17:15 / 05.02.2021
2 090

Ирсиятми ёки маркетинг: Вазн ортишининг 10 сабаби

Ирсиятми ёки маркетинг: Вазн ортишининг 10 сабаби
Фото: Freepik
Вазн ортиши саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Метаболизм ёмонлашиши, қон босими ва юрак фаолияти билан боғлиқ касалликлар шулар жумласидан. Сўнгги ўн йил давомида олимлар семиришга турли омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлаган. Улар орасида энг кўп учрайдиганларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ирсият
Семириш наслдан-наслга ўтиши, тўладан келган ота-она фарзандлари семиришдан азият чекиши мумкин. Бу семиришдан қочиб қутилиб бўлмаслигини билдирмайди. Шунчаки, истеъмол маҳсулотлари генлар экспрессиясига таъсир қилишини англатади. Ратционида нотабиий маҳсулотлар кўп экани сабаб ҳам айрим мамлакат аҳолисида семириш ҳолати кўп кузатилади. Уларнинг гени эмас, шунчаки генлар атроф-муҳитдан қабул қиладиган сигналлар ўзгарган.

Саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган носоғлом маҳсулотлар
Қайта ишланган маҳсулотларга қўшимча аралашма, зиравор, шакар ва таъм кучайтирадиган воситалар қўшилган бўлади. Маҳсулотни мазали қилиш, сақлаш муддатини чўзиш учун қўшилган қўшимчалар вазн ортишига ҳам олиб келади. Юқори технологиялар ҳақидаги тадқиқотлар, тест ва ҳисобларнинг бари истеъмолчини қармоққа илинтиришга мўлжалланган бўлади.

Таомга қарамлик
Ёғли носоғлом овқатларнинг мияга таъсири аксарият ҳолларда наркотик, спиртли ичимлик, кокаин ва никотинга ўхшатилади. Носоғлом таом, мойиллиги бор одамларда қарамликни келтириб чиқариши мумкин. Бунда истеъмол қилишда назорат йўқолиши кузатилади. Одам нимагадир қарам бўлиб қолса, танлов эркинлиги йўқолади. Бундан фойдаланиб мия биокимёвий жараёни жиловни ўз «қўли»га олади.

Агрессив маркетинг
Зарарли маҳсулот ишлаб чиқарувчилар агрессив маркетологлар ҳисобланади. Баъзи вақтларда улар ўз маҳсулотини фойдали, соғлом ва спорт билан шуғулланадиганлар учун айни муддао деб сотишга уринади. Энг ёмони бундай компания маркетинги асосан, зарарлилигини ҳали тушуниб етмайдиган болалар учун ишлаб чиқаришга қаратилган бўлади. Шу сабаб ҳам бугунги кунда ёш бўлишига қарамай ортиқча вазн, қандли диабет сингари касалликлардан азият чекадиган болалар кўп.

Инсулин
Энергия тўпланиши учун муҳим бўлган мазкур гормоннинг яна бир вазифаси ҳужайраларга ёғни сақлаш ва ушлаб туришга кўрсатма беришдан иборат. Ҳужайраларнинг инсулинга «қулоқ солмай» қўйиши эса ушбу гормон миқдори ортиши ва энергиядан фойдаланиш ўрнига, ёғ ҳужайраларида тўпланишига олиб келади. Инсулин миқдорини камайтириш учун оддий ва тозаланган углеводларни истеъмол қилишдан тийилиш ҳамда кўпроқ клетчаткага бой маҳсулотларни ейиш керак.

Дори воситалари
Антидепрессантлар, қандли диабетни даволайдиган ва антипсихотик сингари дори воситаларининг ножўя таъсири вазн ортишига олиб келиши мумкин. Уларни қабул қилгандан кейин иштаҳа очилиши ва моддалар алмашинуви бузилиши ҳисобига ҳам шундай ҳолат юз беради.

Лептин гормони
Семиришда муҳим рол ўйнайдиган яна бир гормон лептин ёғ ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилади ҳамда унинг қондаги миқдори организмдаги ёғ фоизи билан бирга ошади. Соғлом одамлардаги лептин миқдори кўплиги, иштаҳа пасайиши билан боғлиқ бўлади. Тўла инсонларда эса аксинча лептин етарлича ишламайди.

Зарарли аммо мазали таомларнинг арзонлиги
Ишлаб чиқарувчилар маркетингига кўра, айнан зарарли овқат ва маҳсулотлар кўпроқ эътибор тортади. Уларнинг фойдали маҳсулотлардан арзон экани эса вазиятни яна ҳам ёмонлаштиради.

Шакар
Қўшимча шакарнинг ярми глюкоза қолгани эса фруктозадан иборат бўлади. Меъёридан ортиқ истеъмол қилинган шакар, вазн ортишига олиб келадиган гормонлар ва танадаги биокимёвий жараёнларга таъсир қилади. Организмга глюкоза турли маҳсулотлар билан, фруктозанинг катта қисми эса қўшимча шакар билан киради. Фруктозанинг меъёрдан ортиқ истеъмоли инсулин миқдорининг ошишига олиб келади.

Дезинформация
Соғлом овқатланиш ҳақидаги сиз дуч келган барча маълумотлар ҳам тўғри бўлавермайди. Ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини сотиш учун нотўғри маълумот тарқатади. Янгилик сайтлари эса илмий тадқиқот натижаларини нотўғри талқин этади. Гап шундаки, кўп ҳолларда берилган маълумот эски ёки исботланмаган концепцияларга асосланган бўлади. Бундай маълумотлардан келиб чиқиб вазн ташлашга уриниш ижобий натижа бермайди. Организм ва мия биокимёсини назорат қила олмаганингиз билан овқатланиш билан боғлиқ одатлар, қолаверса ҳаёт тарзингизни ўзгартиришингиз ҳамда кутилган натижага эришишингиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ирсиятми ёки маркетинг: Вазн ортишининг 10 сабаби