арзийдиган нарса?

— Ҳа-я… — мен шоша-пиша коньякни олиб унга узатдим. Кетидан пулни ҳам қўлига тутқаздим.

— Бир илтимос чиқиб қолди. — дедим шивирлаб.

— Қанақа илтимос? — сўради назоратчи уёқ-буёққа ўғринча қараб олиб. — Тинчликми?

— Мана шу қоғозни Еленага етказсанг.

— Қайси Елена?

— Врач бор эди-ку!

— Ҳа-а… Уми?.. Қийинроғ-ов!.. Ўзинг биласан… Биров кўриб қолса…

Билдимки, назоратчи нархини оширяпти.

Қоғоз пулнинг яна биттасини бердим.

— Майли, — Шундан кейингина назоратчи совуқ кулимсираб қоғозни қўлимдан олди. — Ҳаракат қилиб кўраман…
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (4-қисм)