Руҳий касалликлар шифохонаси.
Осмонга термилиб ўтирган аёлга зимдан назар ташлайман. Қачонлардир бу аёл ҳам бахт оғушидан сармаст эди…
Саодат камбағал оилада дунёга келган, мактабни битиргач, уни амакисининг ўғлига унаштиришганди. Адҳам ўқимишли йигит бўлиб, оилада тўнғич фарзанд эди. Ундан кейин укаси Аҳмад бўлиб, шаҳарда ўқирди.
Тўй бўлди.
Саодат ҳамма қизлар орзу қилган оқ либосда ота уйини тарк этди. Улар бир-бирига жуда муносиб эди. Адҳам Саодатни еру кўкrа ишонмас, уни асраб-авайларди. Қайнона-қайнотаси Саодатни жуда яхши кўришар, қизим-қизим деб меҳрибонлик қилишарди.
Орадан ойлар, йиллар ўтди.
Саодат ва Адҳам зимдан қараганда бахтли ҳаёт кечираётгандек кўринса-да, аммо бахтлари кемтик эди. Бу оилада чақалоқ овози эшитилмас, Саодат кечалари билан йиғлаб ўкинар, оғринарди.
Бу орада Аҳмад ҳам ўқишни тамомлади. Уни ўзи ёқтирган қиз — Ҳилолага уйлантиришди. Саодат тўйда елиб-югуриб хизматда бўлди. Ҳилола Саодатга қараганда анча айёр ва гапга чечан эди.
Орадан ойлар ўтди. Ниҳоят, чақалоқ йиғиси эшитиладиган кунлар тобора яқинлашмоқда эди…
Аҳмад Ҳилолани асраб-авайлар, барча эркалигини индамасдан бажарарди. Ҳилола ҳам айёрлик қилар, кун бўйи хонасидан чиқмас, эри келишига ўзини иш қилгандай кўрсатарди.
* * *
Саодат рўзғор ишларини тамомлаб энди хонасига кирган эди ҳамки, қайниси Аҳмаднинг дўриллаган овозидан чўчиб, ҳовлига отилиб чиқди. Ҳилола икки челак сувни кўтариб турган экан. Аҳмад:
— Нега янгам қолиб, сен бу оғир ишларни қиляпсан?! Ана, қисир сигир қилсин бу ишларни! — деб челакларни Саодат томонга тепиб юборди.
Саодатнинг танаси музлаб кетди. Ҳилола эса «Ажаб қилдим», дегандек кулимсиради. Қайнотаси шовқиндан айвонли хонадан югуриб чиқди:
— Нима бўлди?
Саодат:
— Ҳилолахонга сув керак бўлган экан, оғир челакларни кўтариб олибди. “Менга беринг, мен кўтарай десам”, Аҳмаджон “Мен кўтараман, сизлар аёл кишисиз”, деб қўймаяптилар. Талашиб, сув челакларини тўкиб юбордик, — деди.
Қайнотаси «тушунарли», дегандек бош ирғади. Саодат Аҳмад ва Ҳилолага бир оғиз гапирмай, челакларни олди-да, ошхонага кириб кетди. Аҳмад эса жойида мулзам бўлганича қолди.
Ана шу пайт Ҳилоланинг дилида бир кун қасос олиш истаги пайдо бўлди. Эшикни тарсиллатиб ёпганча хонасига кириб кетди.
Ниҳоят, оилага қувонч бағишлайдиган овоз — чақалоқ йиғиси эшитилди. Қариндош-уруғ, тўй-томоша. Саодат худди ўзи туққандай бахтиёр ҳолда бешикнинг ёнига келиб ёпинчиғини аста кўтарди. Жажжигина қизалоқ… Шу пайт Ҳилола келиб, Саодатнинг қўлларини бешикдан олиб ташлади-да:
— Бефарзанд аёлнинг чиллали болага тегиниши хосиятсиз! Опа, илтимос, чиқиб кетинг! — деди.
Саодат йиғлаганча хонасига кириб кетди. Ўзини боса олмас, йиғи бутун вужудидан чиқарди. Худога тинмай нола қилар, унга ҳам фарзанд беришини сўрарди. Адҳам келиб, Саодатнинг кўз ёшларини артди-да, бағрига босди.
Кунлар ойларга, ойлар эса йилларга уланди. Адҳам ва Саодат бир-бирига суяниб яшашда давом этишар, қайнона ва қайнотаси ҳам аввалгидек «Қачон набирали бўламиз?» дея сўрашни бас қилишганди.
* * *
Саодат ишларини қилиб юрганида, тўсатдан кўзи тинди. Чарчабман, шекилли, деб хонасига кирди. Бироз чўзилмоқчи бўлиб, ёстиққа бошини қўйди. Аммо ҳолсизлик, кўнгил айниши кейинги кунлар ҳам давом этди. Адҳам шифокорга учрашишини талаб қилди. Шифокор Саодатнинг юзига кулимсираб қаради-да:
— Табриклайман, яқинда она бўласиз, ҳомила 3-4 ҳафталик, — деди.
Саодат қулоқларига ишонмасди. Шифокор хонасидан учиб чиқдими, юриб чиқдими, билолмай қолди. Унинг хаёлида фақат шифокорнинг сўзлари айланар, хушхабарни эрига етказиш учун учиб борарди…
Саккиз ойдан сўнг жажжи қизалоқ йиғиси оламни тутди. Қизалоққа Шодия деб исм қўйишди. Шодия исмига муносиб қизалоқ бўлиб, оилага яна ҳам файз олиб келди.
Адҳамнинг ишлари юришгандан-юриша бошлагани, катта бир корхонанинг директорига айлангани, айниқса, овсинининг бахтли яшаётганини кўра олмаган Ҳилола Саодатдан қасд олиш режасини тузди. Ўйлаб-ўйлаб топгани енгилтабиатроқ курсдош дугонаси Гулноза бўлди ва ахийри унга қўнғироқ қилди. Кўзига ёш олиб, ҳаёти оғирлигини, эрининг ишсизлигию овсини Саодатнинг унга кун бермаётганини йиғи аралаш сўзлади. Гап орасида қайноғаси Адҳамнинг катта корхонада директор эканини қистириб ўтди. Гулнозанинг пулдор эркакларни лақиллатиб юришини яхши билган Ҳилола унга қайноғаси Адҳамни йўлдан уришни илтимос қилди. Ҳилоланинг бу таклифи енгил ҳаётга ўрганган Гулноза учун айни муддао эди. Дугонасидан Адҳамнинг барча борадиган жойларини суриштирди. Ишнинг бундай силлиқ кўчганидан хурсанд Ҳилола «Бопладим!» деганча гўшакни қўйди.
Ўша кундан сўнг Адҳам қаерга борса, Гулноза ўша ерда пайдо бўладиган бўлиб қолди. Аёлнинг шум нияти охири амалга ошди…
Адҳам дўсти орқали Гулнозага гуллар жўнатадиган бўлди…
Гулноза Ҳилолага телефон қилиб, бўлаётган ишларни айтиб мақтанар, кетаётган вақти ва амалларига шаъма қилар, Ҳилола эса унинг гапларидан қувониб, пичингларини тушунар, ҳар ой келишилган пулни бериб турарди.
Гулнозанинг кетмони учди. Бир ёқдан топармон-тутармон, обрўли «эркак»ни илинтираётган бўлса, иккинчи томондан Ҳилоланинг пулларини симира бошлаганди…
Кунлар ўтаверди. Адҳам Гулнозани тинч қўймас, совғалару гуллар билан хаёлини ўғирларди. Гулноза ҳам бора-бора Адҳамга кўнгил қўйди. Ҳилоланинг режаси тобора мураккаблашиб бораверди. Адҳам эса оиласини унутиб, хаёли фақат Гулнозада бўлиб қолди. Уларнинг муносабати қалинлашган, Гулноза Адҳамнинг маъшуқасига айланганди. Шундай кунларнинг бирида Ҳилола Адҳамнинг Саодатдан ажрашишини талаб қилишини Гулнозадан сўради. Гулноза ҳам Адҳамни аёлидан тезроқ ажратиб олишни кўзларди. Охири Гулноза қатъий талабни қўйди: Саодат билан ажрашасиз! Адҳам эса Гулнозадан айрилишни хоҳламас, лекин қизини тирик етим қилишга ҳам кўзи қиймас эди. Гулноза қатъий талаб қўявергач, оила аъзолари кечки овқатга ўтиришгач, Адҳам қарорини эълон қилди. Ота-онаси:
— Агар Саодат билан ажрашиб, қизингни тирик етим қилсанг, сени оқ қиламиз! Саодат эса ҳеч қаёққа кетмайди! — дейишди.
Аммо Адҳамнинг кўзи очилмади, елкасига костюмини ташлаганча, Гулнозанинг ёнига кетди. Ҳамма нарсадан хабардор Ҳилола ўзича қайнона-қайнотаси олдида Саодатни юпатган бўлди. Саодат эрининг хиёнатидан ўзини анчагача ўнглай ололмади. Шодиянинг отасини тинмасдан сўраши, кечалари билан йиғлаб чиқиши бағрини пора қиларди. Қайнота ва қайнонасининг Саодатга ачиниб қараши унинг бағрини баттар эзарди. Адҳамнинг Саодатни ташлаб кетганини Ҳилола бутун маҳаллага ёйиб чиқди. Қизининг аҳволини эшитган Саодатнинг ота-онаси уни олиб кетамизга тушишди. Аммо қайнота ва қайнонасининг «Кетманг, бизни набирамиздан ажратманг!» деб ёлворишлари сабаб уйда қолди.
Кунлар шу зайлда ўтар, овсини ҳар кўрганида «Яхши бўлганингизда эрингиз сизни ташлаб, бегонага кетмаган бўларди», дея кесатар, Шодияни «Тирик етим», деб масхара қиларди.
Саодат Ҳилоланинг бу гапларидан ичи зил кетса-да, ўзини эътибор бермагандай тутарди. Бу эса Ҳилоланинг баттар жаҳлини чиқарарди.
Адҳам Гулнозага уйланди. Ичкуёв бўлиб, хотинининг уйида яшай бошлади. Бошида чиройли кўринган ҳаёт аста-секин аслини кўрсатди. Корхонаси учун банкдан йирик кредит олди. Бозорда ўз ўрнини топа олмаган маҳсулотлар сотилмай, расталарда қолиб кетди. Банк кредитини йил охирида ҳам ёполмади. Корхона ёпилди.
Куёвининг ишлари орқага кетаётганини сезган қайнона ва қайнота уни росмана турткилай бошлашди. Ўзининг турмуш кўрмаган қизини ажрашган эркакка беришганини ҳар гапда қистириб ўтишарди. Гулноза эса дугоналари билан маишатдан бери келмас, вақтини қиммат ресторанларда вақтичоғлик қилиш учун сарфларди. Адҳам ичкиликка муккасидан кетди. Маст бўлган пайтлари Саодатни кўп эслар «Унинг уволига қолдим», дея йиғларди.
Бир куни хотинининг собиқ жазманлари ҳақида билиб қолгач, бўкиб ичди ва машинани бошқариб бораркан, узоқдан ота ҳовлиси кўзга ташланганида, машинанинг рулини кескин буриб юборганини ўзи билмай қолди. Шу онда машинанинг чийилаганию аёлнинг қичқириғи бутун кўчани ларзага келтирди…
Машина олдида ёш боланинг қонга беланган танасини кўрди. Адҳам нима қилганини билмас, мук тушганча қотиб ўтирарди… Ҳушига келгач, машинадан тушаркан, ерда ётган бола танасини кўрди. Бу Шодия эди.
Шодияни зудлик билан касалхонага олиб кетишди. Адҳам ўз қизи, ёлғиз жигаргўшаси — Шодиянинг ўлимига сабаб бўлганини Саодат кўтаролмади. Ақлдан озди.
* * *
Мен эса сизларга бу ҳикояни сўзлаб бераётган ўша аёл — Гулнозаман… Ҳа, бир фариштадек аёлнинг оиласини бузган ўша Гулноза. Фарзандини тирик етим қилган ўша Гулноза…
Тақдир мени ҳам жазолади. Уй-жойим кул бўлди. Ёнғиндан ота-онамни биз ҳеч қачон менсимаган инсонлар — қўшниларимиз қутқариб қолишди. Ҳозир ижарама-ижара сарсонмиз.
Руҳий касалликлар шифохонасида шифокорман. Ҳар сафар Саодатга қараганимда виждон азоби мени бир умр азоблаб келишини ич-ичимдан ҳис қиламан…
Барно ЁРҚИН қизи
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади