Сўнгги пайтларда аҳоли орасида товуқ гўштига бўлган талаб анча ошди. Ушбу маҳсулот тури енгил ҳазмлилиги ва витаминларга бойлиги билан инсон организми учун зарур озуқа ҳисобланади. Айниқса, кексалар ва ёш болалар учун бу гўшт маҳсулотини истеъмол қилиш жуда қулай. Боз устига нархи ҳам ҳамёнбоп.
Импортнинг асосий қисми мусулмон бўлмаган давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонга 15 та давлатдан қиймати 17,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 18,1 минг тонна парранда гўшти импорт қилинган.
Қайд этилишича, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,7 минг тоннага ошган. 2022 йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистон энг кўп парранда гўштини импорт қилган давлатлар орасида Польша етакчилик қилмоқда – 5 минг тонна.
Ушбу кўрсаткич қолган давлатлар кесимида қуйидагича кўриниш олди: Туркия – 3,2 минг тонна; Россия – 2,7 минг тонна; Бельгия – 2,2 минг тонна; АҚШ – 1,5 минг тонна; Нидерландия – 816 тонна; Литва – 607 тонна; Германия – 423 тонна.
Ўзбекистон аҳолисини асосий қисми мусулмон. Табиийки, Ислом динида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилади. Хусусан, биз истеъмол қилаётган барча маҳсулотлар ҲАЛОЛ, шариат тамойиллари асосида тайёрланган, пок бўлиши шарт. Шу боис ҳам, одатда, сотиб олаётган маҳсулотимизнинг мана шу — нозик томонларига аҳамият қаратамиз. Юқорида келтирилган статистик маълумотдан англаш мумкинки, Ўзбекистонга импорт қилинаётган парранда гўштининг асосий қисми мусулмон бўлмаган давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу гўштлар ҳалолми? Динимизда белгиланган талаблар асосида сўйиладими? Буни қандай аниқлаш мумкин?
Кўпчиликни қизиқтираётган бу каби саволларга жавоб олиш мақсадида мутахассисларга юзландик.
Маълумотлар махфий...
Ўзбекистонга кириб келаётган истеъмолга яроқли гўшт маҳсулотларини асосан қайси корхоналар етказиб бермоқда, деган савол билан Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасуловга юзланганимизда у “Расмий статистика тўғрисида”ги қонунга кўра, бирламчи маълумотлар махфийлиги боис, нафақат бизга (журналистларга), балки бошқа “орган”га ҳам очиқламаслигини таъкидлади.
—Савдо-саноат палатаси ёки Ташқи савдо вазирлигида парранда гўшти билан шуғулланадиганлар рўйхати бўлиши мумкин, — дея қўшимча қилди қўмита ходими.“Ҳалоллиги буюртмачига боғлиқ...”
Бизнинг товуқ гўштининг ҳалоллиги бўйича навбатдаги суҳбатдошимиз Савдо-саноат палатаси мутахассиси бўлди.
«Агар импортни қабул қилаётган тадбиркор ёки ташкилот келишувга асосан Ҳалол стандарт талаблари асосида маҳсулот етказиб бериш талабини қўйган бўлса, шу асосда етказиб беради. Импортчи олиб келган маҳсулот (масалан, товуқ гўшти, оёғи ё қаноти)ни қайта ишланган ёки тайёр гўшт сифатида сотаётган бўлса, унинг ёрлиғида — “Ҳалол стандарти асосида” деган ёзув бўлиши шарт. Ёрлиққа бу тамғани босиш учун эса махсус сертификат талаб этилади (харидор сотувчини ушбу сертификатини сўрашга тўлиқ ҳақли). Ёки истеъмолчига товарнинг ҳалоллигига жавоб бера олмайман, деб тўғрисини айтиш керак.
Ҳозирги кунда супермаркетларда қадоқланган мол ва қўй гўшти устига “Ҳалол” деган ёзув ёпиштириб қўйилганига кўзимиз тушади. Демак, улар ҳалол сертификатини олган корхонага тааллуқли кушхоналарда сўйилган.
Чет давлатдан импорт қилинаётган парранда гўштларининг ҳалоллиги, асосан, маҳсулотни “заказ” қилган импортчи ташкилотга боғлиқ. Бунга янада аниқлик киритиш учун етказиб берувчининг ўзидан сўраш керак бўлади», — дейди Савдо-саноат палатаси мутахассиси.
Бу масала юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи Ғуломиддин Холбоевга мурожаат қилдик.
“Дарҳақиқат, сизлар кўтарган масала жудаям долзарб. Чунки кундан кунга парранда гўштига бўлган талаб ортиб боряпти. Аввало нархи арзон, иккинчидан эса, товуқ гўшти парҳезбоп. Бу бўйича бизга кўплаб саволлар келади. Уларни умумлаштириб, қуйидагиларни айтиш мумкин:
Биринчи навбатда товуқни сўяётганда динимиз талабига кўра ҳар бирига алоҳида “Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар” деган калимани айтиш керак. Бугунги кунда замонавий аппаратлар чиққан, яъни ўнлаб, юзлаб товуқни (паррандани) бир вақтнинг ўзида сўйиб юборади. Бу жоиз эмас.
Иккинчидан, товуқ (парранда)ни патини тозалаш учун қайноқ сувга солинади. Бу ҳолатда сувнинг ҳарорати 63 градусдан баланд бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда парранда ичидаги нажосат гўштга аралашиб кетиши мумкин.
Яна бир эътиборли томони шундаки, сувга солибоқ олиш керак. Чунки сувга қон оқса, ўша сув ҳам нопок сувга айланиб қолади.
Мана шундай шартлар билан сўйилган товуқ ёки парранда гўшти ҳалол бўлади. Алҳамдулиллаҳ, шу асосда сўйиб, халқимиз дастурхонига ҳалол гўшт тақдим этаётган тадбиркорларимиз йўқ эмас...”
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда «Ҳалол стандарти» жорий этилган.
Бу иш билан Ўзстандарт агентлиги қошидаги Стандартлаштириш, сертификатлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот (қисқача Стандартлар институти) институтининг Ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш органи шуғулланади. Стандартлар институти ходимлари билан боғланганимизда Ўзбекистонда парранда (товуқ) гўшти бўйича ҳам “Ҳалол”лик сертификатини олган корхона борлиги ҳақида маълумот беришди. Демак, бу борада ҳам Ислом дини кўрсатмаси асосида иш олиб боришнинг имкони бор (бунга асли шубҳа ҳам йўқ, лекин аниқ факт борлигини назарда тутяпмиз – таҳририят).
Куни кеча президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилишда ҳам аҳолини паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги бир қатор муаммолар борлиги айтилди.
Жумладан, “8 та вилоятда парранда гўштини етиштириш аҳоли талабининг 70 фоизини ҳам таъминламаяпти”. (Бу эса ўз-ўзидан импортнинг ошишига сабаб бўлади – таҳририят)
“Паррандачилик хўжаликлари билан учрашувларда 20 дан ортиқ муаммо ва таклифларни кўтарилган. Жумладан, паррандачилик йўналишидаги 50 дан зиёд йирик корхона 50 фоиз қувватда ишламоқда.
Лекин, қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокими улар билан учрашиб, озуқа ем, транспорт, айланма маблағ масалаларида ёрдам бераяпти, деган саволга, афсуски, ижобий жавоб йўқ”, деди Президент.
Дарҳақиқат, динимизда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига берилган бу аҳамиятни Ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва ўзидан ҳалокатни даф қилиш, Ҳақнинг йўлидан бориш, У буюрганларига амал қилиш, буюрилмаганидан тийилишни вожибга айлантирганининг ўзиёқ бунга яққол намуна бўла олади.
Чет элдан, хусусан, мусулмон бўлмаган давлатлардан кириб келаётган ҳар қандай маҳсулот бизнинг аҳкомларимизга тўғри келиши, мусулмонлар учун ҲАЛОЛ бўлиши шарт. Чунки халқ истеъмолчи. У пешона териси билан топган ҳалол пулига ҲАЛОЛ маҳсулотларни сотиб олишни ва ҳалол луқма ейишни жоиз деб билади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар