— Қани, ич ароқни! — иккинчи маротаба буюрди Матназар дўкондорга. — Мен гапимни икки қилганларни ёмон кўраман. Ич!
Ботир дўкондор масхараомуз жилмайиб турган қиморбоз йигитларга бир-бир умидвор термилиб олгач, кўзларини чирт юмиб, ароқни кўтарди.
— Мана бу бошқа гап! — Матназар унинг қўлидаги пиёлани зарда билан тортиб олди. — Қанийди, ҳаётда ҳам мана шунақанги ўғил бола бўлсанг! Энди гап бундай, — Матназар йигитларга маъноли кўз қисиб қўйди-да, давом этди: — Мен қароримни ўзгартирдим. Сен қимор ўйнамайсан. Аксинча, мен ўша қизинг ўтирган уйга қўшиб сенинг дўконингни ҳам сотиб оламан.
— Ахир… дўкондан…
— Ўчир овозингни! Сотасан. Ичидаги ашқол-дашқоли билан беш юз мингга оламан. Хўш?..
Ботир дўкондор ранги оқарган кўйи оҳиста бошини кўтарди:
— Ўғлим, биламан, сиз қамоқда эканингизда нотўғри ишлар қилиб қўйдик. Бўйнимга оламан. Аммо дўконни сотолмайман. Тирикчилигим ўшандан бўлиб турибди.
— Шунақами? Жуда яхши. Ҳали сен бизнинг ким эканимизни билмас экансан.
Матназар дўкондорга яқин келиб, томоғидан олди.
— Бундан ўн йил олдин, худди мана шу ҳовлида, сенга ўхшаган бир маразнинг жонини суғуриб олгандим. На илож! Сенга ўхшаганларнинг кўзини фақат ўлим очади. Сарибой!
Остонада уларни кузатиб турган шеркелбат йигит Матназарнинг рўпарасига келиб шай турди:
— Ака, нима қилайлик?
— Ҳозир писмиқ иккаланг, мановини йўлнинг нариги четидаги пайкал орқали толзорга олиб борасан. Сувга бўктириб ўлдиринглар!.
— Йўқ, йўқ!. Жон ўғлим, жўжабирдай жонман! Биласиз-ку, болаларим ногирон! Раҳм қилинг! Майли, айтганингизни қиламан! — Ботир дўкондор кутилмаганда Матназарнинг оёқлари остига йиқилиб, тиззаларини қучоқлаб ялина бошлади. — Худо хайрингизни берсин, ўлдирманг мени!.
Матназар куч билан тортиб, қарияни ўрнидан турғазди:
— Мегажин қизингга ўзинг тенги чолни топиб, янаям бойиб қолгандирсан-а? Ё устимдан кулмоқчи бўлдингми?
— Гуноҳкорман! Аҳмоқлик қилиб қўйдим, ўғлим!
— Ўғлимлама! Сенга ўғил бўлгандан кўра, ўзимни осганим яхши. Ҳозир йигитлар билан бориб, уй ва дўконнинг ҳужжатларини олиб келасан. Бировга ғинг, демайсан. Овозинг чиқса, йигитлар аяб ўтиришмайди.
— Хўп бўлади!. Ҳозироқ олиб келамиз, — дўкондор Матназарга қайта-қайта қуллуқ қилганча эшик томон йўналди.
Ботир дўкондор Сарибой ва Писмиқ ҳамроҳлигида ташқарига чиқиб кетгач, Матназар овозининг борича кулиб юборди.
* * *
Орадан бир соатча вақт ўтди. Матназар ширакайф ҳолда Саримсоқ билан қарта ўйнаб ўтирганда, тўсатдан уй эшиги очилди-ю, остонада Ҳамида пайдо бўлди. Унинг эгнида қимматбаҳо ялтироқ кўйлак, бўйнида тилла занжир, бармоқлари узукларга тўла эди. Аммо ранги оқариб кетган, кўзлари аланг-жаланг.
Матназар уни кўриб, сира ўзгармади. Кайфдан кўзлари қисилган кўйи секин ўрнидан турди-да, икки қўлини белига тираб совуқ кулиб қўйди.
— Нега отамга зуғум қиляпсиз? — ўртадаги жимликни бузди Ҳамида. — У сизларга нима ёмонлик қилди? Ҳозироқ милисага бориб…
— Овозингни ўчир! — тўсатдан уни иягидан тутиб бошини юқорига кўтарди Матназар. — Ҳаром оёқларинг билан бу даргоҳни босиб келишга қандай ҳаддинг сиғди? Милисага борармиш. Қўрқади, деб ўйладингми?
— Менинг оёғим ҳароммас. Отамни тинч қўйинг!
— Отанг гуноҳга ботган, — деди Матназар Ҳамидани қўйиб юбориб. — Гуноҳларини ювиши керак.
— Болангизнинг ҳурмати йўқми?
— Нима? Қайси боламнинг? Анови қари эрингнинг хизматини қилиб юрган қизчани айтяпсанми? Мени ўзинг ёмон кўрсатган, «кўрсанг, қочиб кетгин, ўлдириб қўяди», деб тайинлаган қизчани айтяпсанми? Қандай ифлоссан-а? Эрингнинг устига бировга тегиб, яна ҳеч гап бўлмагандай ҳузуримга келганингни қара! Уялмайсанми?
Бу гапларни кутмаган эканми, Ҳамиданинг боши эгилди. Бир муддат каловланиб тургач, секин эшик томон юрди. Лекин дарров чиқиб кетмади. Остонада тўхтаб қайтадан Матназар томон ўгирилди:
— Кечиринг, отам мажбурлаганди. Эринг мендан қарздор. Мана шу уйини таъмирлатиб сенга хатлаб бераман, келса, қаерда яшаса, яшайверади. Сени бойваччага бериб, ундан қасдимни оламан, деявериб ҳол-жонимга қўймади. Кечиринг! Фақат отамга тегманглар!.
Матназар ҳеч нима демади.
Шу лаҳзаларда Ҳамидага нисбатан шу қадар нафрати ошиб борардики, бўғизлаб ташлашга тайёр эди.
* * *
Иш анча олдинга силжиб қолгани икки-уч кун ичида Ботир дўкондорнинг дўкони, ўз уйи қўлга кирганидан кейин кўрина бошлади. Озчилик бўлишса-да, қишлоқ одамларининг юрагини олишга улгурган тўрт йигит Матназарнинг қўлтиғига кириб ҳовлидан Ҳамидани ҳам, шаҳарлик қари эрини ҳам қувиб солишди. Кўз очиб-юмгунча дўкон қишлоқ гузарига кўчирилди. Ойнаванд эшик тепасига «Супермаркет» деб ёзиб қўйилди.
— Саримсоқ, энди ақлни ишлатиб иш кўрмасак бўлмайди, — деди Матназар, куз кираётганидан дарак бериб битта-биттадан тўкила бошлаган дарахт япроқларини оёғи билан эзғиларкан. — Гап бундай, мен бугун қолган-қутган пулларни чамалаб чиқдим. Бошланишига яна уч-тўрт нафар сенларга ўхшаш норғул йигитлардан олмасак бўлмайди. Катта иш бошлашимиз керак.
— Қанақа катта иш? — ҳайрон бўлиб Матназарнинг кўзларига боқди Саримсоқ. — Қимор онда-сонда бўлсаям ўйналиб турган бўлса!
— Э, соддасан, ука! Шу ҳам ўйин бўптими? Катта-катта ўйинлар ўтказиб, мўмай даромад кўриш пайти етди, деяпман. Қиш киргунича яқин атрофдаги қишлоқларга қарашли дўконларниям ўзимизники қилиб олишимиз керак, уқдингми? Битта дўкон билан иш қилиб бўларканми?
— Тўғри айтасиз. Кўпайтирсак, ортиқчалик қилмайди. Айтганча, — Саримсоқ нимадир эсига тушгандек, бошини чангаллади, — Кеча эшитиб қолдим. Шаҳарда эртага катта қимор бор эмиш. Бориб бир ўйнаб кўрмаймизми?..
— Ютқазиб қўйсак-чи? Ҳарқалай, шаҳарликлар биздан кўра кучлироқ.
— Буниям ўйлаб қўйганман. Бордонқишлоқда зўр бир акахон бор. Ошиқ тепишни-чи, «тешиб» қўяркан. Яқинда суҳбатида бўлгандим. «Агар бош бўлиб турадиган одам топилса, шаҳарга бориб бир ошиқ тепгим бор», дегандай қилди. Шуниям ўзимизга қўшволсак, қандай бўларкан-а?
— Ишонса бўладими ўзи унга? Ёши нечада?
— Адашмасам, ўттиз бешларга борган-ов! Жиддий одам. Маҳалласида унга тенг келадигани йўқ экан.
— Бўпти, бу ҳақда ўйлаб кўрамиз. Ҳозир сен боргин-у, Писмиқ билан маслаҳатлашиб спортчи, чаққон йигитлардан уч-тўрттасини топ! Хизмат ҳақини ўзим гаплашаман.
* * *
Шаҳарда ўтадиган қимор Матназарни ҳам қизиқтириб қўйди. У қиморхонада бир ўзи қолгач, кийимларининг энг яхшиларини танлаб, дазмоллади, соқолини олди. Шундан сўнг куз ҳавосидан нафас олиш ниятида кўчага чиқиб, маҳалласи томон кета бошлади. Чамаси, икки юз метрлар юрди-ёв! Пахта пайкаллари тугаб, қишлоқ бошланадиган жойга етганида, бирдан тўхтади. Анча нарида кимдир келаётгандек туюлди. Қадам ташлашига қараганда, аёл кишига ўхшади. Матназар шарпанинг яқинроқ келишини кутиб турди. Яқинлашиб қолганида эса юраги нақ қинидан чиқиб кетаёзди. Чунки, келаётган одам қизи Жамила эди. Ота экан-да, юраги ҳовлиқиб, қувончини ичига сиғдиролмай қолди.
— Қоронғида нима қилиб юрибсан, қизим? — Жамилани маҳкам қучиб, юзларидан ўпди Матназар. — Бу ерларда нима кўп, ажина кўп!
— Сизни Сотволди амакиникида, деб эшитиб қолгандим, — деди Жамила. — Соғиниб кетдим сизни, дадажон!
— Ўзимнинг асал қизим-ей! Соғинсанг, бир ўзинг қоронғида чиқиб келавердингми?
— Мен қоронғидан қўрқмайман.
— Шунақами? Яша! Хўш, уйда, қишлоқда нима гаплар? Тинчликми ишқилиб?
— Бобом тўполон кўтариб юрибди. Ҳар куни ичиб келиб, аямга кун бермайди.
— Ичиб келиб? Йўғ-э?
— Ҳа-да, бугун пешинда ичволиб масжидга кирган экан, имом олдига солиб қувибди. Дада, сиздан бир гап сўрасам майлими?
— Сўра, қизим!
— Аям сизни ҳалиям яхши кўради. Бизни ташлаб кетманг, дадажон!
Бу гапдан Матназарнинг мияси отилиб кетгандай бўлди. Танаси титраб, пешанасини совуқ тер босди.
— Бу гапни сенга ким ўргатди? — сўради у Жамиланинг икки юзидан тутиб.
— Ҳеч ким ўргатгани йўқ. Аям ҳозир ҳам йиғлаб ўтирибди.
— Шунақа дегин? Сен хавотир олма! Аянг бугун йиғласа, эртага, албатта, юпанади.
— Уйимизга қайтмайсизми? Анови қари амаки кетди-ку!
— Қизим, ўзинг ақлли қизсан-ку! Шунча ишлардан сўнг қандай қайтаман? Тўғри, сени жонимдан ортиқ кўраман. Аммо аянг мени қаттиқ ранжитган. Буни катта бўлганингда тушуниб оласан.
— Мен-чи? Мен сизни соғинсам-чи?
— Соғинтириб қўймайман сени. Ўзим тез-тез хабар олиб тураман, хўпми? Ма, манови пулларни олиб, эртага бозордан ўзингга чиройли кўйлаклар сотиб олгин!
Матназар чўнтагидан бир даста пул чиқариб, Жамиланинг қўлига тутқазди.
— Энди, юр, сени қишлоққача кузатиб қўяй! Эрта-индин яна кўришамиз.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади