Баъзан биздан турли шартномаларни кўриб беришни илтимос қилишади. Албатта бундай шартномаларни кўриб чиқиш жараёнида кўплаб хато ва камчиликларни қайд этганмиз, улар бўйича изоҳ ва тавсияларимизни ҳам берганмиз. Бундай шартномалар учинчи шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига алоқадор, яъни қандайдир даражада уларнинг сири бўлганлиги сабабли шартномалардаги хато ва камчиликларни ҳам, ўз изоҳ ва тавсияларимизни ҳам чоп этмаганмиз.
Аммо бундай илтимослар кўпайган сари, ҳамда бир хил хатоларни турли шартномаларда кўраверганимиз сари ўз кузатувларимизни муайян шахсларни кўрсатмаган ҳолда берилиши бошқа тадбиркорлар учун фойдали бўлиши мумкин деган фикр билан шу мақолани тайёрлашга қарор қилдик.
Яқинда биздан кичик бир тадбиркорлик лойиҳасини ташкил қилиш ва уни 50/50 шаклдаги ҳамкорликда юргазишни режалаштираётган икки шерик келишувини кўриб чиқишимизни илтимос қилишди. Шерикчилик шартномаси биргина варақдан иборат бўлиб, унда бор-йўғи иккала шерикнинг улуш миқдори, сармоя киритиш усули, ҳамда фойда ва зарарни тақсимлаш тартиби кўрсатилган эди холос.
Албатта, бу аксарият тадбиркорларимиз йўл қўядиган катта хатодир, чунки бунда на амалга оширилмоқчи бўлган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ тафсилотлар бор, на юзага келиши мумкин бўлган вазиятлар кўриб чиқилмаган, яъни деярли ҳеч нарса келишиб олинмаган.
Бундай керакмас ўринда қилинган андиша ёҳуд кўр-кўрона ўзаро ишонч кўпинча жуда аянчли оқибатларга олиб келади. Шу боис бизга айнан шериклар ўртасидаги муносабатлар масаласида кўп савол беришади. Келинг энди бевосита биз кўриб чиқаётган бизнес лойиҳа бўйича ўзимиз эътибор қаратган баъзи масалаларни кўриб чиқамиз.
Бизнинг фикримизча, ушбу шартнома доирасида кўриб чиқилмаган 14 та масала борки, қуйида уларни ва улар нима учун муҳимлигини кўрсатиб ўтмоқчимиз:
Шерикчиликдаги муҳим масалалар:
1. Ҳамкорлар, шерикчилик тамойилларига зид бўлмаган ҳар қандай ўзгартиришларни шартномага киритиши мумкинлиги ҳақидаги банд кўзда тутилмаган.
Нима сабабдан муҳим
Аксарият низо ва баҳслар ҳамкорларнинг бизнесдаги роли ва вазифалари ўзгариши, яъни кимнингдир вазифа ва масъулиятлари кўпайиши, кимнингникидир эса камайиши мумкинлиги шартномада кўзда тутилмаганлиги оқибатида келиб чиқади. Чунки шартнома тузилиш пайтида фойдани тақсимлашнинг дастлабки шартлари якуний бўлади деган янглиш фикр асосида битим шартларини ўзгартирмаслик томонларнинг норизолигига олиб келади (яъни, «мен кўп иш қиляпман, шеригим кам иш қиляпти» деган фикр аста секин низога олиб боради).
2. Ҳамкорлар шартномада ёзишлари шарт бўлган бандлар:
– қандай ҳолатларда фойдани тақсимлаш мумкин;
– қанча дивиденд тақсимлаш мумкин;
– қайси ҳолатларда фойдани тақсимлаш мумкин эмас;
– фойдани тақсимлаш муддатлари (яъни қанчалик тез) қандай бўлиши мумкин.
Нима сабабдан муҳим
Айрим ҳамкорлар фойдани мунтазам равишда олиб туришни хоҳлашади, айримлари уни бизнесга қайта тикишни исташади, айримлари фойданинг бир қисми дивиденд кўринишида тақсимланишини хоҳлашади.
Баъзида молиявий ҳолат фойдани тақсимлашга имкон бермайди. Шу боис, ҳамкорлар ўртасида низо чиқмаслиги учун бу масалани бошданоқ келишиб олиш зарур.
3. Шерикликдан чиқиш шартларини келишиб олиш зарур. Масалан, неча йил давомида шерикликдан чиқиб мумкин эмас, қачон ва қандай ҳолларда шерикчиликни тўхтатиш мумкин (масалан, даромад қанчадир миқдорга етганида, бизнес ривожи қайсидир даражага етганда ва ҳ.к.з.).
Шерикликдан чиқмоқчи бўлган ҳамкорнинг ўз шеригини хабардор қилиши ҳақидаги шарт, кутиш даври, унинг улуши миқдори ва бошқа келишувдан чиқиш шартлари битимда кўрсатилиши керак.
Нима сабабдан муҳим
Кўп муаммолар бизнесни бошқараётган асосий ҳамкор бизнесдан чиққанида, мижозларни ўзи билан олиб кетади ёки ўз улушини бошқа шериклар хоҳламаган учинчи томонга сотиб юборади.
Айнан шундай низолардан қочиш ва бизнесга зарар етмаслиги учун бизнесдан чиқиш шартлари батафсил ёзилиши лозим.
4. Агарда шериклардан бири ўз улушини сотмоқчи ёки бизнесдан чиқиб кетмоқчи бўлса, бизнесни қандай баҳолаш кераклигини келишиб олиш керак.
Нима сабабдан муҳим
Кўп низолар ҳамкорлар ўз улушларини тўғри баҳолаш борасида келиша олмасликларидан келиб чиқади. Бундай баҳсли вазиятлардан қочиш имконини берувчи кўплаб йўллар мавжуд.
5. Зарар кўрилганда қандай йўл тутиш кераклигини келишиб олиш керак – зарарлар қопланадими ёки ҳамкорларнинг бизнесга киритган сармояси зарарга мос равишда камаядими?
Нима сабабдан муҳим
Агарда ҳамкорлар бу масалада келиша олмаса, корхона зарар кўрган пайтда бизнес учун керак бўлган маблағ бўлмай қолиши эҳтимоли бор.
6. Бизнесни ривожлантириш учун ҳамкорлар томонидан молиялаштириш шартларини келишиб олиш зарур.
Нима сабабдан муҳим
Кўп учрайдиган муаммо: бизнесни ривожлантириш учун ҳамкорлардан бири кредит жалб этмоқчи бўлади, иккинчиси буни номақбул деб ҳисоблайди, бири бизнесни секин аста ривожлантириш тарафдори, иккинчиси эса агрессив ўсиш ғоясини илгари суради, бири янги сармоядорларни жалб қилишни истайди, иккинчиси улушни бўлишни истамайди, бирида молиялаштириш учун маблағ бор, иккинчисида эса йўқ ва шу сабабли у бизнеснинг ўсишига қаршилик қилади.
Бундай масалалар бизнесга жиддий зарар етказиши ва ҳатто уни фалаж қилиб қўйиши мумкин. Ҳамкорлар ривожланиш ва ўсиш стратегиясини ва уни молиялаштириш усулларини олдиндан батафсил келишиб олишлари даркор.
7. Мушоракнинг шартларидан бири шуки, аввалдан келишилган маблағни келишилган муддатларда бизнесга тикмаган ҳамкор (агарда ана шундай келишилган муддатлар жадвали мавжуд бўлса) шартномани бузган ҳисобланади ва ҳамкорлар ундан шерикчиликни тўхтатиш ёки ҳамкорлик шартларини ўзгартиришни (масалан бизнесдаги улушини камайтиришни) талаб қилишлари мумкин.
Нима сабабдан муҳим
Бизнеснинг ривожи, уни молиялаштириш, яъни ҳамкорларнинг ўз вақтида маблағ киритишлари билан чамбарчас боғлиқ.
8. Шартномада, ўз ишига лоқайдлик/масъулиятсизлик билан ёндашган, шартнома шартларини ёки амалдаги қонунларни бузган, бизнес манфаатларига зид иш қилган, ҳамкорлик маблағларини сарфлаб юборган, маълумотларни беркитган, шахсий манфаатини кўзлаган ҳолда қандайдир хатти-ҳаракатлар қилган ҳамкор, ўз ҳаракатлари оқибатида корхонага етган зарарни тўлиқ қоплаши шартлиги ҳақидаги банд бўлиши керак.
Нима сабабдан муҳим
Кўпинча ҳамкор(лар) ўз вазифасини бажармаслиги ёки имзо ҳуқуқидан фойдаланиб, корхона учун зарар, ўзи учун эса манфаатли бўлган шартномалар тузиши натижасида турли хил ҳуқуқий/молиявий муаммолар келиб чиқади.
9. Ҳамкорлар ҳар бир шерикнинг бизнесга қўшаётган ҳиссасидан келиб чиқиб, фойдадаги улуш ва уни тақсимлаш тартибини келишиб олишлари керак.
Нима сабабдан муҳим
Кўпинча бир ҳамкор бизнесга бошқаларга нисбатан кўпроқ вақт сарфлайди ёки бизнес ривожига бошқа ҳамкорлардан кўра кўпроқ ҳисса қўшади. Аммо ҳамкорлар анъанага мувофиқ улушни тенг тақсимлашади. Баъзан эса оилавий ёки бошқа сабабларга кўра ҳамкорлардан бири бизнес билан умуман шуғулланмай қўйиши мумкин.
Бундай ҳолатлар ҳамкорлар ўртасида норозилик ва ҳатто душманлик кайфиятини келтириб чиқаради.
Бу масалани вазифаларни аниқ белгилаш ва фойдани шунга кўра тақсимлаш бўйича адолатли тизим ўрнатиш орқали ҳал қилиш мумкин.
10. Ҳар икки ҳамкор бизнесда фаол иштирок этган ҳолатда, йилда бир олинадиган дивиденддан ташқари, мунтазам равишда (масалан ҳар ойда) тақсимланадиган фойда тўғрисида келишиб олиш мумкин. Бунда, молиявий йил натижалари ёки ҳамкорлик тугалланиши билан боғлиқ якуний ҳисоб-китоблар асосида томонлар ўртасидаги тақсимот тўғрилаб қўйилиши мумкин.
Нима сабабдан муҳим
Аксарият ҳамкорлар ўзларининг мунтазам равишда оладиган молиявий мукофотларини келишиб олишмайди ва зарурат туғилганда ўртадаги (яъни бизнесдаги) маблағдан олишади. Бу ҳолатда шахсий маблағ ва бизнесдаги айланма маблағ аралашиб кетади.
Ҳамкорлар кимдир кўпроқ, кимдир озроқ пул олаётганидан норози бўлишади. Айланма маблағ ва ликвидлик билан боғлиқ муаммолар юзага келади.
11. Кўриб чиқилаётган мазкур бизнес 50/50 шериклик асосида бўлиши кўзда тутилган. Бундай шерикчиликда эса жиддий зиддиятларни ҳал қилишнинг деярли имкони йўқлиги ҳақида аввал ҳам ёзганмиз.
Нима сабабдан муҳим
Бу муаммони ечиш учун баҳсли масалалар қандай ҳал қилиниши шартномада аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, ҳамкорларнинг улушини қайта кўриб чиқиш ва/ёки юзага келган низоларни ҳал қилиш учун бошқа ёндашувларни қўллашни кўзда тутиш мумкин.
12. Баъзан ноинсоф ҳамкорлар рақобатчилар билан бизнес олиб боришади, мавжуд бизнесдан мижозларини олиб чиқиб кетишади ёки бир вақтнинг ўзида бошқа ҳудди шу каби бизнесни ҳам бошлаб юборишади. Ёҳуд бизнеснинг молиявий имкониятларидан ўз шахсий лойиҳа ва мақсадлари учун фойдаланишади ёки бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўйишади.
Нима сабабдан муҳим
Мавжуд бизнесга зарар етказувчи ана шундай ҳаракатларга тўсиқ қўядиган тегишли шартларни ҳамкорлик шартномасига киритиб қўйиш зарур.
13. Бизнесни бошқаришдаги ҳамкорларнинг вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш лозим. Агарда бири бош директор бўлса, иккинчиси молиявий директор бўлиши тўғри бўлади.
Шунингдек, барча молиявий операциялар, активларни бошқариш / олиш ва сотиш бўйича ваколатлар ва жавобгарлик аниқ белгиланган бўлиши зарур.
Нима сабабдан муҳим
Ҳамкорларнинг вазифалари аниқ белгиланмагани сабабли кўплаб муаммолар келиб чиқади. Ҳамкорлар барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга уринишади, шу жумладан ўша масалада билим ва малакаси камроқ бўлган (ёки умуман бўлмаган) томон ҳам.
Шунингдек, имзо ҳуқуқи, банкдаги ҳисобларни бошқариш борасида ҳам муаммолар келиб чиқади.
Ҳамкорлик шартномасида юқоридаги ҳолатлар бўйича аниқ бандларнинг бўлмаслиги кўпинча ҳамкорларнинг муносабатлари ва ўртадаги бизнесга жиддий зарар етказади.
14. Қандай қарорлар 100 фоиз овоз билан, қандайлари кўпчилик овоз билан, қандай қарорлар раҳбарият томонидан қабул қилиниши аниқ ёзиб қўйилиши керак.
Нима сабабдан муҳим
Қайси қарор қайси даражада қабул қилинишини белгилаб олмаслик (яъни чегараларнинг аниқ эмаслиги) ҳуқуқбузарлик, фирибгарлик, бизнесдан активларнинг олиб чиқиб кетилиши ва бошқа жиддий оқибатларга олиб келади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди