08:30 / 24.02.2019
7 442

Асло болага қўл кўтарманг

Асло болага қўл кўтарманг
Руҳшуносларнинг айтишича, ёшлигида, кўп калтак еган болалар, доимо иккиланадиган, қўрқоқ бўлиб қолишар экан. Жисмоний куч воситасида «тарбияланган» гўдакларнинг зеҳни умуман калтакланмай ўсган болаларникига нисбатан сустроқ ривожланаркан. Калтак еган бола қўрқув, руҳий тушкунликни ҳис қилишади. Калтакланиш оқибатида юзага келган қўрқув эса болалардаги қизиқишнинг емирилишига олиб келади. Ҳеч нарсага қизиқмайдиган боланинг ақлий ривожланиши ҳам тўхтаб қолади.

Тадқиқотларга кўра болани калтаклаш билан уни ёмон ишларни қилишдан қайтариб бўлмайди. Бу чора маълум муддат тинчликни сақлаши мумкин. Бироқ тарбияда тез-тез калтаклаш ва бошқа жазоларни қўллаш, болада қилган ишидан афсусланиш ўрнига қасос, ота-онасидан аччиқланиш ва нафрат туйғуларининг пайдо бўлишига олиб келар экан.

Қайнонам доим “Болани урсанг эти, сўксанг бети қотади”, дейди. Ростдан ҳам уриб-сўкиб тарбияланган болалар оғзи қўпол, асабий, бетгачопар бўлиб қолиши исботланган.

Болага бу сўзларни айта кўрманг
“Одам бўлмайсан”, “фалончига ўхшамай кет”, “Қўлингдан ҳеч нарса келмайди”, — дейиш мумкин эмас. Бу гаплар унинг ўзига ишончини сўндиради ва у ростдан ҳам қўлидан иш келмайдиган бўлиб қолади.

Ёшлигимда бир қўшнимиз бўларди. Бир куни боласи тўполон қилавергач қўлида турган калтакчани отиб юборади. Калтакчанинг учи қизчанинг лабини йиртиб юборади. Қизининг ойдек ҳуснига соя солиб турган бу кемтик учун она ҳозиргача ўзни айбдор сезади. Ҳақиқатда ҳам кичкина болага жаҳлини сочган, ақлини ишга сололмаган она бу ишда бош айбдор эмасми? «Бир таёқ-бахт, бир таёқ-бадбахт» деган мақол бежизга пайдо бўлмаган. Отган калтагимиз бирда тегмаслиги мумкин, аммо фалокат оёқ остида бўлиши ҳам бор гап. Она шўрлик ҳам ундай бўлсин демагандир. Аммо ақлни, фикрни ишга солиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ўзимиз вояга етган, маълумоти бор, ўқимишли бўла туриб жаҳлимизни бошқара олмаётган эканмиз, кичкина, ожиз ва тарбиямизга, меҳримизга муҳтож боладан нимани талаб қиляпмиз?

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:
Инсонларнинг энг гўзал ахлоқи бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари эди. Мен ёшлигимда, уларнинг хизматларини бажариб юрган пайтимда бир эҳтиёжлари учун мени бир жойга юбордилар. Мен эса (ўша пайтдаги ёшлигимга бориб): “Мен бу ишга бормайман”, дедим. Бироқ кўнглимда Аллоҳнинг Расули буюрган ишга боришим керак деган ниятим бор эди. Шундай деб хаёлимдан ўтказиб, йўлга чиқдим. Йўлда кетиб турсам кўчанинг четида ўйнаб турган болалар билан учрашиб қолдим. Улар билан ўйнаб, ишимни эсимдан чиқариб қўйибман. Маълум вақт ўтганидан кейин қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортимдан бошларини тутиб кулимсираб, қараб турган эканлар. Менга боқиб: “Эй Анас(жон), айтган жойимга бормайсанми?” дедилар. Мен эса: “Ҳа Расулуллоҳ, ҳозир бораман” дедим.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ривоятни давом эттириб: “Аллоҳга қасамки, мен у зотнинг етти ёки тўққиз йил хизматларида бўлдим. Бажарилган бирорта ишим туфайли “Нега бундай қилдинг?”, бажарилмаган бирорта ишим сабабли эса “Нега бундай қилмадинг?” деб айтганларини билмайман” (Муслим ривояти).

Отажон, мен сизни яхши кўраман!
Бир куни бир одам янги олган машинасини созлаш билан машғул бўлиб турганда, олти ёшли ўғли ердан тош олиб, машинанинг ён тарафига чизиб, тирнади. Буни кўрган отанинг ғазаби тошиб, ўғлининг қўлидан тутиб, чизган қўлига бир неча марта урди. Отанинг қўлида мурувват (болт-гайка)ларни қотириб-бўшатадиган калит (ключ) бор эди. У ўзи сезмаган ҳолда ўғлининг қўлига ўша калит билан урган эди. Бунинг натижасида ўғилнинг бармоқлари кесилиб, шифохонага ётқизилди. Болакай уни кўргани келган отасидан: “Бармоқларим қачон ўсиб чиқади?” деб сўради. Бу гапларни эшитган ота эса, аламига чидай олмай, машинанинг олдига бориб, уни тепа бошлади. Чарчаб, ўтириб қолганда, машинанинг эшигига чизилган чизиқларга назар солди. Яхшилаб қараса, ўғли “Отажон, мен сизни яхши кўраман” деб ёзган экан.

Муҳаббат ва ғазабнинг чегараси йўқ. Ғазабимиз келганда ўзимизни босишни ўрганмасак, кейин бутун умримиз давомида шу қилган хатоларимиз туфайли афсус чекиб юришимиз мумкин.

Биласизми?
1. Юзга уриш миядаги 300-400 ҳужайрани ўлдиради.
Бошни силаш эса мияда янги ҳужайралар пайдо қилади.
2. Электрон ўйинлар ижтимоий ақлни, луғавий зийракликни барбод қилади.
3. Боланинг фикрлари устидан кулиш, у тақдим қилган ишларни тақдирламаслик натижасида ундаги мотивация пасайиб кетади.
5. Боланинг ёшлигидан у билан суҳбат қуриш эшигининг ёпиқлиги.
6. Таълим бериш давомида сув ичишни камайтириши (миянинг 85% и сувдан иборат. Ҳар 45 дақиқада 1 стакан сув ичиш зарур.)
7. Ўқувчининг қобилияти ва қизиқишларини ҳисобга олмай ўқитиш самарали натижага олиб келмайди.
Саида тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Асло болага қўл кўтарманг