— Уй йиғиштиришим керак, кирларни ювишим керак, дераза ойналарини тозалашим керак... - Синглимнинг овоз оҳангида норозилик, шикоят сезиларди.- Мен аввалги ҳолатимга ҳеч ўхшамайман, опажон. Бир пайтлар қандай аёл эдим, уйимдан излаб ҳам ғубор тополмасди киши. Бир ширин овқатлар қилардим. Ҳатто кечқурун соат саккиз ё тўққизда ишдан келсам ҳам болаларимга сомсами, манти-чучварами қилиб беришдан эринмасдим. Сочиқ-дастурхонларни ҳар куни ювардим. Болаларимнинг кир кийимлари ҳеч тўпланиб турмасди. Ҳамма ёғи саранжом –саришта кайвони аёл эдим. Ҳозирги аҳволим-чи?
Эрим “кийишга кўйлагим қолмабди, ваннада ҳаммаси кир бўлиб тўпланиб ётибди, ювиб қўйсанг-чи!” деб маломат қилмагунича кир ювишга тутинмайман. Пиширадиган овқатларим ҳам наридан бери, болалар оч қолмаслиги учун енгилроқ таомларга айланган. Ҳафталаб уй йиғиштирмайман. Ҳеч нарсага ҳафсала йўқ. Баъзан ярим кунлаб ухлайман. Уйқу ҳам қаерда дейсиз, кўзимни юмиб, бошимни кўтаролмай ётаман. Эрталаб иложсиз ишга бораман. Кечқурун яна ивирсиб ётган уйга келаман. Табиийки, бундай ҳолатда ўзимнинг ҳам, эримнинг ҳам кайфиятим бўлмайди. Бизга қараб болалар ҳам мунғайиб ўтиришади...
— Нега? Нима сабабдан бунчалик паришонлик?..- Синглим қатъий тикилган кўзларимдан нигоҳларини олиб қочади:
— Шунчаки, ҳафсалам йўқ... Бирор юмушга қўл ургим келмайди. Ўрнимдан қўзғалмай фақат кўзимни юмиб ётаверсам...
— Сабабсиз ҳолат бўлмайди. Лекин сендаги бу ҳолат ношукрлик... - Синглимнинг бу ҳолати менга нотаниш эмас. Ўзим ҳам тез-тез шундай ҳолатларга тушаман. Лекин гап тушкунлик, ҳафсаласизлик туфайли данагаса ва уқувсиз бўлиб қолишидан экан, бунга аёл кишининг ҳақи йўқ дея ўйлайман. Истаймизми-йўқми биз аёллар оиланинг бекаси, ҳамма ишни йўналтириб турувчимиз. Биз ҳафсаласизлик қилиб рўзғорни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, турмуш ўртоғимизнинг ҳам кайфияти шунга яраша бўлади. Болаларнинг ҳам қувончи кесилади. Ўзларини сиқиқ, бўғиқ муҳитда ҳис қиладилар. Бундай кайфият уйдан файз-барака аришига ҳам ўзимиз сабабчимиз. Ҳатто эркакнинг уйдан совуб, бегона кўчаларга бўйлаб қолишига ҳам сабаб бўлади бу ҳолат. Синглимга қуруқ насиҳат кор қилмаслигини биламан. Зеро ўзим ҳам бир пайтлари шундай ҳолатларни бошдан кечираётганимда насиҳат қилганлар кўзимга яхши кўринмаган. Синглимга ўзим гувоҳи бўлган ҳолатни гапириб бериш билан сабоқ беришни маъқул кўрдим.
— Бир аёлни танийман. У менга яхшиликда ибрат бўлган. Аёлнинг ўн нафар фарзанди бор. Қирқ ёшида кўкрак саратонига учради. Шифокорлар жарроҳлик амалиётидан сўнг аёл дарддан бирмунча фориғ бўлишини таъкидлаб, кўкракларини олиб ташладилар. Кутилмаганда операциядан сўнг дард қайталаниб, аёлнинг ҳаёти хавф остида қолди. Болалари ҳали ёш, катталари қиз бўлиб, тўрт қизи узатилган эди. Аёлнинг эри ризқ-насиба истаб хорижда ишларди. Хотинининг дарди оғирлашгани ва докторларнинг айтишича умрининг охирги кунларини яшаётганини эшитиб зудлик билан юртга қайтди.
Эр-хотин бир-бирларини кучли муҳаббат билан севадилар. Эри дугонамни ҳеч қандай тиббий муолажаларсиз фақат ҳижома, асал ва қора седана билан даволашга кўндирди. Азобли ва машаққатли муолажа икки йил давом этди. Дугонамнинг аҳволи кундан кунга яхшиланиб ва сўнгида буткул дарддан фориғ бўлди. У хасталик билан олишиб ётган пайтларида хабар олгани, кўнгил сўрагани олдига тез-тез бориб турардим. Биласанми, сингилжон, бедаво дард исканжасидаги аёл ҳеч қачон ношукрлик қилмас, нолимас, шикоят қилмас ва тушкунликка тушмас эди. Балки унинг яшашга бўлган умиди, ишончи эрининг муолажасига сабаб бўлиб хасталикдан поклангандир? Ахир, ишонч кучи мўъжизалар яратувчи куч-ку! Қолаверса, Аллоҳ бандасининг гумонидадир.
Ўша дугонам ўзи қийин аҳволда бўлса ҳам, маблағдан қийналаётган, моддий ёрдамга ўзи эҳтиёжманд бўлса ҳам хайр-садақани канда қилмасди. Қайдадир мискин, бечора аҳвол борлигини эшитса албатта уни йўқлар, кам-кўстига яраш учун имкони даражасида мурувват қўлини чўзади. Балки синган кўнгилларга умид бағишлагани учун Аллоҳ унинг мушкулини Ўзи осон қилгандир? Ана, сенга ибрат, ана сабоқ. Ўзинг ўйла ва хулосага кел. Сен нима учун тушкунсан? Нима учун ҳафсаласизлик домига чўкиб кетяпсан? Бошингда эринг бўлса, ишласа, пул топса, ўзинг ишласанг, муҳтож бўлмасанг, ўғил-қизинг бўлса, фарзандларинг, эр-хотин ўзинглар шукр соғ –саломат юрган бўлсаларинг, яна бундан ортиқ нима керак сенга? Нимадан кўнглинг хотиржам эмас? Нимадан беҳаловатсан?..
— Опажон... Мени уялтирдингиз...
— Бировдан қарз эмассан, тилинг қисиқ эмас. Аллоҳ ҳаддан ортиқ бойлик бериб қўймабди, шукр қил, эртага ҳар бир чақа учун ҳисоб бераманми, деб тушкунликка тушсанг. Бировга муҳтож эмассан, кимнингдир ош-овқатига кунинг қолмаган. Тансиқми ёвғонми, дастурхонингдаги неъмат ўзингники, меҳнат қилиб топганинг. Яна нима керак сенга? Тушкунман, ҳафсалам йўқ деб ўз-ўзингни қийнаб, болаларингни маҳзун қилишинг ҳам гуноҳ-ку. Бир куни жавоби бор бу туришингни ҳам. Эсинг борида ўзингни қўлга ол. Инсонларга яхшиликда ибрат бўл...
Синглим гапларимни эшитаркан секин кўзгу қаршисига келди. Ўзига зимдан қараб, менга жилмайди:
— Шунақа тарбиявий соатлардан кўпроқ ўтинг, опажон...
Кавсар НУР
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди