Шайх Али Тантовий ўз турмушлари ҳақида шундай ҳикоя қиладилар:
Бирорта ҳам уйланган кишининг “Мен бахтлиман, хотиржамман”, деганини сира эшитмадим. Ҳатто ҳаётда бахтли, хотиржам кишилар ҳам бу гапни айтмайдилар. Сабаби – инсон ношукрдир. Унга берилган неъматларни фақатгина йўқотганда қадрини туяди. Шунингдек, инсон зоти тамагир ҳамдир. Қачон унга бир неъмат берилса, ундан ортиғини тама қила бошлайди, қаноат қилмайди, неъмат лаззатини билмайди. Шунинг учун ҳам эркаклар доимо аёлларидан шикоят қиладилар. Эркак киши аёли вафот этиб, ўрталаридаги ришталар, орзулар узилгандагина унинг қадрига етади, яхшиликларини эслайди, фазилатларини билади.
Мен эса, Аллоҳнинг неъматларини сўзлаган, Унинг фазлини иқрор қилган ҳолда шундай дейман:
Мен турмушимдан бахтлиман, кўнглим хотиржам. Мен бундай бахтга эришишимга кўпгина ишлар сабабчи бўлиб, уйланмоқчи бўлган, турмушида бахт истаган ҳар қандай киши уни қила олиши мумкин. Марҳамат, бу ишларни тажриба қилиб кўрмаганлар, менинг тажрибаларимдан фойдалансинлар, бу йўлдан ҳали юрмаганлар, юрган инсондан йўл қандай эканини эшитишсин:
1. Мен ўзим танимайдиган кишилар хонадонига совчи қўймадим, ўзим билан алоқаси бўлмаган кишилардан қиз олмадим... Акс ҳолда улар ҳақида кейинчалик эшитган маълумотларимга зид ҳолатни кўришим, ташқи дунёлари гўзал бўлса-да, ички оламлари ёмон эканини билишим мумкин. Балки мен ўзим таниган, улар ҳам мени таниган, уларнинг хонадони ҳаёт қандай эканини билган, улар ҳам менинг уйимда турмуш қандай эканини билган қариндошимга уйландим. Бу хонадон раҳбари ҳақида одамлар “У киши ақлли, қатнашган йиғинининг зийнати, қувончи” дея гувоҳлик беришди. Онаси эса, буюк муҳаддис, барча эътироф этган Шом диёрининг олими Бадруддин Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳнинг қизи эди. Аёлим ота томондан ҳам, она томондан ҳам насли тоза, икки томондан ҳам насаби бир-бири билан туташади.
2. Мен оиламиз қатори оилани танладим. Қизнинг отаси отам билан маҳкамада ишларди. У ҳам қози, мен ҳам қози. Уларнинг яшаш тарзи бизнинг яшаш тарзимизга яқин. Мана шу нарса оилавий бахт қасрининг ишончли устунидир. Шу боисдан ҳам ислом шариатининг файласуфлари ҳисобланмиш ҳанафий фақиҳлар икки томоннинг тенг бўлиши кераклигини шарт қилишган.
3. Мен оддий таълим кўрган, ўқиш, ёзишнигина биладиган, бироқ оми, билимсиз аёллардан фарқланиб турадиган қизга уйландим. Мана ҳозирга келиб, орадан 13 йил ўтиб, мен билан ҳамсуҳбат бўлганидан анча-мунча нарсага ақли етадиган бўлиб қолган. Китобларда, журналларда ўқиган нарсасини мазасини татий олади. Бу даражага талаба қизлар етмайдилар. Мен уларни яхши билганим учун айтмоқдаман. Бундан 2 йил олдин қизлар мадрасаларида олийгоҳнинг бўлғуси талаба қизларига дарс бердим. Гарчи улар ҳали рафиқам номини ҳам эшитмаган кўплаб илмий масалаларни ёдлаб олган бўлсалар-да, улар орасида рафиқамчалик тушунчалироғини кўрмадим. Мен йигитларни талаба қизлардан бездирмоқчи эмасман. Лекин минг афсус билан шуни айтаманки, бу расво таълим услуби, ҳолати аксар ҳолатларда қизларнинг ахлоқи ва феъл-атворига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қизлардан кўплаб талант ва қобилиятларни тортиб олиб, эвазига уларнинг ҳаётида на манфаат берадиган, на эрларига ва на оналарига фойда келтирадиган арзимас билимларнигина беради.
