Тан олиш керак, тарихимиз ва маданиятимизни оммавий ахборот воситалари, кино санъати ва илмий платформаларда дурустроқ тарғиб эта олмаганимиз туфайли кўплаб аждодларимизни деярли “бой бериб” бўлдик. Бунга ёки хоҳишимиз бўлмади ёки ақлимиз етмади ёки маблағимиз. Ажратилган маблағлар эвазига эса кўрса одамнинг кўнгли айнийдиган, савиясиз, ўрта аср тарихига оид бўлсада, замонавий автомобил шиналари ёқиб думалатилган фильмлар суратга олинди.
Бироқ, секин-аста кўникяпмиз. Биз фахрланадиган ўрта аср олимларини, ҳатто Беруний ва Хоразмийни ҳам “форс олимлари” деб ёзишяпти, “Тўмарис ва Форобий қозоқ бўлган”, “Бухорий ва Термизий тожик бўлган”, “Бобурнинг авлодлари мўғуллар империясини тузган”, “Жалолиддин Мангубердининг ҳам ўзбекка алоқаси йўқ, туркман бўлган” ва ҳоказо ва ҳоказо. Секин-секин ўрганиб қоляпмиз. Фақат Амир Темур бизнинг бобокалонимиз эканига ҳозирча шубҳа билдиришмади холос. Гарчи уни ҳам “мўғул авлоди, ўзбекка алоқаси йўқ”, дейишаётган бўлса-да. Гарчи Самарқанд ва Бухородаги айрим “ватанпарвар” гидларимиз “бу шаҳар ва давлатларни форслар қурган, ўзбеклар кейин келган”, дея равон инглиз (немис, испан) тилида сайёҳлар қулоғига “лағмон илишаётган” бўлса-да.
Лекин ҳатто шу Темур тарихини ҳам ўрганиш ва тарғиб этишни эплай олмаяпмиз, шекилли. Ўзбекнинг ўзидан дурустроқ темуршунос чиқмаганидан кейин, бошқаларнинг иддаоларига ишонишади-да: истаса “Темур қозоқ бўлган”, дейди, истаса “Темур ўзбекларга қарши курашган”, дейди.
AzonTVда эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сони Амир Темур ва унинг даври тарихини ўрганиш муаммоларига бағишланди.
Дастурда эксперт сифатида сифатида қатнашган мутахассис, Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими Ботир Йўлдошев қизиқ бир ҳолатга томошабинлар эътиборини қаратди.
- Самарқандга тез-тез бориб тураман. Яқинда ҳам борганимда, бир жиҳат яна дилимни оғритди, - дейди тарихшунос Ботир Йўлдошев. - Самарқанддаги Амир Темур мақбарасига кириш жойида Темур истило қилган давлатларнинг харитаси осиб қўйилган. Унда Амир Темур тасарруфида бўлган давлатлар акс этган. Эътибор беринг, мустақил бўлганимизга 32 йил бўлди. Ўша харита 1996 йилда қабул қилинган. Лекин ўша харитага Москва киритилмаган. Хўш, нега? Олим Ашраф Аҳмедовга шу саволни берганман. Ашраф Аҳмедовнинг айтишича, харита 1996 йилда тузилган. Олимларда ҳадик бўлган - яна СССР қайта тузилиши мумкин, деб қўрқишган. Москвани кўрсатмайлик, дейишган. Бу масала устида саккизта академик, тўртта профессор бош қотирган.
Лекин нега шу пайтгача буни тузатиб қўйишмаяпти? 32 йилдан кейин ҳам ҳамон шу ҳадик, қўрқув бор. Натижада зукко ўқувчилармизда “СССРни мақтаб туришибдими, демак унинг қайта тикланишидан умид қилишяпти ёки қўрқишяпти”, деган иккиланиш ва хавотирлар ҳам пайдо бўляпти. Бироқ ҳозир бемалол бу харитадаги хатони тўғриласа бўладику. (Москванинг олингани) Амир Темурнинг ҳарбий юришлари акс этган бир неча қўлёзмаларда қайд этилган. Буни кўрсатиш керак. Лекин шу қўрқув ўқувчиларни ҳам иккилантиряпти.
Амир Темурнинг ажойиб сатрлари бор: Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган биноларни кўринг, дейди. Орадан 7 аср ўтяпти. Шаҳрисабздаги Оқсаройнинг қолдиқлари гарчи 72 метр бўлса ҳам, барибир инсонни ҳайратга солади. Бу биноларни кўргани бутун дунёдан сайёҳлар келишяпти. Лекин харитада ҳалиям 1996 йилги маълумот турибди, - дейди Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими Ботир Йўлдошев.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)