— Ҳой, арава! Арава! — қичқирди Нозима.
Соҳиб юришдан тўхтаб ортига ўгирилиб қаради. Ўн қадамча нарида ўзига ниҳоятда оро берган, жинси шим кийган, кофтасининг торлигидан кўкси чиқиб кетгудек бўлган малла сочли қиз бир қўлидаги телефонни қулоғига босганча турарди.
«Шу қиз чақирдими? Ё бошқами?» ўйлади йигит ва олифта қизга термилганча туриб қолди.
— Нега анқаясан? — бақирди қиз яна. — Бу ёққа кел!
Соҳиб аравасини ортга бурди-да, секин қизга яқинлаша бошлади.
— Вой, йў-ў-қ, қизиқмисиз, Аҳмад ака, сизгамас, анави аравакашга бақирдим, — деб қиқирлаб кулган Нозима телефонни у қулоғидан олиб, бунисига «ёпиштирди». — Аҳмад ака, у вилоятга сира боргим келмаяпти. Пулини қайтариб беринг, илтимос. Бунинг ўрнига шу ернинг ўзида бешта тўйга бирровга борсам, яна қистир-қистирлар билан анча-мунча пул ишлаб оламиз… Вой, нега анқайиб турибсиз рўпарамда?! Йўқ, сизгамас, манави аравакаш олдимга келиб… Бўпти, бозор қилволай, кейин гаплашамиз. Яна иккинчи линиям ҳам келяпти, — деб Нозима гаплашаётган одами билан алоқани узиб, бошқаси билан уланди. — Алло, Лайло, бормисан? Қаёқларга йўқолиб кетдинг?.. Юрмайсизми? Йўқ, сенгамас. Ҳа-ҳа-ҳа. Ўлиб қоламан ҳозир. Нима дейсан? Йўғ-эй, бозор қилаётгандим…
У сўзлашиш асносида расталар оралаб кетди. Соҳиб аравасини судраганча қизга эргашди. Нозима узумнинг энг сарасини харид қилди. Нархига талашиб ўтирмади. Биттасини олиб еб кўрди-да: «Икки кило тортинг», деди ва Лайлога гапиришда давом этди. Орада сотувчидан «Неча пул?» деб сўради. «Ўттиз минг», деди сотувчи унга ўқрайиб. Қиз телефонини қулоғига қистирганча пулни санаб берди-да, Соҳибга юзланди, бошини қимирлатиб «узумни ол» ишорасини қилди. Ва яна дугонаси билан гаплашганча юришда давом этди. Сара олма сотиб олди. Икки кило. Нархи сўралмади. Сотувчининг айтганини бериб, яна ичкарилади. Помидор, бодринг, кўкатлар, картошка, пиёз ва бошқа полиз маҳсулотларию мева-чева харид қилди. Бу орада бор-йўғи бир мартагина телефондан узилди. Шунда ҳам телефон бечора қизиб, сўзлашув узвийлиги йигирма дақиқадан ошганда. Соҳиб унинг баъзи гапларини эшитиб қолди. Атайлаб эмас. Шунчаки жуда яқин масофада турганлиги боис. Энсасини қотириб, пешонасини тириштирди. Аммо миқ этмади. Вақтинчалик хўжайинчасининг буйруғини бажариб кетаверди. Охири қизгина савдони охирлатиб, тўғри машиналар тўхтайдиган майдонча тарафга юрди. Шундаям қулоғида телефон.
Нозима ниҳоятда яхши кўрадиган қип-қизил «Ласетти»сини «пиқ-пиқ» этказиб очди. Кейин юкхонани. Сўнг телефонни ўчирди.
— Яхшилаб жойлаштиринг. Бир-бирининг устига чиқиб қолмасин. Айниқса, узумга эҳтиёт бўлинг. Эзилиб кетмасин. Помидорни берироққа қўйинг…
Соҳибнинг энсаси қотди. Терлаган пешонасини дастрўмоли билан шошилмай артди-да:
— Унда мен узатиб тураман, ўзингиз жойлаштириб қўяверинг, — деди.
— Вой, савил, нималар деяпсиз? Аравакаш бўлганингиздан кейин ишингизни охиригача қилмайсизми?! — дея уни жеркиб ташлади Нозима.
— Аравакаш тортади. Ортмайди, — деди унга жавобан Соҳиб.
— Мен сизга пул беряпманми, ишимни охиригача қилинг! — дағдағага ўтди Нозима.
— Унда билган ишимни ўргатманг. Сиз бир марта бозор қилсангиз, мен юз марта қиламан. Нимани қаерга қўйишни сиздан яхши биламан.
— Унда безраймасдан тезроқ-тезроқ қўйинг.
— Эзилиб кетадими, дейман-да.
— Вой, қанақанги одамсиз?! Ким сизга арава бериб қўйди?! Тавба қилдим, орт тез-тез гапни кўпайтирмасдан, бўлмаса…
— Нима бўлмаса?
— Менинг кимлигимни биласанми ўзи?!
— Биринчидан, мендан камида беш ёшга кичкинасиз, сенсираманг. Иккинчидан, анави эркагингиз билан гаплашаётганингиздаёқ билиб бўлганман. Артистсиз.
Нозиманинг бирдан тепа сочи тикка бўлди.
— Тупой! Деревня! Қанақанги эркагим, қанақанги артист?! Калла борми ўзи?! Мен санъаткорман!..
— Шошманг, шошманг, — дея бирдан Соҳиб уни сўзлашдан тўхтатди, сўнгра юзига жиддий тус берди, — агар санъаткор бўлганингизда, бунақанги бефаросатлик қилмасдингиз.
— Мен бефаросатлик қилибманми? Мен-а?!
— Ҳа, бўлмаса менми? Бозор қилишни бошлаганингиздан қулоғингизга телефон ёпишиб қолган. Кимдан нима олаётганингизниям билмайсиз. «Ўл-а, шунақанги қиз бўлгунча. Молнинг олдига келганинг йўқ. Одамдан нарса оляпсан. Башарангга икки кило шпаклёвка чаплагунингча, одамга ўхшаб муомала қилишни ўргансанг ўласанми, бетамиз?! Қайси тайини йўқ одамнинг қизисан ўзи?!» деди бир-иккита хотин. Эшитдингизми? Эшитиб бўлибсиз. Анави болаларнинг гапларини-чи? «Вой-бў, кийимлари тирсиллатиб кўрсатарканми?! Ўзиям анавинақангиларга ўхшаркан», дейишди…
— Бас! — деди қизариб-бўзариб кетган Нозима ва шартта аравачадаги бозорлигини машинасининг юкхонасига итқита бошлади.
***
Соҳиб қизнинг нарса жойлаштиришини томоша қилиб турди. Нозима харидларининг барини юкхонага ортиб бўлганидан сўнг қаддини ростлади.
— Агар яна бир марта рўпарамдан чиқиб қолсанг, ўзингдан кўр! — деди пўписа билан ва ортига бурилди.
— Ўлиб қолаётганим йўқ. Лекин марҳамат қилиб хизмат ҳақимни бериб кетсангиз.
— Пасткаш! — дея қўлтиғига қистирилган сумкачасини очган Нозима қотиб қолди. Чунки пуллари тугаган экан, — қиз боладан пул сўрайдиган…
Унинг гапи яна оғзида қолди.
— Тиланмаяпман, шекилли. Ҳақимни сўраяпман, — деди қовоғини осилтириб олган Соҳиб.
— Майда пулим тугабди, — деди бироз ҳовуридан тушган Нозима, — фақат доллар бор.
— Нима қилибди, у пул эмасми? Тўйда фонограммада қўшиқ айтаётганингизда, доллар беришса, олмайсизми? Оласиз, олгандаям иржайиб-тиржайиб…
— Ўчир! — бақириб юборди Нозима ва битта элликталик куюрани Соҳибнинг башарасига итқитди.
Йигитнинг тепа сочи тикка бўлди. Ва қуш патидай бир у томонга, бир бу томонга парвоз қилмоқчи бўла-бўла ерга тушган пулни олди-да, йиртиб ташлади ва тез-тез юриб, машинанинг олд томонига ўтди-ю, бўлакланган пул парчаларини капотнинг устидан сочиб юборди.
Буниси энди ўлганнинг устига тепган бўлди. Нозима сал қолса машинасини унинг устига ҳайдаб юбораёзди.
— Жинни! Қадрини билмаган аҳмоқ! Ўлиб кет! — дея жаҳл устида машинасини орқага ҳайдади қиз.
Қарс-қурс этган овоз чиқди. Чунки машинанинг орқасида турган аравани Соҳиб ҳали олмаган эди. Қиз уни уриб юборганди. Қип-қизил лоладай «Ласетти» бамперининг бўёғи кўчган, озгина қисми тешилган эди, араванинг симлари эса қийшайиб кетганди. Қиз ичидан зил кетди. Бозорга келганидан бери кўзини яшириб турган кўзойнагини олди. Лаби титради. Кўзига ёш тўлди. Рулни муштлади. Кейин жаҳл билан олдинга ҳайдади. Сал бўлмаса Соҳибни уриб кетаёзди. Шундай гап айтди, шундай гап айтди… Тўғриси, эшитганида илон тери ташлаб юборарди. Соҳиб музлади. Бўлари бўлди. Унча-мунча бозорчилар ва яна тайини йўқ хотинларнинг оғзидан шунга яқин гапларни эшитганди. Аммо мана бунақанги икки куннинг бирида телевизордан тушмайдиган хонимдан… Тўртта одамнинг қаршисига ўтирволиб, маданиятнинг ҳали у қиррасидан, ҳали бу қиррасидан сўзлайдиган, вақти келса, бемалол ўзидан ўн-ўн беш ёш каттага ҳам ақл ўргатадиган артист — юлдуздан эшитаман, деб сира ўйламаганди.
Бечора ақл-ҳушини йиғиштириб олгунича қизгина машиналар турадиган майдончадан чиқиб кетди.
«Баттар бўл, Соҳиб, баттар бўл. Ҳолингни билмаганингдан кейин, ўзингдан баланддаги билан бўйлашаман, деб чиранганингдан кейин бундан ҳам баттар бўл!» дея хаёлидан ўтказди аравакаш ва аравасини тузатишга тушиб кетди.
* * *
Нозима сира ўзига келолмасди. Кўзидан дув-дув ёш тўкар, киприкларига ёпишган бўёқлар кўз ёш билан бирга оқиб, роса силлиқ, қизарган юзини бежаб ташлаётганди. Ана шундай бир ҳолдалигида Аҳмад қўнғироқ қилди.
— Ҳаммасига сен айбдорсан! — деб қизгина телефоннинг қизил тугмачасини босиб қўйди.
Қўнғироқ такрорланди. Бу сафар Нозима телефонини ёқди.
— Одаммассиз! — дея бақирди ҳали Аҳмаднинг оғзидан битта сўз чиқмасидан. — Сизга минг марта айтдим супермаркетдан бозор қилай, деб! Лекин тежамкор бўлайлик, дедингиз! Пул зарур бўлиб турибди, дедингиз! Ўргилдим сизнинг тежамкорлигингиздан!
— Нозимахон, ўзингизни босинг, нима бўлди ўзи? — деган овоз келди гўшакдан.
— Бало бўлди, Аҳмад ака, баттар бўлди, Аҳмад ака! Ер билан битта бўлдим, Аҳмад ака! — дея қиз телефонини бутунлай ўчириб ташлади ҳамда иккита бармоғи билан бурнидан оқаётган сувни артди.
Шунақанги пайтда ҳамма светофорларнинг яшил чироқлари ёниб турса нима қиларкин-а? Худди атайлаб бари бир-бири билан келишиб олгандай қизилгинасини ёқиб турибди.
— Сенлар камлик қилиб тургандинглар, падарингга лаънат! — деди сира ўзига келолмаётган Нозима.
Битта светофор. Иккита, учта. Тўртинчиси бутунлай ишламаётган экан. Нозима машинасини тўхтатиши билан ён-атрофига, орқа томонига бир нечта уловлар келиб жойлашди. Олдинда қарийб элликка яқин машина қаторлашиб турибди. Қарама-қарши томонда яна шунча. Ўнгу сўлда бундан-да кўп машина «биб-биб» қилиб турибди. Кесишган йўлнинг ўртасида иккита автобус туриб қолган, атрофи катта-кичик машиналар билан тўла.
— Энди бу ёғи неча пулдан тушди? Қанақанги кун бўлди бугун ўзи?! — деди алам билан Нозима ва лабини тишлади. Бир, икки, уч дақиқа кутди. Ортига келиб тўхтаган машиналар кўпайгандан кўпайди. Энди на у ёққа юриб бўлади, на бу ёққа. Қизнинг юраги сиқилди. Машинадан тушди. Олдинга қаради. Орқага қаради. Уф тортди. Машинасига ўтирмоқчи бўлганида ёнгинасидаги «Нексия»дагиларнинг кулгиси эшитилди.
— Мен сенга айтгандим-ку, буларнинг башаралари ўзи ғишт бўлади. Телевизорга турқига саккиз кило шпаклёвкани суваб чиққанидан кейин чиройли бўлиб кетаверади-да! Шуни сен хотин қилармидинг?! Икки дунёда ҳам хотин қилмайсан. Бунақалар ҳатто юришга ҳам ярамайди, — деди улардан бири иккинчисига.
Нозиманинг ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. У шоша-пиша жойига ўтирди-да, кўзгуга қаради. Дарҳақиқат, кўзи, кўзи остидаги бўёқлар юзини бежаб, уни хунукдан-хунук қилиб қўйибди. Бечора қиз тамом бўлди. Шунчалик тамомки, ўзини бечоралардай ҳис этди.
Шу пайт унинг қулоғига «Нексия»дагиларнинг кейинги гаплари эшитилди.
— Қўявер, бир-икки ой амалласанг бўлади. Ҳеч чидолмасанг, битта пластик операция қилдирасан, олам гулистон. Кейин тўйларга обориб, маза қилиб соққа ишлаб юрасан. Ҳа-ҳа-ҳа!
— Падарлаънатлар! — деб Нозима деразани ёпди. Кондиционерни қўшди. Ва дастрўмолчасини ҳўллаб, болаларга тескари ўгирилганча юзини артди. Қора бўёқлар кетди. Машина кўзгусига қарашга ботинолмай сумкачасидан ойначасини олиб қаради. Яна чиройи ўзига қайтибди. Бироз руҳланиб «Нексия» томонга қаради. Йигитлар бир-бирларига қараганча гаплашишар, дераза ёпиқ бўлганлиги боис уларнинг гаплари Нозимага эшитилмасди. У деразани озгина очди. «Қўшни»ларининг суҳбатига қулоқ тутди. Улар бутунлай бошқа мавзуга ўтиб кетишибди. «Ўлгурлар, энди қаранглар. Энди кўринглар. Айтган гапларингга пушаймон ейсанлар», дея хаёлидан ўтказди Нозима.
У шу ерда қарийб икки соатча қолиб кетди. Аввалига машиналар янада кўпайди. Кейин қаердандир милиционерлар етиб келишди. «Тиқилиб» қолганларнинг у ёғини бу ёққа, бу ёғини у ёққа ўтказишиб, кесишган йўлни очишди. Бунгача шундоқ ҳам асаб толалари таранглашган Нозиманинг сал бўлмаса қон босими ошиб кетаёзди.
У уйининг ёнида Аҳмадни кўрди. Афтини бужмайтириб, қовоғини осилтирди. Ҳамда машинадан тушди-да, юкхонасидаги нарсани ҳам олмай, олдини тўсиб чиққан Аҳмадни силтаб ташлаб ўтиб кетди. Йўлак ёнида тўхтади.
— Битта эркаклик қилиб бозорлигимни уйимга чиқариб берарсиз, — деб ҳангу манг бўлиб турган Аҳмадга машина калитини улоқтирди ва яна жаҳл билан бурилиб, йўлакка кириб кетди. Иккинчи қаватга кўтарилди. Ўша-ўша жаҳл ҳамроҳлигида шарақ-шуруқ қилиб темир эшик қулфини очди. Ичкарига кирди. Оёғидаги туфлисининг бирини иккинчиси билан ечиб, дуч келган томонга улоқтирди. Тўғри ётоғига кирди. Ечинди. Кийимлари ҳам олдинги сафаргилардай яхшилаб тахланиб шкафга жойланмади. Улоқтирилди. Ҳализамон Аҳмад келади. Эшикни ёпиб қўймасам, менинг кийимсиз танамни кўриб қолади, деб ўйламади. Шошилмасдан спортча уй кийимини кийди. Кейин ўзини каравотга ташлади.
— Агар Аҳмад аканинг гапига қулоқ солмай, супермаркетдан бозор қилганимда, бунчалик хўрланмаган бўлардим. Қаёқдаги аравакаш, кейин «Нек-сия»да ўтирганлар устимдан кулишди-я. Йўқ, чидолмайман. Ахир юлдузман! Ахир қанчадан-қанча одамлар менинг бир боқишимга зор. Йўқ! — деди-да, ўрнидан сапчиб турди.
Худди шу пайт эшик очилиб ёпилгани эшитилди. Демак, Аҳмад бозорликларни кўтариб чиққан.
Нозима катта кўзгу ёнига борди. Сочларини тўғрилаган бўлди. Юзидаги қора доғга кўзи тушди. Яраси яна янгиланди. Ўксиниб кетди ва бармоқчасини тупуклаб қора доғни артди. Сўнг бурнини тортиб қўйди-да, хонасидан чиқди. Ошхонага кирди. Аҳмад қўлини мушт қилиб иягига тираганча ўтирарди. Нозимани кўриб иржайди.
— Жийда-пийданинг тагидан ўтиб келмадингизми, хоним? — деди у гўё хушомад қилган бўлиб.
— Менга қаранг, сизнинг гапингизга кириб, роса шарманда бўлдим. Энди шарманда бўлганимдан маза қилиб тиржайяпсизми? — деди Нозима жаҳл билан.
Аҳмаднинг юзи бирдан жиддий тус олди.
— Нима бўлди? Бундай очиқроқ гапиринг, — деди у.
— Бозорда аравакаш мени ер билан битта қилиб ташлади. Устимдан кулди. Машинамнинг дабдаласини чиқарди, — дея кўзига ёш олди Нозима.
— Ким? Аравакаш?! Падарингга лаънат, ифлос! Чорсудами?! Ҳозир бориб пачағини чиқариб ташлайман. Оти нима экан у ҳайвоннинг? Мен унинг кўзига кўрсатиб қўяман бутун республика тан олган хонанданинг устидан кулиш қанақа бўлишини! Йўқ қилиб юбораман. Онасидан туғилганига пушаймон едираман. Ким оти?!
— Мен қаердан билай? Отинг ким? Қаердан келгансан, деб сўрабманми? Ўзи, аслида, сиз айбдорсиз. Мени бозорга жўнатдингиз. Нима эмиш, янги клипга пул етмаётганмиш, озгина иқтисод қилишимиз керакмиш! Шуми иқтисод қилиш?! — дея бақириб юборди Нозима.
— Бўлди, бўлди, хоним, арзимаган нарса учун бунчалик қизишманг. Энди мен…
— Нима?! Ҳали менинг шарманда бўлганим арзимаган нарса бўлдими? У нималар деганини биласизми?! Боринг-э! — дея Нозима эндигина ортига бурилган эди, Аҳмад чаққонлик қилиб ўрнидан турди-да, унинг қўлидан ушлаб қолди.
— Хоним, ҳаммасини тўғрилайман. Ҳа, энди мен ҳам келажакни ўйлагандим-да.
— Келажакни ўйлагансиз?! Вой, бирам кулгили, бирам кулгили. Келажакни, иқтисодимизни ўйлаб, хотинчангизга машина олиб берибсиз-да. Кейин менга бор, бозорга бориб, шарманда бўлиб кел, дебсиз!
— Нозимахон, қўйинг бунақанги гапларни. Мен нима қилсам, сизнинг машҳур бўлишингизни, одамлар қўшиқларингизни хиргойи қилиб юришини истаб қилганман. Яна, албатта, бой бўлишингизни хоҳлайман. Шошманг, ҳали шундай замонлар келадики, ҳовлида яшайсиз. Хизматкорларингиз бўлади. Энди битта бозорни деб ҳаммаёқни фожиага айлантириб юбормайлик. Ўтиринг ундан кўра. Битта-битта қаҳва ичамиз. Ана ундан кейин бугунги тўйга қанақанги кўйлакда боришингизни гаплашиб оламиз.
— Қанақанги тўй?! Мен сизга айтдим-ку бормайман, деб. Чарчадим, тушунасизми шуни, чарчадим. Ҳеч қанақанги тўй-пўй ҳақида ўйлаш ниятим йўқ.
— Вилоятга эмас, шаҳардан тўй чиқиб қолди. Кейин бирровга. Борасиз, дискни қўясиз…
— Йўқ! — бақириб юборди Нозима Аҳмаднинг гапини бўлиб. — Сиз ҳам ўша аравакашнинг гапини айтяпсиз!
Аҳмад шу заҳоти тилини тишлаб Нозимага тикилди.
Қизнинг кўзида яна ёш пайдо бўлди.
«Агар чиройинг, қад-қоматинг зўр бўлмаганида, икки пулга қиммат эдинг. Бечора, овоздан Худо қисган артист. Яхшиям, компьютер бор. Йўқса, куркага ўхшаб сайрашингнинг итга ҳам кераги бўлмасди» хаёлидан ўтказди Аҳмад.
— Аҳмад ака, — деди Нозима ютиниб олиб, — менинг, ҳақиқатан ҳам, овозим йўқми?
— Нималар деяпсиз, Нозимахон, сиз булбулсиз!
— Жонли ижро…
— Бемалол айтоласиз. Лекин тўй — тўй-да. У ерда бировга жонли ижронинг кераги йўқ. У ерда чиройли, нозли табассум қилсангиз, кейин худди оҳулардай юрсангиз, сизнинг энг катта қуролларингиздан бири бўлган сеҳрли нигоҳларингизни ишга солсангиз, ҳамма ўлиб қолади. Кейин менинг рашким қўзийди. Қани, ўтиринг, хоним. Ўзим сизга ажойиб қаҳва дамлаб бераман, — деб Аҳмад Нозиманинг қўлидан тортди.
Нозима ўтирди. Сочини бармоқлари билан таради. Хўрсиниб қўйди. Яна аравакаш унинг кўз ўнгида намоён бўлди. «Сабил, тили жуда заҳар экан. Бефаросат, дедими?.. Мен у билан орани очиқ қилиб олишим керак. Тамом-вассалом. Бўлмаса, у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам ўша воқеа хаёлимга келавериб, тинкамни қуритиб юборади… Икки кило шпаклёвкани башарамга суртиб… Йўқ, суваб олганмишман… Бекорларнинг бештасини айтибсанлар! Бу табиий гўзаллигим… Уфф, яна эсимга тушяпти. Агар яна бир марта бозорга борсам, отимни бошқа қўяман», дея хаёлидан ўтказди у ва ўрнидан туриб кета бошлади.
— Қаерга кетяпсиз? — сўради Аҳмад.
— Хонамга. Бироз ётмасам, бошим ёрилиб кетай деяпти.
— Кўйлакни гаплашмаймизми?
— Ҳали шуям борми? Ўзим бирортасини топарман.
— Иложи борича очиқроқ бўлсин.
— Яна нима?
— Карьерангиз бошқача бўлади-да. Анави куни тўйга борган хонандаларни кўрдингиз-ку. Ашуласи бир тийинга қиммат, лекин кийиниб олганини кўрсангиз, даҳшат! Лекин, барибир, сиздай маликага тенглашолмайди. Аммо сиз шундай қўшиғингизнинг зўрлигига, ўзингизнинг чиройингизга муносиб очиқроқ кийинсангиз, эркак зоти борки, чўнтагидагининг ҳаммасини беради. Бугунги тўйнинг эгаси амалдор. Бундан чиқди, унинг таниш-билишлари ҳам шишкалар бўлишади. Бирровга уч юз доллар олган бўлсам ҳам, қистир-қистирдан камида икки минг кўкида ишлаб оламиз.
Аҳмаднинг гаплари Нозимага мойдай ёқди. Айниқса, унинг чиройини айтаётганида эриб оқиб кетай деди.
— Бўпти, сиз айтгандай бўла қолсин. Кейин мен салонга ҳам боришим керак. Сочимни бошқача турмаклатмоқчиман.
Аҳмад билагидаги соатига қаради. Бошини чайқади.
— Қаҳва ичадиган бўлсак улгурмаймиз, — деди.
— Ундан кейин пачағи чиққан машинада юришниям истамайман.
— Сиз менинг калитимни олинг. Ҳозироқ кийининг-да, салонга жўнанг. Унгача мен машинангизни устага кўрсатиб келаман. Энди улар бир кунда тузатиб беришолмайди-ю, лекин, барибир, обориб кўрсатсам яхши бўлади, — деб Аҳмад газни ўчирди. Машинасининг калитини Нозимага берди-да, қизникини олиб, пастга тушиб кетди.
Нозиманинг кайфияти кўтарилганди. Охирги қўшиғини хиргойи қилганча ойнага қараб бўянди. Сўнг апил-тапил кийиниб, уйдан чиқди.
Аҳмаднинг «Прадо»сига ўтириб, моторни ўт олдирди-да, салонга қўнғироқ қилди. «Латофатхон, ҳамма клиентларингизни тўхтатиб туринг, йигирма дақиқада етиб бораман», деди. Кейин машинани ҳайдаб кетди.
Сартарош қиз унинг сочини эндигина ювганди, эшикдан кўзлари олайган, ранги докадай оқарган, ҳансираб нафас олаётганидан бурун катаклари кенгайиб кетган бир жувон кириб келди.
— Қора «Прадо»ни ким ҳайдаб келди?! — деди баланд овозда.
Нозима унга қаради.
— Мен, — деди ҳайрон бўлиб.
— Ҳали сен менинг эримнинг машинасига эга чиқиб юрибсанми?! — дея бақирган жувон югуриб келди-ю, Нозиманинг ювилган сочига чанг солди.
Бирпасда ҳаммаёқ қий-чув, дод-вой бўлиб кетди. Кимдир бир челак сувни жанжалкаш жувоннинг устидан сепиб юборди. Шундан сўнггина у Нозиманинг сочини чангалидан озод этди. Нозима ўрнидан сапчиб турди. Таниди. Аҳмаднинг хотини. Шаҳноза. Қилтириққина, кўзлари катта-катта. Киприклари узун. Хунуккина аёл. Нозима унинг фақатгина расмини кўрган. Аҳмад телефонига қўйиб олган. Телефонни ёқишингиз билан унинг сурати пайдо бўлади. Нозима бир неча марта Аҳмадга «Шу хотинчангизнинг расмини йўқотинг. Кошки эди чиройлигина бўлса», деди. Очиқ-ойдин. Аҳмад кулди. «Унинг хунуклигини ўзим ҳам яхши биламан. Лекин отаси бойвачча-да. Бу расмни унинг ўзи телефоним экранига қўйиб қўйган. Бошқалардан рашк қилгани учун. Аммо сизнинг рашк қилганингизни кўриб хурсанд бўлдим», деди. Нозима қиқирлаб кулди-да: «Вой, ҳозир ўлиб қоламан. Биринчидан, хотинчангиз жа-а рашк қилгулик экан-да ўзиям. Иккинчидан, мен сизга кўнгил қўйган бўлсамки, рашк қилсам. Шунчаки телефонингизга қараганда… Эй-й, майли, хафа бўлманг. Мен шунчаки сал нотўғри гапириб қўйибман», деди.
«Лекин ҳақиқатни гапирдингиз. Аммо нима қилай, мана, сиз билан менинг безнесим ривожланишига ҳам қайнотамнинг пуллари сабаб. Ҳозирча ишлаб турайлик. Аввал яхшигина пул йиғай, кейин ўзим биламан улар билан қандай гаплашишни», деган эди Аҳмад хомуш тортиб.
— Ҳов, бефаросат, нима қилганинг бу?! — деди йиғламоқдан бери бўлган Нозима.
— Сени мажақлайман! Йўқ қилиб юбораман! Иккита болам бор, шуларнинг уволи тутади сени! Ҳали менинг эримни ўзимники қилиб олдим, деб юрибсанми?! Чучварани хом санабсан! Кунингни кўрсатаман мен сенга! — деди унга жавобан жанжалкаш хотин.
— Ўпкангни бос! — деди ғазаби қўзиган Нозима. — Эрчанг менинг машинамни дабдала қилди. Тушундингми?
Жувон Нозимага синчиклаб тикилди. Юзида қизариш пайдо бўлди.
— Сиз хонанда Нозиймисиз (Нозима ўзига шундай тахаллус қўйиб олган эди)? Ўлай агар, танимабман. Аҳмад акам сизнинг продюсерингиз-ку. Вой, ўлмасам, танимаганимни қаранг. Клипда сочингиз қора эди-да. Шунга танимабман.
— Танимасангиз, ҳе йўқ, бе йўқ, сочимга ёпишасизми? Агар эрингизни рашк қилаётган бўлсангиз, ана, олинг. Менга на иссиғи, на совуғи бор! Тавба қилдим, одам ҳам шунақа бўладими? Ўзингизни ҳурмат қилмас экансиз, ҳеч бўлмаса, бу ердагиларни ҳурмат қилинг. Очиғини айтсам, Аҳмад аканинг шунақанги хотини бор, деб сира ўйламагандим. Ҳар қалай, эрингиз маданиятли… Хуллас, — дея Нозима сумкачасини олди-да, ундан машинанинг калитини чиқарди, — мана калит, кўчада эрчангизнинг машинаси. Миниб кетасизми ё бир жойга обориб урасизми, сизнинг ишингиз!
— Аввало, мен қилган ишимдан афсусланиб турибман. Шунинг учун таниганимданоқ юмшоқ тортдим. Лекин аста-секин сиз ҳам ҳаддингиздан ошяпсиз. Ўзингизча хонандаман, телевизорга чиққанман, деб оғзингизга келган гапни гапираверасизми?! — деди яна овозини баландлатган Шаҳноза.
— Агар сизнинг ҳам биттаси келиб сочингизни ўзидан-ўзи юмдалаганда, нима қилардингиз? Раҳмат, бопладингиз, янаям қаттиқроқ тортинг. Битта қолдирмай юлиб олинг. Ўзи ким сочимни шунақа қиларкин, деб тургандим, дейсизми? «Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга», деган гаплар ҳам бор!
Шаҳноза дастрўмоли билан ҳўл бўлган сочини, юзини артган бўлди. Шу билан қизариб кетганини яширмоқчи эди. Эплаёлмади. Жаҳл устида эрига қўнғироқ қилиб:
— Итгаям, битгаям машинани бериб юбораверасизми?! Пачоқ бўлган бўлса, ўзи тўғриласин! Киссаси тўла пул-ку! — дея шанғиллаб бақирди ва гўзаллик салонидан чиқиб кетди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”