4. Мен гўзалликни талаб қилмадим. Гўзалликни фақатгина математиклар айтгани каби қўшимча шарт қилиб олдим холос. Чунки гўзаллик йўқ бўлувчи соя бўлиб, гўзал аёлнинг гўзаллиги кетмаса-да, лекин сенинг унга нисбатан ҳисларинг, аҳамиятинг кетади. Шунинг учун ҳам баъзи эркакларнинг гўзал аёллари билан ажрашиб, унча гўзал бўлмаган аёллар ортидан кетганини кўрамиз. Мана шу боис Иблис шариатида кибор фосиқлардан ҳисобланган Фараздақнинг қоидаси тўғри ҳисобланади. У машҳур қиссасида рафиқаси Наворга қарата “Ҳаром бунчалар тотлигу, ҳалолинг бунчалар ёқимсиз бўлмаса” деган эди.
5. Мана неча йил бўлса ҳам ҳозирга қадар аёлимнинг оиласи билан муомалада чегарадан чиқмадим. Орамизда расмий муносабат, икки томондан ҳам ҳурмат-эҳтиром бор, вақти-вақти билан кўришиб турамиз. Оиласидан бирор киши уйимизга келса, биз ҳам барча эр-хотин каби баъзида хурсанд бўламиз, баъзида хафалашиб қоламиз. Бироқ шу кунгача унинг оиласидаги бирор киши бизнинг хурсанд бўлганимизда ҳам, ғазабланганимизда ҳам ўртамизга тушмади. Мен қозилик ишимда ҳозирги кунга қадар йигирма мингдан ортиқ оилавий низоларни кўриб чиқдим. Бу мен учун катта тажриба бўлди. Шуни таъкидлаб айтишим мумкинки, агарда тортишиб қолган икки ёшни ўзларига қўйиб бериб, орага ҳеч ким тушмаса, бу каби низоларда ёшларнинг тўртдан уч қисми ўзлари ярашиб оладилар.
6. Биз турмушимизнинг илк кунларини асал ойига айлантириб олмадик. Одатда келин-куёвлар илк турмуш паллаларини асал ойи қилиб, сўнг аччиқ заҳар-заққумни тотиб юрадилар. Мен эса турмушимнинг илк кунидаёқ ўзимдаги ёмонликни кўрсатавердим. У кўриб мажбур бўлса-да, қабул қилди, қаноат билан сабр қилди. Сўнг ортидан яхши хулқимни ҳам кўрсатдим. Шундай қилиб кунлар ўтаверган сари бахтимиз ҳам зиёда бўлиб бораверди.
7. Аёлим сеп олиб келмади, шундай шарт қўйгандим. Зеро, оилавий низоларнинг бошланишига сарпо-суруқнинг таъсири ниҳоятда катта. Эркак аёли олиб келган нарсасини ишлатиб, ўзиники қилиб олиши ёки ундан қўрққан аёлнинг қалби эриб кетиши ёхуд эр уни ўғирлаб, яшириб қўйиши ёки бўлмаса аёл даъво сифатида у нарсани олиб қўйиши, эр эса бундан дарғазаб бўлиш мумкин.
8. Уни ўз холига қўйдим: Ҳовлини тозалаш, болаларни тарбиялаш каби ишларига аралашавермадим. Шунингдек, у ҳам мени ўз холимга қўйди, тергайвермади. Кўпинча, оилада низо аёл эрнинг салласини кийиб, турадиган жойини ўзгартириб қўйиши ёки эр аёлнинг камзулини кийиши ва аёл эри билан ҳовлини қандай супуриш, бақлажонни қандай тўғраш ва кийимни қанақа бичиш ҳақида маслаҳат сўрашидан келиб чиқади.
9. Ҳеч нарсани аёлимдан яширмадим, у ҳам ҳеч нимани сир тутмади. Унга ёлғон гапирмадим, у ҳам алдамади. Молиявий ҳолатимни ҳам очиқ айтавердим. Борадиган жойимга уни ҳам олиб бордим ёки қаерга кетишимдан хабардор қилиб қўйдим. У ҳам барча борадиган жойини айтди. Фарзандларимиз ҳам ростгўйликка, очиқликка, ёлғонни ёмон кўришга ва ундан нафратланишга одатланишди.
Қасамки, ундаги бор ихлос, ақл, тежамкорликдан ортиғини талаб қилмадим. Аёлим ўзи учун эмас, уй учун, эр учун, фарзандлар учун яшайдиган, биз овқатланишимиз учун оч қоладиган, ухлашимиз учун бедор бўладиган, дам олишимиз учун чарчайдиган, биз учун ўзини қурбон қиладиган, энг биринчи уйғониб, энг охири ухлайдиган, тозалаб, тикиб, ҳаракат қилиб тиним билмайдиган, ғами мени бахтли қилишдан иборат бўлган бир шарқ аёлидир.
Агар бирор нарса ёзадиган бўлсам ёки ухласам, фарзандларимизни тинчлантиради, ҳовлини сукунатга айлантиради ва кўнглимни хира қиладиган, безовта қиладиган нарсаларни узоқ қилади.
Мен яхши кўрган кишиларни суяди, мен ёмон кўрганлардан нафратланади. Аёлларнинг хоҳиши одамларни рози қилиш бўладиган бўлса, аёлимнинг хоҳиши эса мени рози қилишдир. Аёлларнинг орзулари тақинчоқ, кийим-кечак бўлса, аёлимнинг орзуси ижара уйлардан беҳожат қиладиган ўзимизнинг шахсий уйимизга эга бўлишимиздир.
Оила аъзоларимни яхши кўради, уларга яхшилик қилишни тўхтатмайди. Агар мен уларга яхшилик қилишда сусткашликка йўл қўйсам, ундаб туради, унутсам эслатади. Ҳатто бир кун бўлса-да, бошқа одамларнинг уйидаги сингари у билан синглим ўртасида тушунмовчилик бўлишини, мен эса уни кўриб завқланишимни истайман. Бироқ икковларидан ҳам фақатгина бир-бирларига муҳаббат, ҳурмат, вафони кўраман!
У шарқ аёли учун мукаммал намунадир. У ўз дунёсида эри ва уйидан бошқасини танимайдиган аёлдир. У кабилардан баъзи ёш йигитлар юз ўгириб, Европа ёки Америкага илм олиш учун кетадилар. Сўнг қўлларида бир парча қоғоз билан, қўлтиқларида бир аёлни етаклаб келадилар. Аёлни олиб, ер юзидаги океанларнинг ярмини ёки учдан бир ёки тўртдан бирини кезиб чиқадилар. Сўнг у аёлда на гўзаллик, на шараф ва на ихлос қолади. Ҳатто шарқ аёлига хизматчи бўлишга ҳам яроқсиз бўлади. Ҳолат бундай бўлиб кетишининг асосий сабаби – одамлардаги диднинг бузилиб кетгани, ақллар йўқолгани, калтафаҳмлик ва заифларнинг кучлиларга тақлид қилишидир.
Сизлардан бирингиз эҳтимол “Агар америкалик қизга ёки кинотеатрда, меҳмонхонада ишлайдиган аёлга уйлансам, Труманга қариндош бўламан, осмонўпар иморатларга эга бўламан”, деб ўйлаши мумкин. Сўнг кўрадики, аёли у учун атом бомбасига айланади. Ўзи эса, исмини “Озодлик ҳайкали”га ёздириб қўяди!
Аёлларимиз, ер юзидаги энг яхши аёллардир. Эрига вафоли, фарзандига меҳрибон, шарафли, покиза бекадир. Аёлларимизнинг аксари ҳар қандай фойдали насиҳат ва кўрсатмага итоаткордир.
Мен аёлимнинг баъзи фазилатларини зикр қилишимнинг боиси, шунчаки ўзимдан келиб чиққан ҳолда, араб аёлига (шомлик муслима аёлларни назарда тутмоқдаман) уйланган эркак қандай бахтли бўлишини мисол тариқасида келтирдим, холос. Шояд ушбу сатрларни ўқиб турган бўйдоқ йигитларга Аллоҳ уйланишга азм қилишларини насиб этса.
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади