00:17 / 01.11.2018
9 187

Бир кечалик келинчак… (12-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (12-қисм. Биринчи фасл)
Туҳмат тоши оғир бўлади. Уни кўтаришга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди. Насиба ҳам бир юзсизнинг туҳматлари зарбидан сал қурса эгилай дерди. Шу аҳволда машинасига ўтирди-ю, рулга бош қўйиб оғир хўрсинди. Орқа ўриндиқда эса Билол ўтирар, Насибанинг аҳволини кўргандан бери ҳайрон эди. Аммо савол беришга шошилмасди.

Насиба бир неча дақиқа шу тахлит ўтиргач, илкис бошини кўтарди ва машинанинг кичик кўзгучасидан орқа ўриндиққа қаради.

— Вой, ўзимнинг ташвишларим билан бўлиб сиз борлигингизниям унутибман, — деди у. — Узр!

— Бир нарса сўрасам майлими, опа? — эҳтиёткорона сўради Билол.

— Йўқ, — деди Насиба. — Мен сиздан сўрайман ўша бир нарсани.

— Майли, — бош қашиб қўйди Билол. — Бемалол сўрайверинг, опа!

— Ўзи ёшингиз нечада?

Билол ёшини айтди.

— Мендан икки ёш кичик экансиз. — деди Насиба жилмайиш қилиб. — Бемалол ука деяверсам бўларкан.

— Бемалол.

— Ҳа-а, сўрамоқчи бўлганим… Бекатда нега ўтиргандингиз? Бирор ерга бормоқчимидингиз?

— Ҳ-ҳа, — тутилиброқ жавоб қилди Билол. — Марказий кутубхонага бормоқчи бўлгандим. Кейин… Сизни кўриб фикримдан қайтдим…

Насиба суҳбатни давом эттириш ўрнига қайта-қайта хўрсиниб олди. Билолнинг мелисага арз қилиш нияти йўқлигига яна бир карра амин бўлиб кўнгли ёришди. Лекин солиқчининг зуғуми, қўрқитишлари ёдига тушди дегунча юзи қайтадан тундлашди.

— Опа, тинчликми? — орадаги сукутни бузди Билол. — Мазангиз йўқми?

— Э, ука, мазам йўқ бўлса яхшийди шундан кўра. Қуриб кетсин дунёлариям!

— Нега ундай деяпсиз? Нима бўлди? Балки менинг ёрдамим тегиб қолар?

Насиба талабанинг шу бир оғиз сўзи қалбини эритгандек ҳийла енгил тортди. Бу йигитнинг кўнгли очиқлигига шубҳаси қолмади. Дунёда кам бўлса-да, шундай одамлар борлиги учун шукр қилди.

— Сиз ёрдам бера олмайсиз, — деди у ташқарига ҳиссиз боқаркан. — Улар ваҳший ҳайвондан баттар. Сизниям қўшиб ютворишади.

— Жа унчаликмасдир? — жонланди Билол. — Улар ҳам бизга ўхшаган одам-ку, опа!

— Шундайликка шундай-ку-я, лекин улар барибир ёмон одамлар. Тутган ерини кесади.

— Бояги одам сизни хафа қилдими? Айтинг, опа, мениям бошимдан кў-ўп иссиқ-совуқ ўтган. Балки арзимаган бўлсаям ёрдамим тегар? Илтимос, опа, айта қолинг!

— Уф-ф… Менданам қайсар экансиз, — маъюс жилмайиб кўзгуча орқали Билолга қараб қўйди Насиба. — Ўша нусха солиқ ташкилотининг бошлиғи. Худо қарғаган. Нимаймиш, мен ўша сиз борган клубни тезликда унга сотишим керакмиш. Бир дунё туҳматни бошимга ёғдирди. Бошимдан оёғимгача мағзава тўкиб ташлади… Нима қилишни билмай қолдим… Ўлиб кетсин бизнеслариям!..

— Ёмон одамларакан-да! — деди Билол қовоқ уйиб. — Лекин иш берса уни тўхтатишнинг битта йўли бор.

— Қанақа йўл? Менимча ундайларни фақат худо тўхтатса керак.

— Ҳаракат қип кўриш зиён қилмайди, опа.

— Хўп, зиён қилмаса, айтинг. Қанақа йўл.

— У яна сизнинг олдингизга келишини айтдими?

— Йўқ, аммо кўнглим сезиб турибди. Бугун тағин пешонамда пайдо бўлади.

— Унда мениям ёнларингда ўтиришимга рухсат берсангиз, ўша усулимни ишга солардим.

— Қанақа усул? Айтинг-да чўзмай!

— Менда диктофон бор. Бор гапни ўша диктофонга ёзиб оламан. Кейин сизга бераман. Сиз қўнғироқ қиласиз-да, ҳақиқатни айтасиз. «Агар яна безовта қилсанг, ёзувни прокуратурага топшираман», дейсиз. Қалай, опа? Зўр ўйлабманми?

— Жа шустрий экансиз-ку-а? — кулди Насиба. — Қаерликсиз?

— Бухоро томонлардан.

— Ҳа-а, яхши. Бухорога бормаганман-у, аммо яхши жойлар дейишади. Зиёратгоҳларини мақташади.

— Тўғри… Опа, таклифимга нима дейсиз?

— Ҳ-ҳа-я, қаранг, дарров эсимдан чиқай дебди… Умуман, ёмон таклифмас.

— Унда бошлай қолайлик!

— Солиқчи келсин-да олдин! Диктофонингиз ўзингиздами?

— Ҳа, ёнимда. Доим ёнимда олиб юраман буни.

— Бўпти, унда ҳозир ресторанга борайлик, бирга тушлик қиламиз.

— Ресторан? — Билол бирдан ўзгарди. Ранги гезарган кўйи асабий лаб тишлади. — Й-йў-ўқ, опа, бу менга тўғри келмайди. Талаба одамга ким қўйибди ресторанда овқатланишни? Йў-ўқ, опа, узр!..

— Нега унақа дейсиз? Нима, талаба одам эмасми? Сиз ғурурланиб юришингиз керак талабалигингиз билан. Бу бахт-ку!

— Тўғри, лекин очиғини айтсам… Аёлларга ҳеч қачон боқиманда бўлмаганман!

— Майли, унда кеча менинг қўриқчиларимдан калтак еганингиз учун узр сўрадим деб ҳисобланг. Шунинг эвазига мен сизни меҳмон қилмоқчиман. Бўладими?

Билол кулимсираганча бош эгди.

— Қўймадингиз-қўймадингиз-да, опа! Майли…

* * *
Ресторандан чиқишгач, Насиба машинасига ўтиргандан кейин, яна кўзгуча орқали Билолга боқди.

«Ўзини тутиши, ҳушёрлигига қараганда, кўча кўрган йигитга ўхшайди, — кўнглидан ўтказди у. — Бундайлар чайир, меҳнаткаш бўлади. Кўнглиям очиқ экан. Менга ўхшаб камбағал оиладан чиққани кўриниб турибди. Нима қилсам бўлади? Супермаркетга ишга қўйсам-чи? Дарсдан келиб ишлайверарди… Ҳа, буни ўйлаб кўриш керак…

— Опа, илтимос, мени йўлда қолдириб кетсангиз, — деди Билол ўртадаги жимликни бузиб. — Кутубхонага кириб ўтсам девдим.

— Иш-чи? — кулди Насиба. — Таклиф нима бўлади?

— У одам… Келмаган-ку ҳали!

— Келади. У ифлос ортимдан тушдими, қайтмайди энди. Сезиб турибман. Барибир келади юзсиз. Бўпти, ҳозир супермаркетга борамиз. Иш бор.

— Хўп, — дея қайта бош эгди Билол. — Қарши эмасман, опа!

* * *
«Эшакни эсласанг, қулоғи кўринади», деб бежиз айтишмаган экан. Супермаркетга кириб келишлари билан иш юритувчиси Ноилахон пилдираганча келиб қаршисида ҳозир бўлди.

— Ассалому алайкум, Насибахон! — деди у кабинет тарафга билинар-билинмас қараб қўйиб. — Сизни яна ҳов анов кунги солиқчи амаки кутиб ўтирибди.

— Шунақами? — кулимсираб Билолга кўз қисди Насиба. — Қаранг-а, жуда интизомли-да шу солиқчи! Кутдиришни ёмон кўради. Майли, сиз ишингизга бораверинг, мен кабинетда бўламан!..

Насиба Билолни эргаштирганча кабинетига кирди. Солиқчи четроқдаги курсига ястаниб олганча қайсидир газетани варақлаш билан банд эди. Насиба кириб келганини кўриб газетани бир четга сурди-да, номигагина қимирлаб қўйди.

«Худди ўз уйига киргандай ястаниб олибди-я, яшшамагур, — хаёлан қарғанди Насиба. — На уят, на номус бор бунда. Илойим оғзингдан қонинг келсин!..»

— Келинг, хуш кепсиз, — Насиба жойига ўтириб солиқчига аламли боқди. — Кутдириб қўйдикми дейман?

— Ҳа энди, сиздақалар кутдирса арзийди, — оғзининг таноби қочиб жавоб қилди солиқчи. — Керакли одамсизлар!.. Айтганча, ўзингизга янги тансоқчи олдингизми дейман?

Солиқчи бир четда қимтинибгина ўтирган Билолга ишора қилди.

— Айтмабсиз-да, бақувватларидан топиб берардим.

— Бу тансоқчимас, — деди Насиба. — Менинг ёрдамчим.

— Шунақами?.. Майли, майли… Энди Насибахон, муддаога ўта қолайлик-а?..

Шу гап тилга олингач, Насиба ялт этиб Билолга қаради. Талаба ҳам уни дарров тушуниб аста кўз қисиб қўйди. Демак, диктофон ёзишни бошлаган. Қўрқмаса ҳам бўлади…

— Майли, ўта қолинг! — деди Насиба солиқчига савол назари билан боқиб. — Нима ишингиз бориди бизда?

— Билиб туриб тағин сўрайсиз-а, Насибахон! Ахир, боягина гаплашдик-ку тунги клуб ҳақида!..

— Хўш, нима бўпти? Мен клуб ҳақида охирги жавобимни айтдим сизга. Энди бошқа гап сиғмайди, амаки!

Кўриниб турибди. Солиқчига Насибанинг «амаки» дея мурожаат этиши жуда алам қиляпти. Бу билан Насиба ўша пайтлардаги очиқ таклифига арзирли жавоб сифатида «сен қарисан» деган иборани худди шу «амаки» сўзига қориштириб айтганига ақли етиб турарди. Барибир сир бой бермади. Гапни бошқа ёққа бурмай, таҳдид қилишда давом этди.

— Сиз қанақа аёлсиз ўзи тушунмайдиган? Клубингиз томоғигача балчиққа ботиб ётибди. Прокуратура, мелиса босса ўзингизни биринчи ўринда обориб тиқиб қўйишади. Ундан кўра, тинчгина сотиб қўя қолмайсизми?

— Бу менинг мулким, хоҳласам, сотаман, хоҳламасам, сотмайман.

— Тўғри, лекин бизни ранжитиш яхшиликка олиб бормайди. Эртага тағин ўзингиз қаршимда тиз чўкиб ёлвориб юрманг!..

— Қўрқитяпсизми, амаки? — жаҳдини сир тута олмай солиқчига совуқ тикилди Насиба. — Нима қиласиз? Қаматасизми?

— Мен қаматишдан олдин шундай ишлар қиламанки, туғилганларингизга, бизнесга кирганларингизга минг пушаймонлар ейсиз!

— Ҳа-а, шунақами? — қошларини чимириб солиқчига қаттиқроқ тикилиб қаради Насиба. — Демак, зўравон, мафиячиларни пешонамга опкелиб ўлдиртирасиз, шундайми?

— Ўлдиртирмайман, — деди солиқчи хириллаб. — Олдин қийноққа солишади. Ана ундан кейин билганларини қилишади…

— Гапингиз тугадими? — Насиба зарда билан ўрнидан турди. — Агар бошқа гапингиз бўлмаса, кабинетни бўшатиб қўйсангиз, илтимос!

— Демак, яхшиликча кўнмайсиз, шундайми? — солиқчи ўрнидан туришга шошилмай, ўтирган ерида қулочини керди. — Афсус, энди яхши гапларим қолмади. Биласизми, нодон экансиз. Ўша клуб эрта-индин барибир меники бўлади. Инсоф қилаётгандим. Шу аёл ҳам фойда кўрсин, қақшаб қолмасин дегандим. Тушунмадингиз. Энди клубни қўшқўллаб ҳадя қилишингизни ҳамма кўради. Қани, алам қилмасмикан сизга!..

— Буни вақт кўрсатади, — деди Насиба. — Сал пастроқ тушинг! Ҳозир умуман бошқа замонда яшаяпсиз.

— Кўрамиз.

Солиқчи шундай деди-ю, чиқиб кетди. Насиба эса пинагини бузмай, Билол узатган диктофонни қўлига олди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (12-қисм. Биринчи фасл)