Сарвар кутубхонага кириб келганида Тўхтамурод ҳам, Лена ҳам шай, уни кутиб туришган экан.
— Келдингми, хайрият! — деди Тўхтамурод уни кўриши билан сергак тортиб.
Ҳушёрлик Ленага ҳам ўтди.
— Тайёрмисан? — сўради сўнг Сарвардан.
Ўртага жимлик чўкди.
Сарвар «Тайёрман», дейиш учун анча пайт тайёрланишига тўғри келди. Унгача Тўхтамурод ҳам, Лена ҳам анграйиб, савол назари билан боқишарди. Тўхтамурод оғзи ланг очиқ, Лена эса худди «Ҳаммаси яхши бўлади», дея ўзини тинчлантиришга уринаётгандек чуқур-чуқур нафас олганча Сарварга тикилиб турарди.
— Тайёрман! — деди Сарвар, ниҳоят, имтиҳон топширган талабадек хўрсиниб.
Ана шундан сўнггина дўстлари енгил нафас олишди. Лена жавон ортидан ярим тик, ярим энгашган ҳолда ўқув залига мўралади. Бир пас пойлаб тургач, яна қаддини кўтариб Сарварга қаради. Оёқ-қўли ҳаяжондан қувватсизланаётгани учунми, жавонга орқаси билан суяниб турган Сарварни Тўхтамурод «қочиб кетмасин», дея ушлаб турганини кўриб, кўнгли жойига тушди ва қайта ўқув залига мўралади.
Бир пайт қарсак чалганча сакраб юборди:
— Бўлди, турди!..
— Секин, ҳаммани ўзингга қаратма, — уни ушлаб қолди Тўхтамурод. — сездириб қўясан, бўлмаса…
Лена Сарварнинг елкасидан тутиб, ўқув зали томон ишора қилди.
— Ҳув, ана… — деди у Сарварга тушунтириб. — Назаримда китоб буюртма қилиб бўлди. Шошил, шошил… Кутубхоначи китобни топиб келгунигача уни…
Лена гапини якунлай олмади. Жони ҳиқилдоғига келиб бўлган Тўхтамурод ахийри чидолмай Сарварни ўқув зали томон итариб юборди:
— Бўлсанг-чи, энди, эй-й-й…
Бошқа чора йўқ эди. Сарвар ноилож олға юрди. Кўйлагини эпақага келтирган бўлди-да, бошини эгган кўйи китоб буюртма қилиш столига яқинлашди.
* * *
Лена гарчи рус бўлса-да, ўзбек мумтоз адабиётини ўқиши ва ҳатто «Лайли ва Мажнун» сюжетига ишонишига туртки бор. Сарвар ҳатто курсдоши Тўхтамурод билан аввал бошидан шу хусусда тортишиб олган. Ўшанда Тўхтамурод: «Лайли ва Мажнун» шунчаки фантастика, реал ҳаётда бундай бўлиши мумкинми?» — деганида, Лена: «Сарвар!» — деб жавоб берганди.
— Барибир, ишонмайман, — деганди Тўхтамурод ҳам бўш келмай. — Кимнидир жону дилинг билан севасан, аммо ўзига айтолмайсан. Энг қизиғи, ҳусни жамолини кўриб, ҳушдан кетиш ҳам мумкинми?
— Сарвар! — деб жавоб берган Лена тағин.
Тўхтамурод у деса ҳам, Лена «Сарвар», бу деса ҳам «Сарвар» деб жавоб беравергани учун Тўхтамурод «Бор-эй», дея қўл силтаб кетганди.
Ўшанда Лена адашмаган экан. Сарвар чиндан Мажнун эди. Зуҳранинг ишқида. Лена Тўхтамуроднинг «Шунақаси бўлиши мумкинми?» деган саволига жавобни Сарвардан топган. Чинданам Сарвар Зуҳрани шундай севардики, буни таърифлашнинг имкони йўқ.
Дил изҳори тугул, на юрак ютиб нимадир айта олади ва на ёнида бир зум туришга ўзида куч бор. Ё шалвирайди қолади, ё нафас олиши оғирлашиб, томоғи тиқилади. Сарвар Зуҳранинг ҳатто соясини бехосдан босиб қўйса, эрталабгача чўккалаб, узр сўраб чиқади. Бир марта нигоҳлари тўқнашса, икки кун қалтираб юради. Мабодо қўли тегиб кетса, борми-и-и…
Бу муҳаббатнинг икки қирраси бор. Биринчиси шуки, Зуҳранинг Сарварда кўнгли борлигини, фақат ўзидан дил изҳори кутиб яшаётганини Сарварнинг ўзи билмайди. Иккинчи жиҳати, Сарвар буни билганида ё ишонмайди, ё юраги ёрилиб, ўша ондаёқ…
Энг қийини эса Тўхтамурод билан Ленага. Уларни топиштириш учун тинимсиз тузилган режалар, қилинган репетицияларнинг ҳали бирортаси амалга ошгани йўқ, Сарвар доим охирги сонияларда қовун туширишдан бошқасини билмайди.
* * *
— Ичкарида экан, озгина кутасиз…
Боши узра чирсиллаётган чақмоқ момақалдироққа айланди. Сал бўлмаса ўтакаси ёриларди. Бир сапчиб олганини ҳатто ўзи ҳам сезди Сарвар. Қўрқа-писа овоз келган томонга қаради.
«Зуҳра?!»
Сарварнинг «астма»си қайталади. Бўғзи қуруқшаб, нафас олиши меъёридан чиқиб кетди.
— Ҳ-ҳ.. ҳа… ҳ-ҳ-алиги… «Ўткан кунлар»…
Зуҳра худди ўзини билмаганга олиб, оҳиста сўради:
— Қодирийни яхши кўрасизми?
— Йўқ, мен фақат… сиз…
Сал бўлмаса «Сизни яхши кўраман» деб юборарди Сарвар. Яшин тезлигида англаб етди буни. «Қўрққан хасга ҳам ёпишади», деганларидек, бирдан уёғини илиб кетди.
— Сиз… га тушунтиролмадим, демоқчийдим, — бир қадам ортга тисарилиб, «қулт» ютинди Сарвар. — Фақат ўтган кунларни. Уни яхши кўраман. Ўзиям боплаб ёзган-да Навоий.
— Навоий? — ҳайратини яширолмай қолди Зуҳра. — Алишер Навоийми?
— Ҳа. Сиз ҳам яхши кўрасизми? Зўр ёзувчи.
— Ҳа. Зўр ёзувчи, аммо мен шоир Қодирийнинг «Хамса» романини ўқигани келувдим.
Зуҳра кулиб юборишдан ўзини зўрға тийиб, юзини буриб олди. Лабларини қимтидики, кулиб суюклисининг ориятига тегиб қўймаслик учун. Сал ўзини ўнглаб, сўнг ўгирилди. Аммо…
Сарвар ёнида йўқ эди.
* * *
Сарвар ҳансираб нафас олар, нима гаплигини тушунтириб беролмасди. Лена ҳам, Тўхтамурод ҳам унинг гапиришини пойлаб туришди.
— Нима бўлди? Нега зумда қайтдинг? — сўради Тўхтамурод асабийлашиб.
— «Хамса»… «Хамса» романи ҳақида нимадир айтинглар. Ниманидир тушунтиринглар!
— «Хамса»?!
— Ҳа, «Хамса» романи ҳақида.
— «Хамса» роман эмас, — каловланди Тўхтамурод бир Ленага, бир Сарварга бақрайиб. — «Хамса» достон-ку.
— Йўқ! — кўзлари ола-кула бўлиб кетди Сарварнинг. — У роман деди-ку. Балки, сен бошқасини айтаётгандирсан?.. Шоир Қодирий ёзган «Хамса»ни айтди у.
«Тап». Пешонасига кафтини урди Тўхтамурод…
«Қулт». Ютинди Лена.
Иккаласи ҳам бир-бирининг кўзларига қарай олмай тескари ўгирилишди. Сарвар «Хамса» деган «роман» ҳақида сўраб Ленага жавоб ололмагач, Тўхтамуродга қаради. Ундан ҳам садо чиқмади. Шундагина англаб етдики, қовун туширган. Бошини қуйи солди.
— Бирон нарса десанглар-чи, ахир… — деди ноумид шивирлаб.
Лена ачинди. Тўхтамурод ҳам «Агар ҳозир яна кўнгли синса, қайта олти ой кетади ўзига келиши учун» деб ўйлади. Иккаласи икки елкасидан ушлаб, далда беришди.
— Менга қара! — деди Лена унинг кўзларига тик боқиб. — Менга ишонасан-а?..
— Жудаям.
— Унда бор. Истаган нарсанг ҳақида гапир. Бор!
Ленанинг кўзларидаги ишонч Сарварга куч берди. Тўхтамурод соатини тўғрилаб, Лена ёқа тугмасини қадаб қўйгач, шаҳдам қадамлар билан кетди.
— Ишқилиб, ўхшасинда… — деди бир муддатдан сўнг Тўхтамурод Ленага.
Аммо ўхшамади. Сарвар қайтиб келди. Қовоқ-тумшуғи осилган Сарвар худди ипи узилиб, варраги кўкка қараб кетган болакайдек хўрлиги келганча шунчаки ёнларидан ўтиб кетди.
Тўхтамурод «ҳай-ҳай»лашига ҳам қарамай ўтиб кетгани учун ҳеч нарсани тушунмай елка қисди.
Лена эса билди: демак, Зуҳра кетиб қолган…
* * *
— Энг қизиқ жойига келганди, — ўпкаланган бўлди Дилором дугонасининг билагидан чимчилаб. — Нега бунақа қилаверасан, а?
— Нима қилишим керак эди? — хомуш тортди Зуҳра. — Анави махлуқ келиб қолди-ку яна. Агар Сарвар ёнимда ўралашиб юрганини кўрса, Мурод уни уриб пачоқ қилиб қўймасин, дейман…
— Шу Мурод ҳам жуда жонга тегди-да… — бошини сарак-сарак қилди Дилором. — Суймаганга суйкалишни қачон бас қилади, билмайман. Аммо, барибир, айб ўзингда. Сенга неча марта айтдим, «Сашанинг олдига борайлик, олдига борайлик», деб.
— Эй, Мурод нима деганини биласанми? Шартта сени қучоқлаб оламан, сал нарида дўстим суратга олади, деди. Кейин Интернетга чиқиб кетамиз, қарабсанки, фақат менга тегасан, деди, мараз!
— Вот, муаммо. — Дилором бирдан жонланди. — Энди аниқ Сашага айтамиз. Мурод қуюшқондан чиқиб кетди.
— Йўқ, айтма! Ахир гап тарқаб кетади. Зуҳранинг безори танишлари бор экан, деб…
— Менга қара, Сашанинг разборчиклигини билади ҳамма, аммо хулиганлигини эмас. Чунки у безори эмас. Сенга ўхшаган қанча одамнинг ҳожатини чиқариб юради. Таъма ҳам қилмайди, шаъма ҳам. Энг муҳими, у ҳамиша адолат учун муштлашиб юради. У ҳақиқатни юзага чиқариш учун аралашади. Уқдингми?
— Тўғрику-я, лекин…
— Лекин-пекини йўқ. Мен ортиқ чидолмайман. Мурод қуюшқондан чиқиб кетди.
Дилором дугонасининг қаршилигига ҳам қарамай, телефонидан рақам тера бошлади.
Аслида, Зуҳранинг ҳайиқишига бошқа сабаб ҳам бор эди. Чиндан ҳам Саша деганлари университетга келса-ю, Зуҳрани ҳимоя қилгудек бўлса, гап товоққа қуюлган сувдек бир лаҳзада ёйилиб кетиши мумкин. Сабаби, теварак-атрофда донғи кетган Саша Зуҳрани ҳимоя қилиб кимсан Муроднинг танобини тўғрилаб кетади-ю, кейин Зуҳрага Сарвар яқинлаша олармиди? Қўрққанидан Зуҳра тугул, унинг исмини ҳам тилга олмай қўйса керак. Мана, гап қаерда?
Аммо… шу битта аммо ҳам борки, юракка далда, хаёлга умид беради. Яъни агар муҳаббати ҳақиқий бўлса, унда Сарвар билан муаммо бўлмайди. Керак бўлса, Сарварнинг ўзи Мурод, Саша сингарилар билан ҳам курашади Зуҳраси учун. Зуҳрагинаси учун…
Бўлди, Зуҳранинг хаёли кўкларга кетди. Энди унга борлиқ бегона эди. Дилором Сашани чақирадими, бошқани чақирадими унга энди, барибир. У Сарвари билан кўкка парвоз қилди-ю кетди.
* * *
Кейинги режага ўтилди.
Сарвар дўстлари билан Зуҳра автобус кутадиган бекатга қараб кетишди. Ҳали бекатга етмасларидан Сарварнинг кўзи дугонаси билан гаплашиб турган Зуҳрага тушди. Тушди-ю, таққа тўхтади. Лена билан Тўхтамурод ўзини нарироққа олишди. Шу пайт Дилором Сарварни кўриб қолди.
— Келди… Сени кўрди, фақат сездириб қўйма! — деди Дилором айёрона кулиб. — Ҳозир мен соябонни олиб кетаман. Қолгани тақдирдан…
— Ийй-й… шошма!
Дилором тўхтамади. Соябонни олиб, Зуҳрани ёлғиз қолдирганча такси ушлаш учун катта йўлга ошиқди.
— Қойил! — қийқириб юборишди йўлнинг бу томонидагилар. — Мана сенга имконият!
Тўхтамурод кўзлари Зуҳрага тикилиб, қотиб турган Сарварни руҳлантиришга тушди. Лена бир зумда соябонни ҳозирлаб, унинг қўлига тутқазди.
— Қани, олға! — дея улар Сарварни олдинроқ итариб, ўзларини панага олишмоқчи эди…
— Тўхта!
Тўхтамурод тўхтади.
— Нима?
— Лена, — Ленага қаради Сарвар соябонга ишора қилиб, — буни нима қилай?
Тўхтамуроднинг жаҳли чиқиб кетди.
— Биринчидан, Ленани тўхтатмоқчи бўлсанг «Стой» дегин деб неча марта айтганман сенга. Ё менинг исмимни тўлиқ айт! — Сарварнинг бошига муштини ниқтади Тўхтамурод тишларини ғичирлатиб. — Иккинчидан, соябонни нима қилади одам, айниқса, севган қизи ёмғир остида турганида?
— Эҳ-ҳа, топдим, — Сарвар кутилмаганда жонланиб кетдики, Колумб ҳам Американи илк бор очганида бунчалик қувонмаган бўлса керак. У зудлик билан йўлнинг нариги томонига ошиқди.
— Эй, йўлингга қара! — деб қолди Тўхтамурод ва Ленага ўгирилди. — Светофорни тушунмайдими бу?
— Унга ҳозир ҳамма чироқ яшил.
Афсуски, бу режа ҳам иш бермади. Мурод пайдо бўлди яна. Тоқати тоқ бўлган Зуҳра Муродга бир ўшқириб берганди, бу гал негадир Мурод ҳам қўрқиб, жуфтакни ростлади. Аммо бу Сарварга бошқача таъсир қилди. Худди ҳозир ўзига ҳам шундай муомала қилинадигандек ҳис этди ва кескин бурилиб, дуч келган биринчи автобусга чиқиб кетди.
Лена билан Тўхтамурод бир-бирига анграйганча қолди. Муродни кўриб ҳайиқди, деб ўйлаган Зуҳра эса ичида «оббо»лаганча қолаверди. Ўша оқшом Тўхтамурод ҳам, Лена билан Зуҳра ҳам уйига уст-боши жиққа ҳўл аҳволда кириб келишди…
Саккиз ойдан бери давом этаётган иккиланиш жонларига теккани боис Тўхтамурод билан Лена Сарварни бу гал қаттиқроқ жазолашди.
— Эртагаёқ дил изҳори қиласан, бўлмаса, биз бориб айтамиз, қанақа қўрқоқлигингни, — дейишди.
Сарвар Зуҳрага атаб энг чиройли, жимжимадор, таъсирчан сўзлардан юракни чертувчи гаплар тузиб, эрталабгача ёдлаб чиқди.
* * *
— Дилором? — деди дарс тугаб ташқарига чиқишганидан сўнг Зуҳра дугонасига маҳзун термилиб.
— Нима дейсан?
— У билан гаплашайлик.
— Кима билан?
— Саша билан…
— Ростданми? — ҳайратини яширолмади дугонаси. Аслида, шусиз ҳам кеча ўзи қарор қилиб бўлганди Дилором. Амакиваччасига қўнғироқ қилиб, «Анави дўстинг Сашага айт, бизга ёрдам берсин», деганди. Амакиваччаси ҳам рози бўлган, «Эртага боради», деганди. Аммо ҳозир Зуҳранинг ўзи у билан кўришишни истаётганидан юрагига ваҳима оралади.
— Тўғрисини айт, Мурод яна бирор қалтис қилиқ қилиб…
— Йўқ, гап унда эмас!..
— Унда нимада?
— Биласанми, бугун ошхонада Сарвар роса ҳаракат қилди менга дил изҳори қилиш учун.
— Нима қилибди? Саккиз ойдан бери университетимизга қатнайди-ку сен учун. Энди ғалати туюлиб қолдими?
— У мен билан ёнма-ён ўтиришга куч топди.
— Хўш-хўш? — қизиқиб қолди Дилором.
— Ҳатто мен нима буюртирган бўлсам, у ҳам шундай қилди. Биласанми, ликопчада битта эмас, иккита аччиқ қалампир бор эди. Менга маҳлиёлигидан нима қилаётганини билмасди. Ҳар иккала қалампирни чайнаб ўтириб, еб қўйди.
— Сезмадиямми?
— Сезмади, — Зуҳра бирдан тўхтаб, дугонасининг елкасидан тутди. Шундагина Дилором унинг кўзлари йилтиллаб турганини кўрди. — Ўзинг айт, Дилором, бундан ҳам кучлироқ муҳаббат бўладими?
Дилоромга бошқа изоҳнинг ҳожати қолмаганди. Шундоқ университетнинг дарвозаси ортига боқди. Ўртоқлари билан тамаки тутатиб турган Муродни кўриб, нафратланиб кетди.
«Сарвар билан Зуҳранинг ўртасида турган сен тўнкани бугуноқ олиб ташлайман», дея қатъий қарорга келди. Шартта амакиваччасига қўнғироқ қилди. «Сашаниг бугун ишлари кўп, шошилмай турсаларинг-чи», деб қанча айтмасин, қўярда- қўймай рақамини олди. Қўнғироқ қилди. «Дўстингизнинг сиглисиман, дугонамга биттаси шилқимлик қиляпти», дея роса илтимос қилганди, Саша ҳам рози бўлди.
— Ўн беш дақиқада етиб бораман. Излаб қолмай, йўлакда туринглар, қора «Ласетти»да бўламан, — дея машинасининг рақамини ҳам айтиб, алоқани узди Саша.
* * *
— Сизни охирги марта огоҳлантираман, — деди Зуҳра дўстлари олдида ўзини кўрсатиб, унинг йўлини тўсаётган Муродга.
— Нима қиламан, дедингиз, мадемуазель?
— Ўн беш дақиқадан сўнг айтаман нима қилмоқчилигимни.
— Йўғе! — қулочларини кенг ёйиб, ҳиринглади Мурод. — Ўн беш дақиқадан сўнг нима бўлади, дил изҳори қиласизми ё бир йўла никоҳ ўқитамизми?
Бу гал Муроднинг калакасига ўртоқлари ҳам қўшилди. Дилором чидолмади. Бир қадам олдинга юриб:
— Худди шундай, — деди ва сўнг дона-дона қилиб қўшиб қўйди. — Никоҳ ўқийдиган мулламизни ҳам танисангиз керак. Уни ҳамма «Саша разборчик» дейди. Мабодо эшитмаганмисиз?
Эшитган экан Мурод. Буни қизлар унинг ранги дув оқариб кетганидан фаҳмлашди. Ҳатто Мурод гарчи ишонқирамаган бўлса ҳам дудуқланиб қолди.
— К-ким? С-саша? Эй, ким бўлибди у? Келсин-чи, бир бўйини кўриб қўяйлик, — деди аранг ва дўстларига ҳам маъқулми, дегандек бир қаради. Аммо дўстлари ҳам сувга тушган мушукдек бўлиб қолганини кўриб, тилига бошқа сўз келмади.
— Ана, келди, шекилли… — деди Дилором нариги ёққа ишора қилиб.
Ҳамма ўша томонга қаради. Чиндан ҳам боя телефонда айтилган рақамли, қора «Ласетти» келиб, йўлнинг у четида тўхтади ва машинадан бир йигит тушди.
Зуҳра Саша деганлари машинадан тушиб кўзидан кўзойнагини олгани заҳоти таниди…
— Йўқ! Бўлиши мумкин эмас!
— Наҳотки?
Саккиз ой деганда битта қизга дилини очолмай юрган йигит кўчада нонни катта тишлаб юрган, қўполроқ айтганда «разборчик» деганлари бўлса…
Балки, англашилмовчилик бўлгандир.
Ҳалиям ўзига келолмаётган Зуҳра оғзини ланг очганча дугонасига қаради, аммо анграйиб турган Дилоромдан ҳам унинг саволларига жавоб топиш амримаҳол эди.
Қанча вақт шундай туришгани ўзлари ҳам чамалай олишмади. Шунда Дилором Зуҳрага «Сен кутиб тур-чи», дея Сарвар томонга қараб кетди.
— Ассалому алайкум! — етибоқ салом берди у.
— Ва алайкум. — Сарвар савол назари билан тикилди. — Сизми Тўлқиннинг синглиси?
— Ҳа. Сиз Сашамисиз?
— Худди шундай, — бошини силкитди Сарвар сўнг тишларини ғичирлатди. — Қани ўша бузоқчалар?
— Ана улар, ҳув ана…
Дилором гапини тугатолмади. Мурод ҳам, дўстлари ҳам у ерда йўқ эди.
— Вой, тавба, — ёқасини ушлади Дилором ва бидирлай кетди. — Ҳозиргина шу ерда эди. Бешта эди. Қойил лекин, ҳаммаси қочиб кетибди. Ишонинг, рост айтяпман, ўша боланинг исми Мурод. Ёнида…
Дилором яна алланималар деди. Аммо Сарварнинг қулоқларига бирорта гап киргани йўқ. Шунда Дилором Сарвар тикилиб қолган томонга қаради-ю, ҳаммасини тушунди. Сарвар билан Зуҳранинг нигоҳлари тиллашиб, кўзлари сирлашиб бошлаганди.
* * *
Қўнғироқ чалинди. Зуҳра буюмларини апил-тапил йиғиштириб, кўчага шошилди.
— Ҳой, мени кутмайсанми? — деганича қолаверди Дилором.
Зуҳра дарвозадан чиққани ҳамоноқ гулдаста ушлаб олган Сарварни кўрди.
— Ҳалиги… кузатиб қўйсам… майлими?
— Майли…
Улар бир муддат бир-бирига тикилиб қолишди. Дастлаб Зуҳра ҳушига келди. Бошини эгиб олганча секин одимлади. Сарвар ҳам унга эргашди. Бироз юришгандан сўнг Зуҳра, барибир, йигитдан садо чиқмаслигини англаб, секин сўради:
— Гуллар чиройли экан-а?
— Ҳа, чиройли, — деб юборди Сарвар мавзу топилганига хурсанд бўлиб. — Айниқса, атиргулларга қаранг, худди бахмалдек товланади…
Сарвар бирдан тилини тишлаб қолди. Минг бир истиҳола-ю хижолатпазлик билан Зуҳрага қаради.
— Узр, мана, олинг!
— Раҳмат, — деди Зуҳра.
— А?!
Сарвар қўлига Зуҳранинг қўли теккани заҳоти бақириб юборгани боис, Зуҳра ҳам сапчиб тушди ва шу аснода у гулдастани ушлаб қололмади…
Ваҳоб РАҲИМ
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”