12:46 / 06.06.2021
2 519

Ишлаётган инсонлар учун жазирамадан сақланишнинг 20 усули


Ҳа, атрофдаги барча нарса қуёш тиғида қизий бошлагач, мия қайнаб кетгудек бўлади. Бундай муҳитда офис ходими ишлаш тугул, қимирлашга мажолсиз бўлиб қолади, албатта. Офтобда ишлашга мажбур бўладиганларни-ку, асти сўраманг.
Об-ҳаводан арз қилиб бўлмайди. Шунинг учун салқин кунлар келишига ҳали анча борлигини инобатга олиб, жазирамадан сақланиш бўйича маслаҳатларга амал қилинг.

Умумий қоидалар
1. Енгил кийининг. Матоси табиий толалардан тўқилган, ранги оч тусли, ҳавони яхши ўтказадиган кийимларни танланг. Қалин жинси шимларни куз келгунча тахмонга тахлаб қўйинг.
2. Ишга бош кийимсиз ва қорайтирилган кўзойнаксиз чиқманг. Ҳар эҳтимолга қарши, терини қуёш нурида куйишдан асровчи косметик воситалар билан «дўстлашиб» қўйинг.
3. Терига ёғли кремлар ва ҳаддан зиёд косметик воситалар суртманг.
4. Имкон қадар кўпроқ газсиз сув ичинг, унга лимон ёки ялпиз ҳам қўшишингиз ҳам мумкин. Кўк чой, компотлар ҳам тавсия этилади. Ичимликлар салгина совитилган бўлса, янада яхши. Қаҳва ва алкоголдан воз кечинг.
5. Ҳазми енгил таомлар истеъмол қилинг. Мевалар, музқаймоқ ва турли-туман сабзавотли фрешлар — ёз мавсуми учун идеал вариант.
6. Энг яхшиси, таътилга чиқинг ва тоғли масканларда дам олинг.

Кўчада ишловчилар иссиқдан қандай сақланиши керак?
Қурувчилар, ҳаммоллар, тракторчилар, автотураргоҳларда ишловчилар ва кўчада кун бўйи ишловчилар нима қилиши керак? Боз устига, уларнинг аксарияти қалин униформада бўлишади. Нимани ҳал қилиб бўларди, қоидалар ва хавфсизлик техникаси шуни талаб этади.. Бундай ишчилар учун иссиқдан сақланишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:

1. Ҳам ичиш, ҳам ювиниш учун ёнингизда имкон қадар кўпроқ сув захираси бўлсин. Ичимликларни салқин сақловчи термосингиз бўлсин.
2. Юзингизни ифлос кафтларингиз ёки кийимингиз енгига арта кўрманг. Бу вазият учун чўнтагингизда доимо нам сочиқчалар бўлсин.
3. Техник танаффуслар қилинг. Ҳар бир соат ишдан сўнг 10 дақиқа дам олинг. Ёки икки соатлик ишдан сўнг 15 дақиқа.
4. Сояда туриб ишлашга ҳаракат қилинг. Агар бу имконсиз бўлса — вақти-вақти билан соялаб туринг.
5. Агар иш жойингиз автомобиль кабинаси бўлса — унинг ойнасига қуёш нуридан тўсувчи пардалар ўрнатинг. Бу усул машина ичидаги ҳароратни 5–7 даражага пасайтиради.

Офисдагилар иссиқдан қандай сақланиши керак?
Офисда ишлаш, албатта, қулайроқ. Лекин идора ичида кондиционер бўлмаса, нима қилиш керак?

1. Албатта, қулай шароитда ишлаш учун энг оқилона ечим — кондиционер ўрнатиш. Раҳбариятдан буни талаб қилинг. Ҳеч бўлмаса, вентилятор олиб беришсин.
2. Барча муҳим ишлар ва учрашувларни ҳали қуёш тик келмаган вақт — куннинг биринчи ярмига режалаштиринг.
3. Иш столингизга сув тўлатилган идиш, айтайлик, аквариум жойлаштиринг. Буғланадиган сув ҳам ҳавони совитади.
4. Оддий пульверизатор сотиб олинг ва совуқ сув пуркаб атрофдаги ҳавони мўътадиллаштириб туринг.
5. Қўлларни кўпроқ ювинг. Бу совуқ сув билан чайиниш учун яна бир баҳона. Дарвоқе, агар қулоғингиз юмшоғини ҳўллаб олсангиз, қизишдан тўхтаганингизни ҳис қила бошлайсиз.
6. Деразаларга жалюзи осинг ёки иссиқлик ва ёруғликни қайтарувчи махсус фольга билан ёпинг.
7. Хонани шамоллатиб туринг, агар шамоллаб қолишдан чўчимасангиз, елвизак ҳосил қилинг.
8. Хонадаги оддий чўғланма лампаларни ёруғлик диодли лампаларга алмаштиринг.
9. Эрталабдан ҳаво қизиб кетадиган кунларда ҳали қуёшдан зарба олмасдан, ишгача эсон-омон етиб бориш ҳам кераклигини унутманг. Бунинг учун ёнингизда бир идишда совуқ сув ва елпиғич бўлсин. Айниқса, жамоат транспортида улар чинакам қутқарувчи ролида бўлади.

Агар иссиқ остида ишлаш туфайли ҳолсизлик, нафас қисиши, бош айланиши, бош оғриғи сезсангиз, кўз олдингиз қоронғилашиб, юрак уришингиз тезлашса — эҳтиёт бўлинг, бу қуёш уришининг яққол белгилари. Дастлабки аломатларданоқ врачга учрашга ҳаракат қилинг ва ўзингизни асранг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ишлаётган инсонлар учун жазирамадан сақланишнинг 20 усули