00:02 / 28.09.2022
2 418

«Тўйим кинодагидек бўлганди, бироқ...»

«Тўйим кинодагидек бўлганди, бироқ...»
Яқинда қаергадир шошаётганим учун дуч келган машинани тўхтатиб, илиниб олдим. Ҳайдовчи салом беришию, борадиган жойимни узоқ суриштирмай, айтган пулимга рози бўлгани ёқиб тушди. Машинага ўтирган заҳотим уни дуо қилдим. У раҳмат айтдию, “аравакашлик” қилаётгани шароит тақозосига кўра эканини қистириб ўтди. Мен эса тирикчиликнинг айби йўқ, дедим. Йигитча астойдил кўнглини бўшатгиси келдими, гапга тушиб кетди:

– Яқинда катта харажатга тушдим. Афсуски, сарфлаган пулларим шамолга совурилгандек бўлди. Очиғи – уйлангандим, турмушимиз бўлмади.
– ..?

– Ўзимиз пойтахтга яқин тумандаги қишлоқда турсак ҳам, тўйни шаҳарда – казо-казолар тўй қиладиган тўйхонада ўтказдик. Мана-ман деган артистлардан саккизтаси келди, бир-иккита замонавий гуруҳлар ҳам келди. Ҳар бир тасвирчини “мингта”дан олиб келдик. Ишонасизми, мендақа тўй албоми ҳеч кимда бўлмаган. Биринчи учрашувдан, унаштириш, олди-бердиларгача суратга, видеога олдириб қўйгандик. Албомда, тўй куни экранда улардан фойдаланишди, умуман, тўйимни кино даражасида ишлаб беришди. Уфф...

– Ёш экансизлар, ҳали ҳаммаси изига тушиб, ярашиб кетарсизлар. Турмушда нималар бўлмайди.
– Йўқ, батамом ажрашиб кетдик. Қилган харажатларимизни эсласам...

Оббо, турмуш бузилиб, тақдирлар тир тўзиб турганида харажатларини гапиради-я, бу бола!

– Ёшингиз нечада? – сўрайман ундан.
– Йигирма бирда.

– Жуда ёш экансиз, ажрашишга ҳам улгурдингизми?
– Ҳамма гап шунда-да. Ота-онамнинг орзу-ҳаваслари деб, ўзлари топган қиз ўзларига маъқул бўлмай ажрашдим...

– Харажатларни ҳам орзу-ҳавасларга яраша каттартиргансизлар, энди бирга афсусдасизлар! – беихтиёр аччиқ-аччиқ гапиришга ўтиб кетдим.
– Барибир ачинасизда...

Ҳа, ачинасиз. Ахир, бир умр бахтли бўлиш учун эмас, орзу-ҳавас учун тўй қилгансиз. Энди қилинган харажатларни чўтга ташлаб, жон-жонингиз увишиб кетяпти, дегим келди. Энди кўза синган, фойдаси йўқ. Нима эмиш, келиннинг болаликдан тутқаноғи бор экан, биздан яширган эмиш. Тўйдан олдин биргаликда тиббий кўрикдан ўтмадингизми? Ким сизни тиббиёт хулосасисиз никоҳдан ўтказди? Қайси дўхтир “тутқаноқ” қизни соғлом деб хулоса ёзиб берди? Бу масалаларга енгил, шунчаки ишлар деб қараб, тўйнинг дабдабали, фалончидан ўтказиб, янги урфлар қўшиб, тоғора санаб, жиҳоз санаб ўтказишга аҳамият берамиз.

Оқибат барбод бўлган тақдирлар қолиб, кетган харажатларга ачинамиз. Ахир тиббий кўрик хулосаси билан никоҳдан ўтиш масаласи йўлга қўйилганига неча йиллар бўлдику. Нега кун тартибида турган масалага бармоқ орасидан қараймиз? Қуда томоннинг “тагли-тугли”, “ўзига тўқ” эканини суриштирамизу насл-насаби, уруғини суриштирмаймиз. Шунча гапни ота-онасининг этагига осилиб олган бу болага айтгандан кўра, ушбу мақолада ёзиб, бошқаларга ҳам сабоқ бўлишини истадим.

Яқинда келин туширган бир опахон янги келиннинг удли-шудли, чаққонгина эмаслигидан шикоят қилиб қолди. Ҳали ёш, секин-секин ўрганиб кетади, десам, бошқа масалаларда, гап қайтаришда ёш эмас, ҳар балони билади, ўғлимни мендан совутиб олди, бир жойга борадиган бўлса, тайёр бўлволиб, кейин рухсат сўрайди, пардоз-андозига, сочининг турмагига икки соат вақт сарфлайди, кунора мазаси бўлмай қолади, деб нолий кетди. Ахир ўзингиз эмасми, ёшгина қизни унаштириб келган. Ўқиши тугаган куни тушириб оламан, деб, қудаларни шоширган. Тўй куни келиним эмас, қизларим қаторида қизим бўлдингиз деб, фотиҳа берган. У ҳали оқ-қорани билмайдиган гўдак-ку.

Мактабни тугатиб, хонадонингизга келган, ўзингиз шундай бўлишини истадингиз, энди ўзингиз йўлга солинг. Хонадонингизнинг паст-баландини тушунтиринг. Қизларингиз қаторида қизим дедингиз, энди қайноналикни оналикка айлантиринг. Қизингиз мазам йўқ деса, пешонасини силайсизми, келинга ҳам шундай бўлинг. Қизингиз пардоз қилса, қараб кўзингиз қувнайдими? Келин бегона учун эмас, сизнинг ўғлингиз учун ясанишга ўргатинг. Пардозини ҳам тўғри қабул қилинг. Оилангиз анъаналарини унга сингдириб боринг, оилавий ишлар оилада ҳал қилинади, сиз бугун келинингизни кўчага чиқиб гапиряпсизми, эртага у ҳам оилангиз сирини кўчага олиб чиқади...

Мана шунақа, орзу-ҳавасли, дабдабали тўй қилишга ошиқамизу бошқа масалаларни тўйдан кейин ўйлаб, бошимизни чангаллаймиз. Тўйгача эса келин томондан келадиган жиҳозлар, тўйолди тадбирларидаги олди-бердилар қизиқтиради, холос. Аччиқ бўлса ҳам рост гап-ку, келин келадиган уйни йиғиштириб, бўшатиб, жиҳоз кутишимиз, мол ёярда, оқ ўрарда, келинсалому чалларларда қўша-қўша тоғорали қудаларни кутишимиз...

Биз фарзандларимизни ориятли, ҳамиятли, ғурурли қилиб тарбиялашга кўп аҳамият берамиз. Бироқ мана шу келин томонидан келадиган сарпо-суруқ, катта-кичик жиҳоз масаласида ориятни йиғиштириб қўямиз. Келган-кетганга мақтаниб ҳам қўямиз, қуданинг буюмлари билан. Сал дидимиздагидай мебел бўлмаса, бирор жиҳози кам бўлса, ҳайитда, бешик тўйда олиб келишар, деб умид қиламиз. Биз умид билан ўғил ўстирдикми, уни ориятли қилиб тарбияладикми, ўзи яшайдиган уйни ўзи жиҳозлашга ўргатайлик. Кинолардан ҳаётга, ҳаётдан киноларга кўчиб юрган бачки одатларимизни тарк этиш пайти келмадимикан?!

Турмуш икир-чикирларидан катта муаммоларга айланаётган, оилалар бузилиб, тақдирлар пароканда бўлишига олиб келаётган “урф”ларимиздан воз кечайлик. Нега бечора қиз берган томон олган нарсалари қудаларга маъқул бўлармикан, деб юрак ҳовучлаб туриши керак. Энг ақлга сиғмайдиган томони – нега бизнинг наслимиз давомчиси данёга келса, келиннинг ота-онаси бешик тўйи ўтказиб бериши керак? Фарзандни дунёга келтирган ота қайнотаси олиб келган аравача, бешик, етти ёшгача етадиган кийим-кечакдан тортиб, чақалоқнинг сўрғичигача қабул қилиб олиши керак.

Ирими шунақа эмиш. Нега чақалоқни дунёга келтирган ота кийинтириши керак, караватию, аравасини ўзи олиб бериши керак, деб ирим қилишмайди. Бола учун келиннинг ота-онасидан кўра кўпроқ йигитнинг ўзи масъул эмасми? Яқинда бир тўйда тўй бошловчи қудаларни ўртага чақириб, йигитнинг онасига қараб: “Илоҳим, яқин йилларда невараларингиз кўп бўлиб, сиз катта бир боғчанинг мудирасига, қудангиз эса хўжалик мудирига айлансин...” деб тилак билдирди. Тилакнинг ижтимоийлашганини қаранг! Шу оила мустаҳкам бўлсин, серфарзанд, сердавлат бўлсин, динига, ота-онасига хизмат қилсин, дегич тилаклар манфаатларнинг соясида қолиб кетдими?

Бир куни ўз ташвишларим билан бозорга тушиб, айланиб юриб чарчадим ва бир дўконда бўш жойга ўтириб олдим. Дўкон эгаси: “Опа, чарчаб қолибсиз, серташвиш кўринасиз, қиз узатишингиз керакми?”, деб ҳол сўради. Ҳайрон бўлдим – қиз узатадиган она ёруғ-ёруғ орзулар билан, чиройли кайфиятда бўлмайдими? Ёки қиз узатадиган оналарда ҳорғин кайфият шаклланиб улгурдими?

Бу гапларни нега келтираяпман? Олтита қудани ўнта тоғора билан кутиш, қўша-қўша сарпо-суруқларни кўз-кўз қилиш ўрнига фарзандларимизнинг саломатлигига, билим олишига, илм олишига аҳамият берайлик. Бунинг учун имкониятлар бор.

Илгари тўйлар мавсуми бўларди. Ҳозир рамазон ойидан бошқа пайтда деярли ҳар куни тўй. Унда-бунда тўйхоналардан карнай-сурнай овози келиб қолади. Майли, ҳар ким ўз истагича, орзу-ҳавасига яраша тўй қилади. Бироқ бу бунёд бўлаётган оилаларнинг келажаги, бахтига дахл қилмаса бўлди. Орзу-ҳавас баъзан каттариб, баъзан бачканалашиб тараққиётга тўсиқ бўлмаса бас. Бунда орзу билан кибрни, бировдан кам бўлмасликни ярашса-ярашмаса бировдан устунлик билан алмаштириб қўймасликка эътибор қаратиш лозим.

Манзура Шамс

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият