23:47 / 16.03.2019
6 370

Оғир дамлардан ўтишга ёрдам берувчи фойдали маслаҳатлар

Оғир дамлардан ўтишга ёрдам берувчи фойдали маслаҳатлар
Ҳаёт — оқ ва қора чизиқлардан иборат, шундай экан, ҳар бир инсон ўз ҳаётининг муайян босқичида оғир дамларни бошдан кечиради. Агар айни дамда синовлар давридан ўтаётган бўлсангиз, у ҳолда "Лайфхакер"нинг қуйидаги оддий психологик қоидалари - сиз учун.

1. Ижобий ёндашувни сақлаб қолинг

Ҳаёт бизга айни дамда диққат доирамизда бўлган нарсаларни яқинлаштиради. Ҳомиладор аёллар ён-атрофда ўзлари каби ҳомиладорларнинг кўплигидан ажабланишади, бирор машина русуми ҳақида орзу қилаётганлар кун сайин кўчада айнан шу русумдаги машиналарни кўпроқ учрата бошлашади.

Аслида эса, албатта, ҳомиладорлар ҳам, автомобиллар ҳам кўпаймаган бўлади. Шунчаки миямиз ўз хаёлларидаги мавзуга монанд объектни кўрганда "Ана, қара, эътибор бер!" дея сигнал чироғини ёқади. Психологлар буни Баадер-Майнхоф феномени деб аташади.

Хулоса оддий: Қанча кўп ёмонлик кутсангиз, шунча кўп оласиз.

Ёмонлик ҳамма жойдан чиқиб келаверади. Тобора депрессияга тушиб борамиз ва аксинча: ижобий фикрлаб, эзгуликка ишониб, ўз миянгиз созламаларини ўзгартирсангиз, айнан яхшиликларни кўра бошлайсиз. Тўғри, ижобий ёндашув барча муаммоларингизни ҳал қилмаслиги мумкин, лекин атрофингиздаги олам ёрқин рангларга кира бошлайди.

2. Ижодкорликни ёқинг

Бу каби гапларни кўп эшитган бўлишингиз мумкин, бироқ шунга қарамай бундай ёндашув кўп ҳолатларда иш беради. Ҳа, шундай вазиятлар бўладики, уларни ўзгартиришнинг иложи йўқ. Бироқ муаммога янгича нигоҳ билан қараш учун орқага ёки ён томонга бир қадам ташлаш ва ижодкорлик билан ёнлашишнинг ўзи кифоя, шунда сиз кутмаган жойдан самарали ечим топишга муваффақ бўлинади. Бундай ёндашувга классик мисол сифатида Уильям Ригли тарихини келтириш мумкин.

XIX асрнинг 90-йилларида у томонидан асос солинган компаниянинг хўжалик воситалари сотиб, бозорга чиқишга бўлган ҳаракатлари муваффақиятсизликка учради. Ишлар у қадар яхши кечмаётган эди, рақиблар фонида қандайдир ажралиб туриш учун Ригли ҳар бир кукун қадоғига сақич қўшиб сотишни ўйлаб топди.

Афсуски, компания даромадсиз, баъзан эса камомад билан ишлашда давом этарди. Ригли бизнесни уддалай олмаганига кўникишга тайёр турганди. Бироқ бир куни муваффақиятсиз ишбилармон одамлар кукунни баъзан айнан сақич пачкаси бўлгани учун ҳам сотиб олишаётганига эътибор қаратди. Архимед айтмоқчи "Эврика!"

Шундан кейин Ригли ўз бизнесини бунга қадар истиқболли ҳисобланмаган сақич ишлаб чиқариш ва сотишга йўналтирди. Бундай ижодий ёндашув муваффақиятни узоқ куттириб қўймади.

3. Хатоларингиздан сабоқ чиқаринг

Барча ҳолатларни таҳлил қилиш оғриқли кечиши мумкин, бироқ у жуда фойдали бўлади. Ишларнинг ёмонлашувига олиб келган ҳодисаларни яхшилаб таҳлил қилинг: қаерида хато қилдингиз, бошқача йўл тутганингизда нима бўлар эди ва ҳ.к. Охир-оқибат сиз "қоронғу кунларни қандай четлаб ўтиш мумкин бўлганлиги"га доир аниқ тасаввурга эга бўласиз. Хатоларни такрорламаслик имкони нолга тенг эканини билганингизда оғир дамлардан ўтиш нисбатан енгилроқ кечади.

4. Имкон доирангиздаги нарсаларни ўзгартиринг

Сизни чигал вазиятга тушириб қўйган хатоларни аниқлаб, уларга тузатиш киритишга ҳаракат қилинг. Ҳозирнинг ўзидаёқ бирор нимани тузатиш имкони бўлмаса, имкон пайдо бўлиши билан унга тузатиш киритиш учун эътибор қаратинг.

5. Миннатдор бўлинг

Ҳаётдан ва атрофингиздаги одамлардан сизга тақдим этилган тажриба учун миннатдор бўлинг. У ёки бу яқин кишингиз ҳақида ўйланг: у сизнинг ҳаётингизга нима олиб келмоқда, нималарга ўргатмоқда, қандай ҳолатларда ишончли елка бўлиб хизмат қилмоқда, унинг қўллаб-қувватлашисиз қандай яшардингиз ва ҳ.к.

Нима учун ҳаётингизда шу инсон борлигидан миннатдорсиз - шу ҳақида қисқа (ёки кайфиятингизга қараб узун) хат ёзинг. Шундан сўнг унга қўнғироқ қилинг ва ўз ижод маҳсулингизни ўқиб беринг. Айни дамда бошингиздан ўтаётган қийинчиликлар ҳаётингиздаги ҳақиқий қадриятлар билан таққослаганда у қадар аҳамиятсиздек кўрина бошлайди.

6. Ўзингиз назорат қила оладиган нарсаларга эътибор қаратинг

Эҳтимол, вазиятни ўзгартириш учун кўп муваффақиятсиз уринишлар қилгандирсиз. Уринишлар шу қадар кўп бўлганки, бошқа ҳаракат қилгингиз келмай қолган ва сиз бирор нарсани ўзгартира олишингизга бошқа ишонмайсиз.
Ўзингизнинг назоратингиз остидаги нарсаларни излаш ва шунга эътибор қаратиш - ночорликка қарши энг самарали кураш усулларидан бири.

Ҳа, сиз ишларингизни глобал яхшилай олмайсиз, лекин тишларингизни юва оласиз-ку! Ўрнингиздан туринг-да, тозаланг. Эрталаблари югура оласизми? Югуринг.

Ҳаётингизда ўзингиз бошқаришингиз мумкин бўлган нарсалар қанча кўп бўлса, ўз кучингизга бўлган ишончингиз шунча тез қайтади. У билан бирга эса - қийинчиликларни енгиб ўтиш учун зарур бўлган ирода ҳам.

7. Босиб ўтилган йўл учун ўзингизни мақтанг

Баъзан диққатимизни фақат айни дамдаги воқеаларга жамлаймиз ва орқага қарамаймиз. Бироқ гоҳида нақадар узоқ йўл босиб ўтганингиз, қанчалик ўзгарганингиз, нималарни қўлга киритдингизу, нималарни орқада қолдирганингизга баҳо бериш учун орқага қараш ҳам муҳим. Айнан қандай йўл босиб ўтганингизни англаб етганингизда туннель охиридаги ёруғлик янада ёрқинроқ кўринади.

8. Сизни тушунувчи инсонлар қуршовида бўлинг

Атрофингизда ўзингизга яқин одамларни йиғиш — сиз мураккаб вазиятда қолганда қилишингиз мумкин бўлган энг муҳим нарслардан бири. Сизга уларнинг меҳр-муҳаббати зарур. Ўзингизни аҳамиятли ҳис қилишингиз учун улар ҳақида қайғуришингиз керак. Ўзингиз ишонган одамлардан ҳақиқат ва маслаҳат тинглашингиз учун сизга уларнинг ҳаққонийлиги зарур. Уларнинг сизни тушуниши, қандай бўлсангиз, шундайлигингизча қабул қилишлари муҳим.

Агар қандайдир сабабларга кўра, бундай одамлар йўқ бўлса, ҳозир бошингиздан ўтаётган қийинчиликларга дуч келган кишилар жамиятини топинг. Улар қийинчиликни енгиб ўтишга ёрдам берувчи зарур тавсиялар беришади.

9. Кечиримли бўлинг

Шундай бўладики, мураккаб даврнинг муайян бир айбдори бўлади. "Агар у бўлмаганида, ҳаммаси режадагидек кетаётган бўларди!", - деб ўйлайсиз ва шу инсонга нисбатан нафратингиз ошади. Бу табиий, бироқ бузғунчи реакция: сиз вазиятдан чиқиш йўлини ўйлаш ўрнига салбий жиҳатларга диққатингизни қаратяпсиз.

Майли, инсон ҳақиқатда айбдор бўлсин, бироқ... Эгнингиз жиққа хўл бўлгани сабаб ёмғирга жаҳл қилмайсиз-ку! Ёки соябонингизни синдирган шиддатли шамолдан қасд оласизми? Йўқ, сиз имкон қадар тезроқ уйга етиб олишга ҳаракат қиласиз, кейин иссиқ чой ичиб, синган соябонни тўғирлайсиз ёки янгисини сотиб оласиз. Бу ерда ҳам шундай. Айбдор — имкон қадар тезроқ ортда қолдириш керак бўлган "табиий офат".

10. Ўзингизни айбламанг

Яна бир марта такрорлаймиз: оғир дамлар ҳаммада бўлади. Сиз ёмон эмассиз, бу шунчаки ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлган "қора чизиқ". Албатта, ҳар бир инсон ҳаётидаги қийинчилик ўзига хос бўлади. Сизга айнан шуниси тўғри келди. Уни сизнинг нақадар ёмонлигингизни тасдиқловчи далил эмас, шараф билан енгиб ўтиш керак бўлган синов сифатида қабул қилинг.

Ҳатто энг разил душманингиз ҳам ўзингизнинг поёни йўқ фикрларингиз каби зиён етказа олмайди.

11. Оддий нарсалардан завқ олинг

Оғир дамлар етказувчи энг оғир синовлардан бири — қулайлик даражасининг пасайиши. Ишларингиз яхши кетаётганида таниқли ресторанларда тушлик қилиш, саёҳат қилиш, уй ишларида ёрдамчи ёллаш, қимматбаҳо буюммлар харид қилишдан завқ олишингиз мумкин. Ишлар ёмонлашганда эса, кўп нарсадан воз кечишга тўғри келади ва бу маъюслик ҳиссини келтириб чиқаради.

Шундай бўлса-да, ҳаётдан завқ олиш учун оддий нарсаларнинг ўзи етарли. Ресторандаги тушлик ўрнига қандайдир қизиқ рецептни топиб, яқинларингиз билан оригинал таом тайёрланг. Европа бўйлаб саёҳат қилиш ўрнига шанба кунлари велосипедга ўтириб, атрофни ўрганишни одат қилинг. Ҳозир минимализм урфда. Уни ўзингизда синаб кўринг.

12. Қадриятлар ва асосий мақсадларни қайта кўриб чиқинг

Муваффақиятсизликлар тўқчилик ва хотиржамликда ҳатто хаёлингизга ҳам келтирмаган ҳаётий қадриятларни кўздан кечириб чиқиш имконини беради. Ўзингизнинг ички оламингизга назар ташланг, атрофга қаранг: сиз учун нима ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга? Орзуларингиз, умидларингиз, хатти-ҳаракатларингиз сиз учун ҳақиқатда аҳамиятга эга бўлган қадриятларга мувофиқ келадими? Нимадан ортиқча пушаймонларсиз воз кеча оласиз? Нимани йўқотиш қалбингизни ларзага келтиради? Устувор мақсадларни қайта кўриб чиқиш кўпинча муваффақиятсизликларни енгиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

13. Ўзингизда сабрни тарбияланг

Болалик ва ёшлик дамларида бирйўла барчасини қўлга киритиш мумкиндек туюлади. Улғайган сайин вақтни назорат қилиб бўлмаслигини тушуниб етамиз. Бизнинг тайм-менежментга доир кўникмаларимиз қанчалик кучли бўлмасин, вақти-соати келмаган ишлар ҳам бор. Февралда гул ўсмайди, бола осонликча туғилмайди, катта уй бир кунда қуриб битказилмайди. Қадрли нарсага эга бўлмоқчи бўлсангиз, кутиб туришингизга тўғри келади. Буни тушуниш ва қабул қилиш муҳим.

Ҳаммасига эга бўлишингиз мумкин, шунчаки биттада эмас.

14. Ёдингизда бўлсин: доим танлаш ҳуқуқига эгасиз

Дунёдаги кўп нарсаларни назорат қилиб бўлмаса-да, танлашимиз мумкин бўлган нарсалар бор. Танловнинг моҳияти унга қандай нуқтаи назардан қарашимизга, уларга қандай муносабатда бўлишимиз, қандай хатти-ҳаракатларни қабул қилишимизга боғлиқ. Сиз ҳозир ва шу ерда кимсиз? Танланг.

15. Ўзингиз ҳақингизда қайғуринг

Кўпчилик ўзини айбдор ҳис қилиб, ҳолдан тойигунча меҳнат қилиб, бу пунктни ўтказиб юборади ёки кейинга қолдиради. Мураккаб дамларда омон қолиш учун ўзингиз ҳақингизда қайғуришингиз зарур. Ҳаддан ташқари чарчаш ёки клиник депрессия эртага сизни қулатса, нима бўлади?

Шундай экан, ҳеч нимага қарамай, ўзингизни хурсанд қилинг.

Шинамгина кафеда қаҳва ичинг. Паркда сайр қилинг. Янги китоб мутолаа қилинг. Чиройли кийим ёки аксессуар харид қилинг - нима бўлмасин, у сизга хурсандчилик онларини туҳфа қилади. Тўйиб ухлашга одатланинг. Оғир дамларда биз ўзимиз учун — энг муҳим ва энг самарали кўмакдошмиз. Уни йўқотиш мумкин эмас.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оғир дамлардан ўтишга ёрдам берувчи фойдали маслаҳатлар