14:15 / 09.03.2019
4 325

Ташбеҳ... (Бадиа)

Ташбеҳ... (Бадиа)
Яна уйғониб кетдим ярим кечада. Не илож? Эсга тушди шекилли-да тағин болалик…
Йўқ, йўқ, фақатгина етимлигим баҳона эмасдир уйқусизликка? Ахир, дунёда мендайлар камми…

Аммо… Барибир қўшни қишлоқда онанг яшаб турса-ю, юрак ютиб унга эркалана олмаслик, ҳаддинг сиғиб падари бузрукворнинг бир оғиз ширин сўзидан умидвор бўла билмаслик, кимларнингдир қарғишини беихтиёр тингламоқ, кимларнингдир турткисига бардош айламоқ, яна кимларнингдир қош-у қабоғига мўлтираб термулмоқ алам қиларкан…

Тўғри, мен ҳаттоки ота-буваларим кўрмаган, кечирмаган дарду изтироблар остида қолдим. Ота-боболарим юрмаган паст-баланд сўқмоқларда елдим, югурдим. Аммо менинг кўз ўнгимда, шундоққина қаршимда муҳаббат бор эди, ғойибона суянч бор эди. У менга учқур қанотлар ҳадя этиб, булутнинг заҳридан, гулдурос чақмоқлар қаҳридан тўсиб турганини ҳеч ким билмайди. Бус-бутун дунё эди менинг наздимда ўша куч-ғудрат, ўша «ёруғлик»…

Биз армон ҳақида кўп сўйлаганмиз…

Армон не ўзи? Мавжудотмикан? Мавҳумликкинамикан ёки бўлмаса?.. Йўқ, у мавҳумликмас. Мавжудот десак-да хато бўлади. Армон қўлларимиз ҳеч қачон етиши мумкин бўлмаган олис юксаклик, олис бир қоя. Аслида бу юксаклик энг ёрқин умид чироғи эканки, хаёлан у томон талпинавераркансан, қучаркансан уни, эркаларкансан. Пойида тиз чўкавераркансан, чўкавераркансан…

Мен ишқимни ёлғиз, ўзим каби ғариб-у нотавон қалбимда, эҳтиросли, ҳаяжонга қоришиқ мактубларимда жудаям соф, одмигина тилакларга суянганча асрардим, авайлардим, икки дунёдан-да қизғонардим…

Афсус, умр туфроқ экан… Туфроқ бўлганда ҳам бўз туфроқ экан ғарибнинг умри…
Кимлар топтамади, кимлар тўзон кўтармади бу бўз туфроқдан…

Мундоқ олиб қаралса, туфроқдан яралган дейдилар-ку одамий зотни. Айни ҳақиқатга йўймоқ бўлсак бу иноятни, бўз туфроқдир насибаси нечун ғарибнинг?

Сукут… Сукут ҳоким қолаверар бундай маҳалда.
Чунки ҳеч ким сирларини бергиси келмас…

Уф-ф-ф…

Мени ёмон тергадингиз бу тун ҳижронлар. Не сабабдан хилватлардан туриб сўзлайсиз?..
Биламан. Сиз отамнинг ҳам, онамнинг ҳам элчиси эмас.

Ёлғиз ўша чор девордан садо берасиз. Ҳойнаҳой, титрабгина, қўрқибгина учрашган эдик ўшанда илк бор. Ҳа, ҳа. Сиз унда туғилмаган эдингиз чоғи…

Тан олиб деяр бўлсам, кечроқ туғилиш ҳам яхшилиг-у эзгуликкадир. Чунки ўша «кеч»гина ҳадя эта оларкан олис муҳаббатни, кўзларга тўтиё этгулик ширин ёлғонни…

Майли, ҳаммаси азалий бўлсин. Ёмон ниятлар-у, қув нигоҳлар абадул-абад даф бўлаверсин рўпарамиздан. Токи, булоқдек тиниқ, ўша илк мактублардан-да оддий қолаверсин муҳаббат рамзи…

Йўқ, ғариблиг-у армон туташса, икки дарё оралиғи пайдо бўлишин ҳеч кангулларга сиғмас қилчалик нафсиз демасман. Асли, ғариблик ҳам бахт-у, армон иноят. Негаки, ҳанузгача отам, онам бахтсиз қолишган, қаро қолишган. Лекин минг афсус… Армон уларнинг қалбига сира сиғмаган. Балки… Сиғмоқчи бўлган-у, англашилмаган. Шу сабабми, тутқазган шекилли Оллоҳ менга биратўла тўрт олий бахтни.

Яна Оллоҳ тўртта армонни ҳам иноят этди. Бир армонки, унга қанча юкинсанг-да, оғримайди яримта кангул…
Йўқ, йўқ, энди ухламайман. Ухлаёлмайман…

Ҳеч бўлмаса, ўз-ўзимга интилмоқ истайман, топинмоқ истайман кўйимда. Майли, титраб кетмасам ҳам олис ташрифдан.
Фақат…
Сиз ғарибликка йўйманг сира уйқусизликни.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ташбеҳ... (Бадиа)