
Ғазо секторидаги сулҳ битимининг бузилиши хавфи ортиб бораётган бир пайтда, АҚШ ҳукумати минтақада янги назорат тизимини ишга туширди. New York Times нашри ёзганидек, Пентагон сўнгги кунларда Исроил билан келишилган ҳолда Ғазо осмонида кузатув дронларини ишлатишни бошлаган.
Манбаларнинг маълум қилишича, бу дронлар сулҳ жараёнига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ерусти ҳаракатларини назорат қилиш учун мўлжалланган. АҚШ ҳарбийлари уларнинг аниқ йўналишларини ошкор этмаган, аммо маълум бўлишича, парвозлар АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM)нинг Исроилдаги Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Мазкур марказнинг асосий вазифаси — Ғазодаги сулҳ жараёнини назорат қилиш, инсонпарварлик ва хавфсизлик ёрдамини мувофиқлаштиришдан иборат. АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида тузилган сулҳ битими 10 октябрдан буён кучда бўлса-да, ҳозирда унга риоя этиш бўйича жиддий зиддиятлар кузатилмоқда.
Шу сабабли АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс, давлат котиби Марко Рубио ҳамда қатор юқори мартабали амалдорлар Исроилга етиб бориб, тинчлик жараёнини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Bloomberg ва CNN манбалари ёзишича, Оқ уйда ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг битимдан чекиниши мумкинлиги борасида хавотир бор.
Рубио Исроилдаги марказга ташрифи давомида “сулҳ жараёнида қийин бурилишлар бўлиши табиий, аммо бизда соғлом оптимизм учун етарли асос бор”, дея таъкидлади.
Қизиқ жиҳати шундаки, бу сафар АҚШ Исроилнинг разведка дронларидан фойдаланиш ўрнига ўз дронларини ишга солган. Мутахассислар буни Вашингтоннинг мустақил равишда вазиятни баҳолаш истаги билан изоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо уруши давомида АҚШ ва Исроил ҳарбий разведка маълумотларини доим баҳам кўриб келган. Илгари АҚШ гаровдагиларни қутқариш операцияларида MQ-9 Reaper дронларидан фойдаланган ва бу маълумотларни Исроилга етказиб берган.
Бироқ бу сафарги миссия АҚШнинг вазиятга нисбатан мустақил позицияни эгаллаётганидан далолат бермоқда. АҚШнинг собиқ элчиси Даниэл Шапиро буни “Исроил фаол таҳдид сифатида кўрадиган фронтда Америка мониторинги учун жуда чуқур қадам” деб таърифлади.
Унинг фикрича, агар Вашингтон ва Тел-Авив ўртасида тўлиқ ишонч мавжуд бўлганида, бу каби мустақил кузатувга эҳтиёж қолмас эди.
CENTCOM вакили капитан Тимоти Хокинснинг сўзларига кўра, “Фуқаровий-ҳарбий марказда Ғазодаги воқеаларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи махсус майдон ташкил этилган ва вазият жуда нозик бўлиб турибди”.
Ҳозирча Исроил армияси ва АҚШ Давлат департаменти дронлар ҳақида расмий изоҳ бермаган бўлса-да, таҳлилчилар бу қадам Вашингтоннинг минтақадаги дипломатик фаолиятини янги босқичга кўтариши мумкин, деб баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!