
DV-2023 лотереясида 5,5 минг нафар ўзбекистонлик ғолиб чиққан, лекин уларнинг фақат 70 фоизи грин-карта олиши мумкин. Kun.uz'га мурожаат қилган ватандошларга кўра, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси июн ойига атиги 90 та, июлга эса 99 та кейс бўйича суҳбат белгилаган. Боз устига, негадир асосан кичик рақамли кейслар суҳбатга чақириляпти.
2021 йилда ўйналган, ғолиблари 2022 йилда эълон қилинган DV-2023 дастурида дунё бўйича 119 262 номзод танланган. Улар 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 30 сентябргача ўз мамлакатидаги АҚШ элчихонасига виза бўйича интервьюга чақирилади. Салкам 120 минг ғолибнинг 55 минг нафарига, яъни 46 фоизига АҚШ визаси берилади. Бу дегани ҳар икки ғолибдан биттаси виза ололмайди.
Грин-карта эгалари тасодифий танланади. Ҳеч қайси мамлакатга умумий «грин-карта»нинг 7 фоизидан ортиғи берилмайди. Аммо шу 7 фоиз визани олиш ҳам кундан кунга қийинлашиб бораётгани айтилмоқда.
Ҳозиргача ғолибларнинг 44 фоизи суҳбатга чақирилган. Дедлайн (30 сентябр) эса яқинлашмоқда
5511 нафар Ўзбекистон фуқароси DV-2023 дастури ғолиби бўлган. Яъни шунча ҳамюртимиз АҚШ визаси учун талабгорлик қилмоқда. Шундан ҳозирга қадар 825 та кейс (ариза) бўйича 2425 киши виза учун суҳбатга чақирилган. Бу – жами ғолибларнинг 44 фоизини ташкил қилади.
Ваҳоланки, ғолиблар сони бўйича Ўзбекистон билан деярли бир хил кўрсаткичга эга Жазоирдаги (ушбу давлатнинг 5526 нафар фуқароси лотереяда ғолиб деб топилган) АҚШ элчихонаси томонидан июлгача виза учун интервьюга 3333 киши (60,3 фоиз) чақирилган. 4469 фуқароси ғолиб бўлган Марокашда 2795 (62,5 фоиз), 3808 фуқароси грин-карта ютган Непалда эса 3031 (79,6), 3525 нафар фуқароси DV-2023 ғолиби бўлган Арманистонда эса 2751 (78 фоиз) киши июлгача виза учун суҳбатга кириб чиқиши кутилмоқда.
Бу статистика қайси давлатлардаги АҚШ элчихоналари DV дастури ғолибларига виза ажратиш учун суҳбат белгилашга виждонан ёндашишаётгани, қайси давлатдагилари эса сусткашликка йўл қўяётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулосалар беради.
Kun.uz'га мурожаат қилган ўзбекистонликларга кўра, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси молиявий йил сўнгига қадар грин-карта ғолиблари учун 2000-2500 та виза ажратади холос. Башарти консуллар ишни кечиктирмай, элчихонага ажратилган 7 фоиз визанинг ҳаммасини тарқатганида 3850 киши визали бўлар, шунда DV-2023 дастури ғолиби бўлганларнинг қарийб 70 фоизи виза олиши мумкин эди.
“Нега катта кейслар учун интервью белгиланмаяпти?”
Қоидага кўра, грин-карта ғолиблари маълум қилингач, улардан DS-260 шакл бўйича анкета тўлдириб юборилиши сўралади. Шундан сўнг анкета маълумотлари ва визага талабгорларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, суҳбат куни белгиланади.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан негадир катта кейслар суҳбатга чақирилмаяпти. Июлгача виза учун интервьюга кирадиганларнинг ҳаммаси 9144 гача бўлган кейслар, бу эса катта кейсли ғолибларни хавотирга солмоқда.
Агар жараён шу маромда давом этса, август ойи сўнгигача 10 000, сентябрда 11000 гача бўлган кейс эгалари суҳбатга таклиф қилиниши, ариза (кейс) рақами катта бўлган талабгорлар суҳбатга чақирилмаслиги, натижада у DV Lottery дастурида ғолиб бўлганига қарамай грин-карта ололмаслиги мумкин.
Бу шунчаки прогноз холос, дейлик, қайсидир ойда суҳбатга чақирилувчилар сони камайиб кетса, бу рақамлар ҳам ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.
“АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси бошида ғолибларни виза учун интервьюларга DS бўйича чақираётганди. Шу сабабли октябрь ойида 5600-кейсдагилар ҳам суҳбатга кириб чиққанди. Аммо шундан кейин негадир фақат кичик рақамли кейслар виза учун интервьюга чақирилмоқда. Бунда уларнинг DSʼни кеч топширишганига қараб ҳам ўтиришмаяпти. Кейс рақами катта бўлган, аммо DSʼни эртароқ топширганларга имконият берилмаяпти.
Июн ва июл ойларида суҳбатга кирувчилар ҳам аллақачон маълум бўлиб улгурди. Июнь ойида 3, июлда эса 5 марта суҳбат бўлади. Энг юқори кейс 9144, қолганлари эса кичик кейслар.
Элчихона буёғига кейс рақамларини аралаш чақира олмас экан, ҳеч бўлмаса суҳбат ўтказиладиган кунларни кўпайтириши ҳамда суҳбатга чақирилувчилар лимитини ошириши шарт. Шунда бошқаларнинг имкониятлари куйиб кетмайди. Чунки кейс рақами катта ёки кичиклигидан қатъи назар барча ғолиб ва тенг ҳуқуқлидир”, дейди DV-2023 дастури ғолиби бўлган ўзбекистонлик эркак.
Виза учун суҳбатлар фақат душанба кунига белгиланмоқда
Суҳбатдошларнинг айтишича, DV-2023 ғолибларини виза учун суҳбатга чақириш октябрдан бошланган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси интервьюларни ҳафтада фақат бир кун, душанба куни ўтказиб келмоқда. Лекин октябрдан буён ҳозирга қадар душанбага тўғри келган 9та санада виза учун суҳбатлар ташкил этилмаган. Бунга эса АҚШда жуда кўп байрамларнинг жорий йилда душанба кунига тўғри келгани сабаб бўлган. Аммо интервьюлар бошқа кунга кўчирилмаган, яъни куйиб кетган.
“Масалан, 14 ноябр, 13 февраль, 13 март кунлари ҳеч қандай байрамга тўғри келмаган бўлса-да, нима учундир интервью белгиланмаган. Элчихона бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бергани ҳам йўқ.
26 декабрь Рождество, 16 январь афроамерикаликлар ҳуқуқи учун курашган Мартин Лютер куни, 20 февраль Президентлар куни, 29 май Хотира куни, 19 июнь Озодлик куни (қуллик бекор бўлган кун)га тўғри келгани учун интервью белгиланмаган.
Бундан ташқари, 2 январь Янги йил байрами муносабати билан Ўзбекистонда дам олиш кунига тўғри келган, бироқ виза бериш учун суҳбат бошқа кунга кўчирилмаган. Шунчаки битта имконият куйиб кетган. Ваҳоланки, 20 март ҳам Ўзбекистонда дам олиш кунига тўғри келганди, шу сабабли интервью куни 23 мартга кўчириб берилганди. Демак, виждонан ёндашилса, суҳбатни бошқа кунга кўчиришнинг имкони бор.
Масалан, эшитимизча, элчихонада пайшанба куни бўш кун экан. Ўша куни ҳеч қайси тоифадаги визалар бўйича интервьюлар ўтказилмайди. Куйиб кетган кунларни бемалол ўша кунга ўтказиш, бу орқали минглаб одамлар “Америка орзуси”га эришиш имконини бериш мумкин эди. Фақат бунинг учун хоҳиш бўлиши ҳамда консуллар вазифасига виждонан ёндашишлари зарур бўлади”, демоқда Kun.uz билан суҳбатда грин-карта ютган ўзбекистонликлардан бири.
Суҳбатдошларга кўра, Ўзбекистонда DV-2023 дастурида ғолиб бўлганларнинг кейс рақами 16-21 минг кейслар бор. Фақат кичик кейслар суҳбатга чақирилаётгани катта кейсларга нисбатан ноҳақлик, дейди улар.
Трансфер қилинаётган кейслар
DV-2023 дастурида ғолиб чиққан, суҳбатга чақиришларини кутиб кун санаётган ўзбекистонликларни қийнаётган яна бир муаммо бор. Бу грин-карта ғолиби бўлган, аммо турли сабабларга кўра ўз юртидаги АҚШ элчихонасига виза олиш учун мурожаат қила олмагани ортидан бу ишни Ўзбекистонга кўчирганлар билан боғлиқ.
“АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси кейсини Ўзбекистонга асоссиз кўчириб келган одамларни навбатсиз қабул қиляпти. Бежиз асоссиз демаяпмиз, қўлимизда буни тасдиқловчи далиллар бор.
Украина ва Россия ўртасида кечаётган уруш сабабли ушбу юртлар фуқаролари ўз ватанидан виза ололмаётганини тўғри тушунамиз. Аммо ўзбекистонликларнинг ўрнига эмас, балки қўшимча кунларда уларни суҳбатга чақириш имконияти бор, назаримизда.
Ўзбекистонда шундоғам кейс кўп, шу ҳолатда бошқа давлатдан трансфер бўлганларга алоҳида устунлик беришни оқлаб бўлмайди. Бошқа давлатдан келаётганлар кўпайиб бораётган экан, демак, элчихона интервью кунларини кўпайтириши ёки трансфер қилинаётган кейсларни бошқа куни кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ”, дейди суҳбатдошлардан бири.
Маълумотларга кўра, июнь ойида суҳбатга кирадиган 10 мингдан 21 300 гача бўлган 10 та кейс ҳамда июлда интервьюга чақирилган 15 мингдан 27800 гача бўлган 7 та кейс айнан бошқа давлат фуқаролари ҳисобланади.
“Орзуларимиз саробга айланмасин”
DV-2023 дастури бўйича виза олиш муддати 30 сентябргача давом этади. Kun.uz суҳбатлашган грин-карта ғолиблари визага талабгорларни суҳбатдан ўтказиш жуда секин кечаётгани, агар барчаси шу зайлда давом этса, кўпчилик суҳбатга кира олмай визасиз қолишидан хавотирда эканини билдирди.
“Кейс рақамимиз 11 мингдан юқориси. 2021 йил октябрь ойида хўжайиним билан грин-карта ўйнагандик. 2022 йил май ойида ютуқ чиққанини билиб, жудаям бахтиёр эдик. Ўша пайт 4 ойлик ҳомиладор эдим.
Эрим иккимиз ҳам талаба эдик, иккимиз ҳам контрактда ўқирдик. DS-260 шакл бўйича анкетани эртароқ топширса анча фойда бўлишини эшитиб, қарз олиб фирмада анкетани тўлдирдик. Ўшандан бошлаб суҳбатга чақиришларини кун санаб кутяпмиз.
Бу пайтда бизни олдинда жиддий синовлар кутаётганини билмасдик ҳали. Сентябрь ойида эрим билан автофалокатга учрадик. 2 ҳафтадан кейин кўзим ёриши керак эди. Бир ёш йигит светофорнинг тақиқловчи чироғида катта тезликда чиқиб келиб, машинамизнинг мен ўтирган қисмига келиб урилди. Зарб кучлилигидан машина эзғиланиб, ўтирган жойимдан чиқолмай қолиб кетганман. Бир амаллаб чиқариб олишиб, шифохонага олиб боришганда фарзандимиз тирик қолмаганини билдик.
Кейин узоқ суд бошланди. Мен юролмай қолдим, чунки авария натижасида тос суякларим қаттиқ шикастланганди. Суд жараёнида судья туғилмаган боланинг ўлими бу ишда оғирлаштирувчи ҳолат бўла олмайди, чунки чақалоқ соппа-соғ туғилиб ҳам ўлиб қолиши мумкин эди, деб айтди. Ундан бу қадар совуқ сўзларни эшитарканман, ўзимни фақат бир фикр – грин-карта ютганимиз ва насиб этса тез орада бу ердан кетишимиз, бошқа фарзандларимиз АҚШда туғилиши, адолатли ва фаровон жамиятда яшашимиз ҳақидаги хаёлларгина тинчлантира олганди.
Фақат шу умид мени яна юриб кетишга мажбур қилди. Фақат шу орзуларим фарзанд доғидан кейин тушкунликка тушиб қолишимга йўл қўймади. Ҳозир яна ҳомиладорман ва фарзандим АҚШда туғилишидан умидворман.
Кейс рақамим катта бўлмаса-да, элчихона талабгорлар билан интервьюларни етарлича ташкил этмагани учун мен ва мендан кейингилар визасиз қолиб кетишимиз мумкин. Агар консуллар ҳолатимизни тўғри тушуниб, барчага тенг имконият яратиб беришса, орзуларимиз саробга айланмасди”, дейди шахси сир қолишини истаган ўзбекистонлик DV-2023 ғолибларидан бири.
“Грин-карта ютган пайтим Россиянинг РосНефть компаниясида ишлардим. Айнан мана шу воқеадан сўнг америкача орзумни амалга ошириш мақсадида ишимни ташлаб Ўзбекистонга қайтиб келганман.
Грин-картани фирмадагилар ўйнаб беришган. Менга ютуқ чиққандан сўнг улардан тасдиқлаш кодини сотиб олишга мажбур бўлдим. Бу ва бошқа харажатларни қоплаш учун машинамни ҳам сотганман. Барибир Америкага кетаман, бу харажатлар нима бўпти, деб ўйлагандим ўша пайтларда.
Суҳбатга ана чақиради, мана чақиради деб ҳалигача юрибмиз. Кейсим 10 мингдан баланд. Харажатларга кўп пул сарфлаб қўйганим учун виза чиқмай қолса нима қилишни ўйлаб бошим қотган”, дейди ушбу сўзлари аризаси кўриб чиқилишига салбий таъсир қилишидан хавфсираб, исми сир қолишини сўраган ватандошлардан бири.
“Грин-карта эримга чиққан, ютуқ чиққанига жуда хурсанд бўлганмиз. Кейс рақамимиз 12 мингталикда.
Ҳозир қайнотам оғир дард билан олишиб ётибдилар, биз уларни операция қилдиришимиз керак. Яшаётган уйимизни сотиб операция қилдирмоқчи эдик. Грин-картада ютуқ чиққач, Америкага бориб ишлаб қайнотамни даволатишни кўнглимизга туггандик. Лекин виза учун суҳбат белгилаш кундан кунга кечикяпти.
Уйни сотиб қайнотамни операция қилдирсак, 2 нафар фарзандим, қайнона-қайнотам ва биз билан яшаётган қари бувим (қайнотамнинг онаси) – барчамиз кўчада қоламиз.
Жуда кичик рақамли кейслар чақирилди ҳозиргача. Сентябргача навбатимиз келадими-йўқми номаълум”, дейди DV-2023 ғолиби бўлган бошқа бир ватандошимиз.
“Кейсимиз 14 мингдан юқори. Грин-карта ўйнаган вақтимизда хўжайиним Германиядаги олий таълим муассасаларининг бирига ўқишга киргандилар. Ютуқ чиққач, ўқишга бормадилар. Шундан кейин бор хаёлимиз оилавий Америкага кетишга қаратилди.
Аммо кундан кунга орзумиз саробга айланишидан хавотирда яшаяпмиз. Чунки июлда виза учун суҳбатга кирадиган энг баланд кейс 9144. Ихтиёримизда август ва сентябр ойлари қолди. Аммо икки ойда бизгача навбат етиб келишига ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ.
Одатда интервьюлар душанба кунида бўлиб ўтяпти. Лекин орада душанбага тўғри келган ўндан зиёд кунда суҳбат белгиланмади. Ўша кунларга компенсация сифатида ҳафтанинг бошқа кунларида қўшимча интервьюлар ташкил этилишидан умидвормиз.
АҚШ бутун дунёга адолатли жамияти ва қарорлари билан машҳур бўлган. Консуллик ходимларидан кейс рақамидан қатъи назар барчага тенг назар билан қаралиши, бунинг учун эса суҳбат кунлари ва суҳбатга чақирилувчилар сонини кўпайтиришларини илтимос қиламиз”, – дейди исми очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонликлардан бири.
30 сентябргача аризаларни кўриб чиқиш муддати якунига етади. Шундан кейин грин-карта ғолибларининг имконияти куйиб кетади. Бу – элчихонанинг Kun.uz'га тақдим этилган жавобида ҳам тасдиқланган. Ишлар бу қадар суст олиб борилса, 30 сентябргача яна неча киши суҳбатга чақирилиши номаълум.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан 5, 12, 26 июнь ҳамда 3, 10, 17, 24, 31 июль кунлари DV-2023 ғолиблари билан ўтказиладиган суҳбатлар учун ажратилган. Бир қарашда эътирозга ўрин йўқдек. Аммо аслида ундай эмас. Июнда атиги 3 кун давомида 90 киши суҳбатдан ўтказилиши режалаштирилган бўлса, интервьюлар учун 5 кун ажратилган июль ойида негадир 91 та кейс суҳбатга таклиф этилган.
“Бир ойда 4 марта суҳбат белгиланадиган бўлса, кунига 30 тадан кейс интервьюга чақирилаётганди. Июль ойида 5та душанба борлиги учун 5 кунга суҳбат белгиланганди. Аммо нима учундир кейслар сони жуда кам – 91 та. Яъни бунгача кунига 30 тадан кейс суҳбатдан ўтказилган бўлса, июлда 1 кунда 19тадан кейс интервьюга киради. Йил якунланиб, имкониятларимиз камайгани сари элчихона ёмонроқ ишламоқда”, дейди шахси очиқланмаслиги шарти билан вазият ҳақида маълумот берган DV-2023 ғолибларидан бири.
Kun.uz'га мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, душанба кунлари ўтказилмай қолган суҳбат кунлари компенсация қилиб берилса, шунингдек, ҳаммага тенг имконият бериб, виза учун суҳбатларга ғолибларни катта ва кичик кейслар орасида рандом тартибида чақирса, ўз-ўзидан барча муаммоларга ечим топилади, элчихонага нисбатан ҳам ҳеч қандай эътироз бўлмайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!