20:16 / 09.02.2019
6 270

Бир куни афсус қилмай, десангиз...

Бир куни афсус қилмай, десангиз...
Отам узоқ йўлга қатнайдиган катта юк машиналарини ҳайдайдиган ҳайдовчи эди. Ўн беш- йигирма кунда бир уни кўрардик. Орамизда алланечук узоқлик, совуқ муносабат бор эди. Болалигимда отам билан ўтказган пайтларим бўлганини ҳеч эслолмайман. Отамнинг қучоғида ўтириб тушган суратим ҳам йўқ, ҳаттоки. Ўттиз йиллик умримда отамдан яхши бир сўз эшитмаган бўлсам-да, биз болаларининг ҳеч биримизга ёмон гапирмаган ҳам.

Кеча соат еттиларда ишдан келсам, қайнонам ҳам бизникида экан. Безовта кўринди. Ҳолбуки ўтган куни қайнонам меҳмонга келгандилар, хотиржам чақчақлашиб қайтгандилар. Ҳайронлигимни сездирмасликка уриниб салом-алик қилдим. Эрим ичкарига хонага имлади.

- Отанг юрак хуружига йўлиқибди. Яхшиям вақтида билиб қолишибди. Касалхонада, қатъий режимда ётибди. Аммо аҳволи анча яхши.

Нима ўйлаётганимни, нимани ҳис қилаётганимни билмай талмовсираб қолдим. Ота бизнинг оиламиз учун унча аҳамиятсиз тушунча эди. Эҳтиёжимизни онамга айтардик. Ҳамма муаммоларимизни ҳал қиладиган онам эди. Шу сабабдан ҳам ҳаётимда ота деган сўзни ишлатган пайтларим жуда кам бўлди.

Эрим билан касалхонага кетяпмиз.
- Қатъий режимда ётгани учун ёнига бирор одам киритилмайди. Отангизнинг ҳол-аҳволини фақат шифокорлардан сўрайсиз,-деди бир ҳамшира. Докторни кута бошладик. Кутиш асносида хаёлимдан ҳар турли фикрлар ўтарди. Бошқа пайтлари ҳеч хаёлга келмайдмган нарсаларни ўйларкансиз бундай ҳолатда. Мен ҳам ҳозир охирги марта қачон отамни қучоқладим, дея ўйлардим. Қачон охирги марта отамга меҳр билан тикилгандим? Шу ёшимгача отамни бир ҳайитда бағримга босгандим, бир мартагина. Юрагим ғашланади. Чап кўксимда аччиқ оғриқ сездим. Ўттиз ёшда отасиз қолиш мумкинлиги ҳақиқатдан ҳам одамни ғамга ботирар экан, буни биринчи марта ҳис этаётгандим.

Онам билан гаплашдим. Менга хабар бермагани учун жаҳл қилдим.
- Отанг “қизларга хабар берманглар” деганди... - деди онам ҳам чорасиз алпозда. Ажабо, отам бизни шунчалик қаттиқ яхши кўрармиди? Шу пайтгача отамни бағримга босмаганим, унга меҳрли кўзларим билан қарамаганим учун қаттиқ пушаймон бўлдим.

Балки отам ҳам буни ўйлаб пушаймон бўлгандир қанча?..

Орангизда қанчалик масофа бўлса бўлишидан қатъий назар, ота-онангиз, жигарларингиз ҳузурига боринг ва уларни бағрингизга маҳкам босинг. Зотан, бу ишни қилмаганингиз, қилолмаганингизнинг пушаймонлиги бир куни юрагингизни тилмасин. Агар ота-онангиз ҳаёт бўлсалар, ҳозироқ бориб уларни қучинг ва ёноқларидан меҳр билан ўпиб қўйинг. Ҳеч ким билмайди, балки бу ишни қилишингиз учун эртага жуда кеч бўлар...
Кавсар НУР

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир куни афсус қилмай, десангиз...