
Ўзбекистон Суперлигасининг 26-турида фарғоналик «Нефтчи» Ғузорда маҳаллий «Шўртан» меҳмони бўлди. Чемпионлик пойгаси тобора қизиб бораётган бир паллада Фарғона клуби ушбу баҳсда муҳим уч очкони қўлга киритди.
Учрашув аввалида «Шўртан» кутилганидан фаолроқ ҳаракат қилди, лекин меҳмонлар аста-секин ташаббусни ўз қўлига олди. 40-дақиқада Зоран Марушич дарвоза тагида вазиятдан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. Бу гол ўйиндаги бурилиш нуқтаси бўлди.
Иккинчи бўлимда «Шўртан» ҳисобни тенглаштиришга уриниб, бир неча хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо фарғоналиклар ҳимояда ишончли ўйин намойиш этди. 88-дақиқада Владимир Йововичнинг аниқ зарбаси меҳмонларга барқарор устунлик бахш этди ва натижада «Нефтчи» 2:0 ҳисобидаги муҳим ғалабани қўлга киритди.
Шўртан — Нефтчи 0:2
25 октябр. Ғузор. «Марказий» стадион
Голлар: Зоран Марушич (40), Владимир Йовович (88).
Шўртан — Шоҳрух Эшбўтаев, Шоҳжаҳон Султонмуродов, Улуғбек Худойбердиев, Абубакр Ризо Турдиалиев (Нуриддин Ҳасанов, 84), Пўлатхўжа Холдорхонов, Темур Мамасиддиқов (Жасур Ҳакимов, 77), Аброр Тошқўзиев (Диёр Асомиддинов, 84), Жўрабек Маннонов (Сардор Саъдуллаев, 77), Муҳаммадазиз Иброҳимов (Ғанишер Қодиров, 62), Азиз Пирмуҳаммадов, Исломжон Кенжабоев
Нефтчи — Ботирали Эргашев, Боян Цигер, Икром Алибоев, Аброр Исмоилов, Жоэл Кожо (Зоран Марушич, 7), Жамшид Искандеров, Қувондиқ Рўзиев (Иброҳимхалил Йўлдошев, 78), Анвар Ғофуров, Муҳсин Убайдуллаев, Алишер Одилов, (Владимир Йовович, 69), Йован Жокич.
Огоҳлантиришлар: Алишер Одилов (45+1), Қувондиқ Рўзиев (69).
Бу ғалабадан кейин «Нефтчи»нинг очколари 57 тага етди ва жамоа турнир жадвалида пешқадамликни қўлга киритди. «Насаф» эса 56 очко билан иккинчи ўринга тушиб турибди. Қаршиликлар ўзининг навбатдаги учрашувини ОКМКга қарши сафарда ўтказишади.
Ғузор клуби учун эса бу мағлубият жиддий зарба бўлди — 12 очко билан жамоанинг Пролигага тушиб кетиши деярли аниқ бўлиб қолди. "Шўртан" футболчилари жонбозлик кўрсатишганига қарамай, жамоада ҳимоядаги ишончсизлик ва ҳужумда самарасизлик бу сафар ҳам ўз сўзини айтди.
Шу тариқа, «Нефтчи» чемпионлик учун курашда муҳим қадам ташлади. Олдиндаги турларда ҳар бир баҳс ҳал қилувчи аҳамият касб этиши аниқ — чемпионлик пойгаси ҳали ўзининг энг қизғин нуқтасига етмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!