
Ғазода жанглар тўхтаганига қарамай, минглаб беморлар, айниқса болалар оғир аҳволда қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 15 мингдан ортиқ киши зудлик билан даволаниш учун чет элга олиб чиқилиши керак. Аммо бунга ҳали рухсат берилмаган.
Нассер шифохонасида 10 ёшли Амар Абу Саид даволанмоқда. У оиласининг чодирида ўтирганида ўқ еб, бўйнидан пасти фалаж бўлган. Онасининг айтишича, унга мураккаб операция керак, лекин Ғазода бунинг учун шароит йўқ.
Уруш туфайли Ғазодаги шифохоналар оғир аҳволда. Дори, асбоб-ускуналар ва электр етишмаяпти. Шифокорлар касалликни билса ҳам, беморларни даволаш имконига эга эмас.
Яқинда Ғазодан 41 нафар бемор Иорданияга олиб чиқилди. Мутахассислар бу жуда камлигини, кўпроқ беморларни чиқариш зарурлигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, агар рухсат берилса, Ғазолик беморларни Қуддус ва Ғарбий Соҳилдаги шифохоналарда даволаш мумкин.
Исроил эса Рафаҳ чегара пунктини очмаган. Ҳукумат бунга Ҳамас ўз мажбуриятларини бажармагани сабаб деб кўрсатмоқда. Шу орада ўтган йил давомида 740 киши, жумладан 140 бола, даволаниш учун чиқишни кутаётиб ҳаётдан кўз юмган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!