16:43 / 14.05.2023
160

Тўғри тарбия ва керакли илм билан суғорилган онгдан ёмон одатлар чиқмайди

Тўғри тарбия ва керакли илм билан суғорилган онгдан ёмон одатлар чиқмайди

Ҳар қандай одат ёки ғояни ҳаётга сингдириш ҳақида «Овертон туйнуги» назарияси мавжуд. Унга кўра инсонлар ҳаётига бирор жараён ёки одатни киритиш учун аввал бу нарсага бепарволик шакллантирилади. Вақт ўтиши билан эса жамият ҳаётидаги бу жараён ёки одат ўз-ўзидан мустаҳкамланиб, инсонлар ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланиб қолади.

МУАММОНИНГ ИЛДИЗИ

   Биз учун ёт бўлган бундай иллатлар гирдобига тушиб қолмаслик учун ишни нимадан бошлаш керак? Албатта, ҳар ўринда айтилганидек, бу ерда ҳам ота-она фарзандларига берган тўғри тарбия муҳим роль ўйнайди. Ёшликдан олинган тўғри тарбия узоқ йиллар давомида унинг эгасини ҳар хил ёмон йўллардан сақланишига бошланғич омил бўлиб хизмат қилади. Фарзандларга билим олиш ва яхши ва ёмонни танитишда фурсатни бой бериб қўймаслик керак. Акс ҳолда, фарзандларнинг бўш қолган ақл идрокини номақбул нарсаларга бўлган қизиқиш эгаллаб олиши мумкин. Сиз бунга асло йўл қўйманг. Агар акси бўлса, фарзандингизни бу йўлдан қайтариб олиш жуда мушкул бўлиб қолади.

Ёдимда, ёшлигимда ўғрилик, фоҳишабозлик ёки ичкиликка муккасидан кетган инсонлар маҳаллада пайдо бўлиб қолса, одамлар бундай кишиларга кучли нафрат билан қарардилар. Шунга бўлса керак, бошқалар бундан тўғри хулоса чиқарар эди. Бир сўз билан айтганда, бундай ножўя йўлга юрадиган кишилар адади бармоқ билан санарли бўлар эди. Шундай одамлар бўлган тақдирда ҳам уларни ҳамма танирди ва бошқалар ўзларининг фарзандлари уларга ўхшамасликлари учун панду насиҳатлар қиларди. Ҳар бир оиланинг олий мақсадларидан бири оила аъзолари орасидан шундай кимсалар чиқиб қолишидан сақланиш бўлган. Чунки бундай кимсалар чиққан хонадоннинг бошқа аъзолари ва яқинлари буни ор-номус масаласи сифатида кўриб, кўп ҳолларда бошлари ҳам эгилиб қоларди. Шунга бўлса керак, фарзандлар ҳам уларни бундай ҳолга солиб қўймаслик ҳаракатида бўлардилар.

ЖИРКАНЧ ИЛЛАТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ ВА КЎРИНИШЛАРИ

Мен бу ерда ўтмишдан давом этиб келаётган ёмон иллатлар: ароқхўрлик, ўғрилик, фоҳишабозлик ва порахўрлик каби жирканч иллатларни чуқурроқ ёритиб ўтиш ниятим йўқ. Сабаби бу иллатларни келтириб чиқарадиган зарар ва оқибатларини ҳар куни ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз. Айниқса, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар кенг қулоч ёзгани сабабли бу иллатлар билан боғлиқ ҳар хил ҳолатларни ёритувчи ачинарли хабарлар яшин тезлигида сизга ҳам етиб келяпти. Биргина шу юқорида тилга олинган иллатлар сабабли қанчадан-қанча одамлар ҳаёти издан чиқиб кетяпти.

Бунинг оқибатида келиб чиқаётган жиноятлар, фарзандлар тарбияси бузилиб кетаётгани, аёллик шаънига доғ тушираётганларни ён-атрофда учратиш осон бўлиб қолди. Порахўрлик авжига чиққан жойда ривожланиш бўлмаслиги ҳаммага кундек равшан бўлиб қолди. Албатта, бу иллатларга қарши курашиш ва фарзандлар бу иллатлар гирдобига тушиб қолмаслик чораларини кўриш керак. Порахўрлик ҳақида эса олдинроқ «Жамият танасига тушган қурт» деб номланган алоҳида рисола ҳам ёздик.

Мен бу ерда кўрсатиб бермоқчи бўлган жирканч иллатлар охирги вақтларда омма орасида шиддат билан тарқалиб боряпти.

Шу ерда Овертон туйнуги тушунчаси ҳақида ҳам кенгроқ тушунтириб ўтишга ҳаракат қилиб кўраман. Бирор бир тараф ўзининг мақсадларини кенг оммага ёйиш ва уни келажакда одамлар орасига осон сиздириш истагида бўлса, кўпинча шу йўлдан кенг фойдаланади. Буни улар қандай амалга оширади? Мисол тариқасида, бир жинсли никоҳни, яъни эркак-эркак ва аёл-аёл билан турмуш қуришини тарқатишни ва уни одамлар орасига осонгина сиздиришни кўриб чиқамиз. Албатта, бу жирканч иллат бизнинг давлат ва кўпчилик фуқороларимиз тарафидан кескин қораланади ва бунга қарши чиқилади. Бироқ улар шу иллатни тарқатиш учун олдин шу ҳақида гапира бошлашади, ҳар хил мақола ва кўрсатувлар орқали бу иллатни оммага ёйишни бошлашади.

Албатта, соғлом фикрли киши бу ҳақда биринчи марта эшитганда қаттиқ нафрат қилади. Бошида бунга қарши чиқадиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Қаршилик кучли бўлса, у тараф сал орқага ҳам чекинади, аммо ўзининг узоқни кўзлаган мақсадидан воз кечмай фурсатни кутиб туради. Лекин бу ҳолат такрор бўлаверганидан кейин одамларнинг бу нарсага нисбатан нафрати олдингидан сусайиб бораверади. Ва ҳатто бу ҳақда гапириш бора-бора оддий ҳолатга ва бунга эътибор бермасликка олиб келади. Бу пайтга келиб уларнинг тарафдорлари ҳам, айниқса, ёшлар орасидан анча кўпайишиб қолган бўлади. Бу нуқтага келиш эса у тарафнинг биринчи кўзлаган мақсадига эриштирган бўлади.

Кейинги навбатда улар шу ердан ўз тарафдорларини излашади ва уларнинг қўли орқали иш қилишни бошлашади. Энди уларнинг тарафдорлари ҳам баъзи ошкора чиқишлар билан ўз ҳуқуқларини талаб қилишни бошлашади, керак бўлса, кичик провакациялар майдонини шакллантиришади. Ўзларини хўрланганлар қилиб кўрсатиб уларни қўлловчилар томонидан кўмак олишга уринишади.

Агар бунга жиддий қаралмаса, бу ҳолат катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Оқибатда ота-она ва бу йўлга кириб қолган фарзандлар ёки яқинлар ўртасида зиддиятлар, ҳатто жиноятга бошловчи ҳаракатлар содир этилиши мумкин. Натижада катта оилаларда ҳам бўлиниш ва тотувлик йўқолади. Сабаби бизнинг ота-оналар ўз фарзандларини бундай ҳолатда кўришни умуман хоҳлашмайди. Бунга муросасиз кескин қарши бўладилар. Агар бу нарсага бепарволик қилинса, эртага бу ҳолат оддий ҳолдай қарала бошланади. Бу нуқтага етиб келиш эса уларнинг иккинчи эришган ютуғи бўлади.

Кейинги қадамда олдингизда шундай жуфтликлар юрса-да оддий кўз билан қараладиган бўлиб қолинади. Бориб-бориб бу кимсалар Европа давлатларида никоҳдан ўтишни талаб қилаётганларидек, бизда ҳам никоҳ ўқишни талаб қилишса, ажабланарли ҳолат бўлмай қолади. Ёки бундай жуфтликлар фарзанд асраб олиш ва тарбиялаш даъвосини ҳам қилишади. Ахир бундай жуфтликлар тарбиялаган фарзандлар қандай тарбия кўришлари мумкин.

Агар улар буни амалга оширсалар, ғалаба қилганларини кўрсатади ва Овертон туйнуги назарияси амалда тўлиқ иш кўрсатганининг натижаси бўлади. Нима бўлганда ҳам бунга йўл қўйиш керак эмас. Бу ҳолат бизнинг динимиз ва урф-одатларимизга ўта тескари бўлган нарсадир.

Шу ерда фаразан шу ҳолатни кўз ўнгиздан ўтказиб кўринг. Маҳаллада шундай жуфтликлар пайдо бўлса, диний ва миллий урф-одатларимизга тўғри келмаса-да, никоҳдан ўтишни, фарзанд асраб олиб тарбиялашни талаб қилишса... Бу иллатдан нафратланадиган халқимиз албатта бунга жим қараб турмайди. Буни эса улар ўзларига нисбатан ҳақорат деб билишади. Натижада орада катта муаммолар ва низолар юзага келиб чиқиши, пировардида жиноятга сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг фарзандларига бошқалар ўз фарзандларини қўшишни хоҳлашмайди, албатта. Бу эса жамиятнинг бўлинишига ва муросасизликка олиб келади. Хуллас, бундай «маданият ёки эркинлик» бизнинг халққа мутлақ ёт бўлган иллатдир.

Албатта, бу иллат Ғарб давлатларида ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб, ҳозирги очиқ кўринишига бирдан келиб қолмади. У ерда ҳам бу ҳолатга тарғибот ва юқорида тилга олинган назарияни ишлатиш билан одамлар кўниктириб борилди. Бунга балки ярим аср кетгандир. Лекин бу улар босиб ўтган йўл бўлиб, керакли бўлган тажрибага эга бўлиб олишди. Энди бу иллатни улар янада тезроқ ёйиши ҳам мумкин. Бу борада уларда тажриба ва буни амалга оширувчи ташкилот, фондлар аллақачон фаол равишда иш олиб бормоқда.

Буни амалга оширишда улар кенг миқёсда ижтимоий тармоқлардан, ҳар хил кўрсатув ва эшиттиришлардан фойдаланишади. Ҳатто ҳозирги кунда бу иллатларни тарғиб қилиш учун, бош қаҳрамонлари юқорида кўрсатилган иллат вакиллари бўлган кино, мультфильмлар ишлаб чиқариляпти. Бу ҳақда китоблар, эртаклар кенг оммага ҳавола этиляпти. Биз бундай нарсаларни юртимизга кириб келишига йўл қўймаслигимиз зарур. Фарзандларимиз қўлига олиб ўқийдиган китобларига ва томоша қиладиган мультфильм ёки киноларига эътиборли бўлиб, уларни бу ярамас иллат ташвиқотига кириб қолишининг олдини олиш учун доим ҳушёр туришимиз керак. Албатта, бу осон иш эмас, лекин биз қарши турмасак, эртага ёшларимиз бу нарсаларга оддий кўз билан қарайдиган аҳволга тушиб қоладилар.

Ижтимоий тармоқлар ва интернетдан узилган ҳолда ҳозир фарзандлар ўз соҳаларини етук инсонлари бўлишлари ақлга сиғмайдиган ҳол. Лекин бу ресурслар базаси инсонни камолотга ёки уни жар ёқасига етакловчи манбалар билан тўлиб ётибди. Муҳими фарзандларни ва ўзимизни бундай манбалардан ҳимоя қила олишимиз шарт, уларнинг ақл-идроклари бундай нарсалар билан заҳарланишидан сақлашимиз керак. Уларни ҳам, ўзимизни ҳам тўғри тарбиялаб боришимиз зарур.

Бу ерда фарзанд тарбияси деганда албатта невара ва эваралар тарбияси ҳам назарда тутилади. Неваралар тарбиясида ҳам ота-оналарнинг ва бува-бувиларнинг ўрни ва масъулиятлари беқиёс. Зеро, сизнинг зурриётларингиз қиёматгача солиҳ ва ҳар тарафлама комилликка етган инсонлар занжирининг давомчилари бўлиб қолишсин.

Фарзандларингизга ёшлигидан тўғри тарбия бериб, улар онгидаги бўшлиқни тўлдириб борсангиз, бундай ярамас ва инсоний бўлмаган жирканч иллатларга нисбатан уларда нафрат ва қарши туриш имунитетини шакллантира оласиз. Акс ҳолда, оилада тўғри тарбияни шакллантирмасдан, бундай жирканч иллатларга ўзингиз ва фарзандларингиз қарши туришингизга йўл топа олмай қолишингиз мумкин. Зеро, тўғри тарбия ва керакли илм билан суғорилган онгдан ёмон одатлар чиқмайди. Уларга тарбия беришда бува-бувилар ҳам иштирок этишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки уларда ҳаёт тажрибаси катта бўлади.

Муҳандис Абдулкарим Ҳасан


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият