— Армонда қўйиб кетган энам-а, энам!.
Матназарларнинг кўримсизгина, кўча тарафи кесак девор билан ўралган ҳовлиси нақ қиёматни эслатади.
Ўртага сўри қўйилиб, тўртта уй тушган томон чойшаб билан ўралган. Чойшаблар ортида хотин-халаж баланд овозда йиғи-сиғи қилар, айниқса, кўчадан бирорта аёл кириб келса, йиғи товушлари янада авжланиб, бутун маҳаллани тутарди.
— Вой, энажонимдан айрилиб қолди-им! ғафлатда ташлаб кетган энам-а, энам! — Бу товуш Матназарники эди. У оғир гавдасини хиёл эгган кўйи қўлидаги ҳассани ерга уриб-уриб йиғларди. — Болаларини қиёматга ташлаб кетган энам-а, энам!.
Шу тобда унинг оёқлари остида беш яшар ёлғиз укаси Мардон пайдо бўлди. Унинг ҳам кўзларидан шашқатор ёш оқар, лаблари титраб-титраб кетарди.
— Ҳа, укажон, сен нега йиғлаяпсан? — Матназар аза тутишдан тўхтаб Мардонни қўлига олди. — Қўй, ҳеч бўлмаса сен йиғламагин!
— Бандалик экан, ука! — сал нарида тобут тепасида турган маҳалла оқсоқоли Ҳайдар ака уларнинг ҳолатини кўргач, тоқат қилолмай Матназарга яқин борди. — Чидайсизлар-да, энди! Ўлим ҳаммамизнинг бошимизда бор. Лекин энанг раҳматли жуда ёш кетди-да! Қирқ беш ёш-а, қирқ беш ёш! Сизларнинг тўйларингни, орзу-ҳавасларингни кўролмай кетгани чатоқ бўлди-да! Бардам бўл, ука, бардам бўл!.
Бу гаплар Матназарнинг кўнглини баттар бўшатиб юборди. У энди укасини маҳкам бағрига босганча ҳеч сўз демасдан ўксиб-ўксиб йиғлар, Мардон ҳам ора-сирада унга жўр бўларди.
* * *
Кунлар кетидан кунлар ўтиб Матназар онанинг биринчи ҳайитини ҳам ўтказиб олди. Яхшиямки, автобус ҳайдаркан. Бир ҳафтадан кейиноқ ишга чиқиб озми-кўпми пул тўплади. Ҳарқалай, бировдан қарз кўтармай барча маросимларни ўтказди.
Аммо уни Мардон анчагина қийнаб қўйганди. Ҳали ёш эмасми, баъзан энасини қўмсаб ярим кечалари ўрнидан туриб дод солади. Матназар қанча овутмасин, сира тинчланмайди. Ишдан ҳориб-толиб келганига қарамай, баъзи вақтларда эрта тонггача ҳовлида уни кўтариб тунни ўтказади.
— Ўғлим, қийналиб кетдинг, — деди бир куни оқсоқол унинг бола кўтариб ишдан қайтаётганини кўргач. — Қариндошларингам бор бўлсин. Биттаси келиб, «кел, шу болани биз катта қилиб берайлик», дейишга ярамади-я!
— Нимаям қилардим, оқсоқол! — ерга боқди Матназар. — Пешанамга шу кунлар ёзилган экан. Энамнинг рак бўлганини сезмай қолганим алам қилади. Сезганимда балки дўхтир-пўхтирга кўрсатиб давосини қилармидим.
— Бу касалга даво йўқ, ука. Барибир олиб кетарди. Фақат ёш кетди раҳматли. Энди менга қара, бир маслаҳатли гап бор. Юр, яхшиси, сеникига кирайлик, ўша ерда гаплашамиз!
Матназар оқсоқолни ҳовлига бошлади. Ҳайдар ака бу ҳовлига анчадан бери кирмаганди. Ҳовлининг тўзиб кетганини, айвон шифтларигача ўргимчак уя босганини кўриб норози бош чайқаб қўйди.
— Мана, ёшингам, адашмасам, йигирма бешга қараб кетди, — шошилмасдан гап бошлади Ҳайдар ака сўрининг бир четига омонатгина чўкиб. — Худога шукр, бир ишнинг эгасисан. Энди… Нима десам экан… Энанг раҳматлиниям ҳайитини ўтказиб олдинг. Эркак кишига йўл бор.
— Нимага йўл бор?
— Нимага бўларди? Сен уйланишинг керак, ука! Манави Мардонбойга қарайдиган бир аёл киши бўлмаса, оғир бўлади сенга. Ўзинг ўйла, қачонгача буни автобусда, шаҳарма-шаҳар олиб юрасан? Ҳадемай мактабга қатнайди. Ўшанда нима қиласан? Қолаверса, ўғил болага она керак. Бусиз бўлмайди.
— Ака, қўйсангиз-чи, бу гапларни! Ҳали энамнинг гўри совимай туриб тўй қиламанми бу ҳовлида?
— Ие, аза билан тўй доим ёнма-ён юрган. Сенлар қаердан билардинг бу гапларни? Ҳеч бўлмаса, манови гўдакни ўйласанг-чи!
— Оқсоқол, ахир, қайси келин гўдак қайнига оналик қиларди?
— Қиладигани топилади. Агар сен рози бўлсанг, ўзим биттасини мўлжаллаб қўйганман. Тўйдан хижолат бўлма! Маҳалла биргалашиб, амаллаб ўтказамиз.
— Билмадим, — тескари ўгирилди Матназар. — Негадир…
— Негадирингни йиғиштир! Биз сенга ёмонликни раво кўрмаймиз. Бўлди, тамом, эртага ишингни йиғиштириб турасан. Келин билан аввал учрашгин. Ана ундан кейин ота-онасини кўндириб келиш менга тан!
Матназар ҳеч нарса демади. Тўғри, у ҳам йигит, уйланиш ҳақида авваллари ўйлаб кўрган. Ўзича маҳалладаги баъзи қизларни кўз остига ҳам олиб эди. Фақат ҳар гал бўйининг новчалиги-ю, ўртоқларига ўхшаб тўлагина, келишган, кийган кийимлари ярашиб қолавермаслиги уни ташвишга солар, қай қизга кўз ташласа, дарров ўзини унинг ёнига хаёлан қўйиб кўрарди-ю, «бор-э» деганича қўл силтаб кетаверарди.
* * *
Матназарнинг янги кийимлари ҳам йўқ эди. Ишга киядиганларини кечқурун яхшилаб ювиб қуритди. Ўзи ҳам ювиниб, тайёр бўлди.
Эрталаб укаси Мардонни олиб оқсоқол ҳамроҳлигида келин билан учрашиш учун йўлга тушишди.
Келин бўлмиш икки қишлоқ нарида тураркан.
— Отаси дўкондор, — йўл-йўлакай уқтириб борди Ҳайдар оқсоқол. — Агар маҳкам ушласанг, еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлади. Уканг ҳам камлик кўрмай ўсади. Ҳарқалай, ўлик кўмгансан. Қўлинг юпқа.
Ҳайдар оқсоқол ҳаммасини олдиндан пухталаштириб қўйган эканми, сўнгги маҳаллани оралаб ўтиб кўк дарвозага етишгач, таққа тўхтади.
— Мана шу уйда учрашасан, — деди Матназарга. — Фақат қовун тушириб қўйма. Мулойим бўл, ширин гаплар билан келиннинг кўнглига йўл топ!
— Бўпти, — кулимсираб қўйди Матназар укасини елкасидан тушираркан. — Ёш бола эмасман-ку!
Шундан сўнг оқсоқол Матназар ва укасини ичкарига олиб кириб сўрига ўтқазди-ю, ўзи кўчага қайтди.
Ҳовли бўм-бўш эди. Фақат товуқларгина уёқдан-буёққа чопиб юришарди.
«Ишқилиб, ишим ўнгидан келсин-да», — ўйларди Матназар кирибоқ ўйинга маҳтал бўла бошлаган укасига ачиниш билан тикиларкан. — Мени-ку майли, укагинамнинг бошини силасайди. Ишдан келишимда уйим саранжом-саришта, кийимларим тоза бўлса, менга шунинг ўзи етади.
Қанча ўтирди, билмайди. Бир маҳал дарвоза очилиб, кимнингдир ҳовлига қадам қўйгани эшитилди.
Матназар беихтиёр ўрнидан туриб уёқ-буёғини тўғрилаган бўлди-да, секин дарвозахона томон юрди. Не кўз билан кўрсинки, остонада бир қўли осилиб тушган, икки оёғи икки томонга қараб қийшайиб, юзларини қандайдир тошмалар босган, йигирма ёшлар оралиғидаги бир қиз деворга суяниб турарди.
Қиз Матназарга кўзи тушгани ҳамоно секин ерга боқди.
“Наҳотки, оқсоқол айтган келин шу бўлса? — дея хаёл қиларди Матназар рўпарасидаги чўлоқ қизни кўздан кечириш асносида. — Кўздай қўшни, маҳалланинг каттаси бўла туриб нега мени алдади? Энди бир камим чўлоқнинг кетидан югуриш бўладими?..”
Матназар бирпас қизни кузатиб турди-да, келиб дарвозани очди.
— Ўзим ҳам сезгандим, — кутилмаганда сўз қотди қиз ердан кўзини узмай. — Аммо уйимдагилар қўйишмади.
Матназар таққа тўхтаб, қиз томон ўгирилди. Унинг кўзлари ёшланиб, лаблари титрай бошлаганди. Шу тобда қизга ачиниб кетди. Тош қотган кўйи унинг сўзларини тинглашда давом этди.
— Мен чўлоқман, — йиғи аралаш сўзланарди қиз. — Шундай туғилган бўлсам, нима қилай? Лекин менам бахтли бўлишни истайман. Фарзанд кўришни, болаларимни эркалашни истайман.
— Мен сизни тушунолмадим, — деди Матназар қизга яқинроқ бориб. — Нега бу гапларни менга гапиряпсиз? Ҳали сизга бирор оғиз сўз айтмадим-ку!
— Айтмасангиз ҳам, кўз қарашларингиздан сездим. Ҳозир чиқиб Ҳайдар акани уришмоқчийдингиз. Майли, чиқаверинг, ёқмаган бўлсам. Ўзи кимга ёқибманки, энди сизнинг кўнглингизга ўтирсам?
Матназар индамади. Нима десин? Умрида чўлоқ қизларга рўбарў бўлмаган. Боягина кўнглидан кечирган гаплар тутундай тарқаб, энди қизга нисбатан кўнглида аллақандай меҳрни, шу қаторда ачиниш ҳиссини туйди.
«Бу қиз мен ўйлаганчалик ёмон эмас шекилли, — деди ўзига-ўзи қиздан кўзини узмай. — Юраги тўла дард экан. Бундай қизлар оқила, уйим-жойим дейдиган бўлишади. Ана, келишган, соғлариниям кўряпмиз кўчада. Бу қиз ҳақиқий менбопга ўхшайди. Чўлоқ бўлса нима қипти? Худодан-ку! Рўзғор ишларида бироз қийналса, ўзим ёрдам берарман».
— Исмингиз нима? — ўртадаги жимликни бузди Матназар.
— Ҳамида.
— Меникини билсангиз керак-а?
— Биламан. Укангизникиниям биламан.
— Унда сиз шу ерда ўтира туринг, мен ҳозир келаман.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, Матназар ҳовлига қайтиб кирди. Ҳозир Ҳамида укамни ёнига олиб астойдил гаплашаётган бўлса керак, танишиб олишгандир, деб хаёл қилганди. Бироқ остона ҳатлаб ичкарига кирганда, Мардон ҳамон товуқлар ортидан қувлаб ўйнар, Ҳамида эса, кетаётганда қандай ўтирган бўлса, шу тахлит ўтирарди…
* * *
Тўполон билан тўй ҳам ўтди. Оқсоқол ваъда қилганидек, тўйни Ҳамиданинг отаси ўз ёнидан қилиб берди. Қўшни аёллар ҳамма ёқни тозалаб, ҳовлини одам кўрса бўладиган қилиб беришди.
— Мен бугун ишдан кечроқ қайтаман, — деди катта-кичик маросимлар ўтиб ёлғиз қолишгач Матназар. — Ҳовлини яна бир супур-сидир қилиб қўярсиз. Мардон оч қолиб кетмасин тағин. Бирор овқат қилиб ичиринг!
Шундай деди-ю, ишга йўл олди.
Қайтиб келганда Мардон томорқадан урина-сурина ўтин ташир, Ҳамида ўчоқбошида астойдил ўтириб олганча болакай судраб келган ўтинларни ўчоққа тиқиш билан банд эди.
— Бу нимаси, Ҳамида? — югуриб келиб укасини қўлига олди Матназар. — Нега гўдакка ўтин ташитяпсиз? Қаранг, ҳаммаёғи кир-чир! Ювинтириб қўймадингизми?
Ҳамида ўтирган ерида ялт этиб Матназарга қаради:
— Ҳалитдан менга буйруқ бера бошладингизми?
— Нима? Ахир… Бу менинг жигарим, шундан бўлак яқиним йўқ.
— Укангизни ювинтира олмайман. Чунки, мен чўлоқман. Оёғимни зўрға судрайман-у…
— Хотинликка яраяпсан-ку, аҳмоқ! — тўсатдан бақириб юборди Матназар. — Тўйимизга ҳадемай бир ой бўлади. Майли, майли, деб унча-мунча ишни ўзим бажариб келяпман.
— Овқат қилганингизни пеш қиляпсизми? Қилган бўлсангиз, дадамнинг пулларига келган масаллиқларни пишир-куйдир қилдингиз. Мен сизга бошида айтдим-ку, чўлоқман, оғир ишга ярамайман, деб!
Матназар нима дейишни билмасди. Уришиб ташлай деса, қинғир-қийшиқ оёқ-қўлларига боқиб раҳми келади. Қолаверса, тўйига бир ой бўлмай жанжал чиқарибди, дегувчилардан истиҳола қилади.
Индамасдан ичкарига кирди-да, Мардонга ўзи олиб келган сомсаларни едира бошлади.
Болакай эрталабдан оч эканми, иккита сомсани кўрдим демай паққос туширди. Бундан билдики, Ҳамида Мардонга умуман қарамаган.
— Ҳали шошмай тур! — деди овоз чиқариб. — Бурнингдан сим ўтказиб ишлатаман сени! Менинг укамга қарамаяпсанми, адабингни бераман.
Жаҳл отига минган Матназар даст ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Ҳамон олов ёқолмай тутун ҳайдаш билан овора бўлиб ўтирган Ҳамиданинг тепасига бориб ўчоқни тепиб юборди…
* * *
Умр ўтиб борарди. Матназар Ҳамида билан саккиз ой яшаб қўйди. Шу орада уйнинг бир ўзи яшаган вақтдагидан ҳам баттар ифлосланиб, идиш-товоқнинг ювиқсиз, пашша босиб қолиб кетишига кўникди.
Онасидан таълим олмаган уқувсиз хотинни қанча жавраб тергамасин, уйдаги деярли барча юмушларни ишдан кейин ўзи бажарадиган бўлди. Ҳамида, ҳатто тугма қадашни билмасди. Унинг игна ушлашига қараб асабийлашмаслик учун бу юмушниям ўз бўйнига олди.
Шартта ажрашиб кетишга эса энди кеч эди. Ҳамида ҳомиладор бўлиб қолган, ой-куни яқинлашгани сайин ташқарига камроқ чиқадиган бўлган, кун бўйи китоб ўқиб вақт ўтказишга одатланганди.
— Жонимдан тўйиб кетдим, ака, — деди кунларнинг бирида масжиддан қайтаётган Ҳайдар оқсоқолнинг йўлини тўсиб. — Кимни менга рўпара қилгансиз ўзи-а?
— Ҳаддингдан ошма, бола! — қўлини пахса қилиб дўқ урди оқсоқол. — Сенга маҳалла ёмонликни раво кўрармиди?! Хотинли бўлдинг, ишдан келишингга чироғинг ёниб туради. Кутиб оладиганинг бор. Яна нимага нолийсан?
— Ахир, бу хотин ҳеч нарсани билмас экан! Эпи бўлмаса нима қилай? На овқат пиширади, на ёлчитиб кир ювади. Ҳовлини-ку, ўзим тозалаб турмасам, ташландиқ макондан фарқи қолмасди.
— Сен ўйлайсанки, қизларнинг ҳаммасиям тап-тайёр бўлиб борармиди эрникига? Рўзғор бошига тушгандан кейин униси-бунисига қараб секин ўрганади-да! Намунча ошиқавермасанг? Сабрли бўлиши керак одам дегани.
— Ака, нега ишонмайсиз? Нонниям шу келгандан бери новвойдан сотиб опкеладиган бўлганман.
— Бўлди, бас қил! Нон бўлса, бир гап қилармиз. Келинимга айтаман, эртага нон ёпиб беради. Сенам тушунгин, ярим жон бўлса! Бундайларнинг бошини силасанг-чи, ука, кам бўлмайсан. Икки дунёинг жаннат бўлади. Бор, уйингга кир, кеч бўп қолди!
(давоми бор)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади