11:30 / 20.12.2019
4 889

Кореядаги ўзбек Юлдузи

Кореядаги ўзбек Юлдузи
Фото: Юлдузхон Эргашеванинг шахсий архивидан
Инсон қанчалик кўп изланишда бўлса, унинг имкониятлари шунчалик кенгайиб боради. Айниқса, илм-фан, маданият, санъат соҳасидаги изланишлар ортидан нафақат инсон ўзи учун, балки атрофидагиларга ҳам макон, замон танламай кўмакчига айланади.

Фарғоналик Юлдузхонда ҳам ёшлигидан тил ўрганишга иштиёқ кучли эди. Бу қизиқишлари унинг Қўқон давлат педагогика университетининг инглиз тили ва адабиёти йўналишида таълим олишига сабаб бўлди. У илк педагоглик фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Фарғонада бошлади. Ота-боболаримиз «Икки ёшнинг юлдузи юлдузига тўғри келсин» дейишади. Тасодифми, балки шу ҳикматнинг рўёбими Юлдузхон корейс тили бўйича таржимон, менежер йигит билан тақдирини боғлади.

Ҳозирда улар икки фарзанди билан Кореяда яшайди. Юлдузхон Эргашеванинг Кореядаги фаолияти ҳақидаги илк тасаввурларимни унинг расмлари уйғотди. Тасвирларда унинг қалбида туғилиб ўсган юртга меҳр, ватанпарварлик туйғулари нақадар чуқур илдиз отганлиги кўриниб турарди. Келинг, яхшиси қолганини суҳбатдошимиз Юлдузхоннинг ўзидан билиб олайлик.

Фото: Юлдузхон Эргашеванинг шахсий архивидан
Турмуш ўртоғим Кореянинг Пусан шаҳрида менежер-таржимон бўлиб ишлайди. Оиламиз билан шу сабаб Кореяга келдик. Аввалига туғилиб ўсган жой, Ватан, яқинлар соғинчидан қийналганим рост. Бироз муддат ўтиб, Кореяда ҳам ўз ўрнимни топишга ишондим. Корейс тилини ўрганишга бел боғладим. Ўқиб-ўрганиб, сертификат олдим. Пусан шаҳрининг Кижанг туманида жойлашган мултимедиали оилаларни қўллаб-қувватлаш маркази «Чет эл маданиятини ўргатиш» лойиҳасида дастлабки иш фаолиятимни бошладим. Ушбу дастур доирасида мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчиларига асосан Америка, Хитой, Ветнам, Филиппин, Лаос, Россия, Камбоджа каби давлатларнинг маданияти ўргатилади. Мен ўқувчиларга «Ўзбек маданияти» дарсларини олиб бораман.

– «Ўзбек маданияти» дарс жараёнларини қандай ташкил этасиз?
– Машғулотлар ўзбек ва корейс тилларида бўлади. Болажонлар дарс аввалида қўлини кўксига қўйиб ўзбекча саломлашишни жуда ёқтиришади. Машғулотларда Ўзбекистон рамзлари, миллий урф-одатлар, анъаналар, тарихий шаҳарлар, халқ чолғу асбоблари, миллий рақслар ва таомларимиз ҳақида маълумотлар бериб бораман. Болалар маданиятимизга оид ҳар бир янгиликни ўзгача завқ билан қарши олади. «Жўжаларим» қўшиғини ёддан жўр бўлиб айтишади.
Айниқса, дуторда куй чалиб берсам, жон қулоғи билан тинглашади. Яқинда дуторда «Роҳат» куйини ижро этганимда бир ўқувчим ўрнидан туриб, куйга мос равишда корейс қўшиғини айтиб рақсга тушиб кетса бўладими! Миллий кийимларимизни кийиб кўриб, ўзларини худди ўзбек болаларидек ҳис этишади. Ўйинларимиздан «Ким олади, шугинани»ни мириқиб ўйнаб, қоғоздан ўз қўллари билан дўппи ясаб кўришади. Байроғимизни бошқотирма ўйини орқали топиб қувонишади. Таълим жараёнида бундай интерактив усуллар тез ва осон ўзлаштириш имконини беради.

– Қизиқувчан боланинг саволлари жуда кўп бўлади. Шундай эмасми?
– Ўзбекларнинг «Келин салом»и, тўйларимиздаги наҳорги ош тарқатиш, болани бешикка солиш каби урф-одатларимиз улар учун жуда қизиқ. Дарс жараёнида болалар баъзан савол кетидан савол ёғдиради. Ҳар бирига эринмай жавоб бераман. Масалан: Ўзбекистоннинг иқлими, тарихий обидаларимизда минораларнинг кўплиги, нимага ўзбеклар бош кийими кийишини, ҳатто, чўчқа гўшти емаслигимизнинг сабаблариниям сўрашади.

– Ота-оналарнинг ушбу машғулотларга муносабати қандай?
– Корея яқин пайтгача фақат бир миллатли жамиятни устун кўрган. Ҳозирги глобаллашув даврида бошқа миллат маданиятидан бехабар бўлиш ўз қобиғида ўралашиб қолиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шунинг учун Кореяда глобал етуклик бўйича бошқа миллат маданиятини ўрганишни нафақат ота-оналар, балки ҳукумат ҳам қўллаб-қувватлаб, алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Бундан ота-оналар ҳам мамнун.

– Кореяда мактабгача таълим муассасаларида ўзига хосликни қандай таърифлайсиз?
– Машғулотлар икки, яъни асосий ва эркин машғулотлар тарзида олиб борилади. Асосий машғулотлар – инглиз тили, жисмоний тарбия, балет, хавфсизлик қоидалари, ижодкорлик ва маданият дарсларига алоҳида мутахассислар жалб қилинади. Эркин машғулотларда эса болалар ўзлари қизиққан бурчагига бориб, мустақил равишда шуғулланади. Масалан: расм чизиш, блок йиғиш, расмли эртак китоб ўқиш, мусиқа ва рақс, нутқ маданияти ва табиатни кузатиш кабилардан иборат.

Яна бир ўзига хос хусусияти, боғчалар эрталаб 7:30дан кечки 19:30гача очиқ бўлади. Ота-оналарга қулай бўлиши учун бу давлат томонидан мажбурий белгилаб қўйилган. Барча давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари учун тўлов давлат томонидан қопланади.

– Корейс оилаларидаги болалар тарбиясининг қай жиҳатларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Корейс оилаларида биринчи навбатда яшаш шароитининг замонавий, қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Тўй ва бошқа маросимлар ихчам ва кам сонли меҳмонлар билан ўтказилади. Болаларга келсак, уларни қўшимча таълимга жуда эрта жалб этиш учун алоҳида маблағ ажратиш, ёшлигидан эркин қилиб ўстириш шаклланган. Яъни, болани йўл қўйиши мумкин бўлган хатолардан шунчаки кўр-кўрона чеклашдан аввал, ишнинг сабаби ва оқибатлари қандай бўлишини тушунтириш йўли билан тарбиялайдилар. Бу эса боланинг ўз фикрини мустақил ва эркин ифодалаш имконини беради. Иш фаолиятимда шуни кузатдимки, ҳатто боғча болалари ҳам ўз фикрини тортинмай эркин баён этади. Ота-оналар дарсимни кузатишга мунтазам келиб, фарзанди ҳақида ўзаро фикр алмашиб туради. Яна бир жиҳат: корейс болаларида ўқишга иштиёқ, ҳозиржавоблик жуда кучли. Таълимда эса рақобат.

– Икки халқ ўртасидаги ўхшаш ва фарқли томонлар нималарда кўринади?
– Ўзбек халқи меҳмондўстлиги, хушмуомалалиги, яқинларига меҳрибонлиги, оилапарварлиги билан корейсларда ижобий фикр уйғотган десам муболаға эмас. Айниқса, аёлларимизнинг гўзаллиги ҳақида шундай гап бор. «Kim Tehi (Кореянинг биринчи рақамли, яъни энг гўзал аёли) Ўзбекистонга борса, ер чопади». Бу ибора жуда машҳур.

Икки халқ ўртасидаги ўхшашликлар — меҳмондўстлик, ёши улуғларни ҳурмат қилиш. Фарқли томонлари корейсларда вақтни белгилашда қаттиқ интизомга риоя қилишади. Таълим тизимида ўқув йили Ўзбекистонда сентябрдан, Кореяда март ойидан бошланади.

Юлдузхон Эргашева ўз фаолиятининг бош мезонини Ўзбекистонимизнинг кўҳна тарихи, бугуни келажаги билан бир бутун ҳолда кўриш истагидаги сайёҳлар оқимининг ортишига ҳисса қўшиш билан боғлади. Ва бу борада у она Ватан меҳрини қалбида ардоқлаб, миллий маданиятимизнинг энг сара дурдоналарини фахр-ифтихор ва шараф билан тарғиб этмоқда. Зеро, эзгу мақсадлар эзгу амаллар сари бошлайди.

Гулноза Турғунбоева суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кореядаги ўзбек Юлдузи