00:13 / 09.10.2020
3 374

Ота-оналар фарзандларига танбеҳ бераётганида йўл қўядиган 7 та хато

Ота-оналар фарзандларига танбеҳ бераётганида йўл қўядиган 7 та хато
Фото: «Лиза»
Зиддиятли дақиқаларда ҳиссиётлар енгиб чиқади. Шунинг учун низо чиққан пайтда фарзандларга бўлган муносабатни бузмайдиган тарзда ўзни тутишни ўрганиш ота-оналар учун муҳимдир.

Болага унинг ёмонлигини айтиш
Агар бола нотўғри иш қилган бўлса, унга «Сен ёмон боласан» ёки «Буни фақат тарбиясиз қизлар қилади» деб айтиш мумкин эмас. Ота-оналар бундай вазиятда фарзандларини эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатини баҳолаши керак. Шунингдек, муҳим қоидани унутмаслик лозим: фарзандларингизга дакки беришдан аввал ўзингизни таҳлил қилишга одатланинг.

Айбни болага юклаш
Тасаввур қилинг, хонага кирганда деворга қалам билан суратлар чизилган. Ўйлаб кўринг-а, бола бўёқни қаердан олган бўлиши мумкин? Балки уни юқорига қўйиш катталарнинг ёдидан чиққандир. Демак, айрим вазиятларнинг келиб чиқишига ота-оналарнинг ўзи ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатда кичик ва ҳимоясиз болажонларни эмас, албатта, ўзингизни койишни ҳам ўрганинг.

Босим ўтказиш
Масалан, фарзандга берилган планшет қурилмасини маълум вақтдан кейин унинг ухлаши ёки овқатланиши учун тортиб олиб қўйиш болада қаттиқ хафагарчилик, ғазаб уйғотиши мумкин. У ўзини худди нуқсонли ёки ҳаммадан ортда қолган деб ўйлай бошлайди. Шунинг учун ота-оналар фарзандлари билан музокара олиб боришни ўрганиши керак. Яхшиси, унга қурилмани беришдан аввал қанча муддат фойдаланиши ва вақт тугагандан сўнг шартларни бажаришини айтиш кифоя.

Моддий етишмовчиликни кўрсатиш
Ота-оналар кўпинча болаларининг хулқ-атвори билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун ўзининг мавқейидан фойдаланади. Масалан, «Улғайсангиз ўзингиз сотиб оласиз, лекин ҳозирча қарорни мен қабул қиламан» қабилидаги гаплар. Аммо негадир айнан шу услубдан фойдаланган ҳолда болага ота-она ва унинг ваколатларини ҳурмат қилиш ўргатилмайди. Шу сабабдан боладаги ички норозилик йиллар давомида тўпланиб, вояга етганида юзага чиқади ва ота-онасига қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилиш мумкин.

Ўзни тажовузкор тутиш
Кўпинча она ва бола ўртасида келишмовчилик пайдо бўлганда оналар ўзини қандай тутишни унутиб, бақиришни бошлайди. Аммо ишхонада бошлиқ қандайдир ёқимсиз иш қилса, унга нисбатан овоз кўтарилмайди. Демак, ўша вазиятда қандай қилиб ўзингизни босган бўлсангиз, уйда ҳам буни амалга оширишнинг иложи бор. Бу, албатта, ҳис-туйғу ва ақл-идрокни бошқариш қобилиятига боғлиқ.

Болани кечирим сўрашга мажбур қилиш
Кўпинча ота-оналар болаларидан ҳар қандай арзимас иш учун ҳам кечирим сўрашни талаб этади. Бола эса нима туфайли айбдорлигини билмай, ота-онасининг кайфиятини яхшилаш учун дарҳол ёд олинган жумлани такрорлайди. Энди ўйлаб кўриш вақти келди: муҳими кечириш сўрашми ёки айбини тушуниб етиш? Танлов ҳар кимнинг ўзида.

Қарама-қарши муносабат
Бола ота-она ёқтирмайдиган ишни бажариши билан унга нисбатан тескари муносабат олиб борилади. Бундай вазиятда, аслида, сукут сақлаган маъқул. Аммо жазо сифатида болани ёмонга чиқариш мутлақо мумкин эмас. Ҳар қандай жазо адолатдан бўлиши ва шахсиятни камситмаслиги керак. Азиз ота-оналар, фарзандингизга ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлинг. Шундагина келажакда ўзингиз фахрланадиган инсонни тарбиялаётган бўласиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ота-оналар фарзандларига танбеҳ бераётганида йўл қўядиган 7 та хато