Баъзиларнинг фикрича, жамиятда ахлоқсизлик ва бузуқликнинг урчишига мултимедия маҳсулотлари, жумладан сериалларнинг алоқаси йўқ. Кўпчилигининг хорижда яшагани ёки яшаётганини инобатга олсак, илгари сураётган аргументларни инкор этиб бўлмайди. Чунки улар яшаётган давлат ва жамиятларда одамлар онги медиа воситасида бошқарилмаслиги мумкин (АҚШда Трампнинг ғалабасига рус пропагандасининг алоқаси бўлмагани каби). Аммо муҳит ва бошқа ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам борки, сериаллар бевосита ёки билвосита одамлар онгига таъсир кўрсатиши мумкинлигини рад эта олмаймиз.
Биринчи ва энг асосий омил – моддий, иқтисодий муаммолар. Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми (бўлиб ҳам асосий вақтини сериал кўришга сарфлайдиган одамлар) даромади ўртачадан паст. Бор-йўғи 1 фоиз аҳолининг ойлик даромади 1,6 млн сўмдан юқорини ташкил этади (ЮНИСЕФ), 10 фоизга яқин аҳоли тўйиб овқатланмайди (Жаҳон банки).
Кам даромадли оилаларда асосий эътибор қорин тўйдириш, рўзғор ташвишлари, майда маиший муаммоларга қаратилади. Натижада фарзандлар тарбияси ва таълимида узилишлар кузатилади. Ота-оналар рўзғор ва еб-ичиш дардидан ортиб болаларига етарлича вақт ажратолмайди; уларни сериаллар ёки бошқа ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш қуроллари ва усулларига эга эмас; болалари учун муқобил таклифларни илгари сура олмайди.
Аксига олиб бугунги Ўзбекистонда мактабдан ташқари таълим пулли ёки харажатларни талаб қилади. Яқинда давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилингани бу борадаги вазиятни янада оғирлаштириши аниқ.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги оилалар китоблар, ривожлантирувчи ўйинларга ҳам пул орттириши, болалар билан тарбиявий-маърифий суҳбатлар, саёҳатлар ва машғулотлар уюштириши қийин. Аксинча, қамбағаллик, етишмовчиликлар ортидан ота-оналарда лоқайдлик, еб-ичиш, қорин тўйдириш, ичкиликбозлик (жуда кўплаб аҳоли пунктларида спиртли ичимликлар ҳаёт машаққатларини унутишнинг ягона воситаси сифатида кўрилади) каби иллатлар авж олган, эркаклар асосий бўш вақтларини кўчада, чойхона, тўйхона, ошхоналарда ўтказса, аёллар ғийбат, сериал, меҳмондорчиликлар ва бошқа майда-чуйда маиший ташвишларга сарфлайди.
Бундай одамлар учун маърифат, маънавият, ахлоқ деган тушунчалар бегона, ёт ва кулгули ҳисобланади.
Иккинчи муҳим омил – диний саводхонлик. Ҳар қайси жамиятда одоб-ахлоқ диний қадриятлар устига қурилган. У хоҳ Ислом, хоҳ христиан, хоҳ яхудийлик бўлсин, одамларни «бузилиш»дан сақлаб келган.
Аммо сўнгги вақтларда (авваллари ҳам) мамлакатда исломофобия авж олмоқда. Одамлар ахлоқ ва маънавиятнинг асосидан сунъий равишда узоқлаштирилмоқда.
Жамият онгида вужудга келаётган маънавий бўшлиқни мультимедиа маҳсулотлари – сериаллар, порнография, саёз қўшиқ ва клиплар тўлдирмоқда. Натижада тўғридан-тўғри ёки онгостида таққослаш, солиштириш, тақлид қилиш ҳолатлари пайдо бўлмоқда. Ўз ҳаёти, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ота-оналарини кино, сериал, клип ва порно маҳсулотлар қаҳрамонларига, ҳолат ва вазиятларга солиштирмоқда ва ҳоказо.
Агар Ўзбекистонда ҳам ривожланган давлатлардаги каби таълим сифати ортиб, ёшлар олий таълимга кўпроқ қамраб олинса, одамлар майда маиший ташвишлар тузоғидан қутилиб, қорин тўйдириш, уй қуриш, машина олиш ғамидан халос бўлса, диний эркинликлар таъминланса, ундан кейин сериаллар одамлар онгига ёмон таъсир қилади, деган гапларнинг устидан кулиб, инкор эта оламиз...
Санжар САИД
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди