— Турмуш ўртоғим етти йилга қамалган эди. Қайтганига олти ойдан ошган бўлса-да, ҳали ҳам ишсиз. Болаларимиз ейман-ичаман, деб турган бир пайтда эркакнинг уйда ўтириши қайси мантиққа тўғри келади?! Лавозимда ўтиргани учун оддийроқ ишларни писанд қилмайди, тузукроқ жойга эса таклиф қилишмайди.
Ақалли уйда ўтириб ҳам бирон ёзув-чизув билан шуғулланмайди. Оилани боқиш, рўзғор қилиш, тўловларнинг барчаси менинг зиммамда. Бир менинг маошим билан рўзғорни бут қилиш жуда қийин бўляпти. «Айтишади-ку, эркакнинг топганида ҳикмат бор, аёлникида миннат», деб. Асти миннат қилмаяпман, лекин эркак киши уйда ўтирмасин экан. Ғирт эзмага айланаркан. Ҳали қараса, овқатимдан камчилик топади, яна бирда болаларнинг тарбиясидан шикоят қилади. Ахир бу болалар фақат меники эмас-ку! Тағин айни отага муҳтож бўлишганда хўжайиним озодликда эмасди.
Отасининг қамалгани фарзандларимнинг руҳиятига ёмон таъсир қилди. Ўқишда, маҳалла-кўйда, ҳамманинг олдида юзлари шувут бўлди. Мен ҳам додимни кимга айтай? Тақдирнинг тор кўчаларида ёлғиз аёлнинг ярим кўнгил бўлиб қолишига ким айбдор? Мен ҳам бошқа аёллар каби бахтли бир оиланинг беғам бекаси бўлиб яшашни истагандим, дунё сўрамагандим.
Шўрпешона, омадсиз бундай одам билан бошқа яшагим келмаяпти. Болаларим ҳадемай қанотимга айланишади. Турмуш ўртоғим ёнимда бўлмаганида ҳам уддаладим-ку, бу ёғига ҳам амаллайман. Унга хиёнат қилмадим, оиламнинг бошини хам қиладиган ишлардан йироқ бўлдим. Қолган умримни эримнинг хизматини қилиш билан ўтказмоқчи эмасман…
Жаноблардан нома: «40 ЁШИМИЗДА АЁЛИМ АЖРАШМОҚЧИ…»
— Мунира билан севишиб турмуш қурганмиз. Оила қурганимизда мен катта бир курсининг эгаси эдим. Унинг ҳам олий маълумотли бўлишини истаб, гарчи ўзи унчалик хоҳламаса ҳам институтга ўқишга киришига кўмак бердим. Бу орада фарзандларимиз туғилди. Бола билан ўқиш осон эмаслигини билсам-да, «Ўқиганинг эртага ўзингга фойда», деб мажбурлаб бўлса ҳам ўқишга жўнатардим. Болаларга энага ёллагандик.
Рўзғоримиз доимо тўкин бўлган. Аёлимнинг ишлашига сира эҳтиёж сезмаганман. Лекин жамиятга қўшилган аёлнинг дунёқараши кенг, фикри тоза бўлади деган мақсадда уни ишга ҳам жойлаб қўйдим. Бошида бироз қийналди, кейинчалик ишга боришга мендан олдин тайёр бўлиб турадиган бўлди. Туғилган кунида машина совға қилиш ниятида эдим. Бу янгиликни эшитган Муниранинг қувончини кўрсангиз эди! Фарзандларимизни энг яхши боғча-мактабларга бердик. Бугунимдан кўнглим тўқ эди, аммо бандаси эртага нима бўлишини билмас экан.
Кунларнинг бирида нохуш ҳодиса юз берди. Жуда катта миқдорда тузилган шартномаларда менинг сохталаштирилган имзом бошимга тўқмоқ бўлиб тегди. Туҳмат қилган ҳамкасбларим мактабдош дўстларим эди. Жуда оғриндим. Пулни-ку, жойига қўйиш мумкин, аммо кўнгилни, оқибатни жойига қўйиб бўлмас эди. Менга нисбатан жиноий иш очилди. Корхонага етказган зараримни (судда шундай дейишди) тўлаб берсам, муддат камайтирилар экан. Ота-онам нима қилиб бўлса ҳам мени қутқариб қолиш ҳақида ўйларди. Уй-жой, машиналарни сотиб, қарзни ёпдик. Аммо мен етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиндим. Дўст-биродарларим, элу халқ олдида шармисор бўлдим. Ҳамманинг юзини ерга қаратдим.
Афсуски, «Мен туҳматдан қамалдим», деган гапни атрофдагиларга уқтириб бўлмайди. Биқиқ ва нам ҳужрани эсласам, кўнглим айнийди. Лекин ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган ўша қамоқхонада ота-онам, аёлим ва болаларимни шунчалик соғиндимки, юрагим аламдан, ҳасратдан кул бўлганди. Ёруғ кунлар етиб, уйимга қайтдим. Бу пайтда оилам ота-онамникига кўчиб ўтганди. Қайтган куним уйда тўй бўлди. Онамнинг тутдек тўкилиб қолганини кўриб, ичим зил кетди. Туҳматнинг қурбонига айланган нотавон ўғлини деб умрининг қанча фурсатини бой берди экан бу муштипарим.
Мунирадек садоқатли аёлим борлигидан фахрланиб кетдим ўшанда. Бугун турмуш қурганимизга йигирма икки йил тўлди. Афсуски, орзиқиб кутган кунларим оғриқли тунларга алмашди. Аёлим бу муддат ичида тамоман ўзгарибди. Қамалганимни, ҳали ҳам ишга жойлашмаганимни, шунча пайт уйнинг эркаги бўлиб, ҳаммани боққанини айтиб дилимни хуфтон қилди. Ахир шу кулфатлар бўлмаганда мен уни шунчалар қийин аҳволга солиб қўйган бўлармидим?.. Уни шу пайтгача юрагимнинг туб-тубида асрагандим. Унинг сабрига, садоқатига ҳеч шубҳам йўқ эди. Аммо ишончимни чил-чил синдирди. Иш сўраб кирмаган идорам қолмади, ҳаммаси қора тамғадан ҳазар қилса, мен нима қилай?!
Биламан,бу — синов! Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Аммо хотинимни таниёлмай қоляпман. Нуқул ота-онамдан шикоят қилади. Фарзандларим ҳам менга бегонадек муомала қилишади. Болаларнинг миясини ҳам заҳарлаганга ўхшайди. Хуллас, Мунира ажрашмоқчи. Ҳаётимнинг бир марта барбод бўлгани етмагандек, энди бира тўла йўқ бўлиш арафасида турибди. Менга оиламсиз умрнинг қизиғи йўқ. Ёш йигит бўлсам экан, янгидан бошласам ҳаммасини. Қирқдан ошган кишиман. Фарзандларим билан бирлашиб, эртамиз учун режалар тузадиган пайтим-ку, ахир. Маслаҳатингизга муҳтожман, азизларим! Бир оилани пароканда бўлишдан сақлаб қолсангиз, бошим осмонга етган бўларди…
Зиёда АШУРОВА, руҳшунос:
— Бу каби мураккаб вазиятга тушган эркак биргина сиз эмассиз. Хурсанд бўлишингиз керакки, ўтган вақт мобайнида аёлингиз шаънингизни булғайдиган иш қилмабди. Ота-онангизни ёлғиз қолдирмабди. Унинг қилган шикоятидан сира малолланманг. Чунки аёл киши ҳиссиётга берилувчан бўлади. Бугун айтган гапидан эртага тониб туради. Ҳаётининг мунаввар онларини яшаётган ҳар қандай аёлнинг бошига шундай кулфат тушса, алмазада бўлиб қолиши аниқ.
Ёлғиз аёлнинг кўрган куни қурсин. Баъзида эркак кишининг ўзи бир рўзғорни бут қилолмай қолади. Айниқса, болаларингизнинг ўтиш давридаги инжиқликлари Мунирахонни қаттиқ изтиробга солгани тайин. Шунинг учун аёлингизнинг ҳамма гапларини ҳам ростга йўяверманг. Ахир шунча йилдан буён биладиган аёлининг кўнглини тополмаса, нима деган гап? Сиз буни уддалайсиз! Аёлингизни бошқа ёлғиз қолдирмаслигингизни, яна ҳаммаси аввалгидек бўлиши учун у ёнингизда бўлиши шартлигини айтинг. Бахтли кунларингиз муҳрланган суратларни, видеотасмаларни бирга томоша қилинг. Ҳеч бирингизга осон бўлмаган, аммо ажрашсангиз бундан-да қийин кунлар бўлади. Икки ўртада бўйи етган болаларнинг уволига қолишдан қўрқинг. Шу ерда бир ривоятни сўзлаб берсам.
Муфаззал бин Қайснинг турмуш шароити оғирлашиб, етишмовчилик ва қашшоқлик уни танг аҳволга солиб қўйган, бўйнигача қарзга ботиб кетган эди. У бир куни имом Жаъфар Содиқнинг ҳузурига бориб, ўз аҳволидан нолиди. Бошига тушган қийинчиликларни ипидан игнасигача гапириб берди:
— Фалон миқдорда қарзим бор, билмадим, уни қандай тўлайман. Фалон миқдор харажатим бор. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Гангиб қолдим. Қай эшикка борсам, ҳаммаси мен учун берк…
Муфаззал сўзи охирида имомдан дуо қилиб, мушкулларини осон қилишда ундан ёрдам сўради.
Имом ўша ерда турган шогирдига буюрди:
— Боргин-да, Мансур бизга юборган бир қоп тиллани олиб кел!
Шогирди келтирган тиллани Муфаззалга узатаётган имом:
— Ол, бу қопда 400 динор бор. Турмуш шароитингни яхшилаш учун ёрдам деб қабул қил, — деди.
— Сизнинг ҳузурингизга пул сўраб келмагандим, дуо тилаб келган эдим, — дебди эсанкираб Муфаззал.
Имом Жаъфар Содиқ Муфаззалнинг бу сўзларига жавобан:
— Жуда яхши, дуо ҳам қиламан. Аммо сенга бир гапни айтиб қўяй, одамларга турмушингдаги ҳар қандай майда-чуйда гапларни миридан сиригача айтиб юрма. Бу гапларингдан сўнг улар ҳам сени майда одамлар қаторига қўшиб қўйишини унутма. Ҳурматинг ҳам йўқолади, — деган экан.
Бу ривоятдан хулоса шуки, оилангизда бўлаётган ҳар қандай муаммоларни фақат ичкарида ҳал қилинг. Ошкоралик эркак қавмига хос хусусият эмас. Оилани сақлаб қолиш учун бор имкониятингизни ишга солинг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.
Лобар ҚАНДАҲОРОВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади