Бугун Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот чоғида тадбиркорлик соҳаси учун муҳим бўлган қатор ўзгаришлар эълон қилинди.
Микро, кичик ва ўрта бизнес
Очиқ мулоқотда тадбиркорлик корхоналарини тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувлар белгиланди.
Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича қуйидаги тоифаларга ажратилмоқда:
- 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;
- 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;
- 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес.
Шундан келиб чиқиб, тадбиркорларга айрим енгилликлар ҳам берилмоқда.
Микро бизнес учун ягона солиқ ставкаси
2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган солиқ ставкалари ўрнига, ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун, амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.
Соддароқ айтгандда, олдинги тартиб бўйича, «оборот»и бир йилда 100 миллион сўм бўлган тадбиркор 4 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача солиқ тўлаган. Энди эса ягона ставка — 4 миллион сўм тўлайди, холос. Бу савдо айланмаси миқдоридан келиб чиқиб, ўзгариши мумкин. Яъни, масалан, 1 миллиард сўм айланмага эга бўлганлар 250 миллион ўрнига 40 миллион тўлайди.
Яна бир муҳим янгилик — агар тарбиркор ўз хоҳиши билан 20-30 миллион сўм солиқ тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ўша ҳисоботни солиқ идораларига юбориши шарт бўлмайди. Бу орқали тадбиркор, биринчидан 40 миллиондан камроқ солиқ тўлайди, иккинчидан қоғозбозликдан озод бўлади.
Ушбу ўзгаришлар микро бизнес эгаларида келажакка хавотир ҳиссини йўқотади. Чунки солиқ ставкасининг турли даражалари борлиги учун улар имкон қадар пастроқ солиқ ставкасида юришга ҳаракат қилади, бу эса ўз навбатида айрим қонунбузарликлар ва яширин иқтисодиётни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Қолаверса, микро бизнес эгаларининг аксарияти алоҳида бухгалтер штати сақламайди, бу иқтисодий томондан ҳам ўзини оқламайди. Бундан ташқари уларни ҳар ой турли солиқ ҳисоботлари билан бошини қотириш ҳам аслида нотўғри бўлади.
Фойда солиғининг 50 фоизи
2023 йил 1 январдан бошлаб айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Бу имтиёз 370 минг кичик тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради.
Қайд этиш керакки, айрим тадбиркорлар солиқ юкидан қочиб, даромадларини яширади ва турли йўллар билан ўзини микро бизнес вакили қилиб кўрсатишга уринади. Ушбу янгилик микро бизнесдан кичик бизнесга ўтган тадбиркорларга ўз ўрнини топишда катта ёрдам беради.
Президентнинг қайд этишича, айланмаси 10 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорларга хабардор қилиш орқали солиқ тўловларини 6 ой ичида фоизсиз бўлиб тўлаш имкони берилади. Агар тадбиркор хоҳласа, унинг солиқ ҳисоботларини солиқ идоралари кўмакчи бўлиб, юритишга ҳам ёрдамлашади.
«Қоронғуда ишлаш вақти ўтди»
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:
- кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
- мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
- соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
- давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).
«Энди Ўзбекистонда қоронғуда ишлаш йўқ бўлиши керак. У замон ўтиб бўлди. Энди очиқ ишлайлик, ҳалол ишлайлик, солиқ тўлайлик, манфаат топайлик», — деди давлат раҳбари.
Пасайтирилаётган ҚҚС
Энг муҳим янгилик – бу шубҳасиз, 2023 йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилаётгани бўлди.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.
Президентнинг таъкидлашича, иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмаганини, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмаслигини рўкач қилиб ҚҚС ставкасини туширишни кейинга қолдириш таклифини берган мутасаддилар ҳам бўлган.
Давлатимиз раҳбари минбардан туриб, шундай деди: «Лекин, сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!»
Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов мулоқотда таклиф бераркан, ҚҚСга ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди: «ҚҚСнинг пасайишидан ҳамма, энг биринчи навбатда, энг охирги истеъмолчи бўлган халқ ютади».
Воз кечилаётган 2 триллион сўм
Жорий йил 1 июлдан бошлаб, бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинди.
Лекин, аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
Шуларни инобатга олиб, Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечишни таклиф қилди.
Аслида солиқ соҳасидаги енгилликлар қўлланса, барчага бирдек қўлланиши керак. Кимгадир енгиллик бериб, бошқаларга берилмаса, ўз-ўзидан соғлом рақобат йўқолади.
1 июлдан бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинганда кўпчилик тадбиркорлар хурсанд бўлди, аммо бунгача мана шу оширилган ставка қўлланган 19 минг тадбиркорга нисбатан бироз адолатсизлик бўлганди.
Бугун ўша адолат қайта тикланди. Давлат 2 триллион сўмлик солиқ қарзларидан воз кечадиган бўлди.
Энди эски ҳоким чиқарган қарорни янги ҳоким бекор қилолмайди
Очиқ мулоқотда янграган яна бир муҳим янгилик — ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилиши бўлди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида барча ҳокимларнинг эътиборини ушбу масалага қаратди: мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди.
«Бўлди энди, бир ҳоким келади, иккинчиси унинг қарорини бекор қилади. Президент ҳокимни қарорни бекор қилиш учун қўймайди, тадбиркорни қўллаш, халқни рози қилиш, шароитни яхшилаш учун қўяди.
Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади. Яъни, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади», — дея таъкидлади Президент.
Тадбиркорларни жазолаш эмас, уларга ёрдам бериш керак
Шавкат Мирзиёев илгари сурган бешинчи йўналиш – тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ.
Бунда энг аввало тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди.
Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун, тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.
Шунингдек, биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.
Жарималар миқдори ҳам, тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги белгиланмоқда.
Мулоқот чоғида шунингдек, фаол тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди, Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузиладиган бўлди ва «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)