Замонавий ҳаётнинг шошқалоқлиги ва шовқини орасида кўпчилик табиатни унутиб қўйган. Асле, инсоннинг тана ва руҳи табиат билан боғлиқ ҳолда яралган. Олимлар таъкидламоқда: фақат 20 дақиқа дарахтлар орасида сайр қилиш — юрак уришини секинлаштиради, қон босимини меъёрга келтиради ва стрессни камайтиради.
Zamin.uz ёзганидек, табиат инсон организмига тинчлантирувчи энергияни қайта юклайди. Қушлар сайраги, шамол шовқини ва яшил манзара асаб тизимини осойишталикка келтиради. Бу жараён инсон танасидаги “стресс гормонлари”ни табиий равишда пасайтиради.
Яшил муҳитдаги 120 дақиқа ҳаётни узайтиради
Буюк Британияда ўтказилган кенг қамровли тадқиқотда 20 минг нафар киши иштирок этган. Натижаларга кўра, ҳафтасига камида икки соат табиат қўйнида бўлган инсонлар ўзларини соғлом, хотиржам ва руҳан барқарор ҳис қилишган.
Бу икки соатни бир кунда эмас, бир неча қисмга бўлиб ўтказиш ҳам етарли. Асосийси — инсон табиат билан бевосита алоқада бўлиши. Оддий сайр, боғда ишлаш ёки паркда ўтиришнинг ўзи ҳам организмга шифо бериши мумкин.
Танадаги гормонлар мувозанатга келади
Очиқ ҳаво, айниқса, дарахтзор муҳитидаги вақт танадаги кортизол ва адреналин миқдорини камайтиради. Бу гормонлар стресс учун жавоб беради. Табиатда бўлиш иммун тизимини ҳам фаоллаштиради — айниқса, вируслар ва яллиғланишларга қарши курашувчи “natural killer” ҳужайралар сони ортиб боради.
Японияда ўтказилган “shinrin-yoku” — яъни “ўрмон ваннаси” тадқиқоти шуни исботлади: фақат уч кунлик қарағай ўрмонида дам олган одамларда бу ҳужайралар сони сезиларли ошган ва таъсири бир ҳафта давом этган. Олимлар бу ҳолатни дарахтлар чиқарадиган фитонцидлар билан изоҳлайди. Ушбу табиий моддалар нафас орқали танага кириб, асаб тизимини тинчлантиради ва юракни соғломлаштиради.
“Яшил рецепт” — табиат билан даволаниш
Буюк Британия, Япония ва Канадада шифокорлар беморларга доридан ташқари табиат қўйнида сайр қилишни тавсия этишади. Буни “яшил рецепт” дейишади. Ҳар ҳафта камида бир неча бор очиқ ҳавода бўлиш депрессия, чарчоқ ва руҳий зўриқишни камайтиради.
Бу усул нафақат психологик, балки физиологик жиҳатдан ҳам фойдали. Одам табиат билан боғланганда нафас олиш, юрак уриши ва уйқу ритми соғломлашади.
Табиатнинг ҳиди ҳам шифо манбаи
Табиат фақат кўриш орқали эмас, ҳид сезиш орқали ҳам организмга шифо беради. Қарағай, ёмғир ёки нам тупроқнинг табиий ҳиди мияда хотиржамлик билан боғлиқ нейронларни фаоллаштиради.
Шу сабабли, ҳатто 10 дақиқалик боғдаги сайр ҳам стрессни камайтиради, уйқуни яхшилайди ва кайфиятни кўтаради.
Ичакдаги фойдали бактериялар кўпаяди
Табиатда кўп вақт ўтказадиган одамларда ичак микрофлорасида фойдали бактериялар кўпаяди. Бу бактериялар овқат ҳазмини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди ва кайфиятни барқарорлаштиради.
Шаҳарнинг ифлос ҳавоси ва шовқини эса, аксинча, бу бактерияларни йўқотиб, сурункали чарчоқ ва тушкунликка сабаб бўлади.
Табиатни уйингизга олиб киринг
Ҳар доим табиат қўйнига чиқиш имкони бўлмаслиги мумкин. Аммо уни уй шароитида яратиш мумкин. NASA тадқиқотларига кўра, алое вера, драсена, хлорофитум ва спатифиллум каби ўсимликлар ҳаводаги заҳарли моддаларни 80 фоизгача камайтиради.
Уйда яшил муҳит яратиш — стрессни пасайтиради, диққатни оширади ва руҳий ҳолатни барқарорлайди. Шунингдек, лаванда, қарағай ва лимон мойлари билан ароматерапия қилиш ҳам асаб тизимини тинчлантиради ва уйқу сифатини яхшилайди.
Табиатни ҳис қилиш учун узоққа бориш шарт эмас — деразани очинг, хона бурчига кичик гул қўйинг ёки ҳавони табиий ҳид билан тозаланг. Бу орқали сиз ҳар куни табиатнинг шифо кучини ҳис қиласиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!