14:18 / 26.09.2021
2 962

«Боламнинг юзини ерга қаратдим, аммо у мени ҳамон жаннатим деяпти» - Маҳкума ҳикояси

«Боламнинг юзини ерга қаратдим, аммо у мени ҳамон жаннатим деяпти» - Маҳкума ҳикояси
«Бухороликман, ёшим 38 да, оилалиман, 2 фарзандим бор. Босқинчилик жинояти билан 12 йилга қамалдим. 4 йил муддатимни ўтадим. Қамалишимдан олдин тадбиркор бўлганман. Қурилиш материалларини етказиб бериш билан шуғулланардим, озиқ-овқат дўконлари очиб, уларни юритардим. Нима топсам, оилам, болаларимга илиндим, уларни деб тер тўкдим. Аммо бир куни...».

«Маҳкума» лойиҳасини давом эттирамиз. Еттинчи қаҳрамонимиз Гулруҳ Отамуродова ҳам оила дардида югуриб юрган оналардан бири. У ўз вақтида яхшигина тадбиркор бўлган. Топиш-тутиши шунчалик яхши бўлганки, ҳатто болаларини энагага қаратган. Қамоқда эса жинояти билан бирга болалари меҳрига тўйиб олмаганига афсусланмоқда. Қуйида унинг ҳикоясини бирга тинглаймиз.

«Ўз кучимга ишонганман»
«Қамалгунимга қадар тадбиркорлик билан шуғуллардим. Аёлларни иш билан таъминлаш мақсадим бўлган, эришганман ҳам. Тикувчилик корхонасини очганман. Тикувчиликдан унчалик хабарим бўлмагани учун корхонани юргизишга жуда қийналганман. Шунингдек, савдо, ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари билан шуғулланганман, улгуржи ва чакана савдо билан.

Оилам ҳақида гапирадиган бўлсам, мен ҳар доим ўз оиламдан, ота-онамдан фахрланиб юрганман. Инсон ўз оиласидан қанчалик рози бўлиб яшаса, ички ишончи ҳам шунча ортиб боради. Шу муҳитда ўсганим учун ҳам аёл бўлишимга қарамай, эркаклар бажара оладиган юмушларни қилганман, зиммамга катта масъулиятни олганман. Корхонамни мустақил юритганман, қўрқув бўлмаган. Нима мақсадни кўзласам, шунга эришишга ҳаракат қилганман. Инсон ҳаётда қаердадир хато қилса, буни тақдирга йўямиз, аммо ундаймас. Барчасига инсоннинг ўзи сабабчи. Инсон ўз тақдирини ўзгартириш ўзининг қўлида.

Жиноят туфайли қамалишимдан олдин аёл бошим билан жуда кўп оғирликлар елкамга тушди, ҳаммасини енгиб ўтганман. Билмадим, қаердадир кучсизланиб қолдимми, молиявий томондан қийинчиликларим бошланди. Хуллас, шу қинғир йўлга кириб қолдим. Бир ҳамшира аёл менга укол қилиб қўярди. У қийналиб юрганимни билган ва мўмай даромадли таклифлар берган.

Турмушга чиққанимдан кейин ўзим мустақил, якка тартибда тадбиркорлик (ЯТТ) фаолиятини олиб бордим. Орадан 2 йил ўтиб, ЯТТдан айланма маблағлар кўпайгач, кейин улгуржи мақомдаги корхонага айлантирдим. Бошқарув ишларида, албатта, турмуш ўртоғимга ишонганман. У билан биргаликда иш олиб борганмиз. «Қизилқумцемент» АЖ билан ҳамкорликда ишлаб, у ердан қурилиш материалларини олиб, жойларга етказиб бериш билан шуғулланганмиз. Ишларимиз биз ўйлагандан ҳам юришиб кетганидан кейин 2014 йилда «Қизилқумцемент» АЖга расмий дилер бўлиб, шартнома туздик».

«Эрим 5 йил давомида биздан умуман хабар олмади»
«Бугун ишим юришиб кетди, дегани ҳар доим шунақа деганимас. Бир кунда битта хатойингиз туфайли ҳаётингиз бошқа томонга ўзгариб кетиши мумкин. Худди меники каби. Ўша пайтлари қурилиш моллари дўконимиз, бир нечта озиқ-овқат дўконимиз бўлган. Қўлимизда кўп миқдорда маблағ бўлганидан турмуш ўртоғим гангиб қолган. У менга кўп азоблар берган. Болаларимни кўришга имконим йўқ эди. Улар туғилгач, бирданига энагага бериб юборганман, қарашга. Уларни ҳафтада 1-2 марта кўрардим, холос.

Она сифатида боламни бағримга босиб қаролмаганман. Сабаби шунча ишни ўзим бажаришимга тўғри келган, ҳаммаси бир ўзимнинг елкамда бўлган. Аёл киши қанча иш қилишидан қатъи назар, барибир у ожиза. Аёллигимизга борамиз, барчасидан чарчаймиз. Эрим хиёнати туфайли у билан муносабатларимиз дарз кетгани ҳақида ота-онамга бирор марта бориб айтмаганман. Муаммолар авж олгачгина улар хабар топишган.

Унга тинчгина ажрашиш таклифини билдирганман. У кескин рад этган, ҳаттоки таҳдид қилган. Бундан қўрқувга тушиб ҳеч кимга айтмаганман. Аслида қўрқмаслик керак. Ўша пайтда барча аёллар каби болаларим отасиз қолишидан қўрққанман. Таҳдидлар қилгач, қўрқиб ҳеч кимга айтмадим. Вақт ўтиб, эрим турли сабаблар туфайли хорижга чиқиб кетди. 5 йил давомида биздан умуман хабар олмади. Ёлғиз аёл бошим билан корхона ишлари, болалар тарбияси билан шуғулландим.

Эримнинг хиёнати ҳақида илк марта эшитганимда, ўзимни қўярга жой тополмаганман, жудаям алам қилган. Буни нафақат ўзимга, балки бутун оиламга нисбатан хиёнат деб билдим. Ўша пайти шунчалик оиламга содиқ бўлганманки, топган-тутганимни ота-онамга эмас, фақат уйимга ташиганман. Фақат ўз оилам деб ҳаракат қилган аёл бўлганман. Хиёнати сабабини сўраганимда, шундай деганди: «Одамлар оилада, корхонада мени эмас, сени хўжайин, деб билишади. Мен ҳеч кимман улар учун. Мен сенга хиёнат қилсам, ўзимни одамларга сенда кучлироқ, зўрлигимни исботлаган бўламан».

Турмуш ўртоғимни ҳамма вақт ҳурматини қилганман. Корхонани ташкил қилишдаям эримдан кўмак сўраганман. Мен-ку айбим туфайли қамалганим учун хабар олмаётгандир, лекин болаларим бегуноҳ бўла туриб, улардан ота сифатида ҳаттоки телефон орқали хабар олмаган инсонни ким деб аташ мумкин?

Қизим 13 ёш, ўғлим 12 ёшда. Уларнинг олдида эмаслигимдан, болалиги менсиз ўтиб кетаётганидан жудаям афсусдаман. Уларнинг олдида бир умр қарздорман, деб биламан. Улардан кечирим сўрайман. Ёш болани энага қўлига топшириб, пул топиш билан овора бўлганман. Оқибатда нима бўлди? Менга энди ҳеч нарса керакмас, ота-онам, болаларим соғ-омон бўлса, шунинг ўзи етади. Иш, пул, бойлик – ҳаммаси топиладиган нарса».

«Айбим бор, тан оламан»
«Ўша пайтда қилган жиноятимни тан оламан, бунга ўзим қўшилганман. Айбсизман, демайман. Бир гуруҳ босқинчиларни жиноят жойига ўзимнинг машинамда олиб борганман. Руҳий ҳолатим яхши бўлганмагани сабабли улар шу таклифни айтганида, рози бўлганман. Лекин бу жиноятим ортидан қамалиб қолсам, болаларим, оиламнинг аҳволи қандай кечади, ота-онамнинг ор-номуси нима бўлади деб олдиндан ўйламаганман.

Тан оламан, айбим бор, бу жиноятга қўшилганман, аммо жиноят жойига кириб нимадир олмаганман. Фақатгина машинамда уларни олиб бориб қўйганман. Бунда босқинчилик жинояти содир бўлган. Менга 12 йил-у, 8 ой муддат беришди. Унинг 4 йилини ўтадим.

Олий судга афв этишларини сўраб мурожаат қилганман. Етказилган зарарни 80 фоизидан ортиғини ўзим тўлаганман. Жазони ижро этиш жараёнида пушаймонлигимни инобатга олиб, жазо муддатимни енгиллаштириб беришларини сўрадим, аммо жазо ўзгаришсиз қолдирилди. Жазонинг учдан бир қисмини ўтагач, афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эгамиз. Насиб қилса, кутяпман. Ҳар бир аёл афв этилишини кутиб яшаяпти бу ерда».

Муҳаббат Маъмирова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Боламнинг юзини ерга қаратдим, аммо у мени ҳамон жаннатим деяпти» - Маҳкума ҳикояси