
Тошкент шаҳридаги тунги клуб олдида содир бўлган зўравонлик иши бўйича суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан кўрилган ишда фуқаро Акмал Шукуров айбдор деб топилди. Суд ҳужжатларига кўра, у қасддан оғир бадан шикасти етказиш, фирибгарлик ва безорилик жиноятларини содир этганлиги учун жавобгарликка тортилди.
Шукуровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (қасддан оғир бадан шикасти етказиш), 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик), ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича ҳукм чиқарилди. Суд уни 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўталади. Шу билан бирга, тарафларга ҳукм устидан Тошкент шаҳар судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи борлиги ҳам маълум қилинди.
Суд материалларига кўра, жиноят 2025 йил 16 мартга ўтар кечаси, соат тахминан 2:30 атрофида содир бўлган. Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бири олдида Акмал Шукуров ва унинг таниши Хуршид ўртасида можаро келиб чиққан.
Низо давомида уларни тинчлантиришга уринган 35 ёшли Борисни Шукуров уриб, оғир жароҳат етказган. Жабрланувчи бош мия жароҳати, юз қисмидан йиртилган жароҳат ва спиртдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун беш соатлик операция ўтказган ва сунъий комага туширган.
Жиноятдан сўнг Шукуров воқеа жойидан қочиб, бир неча кун давомида яшириниб юрган. Орaдан кўп ўтмай у Қозоғистон ҳудудида қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Олий суд расмий вакили Азиз Обидов таъкидлашича, бу иш жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотган бўлса-да, суд барча томонларнинг ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда ишни адолатли тарзда кўриб чиққан.
Ҳуқуқшунослар фикрича, мазкур ҳукм жамоат жойларида зўравонлик ва безорилик каби жиноятларга нисбатан жазо муқаррарлигини яна бир бор кўрсатди. Бу, айниқса, ёшлар орасида ҳуқуқий онг ва жавобгарликни оширишга хизмат қилади.
Суд ҳукми қонуний кучга кирмагунча ўзгартирилиши мумкин бўлса-да, Акмал Шукуровнинг қилмиши бўйича йиғилган далиллар унинг айбини тўлиқ исботлаган.
Ҳуқуқни муҳофазв қилувчи органларнинг эслатишича, жамоат тартибини бузган, зўравонлик ёки фирибгарликка қўл урган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беради ва жазодан ҳеч ким қочиб қутула олмайди.