23:58 / 25.04.2021
2 912

Рўза тутганда инсон танасида қандай ўзгаришлар содир бўлади?


Дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар рўза тутувчи муборак Рамазон ойи давом этмоқда. Сўнгги бир неча йил давомида Рамазон шимолий ярим шарда жойлашган мамлакатларда кунлар узун, об-ҳаво иссиқ бўлган ёзги мавсумга тўғри келмоқда.


Фото: Getty Images
Бу – баъзи мамлакатларда, масалан, Норвегияда ҳар куни 20 соатгача озиқ-овқатдан ўзини тийиш демакдир.
Хўш, рўза соғлиққа қандай таъсир қилади? 30 кун давомида рўза тутган одамнинг танасида қандай ўзгаришлар содир бўлади?

Дастлабки кунлар қийин кечиши мумкин
Инсон танаси рўза тутилганини энг сўнгги овқатланишдан 8 соат ўтгач сезиши мумкин. Бу – ичаклар охирги таомланишдан олинган барча фойдали моддаларни тўлиқ ҳазм қилиб улгурадиган муддатдир. Кейинги босқичда организм энергия эҳтиёжини қондириш учун жигар ва мушаклардаги глюкозага йўналади.

Глюкоза истеъмолидан кейинги энергия манбайи танадаги ёғлардир. Ёғларнинг сарф қилиниши вазн йўқотишга, холестерин миқдорини пасайтиришга, диабет хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Бошқа томондан, қон шакарининг пасайиши билан танада заифлик ва сустлик пайдо бўлади.
Очлик даражаси энг юқори даражага кўтарилганда симптомларга бош оғриғи, кўнгил айниши ва оғиздан нохуш ҳид келиши каби аломатлар қўшилади. 

3-кундан 7-кунга: сув ичишга эътибор қаратинг
Бу оралиқда тана рўза тутишга мослаша бошлайди. Ёғ «истеъмол» қилиниб, қон шакарига айлантирилади.
Саҳарлик ва ифтор вақтлари орасида сув миқдори камайгани сабабли танада терлаш тезлашади ва суюқлик йўқолиши кучаяди.
Ифтор ва саҳарлик вақтидаги овқатланиш пайтида углеводлар ва баъзи ёғларни керакли миқдорда қабул қилиш энергия ишлаб чиқариш учун зарур. Оқсил, туз ва сув каби баъзи фойдали моддаларни истеъмол қилиш муҳимдир.

8-кундан 15-кунгача: тана рўза тутишга тўлиқ мослашади
Тана энди 3-босқичга ўтади ва у рўза тутишга тўлиқ мослашади.
Англиядаги Кембриж университети касалхонасининг беҳушлик ва интенсив терапия бўйича маслаҳатчиси доктор Разин Махруфнинг айтишича, ушбу босқич танага ижобий таъсир кўрсатади.

«Кундалик ҳаётда биз кўпроқ калорияли овқат истеъмол қиламиз. Шунинг учун танамиз касалликларни енгиш каби муҳим вазифани бажара олмайди. Рўза пайтида бу ҳолат қайтадан мувозанатлашади. Тана яна ўзининг муҳим функцияларига эътибор қаратади, унинг инфекцияларга қарши курашиши ва касалликлардан халос бўлиши ҳам осонлашади».

16-кундан 30-кунгача: Зарарсизлантириш вақти
Рамазон ойининг иккинчи ярмида йўғон ичак, буйрак ва тери токсинлардан халос бўла бошлайди.
Доктор Разин Махруфнинг айтишича, бу даврда организм ўзининг максимал имкониятига қайтади. Хотира ва концентрация яна кучга киради, энергия ҳам ортади: «Рўза тонгдан то қуёш ботгунига қадар бўлган вақтни қамраб олади. Шу асно у тана мушакларини муҳофаза қилиб, озишга ёрдам беради. Аммо агар тана энергия учун оқсил олишни бошласа, у олдинги очлик режимига ўтиб, мушакларингизни ишлатишни бошлайди. Бу кўпинча кунлар ва ҳафталар давомида тутиладиган рўза даврида содир бўлади».

Рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими?
Доктор Разин Махруфнинг сўзларига кўра, бу саволнинг жавоби «Ҳа», лекин битта шарт билан: «Рўза соғлиқ учун фойдали, чунки у қачон ва қандай овқатланаётганимизга эътибор қаратиш имконини беради. Аммо биз бир ойлик муддатни узайтиришни ва доимий равишда рўза тутишни тавсия этмаймиз. Рўзани узайтириш узоқ вақт давомида ёғни энергияга айлантиришнинг олдини олади ва тана энергия манбайи сифатида мушакларга йўналади, очлик режими кирганда узоқ вақт давомида вазн йўқотишни қийинлаштиради ва соғликка ёмон таъсир қилади».

Агар Рамазон давридан ташқари рўза тутиладиган бўлса, доктор Разин Махруфнинг тавсияси – 5:2 рўза тутиш диетасига амал қилишдир. Бошқача қилиб айтганда, ҳафтада 5 кун соғлом овқатланиш ва қолган 2 кун давомида рўза тутиш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рўза тутганда инсон танасида қандай ўзгаришлар содир бўлади?